Бола ҳуқуқлари – бу ҳар бир боланинг миллати, тили, дини ва ижтимоий хусусиятларига қарамасдан эга бўладиган ҳуқуқлари ҳисобланади. «Бола ҳуқуқлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига асосан, бола деганда ўн саккиз ёшга тўлмаган шахс (шахслар) назарда тутилади.
Ўзбекистон Республикаси давлат статистика қўмитасининг маълумотларига қараганда 2020 йил бошидаги ҳолатга кўра мамлакатимиз аҳолиси сони 33905242 нафарни, шундан 19 ёшгача бўлган шахслар 12429253 нафарни ташкил этган.
Бугунги кунда мамлакатимизда болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида бир қатор халқаро ҳужжатлар ратификация қилинган. Бола ҳуқуқлари соҳасида миллий қонунчилик тизими яратилган ва бугунги кунда такомиллаштирилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 апрелдаги қарорига асосан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ўринбосари — Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозими жорий этилди. Шунингдек, қарор билан ота-она қарамоғисиз қолган болаларга муниципал ва аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондидаги ўзлари яшаб турган турар жойларни улар Меҳрибонлик уйларига жойлаштирилган, васийлик ёки ҳомийлик органининг розилигига кўра васийликка ёки ҳомийликка олувчи билан бирга яшаётган бутун вақт мобайнида, ўн саккиз ёшга тўлгунга қадар бронлаштириш ҳуқуқи берилади. Болаларнинг рўйхатда туриш жойи ва фуқаролигидан қатъий назар, уларга барча ижтимоий хизматлар кўрсатилиши, болаларнинг давлат органларига бевосита қилган мурожаатларини тўлиқ кўриб чиқиш кафолатланади. Бола тўлиқ муомала лаёқатига эга эмаслиги важлари билан бу турдаги мурожаатларни кўрмасдан қолдиришга йўл қўйилмаслиги, болаларни ҳимоя қилиш мақсадида судларга ариза билан мурожаат қилган даъвогар давлат божи ва бошқа тўловларни тўлашдан озод қилиниши белгиланди.
2019 йил 1 сентябрдан Ўзбекистон Республикасида эркаклар ва аёллар учун никоҳ ёши ўн саккиз ёш ҳисобланади.
Жорий йилнинг ўзида ҳам бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш мақсадида бир қатор норматив ҳужжатлар қабул қилинди.
Қонунчиликдаги сўнгги янгиликларга тўхталиб ўтсак, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 21 ноябрдаги “Етим болалар ва ота-онасининг ёки бошқа қонуний вакилларининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, етим болалар ва ота-онаси ёки бошқа қонуний вакилларининг қарамоғидан маҳрум бўлган болалар таълим муассасалари (давлат тарбия, даволаш-соғломлаштириш, тиббий-ижтимоий муассасалари, академик лицей, касб-ҳунар мактаблари, коллеж ва техникумлар)да, шунингдек ОТМда таълим-тарбия оладиган муддатда тўлиқ давлат таъминотида бўлади.
Таълим муассасаларида ўқувчиларнинг шахсий харажатлари учун ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари миқдорида (446 минг сўм) пул маблағи тўланади. Тўлиқ давлат таъминоти пул нафақалари ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-бош, пойабзал ва бошқа буюмлар билан таъминлаш, шунингдек, транспортда юриш карточкаларидан иборат бўлади.
Давлат таъминотида бўлган болаларга таълим муассасасини битираётганда, ишга қабул қилинаётганда кийим-бош, пойабзал ва бошқа буюмлар сотиб олиш учун БҲМнинг 100 баравари (22 миллион 300 минг сўм), йўл харажатлари учун БҲМнинг 5 баравари (1 миллион 115 минг сўм) миқдорида битирув нафақаси берилади.
Шунингдек, 2020 йил 21 ноябрь куни “SOS Ўзбекистон болалар маҳаллалари уюшмасининг фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳуқумат қарори қабул қилинди. Унга кўра, эндиликда болалар маҳаллалари – болаларни муқобил парвариш қилиш хизматлари, ёшлар уйлари – ёшларга ҳамроҳлик қилиш хизматлари, ижтимоий марказлар – ижтимоий етимликнинг олдини олиш хизматлари деб номланади.
Қарор билан мазкур хизматларни ташкил қилиш тўғрисидаги низомлар тасдиқланди. Шунга кўра болаларни муқобил парвариш қилиш хизматига қабул қилиш тарбияланувчи яшайдиган жой бўйича туман (шаҳар) ҳокимининг қарори ҳамда ҳудудий халқ таълими бошқармаларининг йўлланмаси асосида амалга оширилади. Хизматга 10 ёшдан катта болалар уларнинг розилиги билан қабул қилинади.
Ёшларга ҳамроҳлик қилиш хизматига оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган оилалардаги ёшлар ваколатли органлар мурожаати асосида қабул қилиниши мумкин. Ёшларнинг хизматга қабул қилиниши учун эркин хоҳиш билдириши қабулнинг мажбурий шарти ҳисобланади.
Хулоса ўрнида таъкидлаш лозим, бола ҳуқуқлари соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар келажагимиз эгаларининг Конституция ва қонунларимизда кўрсатилган ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини амалда таъминлашга хизмат қилади.
Насиба ҚУТЛИМУРАТОВА,
Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги етакчи маслаҳатчиси.



