Асрлар давомида юртимизда меҳр-мурувват ва оқибат, эзгулик ва яхшилик, тинчлик ва дўстлик ғояларига асосланадиган, уларни тарғиб этадиган турли динларга эътиқод қиладиган кишилар баҳамжиҳатликда яшаб келган. Хусусан, қадимдан диёримизда ислом, насронийлик, иудаизм каби динлар мавжуд. Йирик шаҳарларимизда масжид, черков ва синагоглар фаолият кўрсатгани, тарихимизнинг энг мураккаб ва оғир даврларида ҳам улар ўртасида келишмовчилик ва можаролар бўлмагани бунинг тасдиғидир.
Бугун ҳам мамлакатимизда турли конфессияга мансуб диний ташкилотлар фаолият кўрсатмоқда, фуқароларимиз ўз диний амалларини эркин адо этиб келмоқдалар.
Диний ташкилотлар ўз фаолиятларини амалга оширишлари ва мамлакат ҳаётида фаол иштирок этишлари учун барча шарт-шароитлар яратилган. Бу борадаги ҳуқуқий асослар Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Қонунда ўз ифодасини топган. Ана шу асослар мамлакатимиздаги барча дин вакилларининг ҳамкор, ҳамжиҳат бўлиб, улуғ ва муштарак ғоялар йўлида ҳаракат қилиши учун имкон яратади.
Миссионерлик – бирор динга эътиқод қилувчи халқлар орасида бошқа бир динни тарғиб қилиш, демакдир.
Миссионерлик фаолиятининг энг чўққиси прозелитизмдир. Прозелитизм — бу тўғридан-тўғри бирон бир динга ишонган фуқарони мажбуран ўз динидан воз кечдириб, ўзга динни қабул қилишга мажбур қилишдан иборат.
Миссионерлар маккорона услублардан фойдаланиб, асосан яширинча иш олиб боришади. Улар диёримизга тил, компьютер ўргатиш, ҳар хил соҳалар бўйича мутахассислар тайёрлаш ёки хайрия ишлари билан шуғулланувчи нодавлат ташкилотлар орқали кириб келишди. Илмга чанқоқ одамлар, табиийки, бундай ўқув марказларига мурожаат қилишади. Лекин ўқиш жараёнида баъзи «ўқитувчи»ларнинг қиёфалари тезда маълум бўлиб қолган ҳолатлар учради.
Миссионерлар қимматбаҳо қоғозларда, жозибали кўринишда нашр этилган китобларини, варақа (буклет)ларини бозорлар, касалхона, сиҳатгоҳлар ва айрим ишхоналарда тарқатишга ҳаракат қилишади. Афсуски, баъзилар турли сабаблар билан уларнинг тузоғига илинади.
XXI асрда миссионерлик ҳақиқатан ҳам ўзига хос хусусият касб этмоқда Энг аввало, миссионерлар конкрет мамлакатлардаги ижтимоий-иқтисодий вазиятдан ўзларининг ғаразли мақсадларига эришишда унумли фойдаланишга ҳаракат қилаётганликларини таъкидлаш зарур. Бунда боқувчисини йўқотган болалар, қаровсиз қолган қариялар ҳамда ногиронлар муаммолари билан шуғулланувчи ташкилотлар ва муассасаларга хайрия ёрдамларини кўрсатиш, аҳолининг ночор қатламларини моддий қўллаб-қувватлаш ва муҳтожларни озиқ-овқат билан таъминлаш, уларга тиббий ёрдам бериш орқали ўз қарашлари ва ҳаракатларига хайрихоҳликни уйғотишга интилмоқдалар.
Миссионерларнинг турли давлатлар, жумладан, Марказий Осиё минтақаси мамлакатларида олиб бораётган амалиёти таҳлили христианликни тарғиб қилишда махсус адабиётлар, аудио ва видеоёзувларни маҳаллий тилларда тайёрлаш ва бепул тарқатиш, масиҳийликка даъват ғоялари билан суғорилган махсус газета ва журналларни нашр қилиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор берилаётганини кўрсатади.
Миссионерлар замонавий техника-технология, оммавий ахборот ва коммуникация воситалари имкониятларидан ҳам самарали фойдаланишга ҳаракат қилмоқдалар. Турли давлатлар ва минтақаларда иш юритаётган миссионерлар интернет тармоғи орқали ўз фаолиятларини мувофиқлаштираётгани, молиявий маблағларни бемалол у мамлакатдан бу мамлакатга ўтказаётгани ҳам шундай хулоса чиқариш учун асос бўлади. Бундай йўл билан миссионерлар ва уларнинг ҳомийлари у ёки бу давлатдаги диний мувозанатни издан чиқариш, сохта инсонпарварлик ёрдамини кўрсатиш баҳонасида ўз таъсир доираларини кенгайтиришга интилмоқдалар.
Миссионерлар мамлакатимиздаги вазиятга мослашган ҳолда ўз ҳаракатларини ташкил қилишга уринаётганликларини ҳам ёддан чиқармаслик лозим.
Миссионерлар асосий эътиборни турли миллат вакилларидан иборат оилалар аъзолари, илгари ҳеч бир динга эътиқод қилмаган оғир хасталикка, жудоликка, моддий қийинчиликка дуч келган, ахлоқ тузатиш муассасаларидан чиқиб келган, яъни моддий ва маънавий кўмакка муҳтож кишиларга қаратмоқдалар. Шунингдек, кар-соқовлар, ногиронлар орасида фаол иш олиб боришга ҳаракат қилиш ҳам тез-тез кузатилмоқда. Шу билан бирга, зиёлиларнинг турли қатламлари вакиллари — ўқитувчилар, шифокорлар, санъаткорлар орасида тарғиботни кучайтиришга интилишини таъкидлаш зарур. Афсуски, бундай тарғиботга эргашаётган ва келиб чиқиши мусулмон бўлган фуқаролар кам бўлса ҳам борлигини қайд этиш лозим.
Прозелитизм иллатининг баъзи бир нохуш натижаларини келтириш мумкин: бир қанча вақт ислом динида юриб, кейин христиан динини қабул қилган кишилар вафот этганда, жасадларини мусулмон қабристонига қўйиш муаммо туғдирмоқда. Сабаби, майитнинг мусулмон ота-оналари ўз фарзандларини христиан мозорига дафн этишни хоҳламайдилар. Мусулмонлар эса, христиан дини вакили жасадини ўз мусулмон биродарлари ётган жойга дафн этилишини ҳақорат деб биладилар. Натижада келишмовчиликлар юзага келади.
Шундай экан, хушёр бўлишимиз, лоқайдликка берилмаслигимиз керак, чунки «Ватан», «Миллат», «Имон-эътиқод» муқаддас тушунчалардир. Уни ҳеч нарсага алмаштириб бўлмайди. Миссионерлик республикамиз аҳолиси тинчлиги ва осойишталиги учун таҳдид эканини чуқур англаш, унинг олдини олиш ҳамда қарши кураш бўйича тизимли ва тадрижий ишларни олиб бориш ҳар бир фуқаронинг миллат ва Ватан олдидаги муқаддас бурчи ҳисобланади.
Е.Айтимов,
Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш катта тезкор вакили, капитан.



