Республикамизда аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича янгича ёндашув – «маҳаллабай» ишлаш тизими 2026 йилда ўзининг илк меваларини бермоқда. Қорақалпоғистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан тақдим этилган сўнгги таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, эндиликда ёрдам шунчаки моддий кўмак эмас, балки барқарор даромад манбаи яратишга йўналтирилмоқда. Ушбу тизимнинг самарадорлиги шундаки, эндиликда ҳар бир лойиҳа юқоридан эмас, балки қуйидан – маҳалланинг ўзидан чиқмоқда. Натижада, ҳоким ёрдамчилари тавсияси билан янги бизнес лойиҳаларига асос солиниб, уларни ҳаётга татбиқ этиш учун имтиёзли кредит ажратилмоқда. Эътиборлиси, ҳозирда бу тизимга аҳоли ҳам анча ўрганиб, ўзи ва маҳалладошлари бандлигини таъминлашга қаратилган янги лойиҳаларни илгари суриб, ташаббус билан чиқадиганлар сони ортмоқда. — Маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари – ҳудудларнинг «Драйвер» кучи, ислоҳот элчилари, — дейди Қорақалпоғистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Осербай Казақбаев. Бугунги кунда Қорақалпоғистоннинг энг чекка овулларидан тортиб, шаҳар марказларигача бўлган 450 та маҳаллада ҳоким ёрдамчилари институти ишламоқда. Хўш, улар кимлар, дейилса мен иккиланмасдан – янги авлод кадрлари, деган бўлардим. Ҳоким ёрдамчиларининг 242 нафари, яъни асосий қисми 31-40 ёшдаги, ғайратга тўла мутахассислардир. Уларнинг 259 нафари иқтисодчи эканлиги эса муаммоларга «ҳиссиёт билан эмас, ҳисоб-китоб билан» ёндашиш имконини бермоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 февралдаги “2026 йилда ҳудудларни янгича ёндашувлар асосида ривожлантириш орқали аҳоли даромадини ошириш, барқарор иш ўринларини яратиш ҳамда камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳада ҳақиқий бурилиш ясайдиган ҳуқуқий ҳужжат бўлди десак муболаға бўлмайди. Мазкур қарор асосида ҳар бир маҳаллада камида 10 тадан микролойиҳани амалга ошириш вазифаси қўйилди. Қисқа вақт – январь-март ойларида Қорақалпоғистонда 726 та ана шундай микролойиҳа шакллантирилиб, шундан 373 таси аллақачон ишга туширилди. Натижада 850 та янги иш ўрни яратилди. Бу иш ўринларининг 263 таси саноат, 502 таси хизмат кўрсатиш ва 85 таси қишлоқ хўжалиги ҳиссасига тўғри келади. Бу рақамлар ортида юзлаб оилаларнинг даромади ва фаровонлиги тургани бизни қувонтиради. Саноат ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги бу кичик корхоналар эртага йирик бизнесга айланиши учун пойдевор бўлмоқда. Шу билан бирга «Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари» доирасида ҳоким ёрдамчиларининг тавсиялари асосида салмоқли ишлар қилинди. Биргина 2026 йилнинг январь-февраль ойларида 3 126 та тадбиркорлик субъектига жами 41,2 миллиард сўм имтиёзли кредитлар ажратилди. Агар бу маблағларни соҳалар кесимида таҳлил қилсак, аҳолимиз асосан чорвачиликка қизиқиш билдирмоқда — 1 318 та лойиҳа учун 16,3 млрд сўм йўналтирилган. Шунингдек, хизмат кўрсатиш соҳасида 627 та лойиҳага 10,5 млрд сўм, ишлаб чиқаришда 261 та (3,8 млрд сўм), деҳқончиликда 268 та, тикувчилик йўналишида 235 та лойиҳа молиялаштирилди. Паррандачилик, асаларичилик ва бошқа йўналишларни ҳам фаол қўллаб-қувватлаяпмиз. Бу саъй-ҳаракатларнинг барчаси ҳудудларда иқтисодий фаолликни ошириш, янги иш ўринлари яратиш ва энг муҳими — халқимизнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашига хизмат қилмоқда. Тўрткўлдаги ўзгаришлар ёхуд «Инсон» марказининг меҳри -Рақамлар ўз йўлига, аммо ислоҳотларнинг ҳақиқий қиёфаси инсонлар тақдирида намоён бўлади, дейди Тўрткўл туманидаги «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази директори Хайрулла Матназаров. – Жамоамиз билан биргаликда жамиятимиздаги энг оғриқли нуқтага – етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар тақдирига катта эътибор қаратмоқдамиз. Ўтган йилда вояга етган, «Меҳрибонлик уйи»дан чиққанда борар жойи бўлмаган 3 нафар ёшга янги уй-жойлар калити топширилди. 2026 йилда эса яна 6 нафар шундай тақдир эгаси ўз уйига эга бўлиши режалаштирилган. Бундан ташқари, Тўрткўлда ота-онаси хорижда ишлаётган 55 нафар бола назоратсиз қолмади – уларга расмий васийлик ва ҳомийлик белгиланди. Тумандаги Давлат хусусий шерикчилик асосида фаолият юритаётган болалар боғчасидаги “Кундузги парвариш хизмати” йўлга қўйилиб, 9 нафар ногиронлиги бўлган болалар тарбияланишга берилди. Бир нафар фарзанднинг онаси шу ерга болаларни парваришловчи сифатида ишга қабул қилинди. Ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга ваучер асосида янги ижтимоий хизматлардан фойдаланиш тартибини жорий этиш бўйича 3 нафар тадбиркор ва 9 нафар ўзини-ўзи банд қилган шахслар томонидан хизматлар кўрсатиб келинмоқда. Уйда ижтимоий маиший хизмат кўрсатиш, қараб туриш, тиббий реабилитация, кундузги қатнов, шахсий ёрдамчи хизмати каби 5 та янги хизматлар кўрсатилиши йўлга қўйилди. Юқоридаги хизматлар бўйича жами 149 та ваучер шакллантирилиб, 130 нафар фуқароларга хизматлар кўрсатилган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 8 майдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигини таъминлаш тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 1 июлдаги тегишли қарорига асосан тумандаги ногиронлиги (гапириш ва эшитишида нуқсони) бўлган шахслардан 20 нафари тумандаги мебель ишлаб чиқариш корхонасида бир ойлик синов муддатида касб-ҳунар ўрганмоқда. Корхона раҳбарияти ногиронлиги бўлган 20 нафар шахсни корхонага ишга қабул қилишни режалаштирган. — Бир неча йилдирки якка ўзи мавсумий устачилик билан шуғулланиб келардим, — дейди (сурдотаржимон орқали) Тўхтабой Ўринов. Маҳалламиздаги ҳоким ёрдамчиларидан шу корхона биз каби имконияти чекланган инсонларни ҳам ишга олишни режалаштираётгани ҳақида эшитиб келгандим. Берилган имкониятдан унумли фойдаланиб, бугунги кунда ушбу мебел ишлаб чиқариш корхонасида тажрибамни ошириб, ишлаб чиқариш жараёнига мослашиш ва амалий кўникмаларни шакллантириш босқичларидан ўтмоқдаман. Бу ерда мен каби тажриба ошираётганлар кўп ва бизга ишлаш ва дам олиш учун қулай шароитлар яратилган. Кейинчалик шу ерда ишлаб қолиш истагим бор. Шу билан бирга «Ёшларга ҳамроҳлик» дастури орқали кимгадир кийим-кечак олиб берилган бўлса, кимнингдир ўқиш харажатлари қоплаб берилди. Бу – давлатнинг «ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмайди» деган тамойилининг амалдаги ифодасидир. Хулоса қилиб айтганда, Қорақалпоғистонда кечаётган жараёнлар – тизимнинг ишлаш механизми ўзгарганидан далолат. Эндиликда камбағалликка қарши кураш фақат нафақа тарқатиш билан эмас, балки одамларни тадбиркор қилиш, касбга ўргатиш ва энг муҳими – уларда эртанги кунга ишонч уйғотиш орқали амалга оширилмоқда. Тўрткўлдаги етим болаларга берилган уйлар ёки чекка овулдаги янги тикув цехи – бу Янги Ўзбекистоннинг ижтимоий сиёсати қоғозда эмас, амалда эканлигининг ёрқин далилидир. Ғайрат Отажонов.



