Экологик муаммолар биргаликда ҳал қилинмоқда


Шу йил 25 октябрь куни Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида “Оролбўйи–экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.

Конференцияда Оролни қутқариш халқаро жамғармасининг барқарор ривожланиш бўйича давлатлараро комиссияси аъзолари, Марказий Осиё ва бошқа  бир қатор давлатлар ҳамда ташкилотлар вакиллари, мутахассислар, экспертлар, олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, олимлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Конференцияни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Борий Алиханов олиб борди.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг халқаро конференция иштирокчиларига йўллаган мурожаатини ўқиб эшиттирди.

— Биз бу борада Орол­бўйи минтақасини экологик инновациялар ва  техноло­гия­лар ҳудудига айлантиришни таклиф этамиз. Сизнинг эътиборингизга биз томондан ишлаб чиқилган минтақани экологик инновация ва технологиялар, “яшил иқтисодиёт” тамойиллари асосида мунтазам ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган Концепция лойиҳаси ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси Оролбўйи ҳудудини “Экологик инновация ва технологиялар ҳудуди” деб эълон қилиш ҳақидаги махсус резолюцияси ва Оролни қутқариш халқаро жамғармаси саммитида илгари сурилган ташаббусларни амалга ошириш бўйича тайёрлаган Марказий Осиё сув ресурсларидан мақсадга мувофиқ фойдаланиш минтақалараро дас­тури таклиф этилади. Сизларнинг концепцияда ўз аксини топадиган фикр-мулоҳазаларингиз биз учун муҳим.

Албатта, халқаро конференция натижалари Орол фожеаси оқибатларини юмшатишга қаратилган муҳим вазифалар бўйича “яшил иқтисодиёт”, энергия ва сув тежамкорлигини жорий этиш, ҳудудларнинг келгусида шўрланиши ва экологик миграциянинг олдини олиш, минтақага хорижий инвестицияларни жалб этиш борасида халқаро бирга ишлашишни янада мустаҳкамлаш учун самарали платформа бўла олади.

Президентимиз мурожаатини конференция иштирокчилари кўтаринки руҳда қабул қилди.

Конференция иштирокчиларига Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерришнинг видеомурожаати қўйиб берилди.

Бош котиб ўз мурожаатида, мен Мўйноқни ва бугунги Орол денгизини ўз кўзим билан кўрганимда бу муаммога шунчаки қараб турмаслик кераклигини тушундим. Бу ердаги экологик муаммони ҳал этиш учун бутундунё ­халқлари бир куч бўлиб бирлашиши керак, деган ­фикрга келдим. Бугунги конференция Орол денгизи қуриши оқибатларини бартараф этиш ҳамда Оролбўйи аҳолисининг яшаш шароитларини яхшилаш учун хизмат қилади, деган умиддаман.

Конференциянинг очилиш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Муса Ерниязов, БМТ Марказий Осиё бўйича Бош котиби махсус вакили Наталья Герман, БМТ Бош котиби ёрдачиси Абдулайе Дьейе, Европа Иттифоқининг Марказий Осиёдаги махсус вакили Питер Буриан сўзга чиқиб, барқарор ривожланиш бўйича давлатлараро комиссияси ҳамда халқаро ташкилотлар ёрдамида ташкил этилаётган халқаро конференция ишига муваффақият тилади.

Орол фожеасининг оғир оқибатларини бартараф этиш борасида ­халқаро ташкилотлар билан биргаликда сўнгги йилларда амалга оширилаёт­ган кенг кўламли ишлар алоҳида қайд этилиб, унинг натижаларига юқори баҳо берилди.

— Менинг Қорақалпоғистонга иккинчи марта келишим, — дейди Европа Иттифоқининг Марказий Осиёдаги махсус вакили Питер Буриан. — Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев Орол денгизи ҳудудида яшовчи аҳолининг турмуш шароитларини, денгизнинг қуриши билан юзага келган экологик ҳолатни яхшилаш мақсадида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясида дунё­ҳамжамияти эътиборини Орол муаммосига қаратиб, Оролбўйи ҳудудлари учун Инсон хафвсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосида Траст фонди ташкил этилишига эришилган эди. Европа Иттифоқи ҳам ушбу ташаббусларни қўллаб-қувватлаб, яқинда ушбу фондга 5 миллион доллар маблағ ўтказди.

Биз бу билан тўхтаб қолмаймиз. Бу борада бирга ишлашиш бўйича режаларимиз бор. Сабаби, Ўзбекис­тон томонидан Орол денгизи қуриши оқибатларини бартараф этиш бўйича қисқа вақт ичида кўпгина ишлар амалга оширилди. Кеча Орол денгизига бориб кўрганимизда унинг қирғоғида яшил майдонларни барпо этиш мақсадида экилган саксавулларни кўриб қувондик.

Конференцияда кўрилган ушбу барча масалалар ўз ечимини топиб, самарали битимлар тузилади, деб ишонаман.

Конференциянинг пленар йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бўйича давлат қўмитаси раиси Б.Қучқаров, Туркманистон қишлоқ хўжалиги ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш вазири М.Байрамдурдиев, Беларусь Республикаси ­Табиий ресурслар ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш вазири А.Худик, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Ш.Хамраев ва бошқа мутахассислар маъруза қилди.

Орол фожеаси оқибатларини бартараф этиш, аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш борасида биргаликда амалга оширилган кенг кўламли ишлар тўғрисида маълумотлар берилиб, мана шундай экологик инқироз бўйича халқаро тажрибалардан келиб чиқиб, фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Таъкидланганидек, жорий йил барқарор ривожланиш бўйича давлатлараро комиссия тузилганига 25 йил тўлмоқда.

Бугунги кунда Орол муаммоси Марказий Осиё давлатларининггина эмас, балки дунё ҳамжамиятининг диққатини тортган ҳамда кечиктириб бўлмайдиган муҳим масалага айланмоқда. Сабаби, 1960 йилларда тўлиб-тошиб турган Орол денгизининг 10 фоиз бўлагигина қолди.

Тўғри, ҳозирги вақтда Орол денгизини аввалги ҳолатига келтириб қайта тиклаш имконияти йўқ. Аммо, минтақада яшайдиган аҳолининг саломатлигини мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилаётган ишларни жадаллаштириш, ҳудуднинг иқтисодий – ижтимоий ривожлантирилиши, экотуризм ва бошқа соҳаларнинг ривожлантирилиши, янги инновация ва технология лойиҳаларининг амалга оширилиши, иқлимни барқарорлаштириш каби тадбирлар амалга оширилса, экологик муаммоларни озгина бўлса ҳам юмшартган бўламиз.

Бунда ушбу минтақадаги барча давлатлар, халқаро ташкилотларнинг биргаликдаги ҳамкорлиги муҳим аҳамиятга эга.

Шундан сўнг конференция иштирокчилари, БМТ Бош Ассамблеясининг махсус резолюцияси билан тасдиқланган “Оролбўйи –экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди” мавзусидаги лойиҳа ушбу номдаги концепция лойиҳасини муҳокама қилиш мақсадида соҳаларга бўлиниб, йиғилишлар ўтказди.

Йиғилишларда мутахассислар томонидан экологик тоза технологияларни жорий этиш ва хорижий инвестицияларни жалб этиш бўйича шароитлар яратиш, “Яшил иқтисодиёт” тамойилларига асосланиб, энергия ва сувни тежовчи, экологик тоза технологияларни комплекс  жорий этиш, озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш, экологик туризмни ривожлантириш, экологик миграция ва чўл кўпайишининг олдини олиш масалалари муҳокама этилди. Бу борада ишлаб чиқилган лойиҳалар таништирилиб, таклиф мулоҳазалар билдирилди.

Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олишди.

Йиғилиш сўнггида ҳамкорликда ишлаш бўйича Меморандум имзоланди.

Халқаро конференция кўрилган масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилди.

А.Жиемуратов,

Қорақалпоғистон хабар агентлиги шарҳловчиси.