1 июлдан ўзини ўзи банд қилувчи шахсларни қандай ўзгаришлар кутмоқда?


Юртимизда олиб борилаётган туб ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад, фуқароларнинг фаровон ҳаёт кечиришлари, бугунидан рози бўлиб яшашларини таъминлашдан иборат.

Дунё ҳамжамиятини ларзага сол­ган пандемия айтиш жоизки, кўплаб иқтисодиёт тармоқларига ўзининг салбий таъсирини кўрсатмасдан қолмади. Айнан, карантин тартиб-қоидаларини юмшатиш, иқтисодиёт тармоқларини қайта тиклаш мақсадида амалга оширилаётган ишлар ишлаб чиқариш суръатларини янада жадаллаштиришда ўзининг ижобий таъсирини кўрсатмоқда.

Мамлакатимизда пандемиянинг иқтисодиётга салбий таъсирини юмшатиш мақсадида тадбиркорлик субъектларига бир қатор солиқ имтиёзлари берилмоқда.

Президентимизнинг жорий йил 8 июндаги “Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори юртимизда муҳим тарихий ўзгаришлар даврини бошлаб берди. Қарор билан  ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг меҳнат фаолияти натижасида олинган даромадлари жисмоний шахслар жами даромадларига киритилмайдиган бўлди.

Жумладан, қарор билан 2020 йил 1 июлдан 67 та фаолият тури билан шуғулланувчи фуқаролар ўзини ўзи банд қилган шахслар  ҳисобланади.  Уйида репетиторлик курслари хизмати, сартарошлик, этикдўзлик каби фаолият турларини ташкил этиш шулар жумласидандир. Эътиборлиси, бу фаолият турлари билан олдинлари якка тартибдаги тадбиркорлар шуғулланиши мумкин эди. Эндиликда эса, ўзини ўзи банд қилган фуқаролар ҳам ушбу фаолият турлари билан бир вақтнинг ўзида шуғулланишлари мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 июлдаги “Ўзини ўзи банд қилган фуқаролар учун вақтинчалик меҳнат гувоҳномасини жорий этиш тўғрисида”ги 566-сонли қарорига мувофиқ, ўзини ўзи банд қилган фуқаролар ўзлари истиқомат қиладиган меҳнат бўлимларига мурожаат қилган ҳолда вақтинчалик меҳнат гувоҳномасини олар эди. Эндиликда эса,  қабул қилинган янги қарорга мувофиқ бу меҳнат гувоҳномаси бекор қилинди. Фақатгина солиқ органи томонидан 2020 йил 1 июлга қадар ишлаб чиқариладиган мобил илова орқали рўйхатдан ўтиш ва бу ҳақида солиқ органларини хабардор қилишнинг ўзи кифоя.

Мазкур мобил қўшимча орқали ўзини ўзи банд қилган шахслар буюртмаларни қабул қилиш ва кўрсатилган хизматлар учун тўловларни амалга ошириш, юридик шахсларга хизмат кўрсатишда электрон ҳисобварақ-фактураларни тақдим қилиш, мобил қўшимча ёрдамида даромадлар ва харажатлар ҳисобини юритиш ҳамда шу маълумотлардан кейинчалик кредит олиш ва солиқларни ҳисобдан чиқариш мақсадида фойдаланиши, ўзини ўзи банд қилган фуқаролар товарларни реклама қилиши, кўрсатилаёт­ган хизматлар сифатини баҳолаши ва истеъмолчилар томонидан фикр ва таклифлар қолдириши мумкин бўлади.

Қарорга кўра, 2020 йил 1 июлдан бошлаб ўзини ўзи банд қилган шахс­ларни рўйхатга олиш махсус QR – КОД ва солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали амалга ошириши мумкин.

Ўзини ўзи банд қилган шахслар 2020 йил учун ижтимоий солиқни ҳақиқатда ишлаган даромадидан қатъи назар,  базавий ҳисоблаш миқдорининг камида 50 фоизи миқдорида тўлайди. Бу маблағ эса бюджетдан ташқари пенсия  фондига йўналтирилади ҳамда якка тартибдаги тадбиркорларга пенсия ҳисоблаш учун даромад ўлчами аниқланади.

Қарорга мувофиқ, жойлашган манзили ўзгарган юридик шахслар тадбиркорлик субъектларини қайта давлат рўйхатидан ўтказиш, хабар бериш тартибини қўллаган ҳолда бекор қилинади. Мисол тариқасида олиб қарайдиган бўлсак, Қўнғирот туманида истиқомат қилувчи фуқаро олдинги тартибда Қўнғирот туманида давлат рўйхатидан ўтиши лозим эди. Бу фуқаро Нукус шаҳрида тадбиркорлик билан шуғулланса шу ердан давлат рўйхатидан ўтишнинг иложи йўқ эди. Эндиликда, бу қарор билан фуқаро Нукус  шаҳрида тадбиркорлик билан шуғулланса  шу ернинг ўзида давлат хизматларига мурожаат қилади ҳамда рўйхатдан ўтади, тўловларни ҳам шу ернинг ўзидан амалга оширади. Шу билан бирга якка тартибдаги тадбиркорлар учун ҳам бу қулайлик туғдирмоқда.

Шунингдек, қарорга асосан, ўзини ўзи банд қилган шахслар учун назарда тутилган фаолият турлари билан шуғулланувчи оилавий корхоналар айланмадан солиқни белгиланган миқдордан 50 фоизга камайтирилган ставкада тўлайди.

Маълумот ўрнида, ҳозирги кунда Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида қарорда белгиланган 67 та фаолият турлари билан шуғулланиб келаётган жами 4112 нафар якка тартибдаги тадбиркорлар мавжуд. Мазкур якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан ҳар ойда 275,3 миллион сўм жисмоний шахслардан олинадиган қатъи белгиланган даромад солиғи суммаси давлат бюджетига тўланиб келинаётган эди. Эндиликда эса, бу якка тартибдаги тадбиркорлар жорий йил 1 июль санасидан бошлаб ўзини ўзи банд қилувчи фуқаро сифатида қайта рўйхатдан ўтсалар улар томонидан бюджетга тўланиши лозим бўлган 275,3 миллион сўм уларнинг ўз ихтиёрида қолиши мумкин бўлади. 

Албатта, бу каби имконият ва имтиёзлар ўз самарасини бериши, аниқ. Зеро, ҳозиргидек пандемия шароитида фуқароларнинг оғирини енгил қилиш, шароит ва имкониятларни кенгайтириш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидандир.

Мереке МЕРШИЕВА,

Қорақалпоғистон Республикаси Давлат солиқ бошқармаси шўъба бошлиғи.