Маъмурий жазо — мақсадига кўра маъмурий мажбурлов чораларининг бир тури ҳисобланади. Маъмурий жазо маъмурий мажбурловнинг бошқа чораларидан фарқли равишда ҳуқуқбузар томонидан маъмурий қонунчилик ҳужжатлари билан ҳимоя қилинадиган ижтимоий муносабатларга тажовуз қилинганда, яъни маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилгандагина қўлланиладиган ўзига хос мақсадга эга жазо санкциялари бўлиб, маъмурий-процессуал тартибда амалга оширилади.
Маъмурий жаримадан ташқари барча маъмурий жазо чоралари, фақат Ўзбекистон Республикаси қонунлари билан белгиланиши мумкин. Қонунчилик ҳужжатларида маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун хорижий фуқароларни ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан маъмурий тарзда чиқариб юбориш назарда тутилиши мумкин.
Жарима – маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларида белгиланган маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этилганлиги учун қўлланилади. Бошқача айтганда, жарима – маъмурий ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг махсус қисми моддаларининг санкцияларида белгиланган ҳолларда қўлланилади.
Жарима – маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган айбдор шахслардан давлат ҳисобига пул ундиришдир. Маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг муайян турлари учун жавобгарликни назарда тутувчи маъмурий-ҳуқуқий нормалар санкцияларида жариманинг миқдорлари ҳуқуқбузарликларнинг даражасидан келиб чиқиб аниқлаштирилади. Бунда жарима миқдорлари маъмурий жазо чорасининг ушбу тури учун белгиланган энг кўп ва энг кам миқдорлар чегарасидан чиқиб кетмаслиги шарт.
Бу ҳол ваколатли орган (мансабдор шахс)га жарима миқдорини белгилашда содир этилган ҳуқуқбузарликни ва айбдорнинг шахсини тавсифловчи барча ҳолатларни ҳисобга олиш ҳамда адолатли жазо қўллаш имконини беради. Жариманинг миқдори – маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилган вақтдаги, давом этаётган маъмурий ҳуқуқбузарлик учун эса у аниқланган вақтдаги белгилаб қўйилган энг кам ойлик иш ҳақидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.
Жарима, солиш объектларига кўра 2 турга бўлинади: фуқароларга, (яъни жисмоний шахсларга) ва мансабдор шахсларга солинадиган жарималар, улар миқдорига кўра фарқланади.
Фуқароларга солинадиган жариманинг энг кам миқдори энг кам иш ҳақининг элликдан бир қисмидан, мансабдор шахсларга эса — ўндан бир қисмидан кам бўлмаслиги керак.
Фуқаро ва хизматчиларга солинадиган жариманинг энг кўп миқдори энг кам иш ҳақининг беш бараваридан, мансабдор шахсларга эса — ўн бараваридан ошмаслиги керак. Баъзи ҳуқуқбузарликлар учун энг кам иш ҳақининг икки юз бараваригача миқдорда жарима солиниши мумкин.
Жарима, ўн олти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган шахсларнинг мустақил иш ҳақи бўлмаган тақдирда, уларнинг ота-оналари ёки улар ўрнини босувчи шахслардан ундириб олинади.
Жарима ижро этиш тартибига кўра – ихтиёрий тўланадиган (ўн беш кунлик муддат ичида)жаримага ва мажбурий тартибда (ўн беш кунлик муддат ичида ихтиёрий тўланмаганда) ундириб олинадиган жаримага бўлинади.
Бунда ҳуқуқбузар жаримани унга жарима солиш тўғрисидаги қарор топширилган кундан бошлаб ўн беш кундан кечиктирмай, бундай қарор хусусида шикоят берилган ёки протест билдирилган тақдирда – шикоят ёки протест қаноатлантирилмаганлиги тўғрисида хабар берилган кундан бошлаб ўн беш кунлик белгиланган муддат ичида тўламаган тақдирда, жарима солиш тўғрисидаги қарор cуд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларида белгилаб қўйилган қоидаларга мувофиқ жаримани унинг иш ҳақи ёки бошқа маблағидан, нафақасидан ёки стипендиясидан мажбурий тартибда ундириб олиш учун юборилади.
Башарти жарима солинган шахс ишламаётган бўлса ёхуд жаримани ҳуқуқбузарнинг иш ҳақи ёки бошқа даромадидан, пенсияси ёки стипендиясидан бошқа сабабларга кўра ундириб олишнинг иложи бўлмаса, уни ундириб олиш суд ижрочиси томонидан жарима солиш тўғрисида тегишли орган (мансабдор шахс) чиқарган қарор асосида ҳуқуқбузарнинг мулкидан, шунингдек умумий мулкдаги унинг ҳиссасидан ундириб олиш йўли билан амалга оширилади.
Жарима Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ижро ҳужжатлари бўйича ундириб олиниши мумкин бўлмаган мол-мулкдан ундириб олиниши мумкин эмас.
Жарима солиш тўғрисидаги қарорга мувофиқ жарима тўла-тўкис ундириб олингач, унинг ижро этилганлиги ҳақида белги қўйилиб, шу қарорни чиқарган органга (мансабдор шахсга) ёки судга қайтарилади.
Н.Калмуратов,
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси курсанти.



