УЧИНЧИ РЕНЕССАНС — УНИНГ ПОЙДЕВОРИНИ ЯРАТИШДА ҲИССА ҚЎШИШ ШАРАФДИР


Йигирма тўққиз йиллик мустақиллигимиз, кейинги тўрт йиллик шиддатли ўзгаришлар, сўнгги олти ой давомидаги пандемия билан кураш – буларнинг барчаси  Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида, таҳлилий очиб берилди.

Маърузада бугун жаҳон миқёсида юртимиз ҳақида сўз кетганда тилга олинаётган “Янги Ўзбекистон” иборасига яна бир бора изоҳ берилар экан, бу ­кейинги йилларда тараққиётнинг мутлақо янги босқичига қадам қўйганимиз, эришаётган залворли ютуқларимизнинг эътирофи эканлиги таъкидланди.

Президентимизнинг “Халқимизнинг улуғвор қудрати жўш урган ҳозирги замонда Ўзбекистонда янги бир уйғониш – Учинчи Ренессанс даврига пойдевор яратилмоқда, десак, айни ҳақиқат бўлади. Чунки бугунги Ўзбекистон – кечаги Ўзбекис­тон эмас. ­Бугунги халқимиз ҳам кечаги халқ эмас.” деган сўзлари шу юрт тараққиёти учун ўзини дахлдор хисоблайдиган ҳар бир инсонда фахр-ғурур туйғусини уйғотади.

Учинчи Ренессанс — бу ниҳоятда улуғ тушунча. Бу мамлакатимизнинг буюк келажаги, қудратининг ифодаси. Биз тарихдан “Мусулмон  Ренессанси”, “Шарқ Ренессанси” деган тушунчаларни  билмиз. Ва  бу тушунчалар бевосита бизнинг шу муқаддас она заминимиз тарихи билан боғлиқлигидан ҳам хабардормиз. Шарқ  уйғониш даврига буюк ҳисса қўшган алломаларимиз Ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Мусо ал  Хоразмий, кейинчалик эса Темурийлар даври тамаддуни вакилларининг иккинчи  юксалиш босқичига қўшган ҳиссалари тарихда муҳрланиб қолган.

Бугунги кунда давлатимиз раҳбари  бошчилигида амалга оширилаётган  барча соҳалардаги ислоҳотларнинг эса  келажакда учинчи Ренесансга  пойдевор бўлиши табиийдир. Масалан, “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” деган даъваткор ғоянинг ҳаётимизга тобора чуқур кириб бораётгани, кенг жамоатчилик, эл-юртимиз барча ижобий ўзгаришларнинг ташаббускори ва бунёдкорига айланаётгани, энг авалло халқнинг, жамиятнинг уйғонаётганидан далолат беради. Шунинг­дек, ёш авлод тарбиясида ҳал қилувчи ўрин тутадиган боғчалар ва мактаблар тизимидаги улкан ўзгаришлар, Президент мактаблари, ихтисослашган ва ижод мактаблари барпо этилиши, кам таъминланган оилаларда камол топаётган қизларимизнинг билим олиш имкониятнинг  кенгайтирилиши, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги халқаро мукофотнинг таъсис этилиши, Ислом цивилизацияси маркази қурилиши жадал давом эттирилаётгани, Имом Мотуридий илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш борасидаги саъй-ҳаракатлар, хуллас санайверсак вақт етмайдиган янгилик ва янгиланишлар Янги  Ўзбекистонннинг ёрқин ифодаси. Шу баробарда буларнинг барчаси таъкидланаётган Учинчи  Ренессанснинг чин маънодаги пойдеворидир.

Мамлакатдаги ҳар бир фуқарони рози қилиш, одамларнинг турмуш ­фаровонлигини ошириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, камбағалликни қисқартириш туман ва шаҳарлар, маҳаллалар, қишлоқлар қиёфасини бутунлай ўзгартириш, янгилаш борасидаги ишлар аллақачон ўз самарасини бера бошлади.

Жамиятимиз ҳаётининг барча жаб­ҳаларини эркинлаштириш, сўз ва матбуот эркинлиги, очиқлик ва ошкоралик тамойилларини чуқур қарор топтириш, давлат ҳокимияти идоралари фаолияти устидан самарали жамоат­чилик назоратини ўрнатиш борасидаги ишлар, ­Президентимизнинг ташаббус ва ғоялари асосида  давлат ва жамият ­бошқарувини бутунлай янгилашга қаратилган ислоҳотлар натижасида эса  Ўзбекистон янги демократик қиёфа билан  бутун дунёга юз тутди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нут­қидан жуда кўп хулосаларни қилиш мумкин. Энг муҳими эса, биз ана шундай мислсиз жараёнларнинг гувоҳимиз, иштирокчисимиз.

Ўзбекис­тонда Учинчи Ренессанснинг пойдевори яратилаётган экан, унга ҳисса қўшиш албатта барчамиз учун шарафдир.

Назира Матяқубова,

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати.