Давлатнинг қудрати фақатгина у ишлаб чиқараётган моддий бойликлар ёки иқтисодий кўрсаткичлар билан эмас, балки биринчи навбатда унинг маданияти, санъати ва маънавияти билан ўлчанади. Охирги йилларда юртимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш бош мақсад этиб белгиланган экан, бу жараёнда халқнинг қалб муҳандислари ва тарбиячилари бўлган зиёлилар — ёзувчи ва шоирлар, саҳна ва тасвирий санъат фидойиларининг ўрни беқиёсдир.
Муҳтарам Президентимизнинг жорий йил 1 июнь куни юртимиз маданият ва санъат намояндалари билан ўтказган очиқ, самимий мулоқоти жамиятимизда катта акс-садо берди. Ушбу учрашув миллий маънавиятимизни янги босқичга олиб чиқувчи стратегик вазифаларни белгилаб берган тарихий воқеага айланди. Президентимизнинг 2 июнь куни қабул қилинган «Маданият, санъат ва адабиёт соҳаларини янада ривожлантириш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони соҳа вакиллари учун узоқ кутилган тарихий ҳужжат бўлди.
Мазкур ҳужжатнинг асосий мақсади — театр, кино, рақс, опера, фольклор, эстрада, академик ва миллий чолғу, тасвирий ва амалий санъат ҳамда адабиёт каби йўналишларда ижодий бирлашмалар фаолиятини йўлга қўйиш ва тизимли қўллаб-қувватлашдан иборатдир.
Адабиёт — миллатнинг нафас олиши, унинг ўтмиши ва келажаги ўртасидаги олтин кўприкдир. Фармонда ёзувчи ва шоирларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг эркин ижод қилишлари учун муносиб шароит яратиш масаласи бош мезон қилиб белгилангани бежиз эмас. Бу эзгу ишда янгидан ташкил этиладиган ижодий бирлашмалар ижодкорларга яқиндан кўмакчи бўлади.
Йиллар давомида ижодкорларни қийнаб келган энг оғриқли нуқталардан бири — машаққатли меҳнатнинг моддий рағбатлантирилиши, яъни муаллифлик ҳуқуқи ва муносиб қалам ҳақи масаласи эди. Янги тизим асосида қалам ҳақи миқдорининг тубдан қайта кўриб чиқилиши ёзувчини маиший муаммолардан халос этиб, бор эътиборини фақат сифатли асар яратишга қаратишга ундайди. Шунингдек, ижодкорларнинг «Дўрмон» ва бошқа сўлим гўшалардаги ижод уйларида эркин фаолият юритишлари учун яратилаётган шароитлар, уларнинг соғлиғини сақлаш ва уй-жой шароитларини яхшилаш борасидаги имтиёзлар давлатнинг ўз зиёлиларига бўлган юксак ҳурмат ва эътиборини кўрсатади.
«Адабиёт яшаса, миллат яшайди», деган эди жадид боболаримиз. Бугун адабиётни тубдан юксалтириш, янги Чўлпонлар, Қодирий ва Абдулла Ориповлар, Ажиниёз ва Бердақлар, Ибройим Юсупов ва Тўлепберген Қаипбергеновларни кашф этиш учун улкан замин яратилмоқда. Фармонга кўра, шоир ва ёзувчиларга Ўзбекистон миқёсида ҳар йили камида 50 та сара асарлар яратилишини, миллий адабиётнинг энг яхши 10 та асарини хорижий тилларга таржима қилиш, нашр этиш ва чет элларда муаллифлар иштирокида тақдимотларини ўтказиш масаласи илгари сурилгани миллий адабиётимизни жаҳон аҳлига танитишга хизмат қилади.
Давлат раҳбари ижодкорлар олдига энг катта ва адолатли шартни қўйди: шароит — давлатдан, ҳаққоний ва юксак бадиий асар — ижодкордан. Бугун адабиёт ва санъат аҳли халқ ичига янада чуқурроқ кириб бориши, одамларнинг дарди, қувончи ва орзу-истакларини юксак бадиий тилда баён этa олиши керак.
Янги Фармон адабиёт ва санъатимиз томирларига янги қон бўлиб қуйилди. Эндиги вазифа — яратилган тарихий имкониятлардан унумли фойдаланиб, юртимиз довруғини дунёга таратадиган, инсонлар қалбини яхшиликка, эзгуликка ва Ватанга муҳаббат туйғусига ошно этадиган асрларга татигулик шоҳ асарлар тақдим этишдир.
Халқимиз истеъдодларга бой. Президентимиз томонидан Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида қабул қилинган ушбу Фармон деярли барча ижодкорлар учун янги имкониятлар эшигини очиб берди.
Кенгесбой КАРИМОВ,
Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ ёзувчиси.


