Оила бу шахснинг хулқ-атвори, инсонийлик фазилатлари, бир сўз билан айтганда, шахснинг ўзлиги шаклланадиган муҳит ҳисобланади. Шу боисдан ҳам жамиятимизда оиланинг мавқеини ошириш, уни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш борасида изчил ҳаракатлар амалга оширилиб келинмоқда.
Лекин, бугунги шиддатли глобаллашув жараёнларида технологик имкониятларнинг кенгайиб бориши айрим ҳолларда оила муносабатларига путур етказаётганлигини тан олмасликнинг иложи йўқ. Ёш авлод вакилларининг телеэкран қаршисида узоқ вақт қолиб кетиши, айниқса, компьютер ўйинлари ва интернет бола тарбиясида янгидан-янги муаммоларни олдимизга кўндаланг қилиб қўймоқда.
Шунингдек, ижтимоий тармоқлардаги халқимиз минталитетига бутунлай ёт бўлган, турли ғаразли ахборотлар кишилар онгига салбий таъсирини кўрсатиб, оилавий қадриятларнинг бузилишига олиб келмоқда.
ОАВларида тарқатилган маълумотларга таянадиган бўлсак, одам ўлдириш ва унга суиқасд қилиш жиноятларининг деярли 40 фоизи оилавий келишмовчиликлар туфайли содир бўлар экан.
Маълумки, баъзан аёлларимизда кучли депрессия ҳолатлари кузатилади. Бунга оиладаги сурункали руҳиятга салбий таъсир қилувчи омиллар сабаб бўлади.
Ҳар бир инсон ҳаётида гоҳида учраб туриши мумкин бўлган тушкунлик кайфияти, ёлғизлик ҳисси ёки шунга ўхшаш бошқа ҳолатлар юқоридаги каби салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.
Таъкидлаш зарурки, бу тоифадаги жиноятларни содир этиш ҳақидаги ўй-фикр ҳеч қайси инсон онгига бир кечада келиб қолмайди, бунга йиллар давомида газак олиб келган аччиқ муносабатлар сабаб бўлади.
Ҳар қандай муаммонинг ечими бўлгани каби ушбу тоифадаги жиноятларнинг олдини олиш, унинг содир этилмаслигига эришиш ҳам мумкин. Бунда нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари, балки, ҳокимлик, таълим, соғлиқни сақлаш соҳалари, маҳалла, ўзини ўзи бошқариш органлари мутасаддилари ва кенг жамоатчилик ҳамжиҳатликда ҳаракат қилиши керак.
Гулайим Примбетова,
Нукус шаҳридаги 9-сонли мактабнинг амалиётчи психологи.




