Рақамли иқтисодиётнинг аҳамияти


Бугунги кунда бутун дунёга хавф туғдираётган коронавирус пандемияси шароитида барча давлатларда иқтисодий инқирозлар юзага келмоқда. Бу ўз навбатида ижтимоий соҳаларга ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жорий йил “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб белгиланди. Биз рақамли иқтисодиётга ўтишнинг илк қадамларини ташлаяпмиз. Яқин беш йилликда тўлиқ рақамли иқтисодиётга босқичма-босқич ўтишимиз лозим. Бу XXI асрнинг асосий талабларидан бири.

Ҳозирги пандемия шароитида рақамли технологиянинг зарур ва аҳамиятли эканлиги яна бир бор ўз тасдиғини топди. Маълумки, яқинда “Twitter” ходимларига “Бир умрга” масофадан ишлашга рухсат берилди. Бундай мисолларни яна кўплаб келтиришимиз мумкин. Бу сиз ўз уйингизда ўтириб, ишлаб, доимий даромадга эга бўласиз дегани. Бу каби кўпгина маиший хизмат кўрсатиш компаниялари шу тариқа фаолият олиб бормоқда.

Ҳар бир инсон даромад топиши учун ҳаракат қилиши лозим. Бу борада мамлакатимизда фуқароларга имтиёз­лар яратиб берилган. Яқинда Президентимиз мазкур масалада ҳукумат раҳбарлари билан суҳбатлашиб, муҳим вазифаларни белгилаб олди. “Электрон ҳукумат” доирасида 1,3 триллион сўм миқдорида 104 та лойиҳа, иқтисодиётнинг реал секторида 5,3 триллион сўм миқдорида 87 та лойиҳа, телекоммуникациялар йўналишида 15,1 триллион сўм миқдорида 35 та, аграр соҳада 24, 85 парклар бўйича 18 та лойиҳа амалга оширилиши белгиланган.

Президентимиз бу ишларни келгуси 2-3 йилда тўлиқ амалга оширмасак, ҳар бир кечиккан йилимиз мамлакатимизни 10 йил орқага тортади, дея қайд этди.  

Экспертларнинг фикрича, келгуси 3 йилда дунёда 22 фоиз иш ўринлари интернет технологиялари ёрдамида яратилади.

Мен шу ерда сизларни мулоҳазага чорламоқчиман.

Эсингизда бўлса, ўтган йили парламент сайловларида сиёсий партиялар олдинги даврдаги (2004, 2009, 2014 йиллар назарда тутилган) сайловларга қараганда оммавий ахборот воситалари орқали ошкоралик шаффофлик билан иш олиб борди. Яъни, барча сиёсий партиялар сайловларда демократик принципларга таянган ва сўз  эркинлигини таъминлаган ҳолда теледебатларда иштирок этиб, партиялар сайловолди платформаларини кенг жамоатчиликка тақдим этди.

Маълумки, кўпчилик сайловчилар, журналистлар ва блогерларнинг диққат эътибори теледебатларга қаратилди. Дарҳақиқат, дебатларда сиёсий партияларнинг сайловолди платформаси ва депутатликка кўрсатилган номзодларнинг узоқни бугундан кўра билиш даражаси каби интеллектуал билимларини баҳолаб берди, десак асло янглишмаган бўламиз.   

Ҳозирги вақтда дунёдаги кўпгина давлатлар рақамли иқтисодиётни ривожлантириш бўйича давлат дастурларини амалга оширмоқда. Бизда кутишга фурсат йўқ. Биз бугун яхши яшашни хоҳлаймиз. Келажак авлодлар учун иқтисодиёти мустаҳкам, аҳолининг истеъмол эҳтиёжлари тўлиқ таъминланган, таълим, тиббиёт, умуман ижтимоий йўналишлари электрон  ривожланган ҳамда ҳуқуқий демократик эркинликлар таъминланган давлатни кўз олдимизга келтирамиз.

Биз барча соҳаларда рақамли технологияга, хизматлар кўрсатишнинг электрон формасига, ҳаттоки, қишлоқ хўжалигини ривожлантиришда рақамли, дастурлашган технологияларни жорий этишга йўл очиб беришимиз керак.

Қутлибай Бекназаров,

O’zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши  бўлими бошлиғи.