МАКТАБ ЮРТ ТАРАҚҚИЁТИ, БУЮК КЕЛАЖАГИМИЗНИ ЯРАТАДИГАН МУҚАДДАС ДАРГОҲДИР


Бугунги кунда мамлакатимизда инновацион ва креатив фикрлайдиган замонавий кадрлар тайёрлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида, юксак маънавият эгалари этиб тарбиялаш, таълим тизимини янада такомиллаштириш, сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, соҳага инновацион таълим технологияларини жорий этиш, ўқитувчи касбининг обрўйи, нуфузини ошириш борасида самарали ишлар амалга оширилмоқда.

Улуғ маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Дунё иморатлари ичида энг улуғи мактабдир” деган фикрини бугун биз педагоглар чуқур англаган ҳолда таълим-тарбия тизимига алоҳида масъулият билан ёндашмоқдамиз. Зеро, ҳар бир ўғил-қизнинг келажакда қандай инсон бўлиб камол топишлари аввало оила, мактабгача таълим ва мактабда олган билими, таълим-тарбиясига узвий боғлиқ.

Давлатимиз раҳбарининг ўтган йили 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида таълим тизимига оид ислоҳотлар, ечимини кутаёт­ган масалалар ва келгусидаги вазифалар белгилаб берилди.

Бугунги кунда ёшларнинг хорижий тилларни ўрганишига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Улуғ маърифатпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудий ўз вақтида биз учун икки эмас, тўрт тилни билиш зарур, деган эди. Ушбу даъват бугунги кунда ўз исботини топаётгани айни ҳақиқатдир. Маълумки, мамлакатимизда таълим тизимига қаратилаёт­ган эътибор натижасида ҳудудларда Президент мактаблари, атоқли ёзувчи ва шоирлар, адиблар номидаги ижод мактаблари, IT мактаблари, математика, физика, кимё-технологиялари ва хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаблар фаолият юритмоқда.

Дарҳақиқат, ривожланган давлатларда жамият ҳаётини ўзгартиришга қаратилган ислоҳотлар аввало таълим тизимидан, боғча, мактаб, тарбия масаласидан бошланганини кўрамиз. Таълим ва тарбиянинг асоси, пойдевори бу – мактаб.

Маълумки,  бугунги мураккаб глобаллашув даврида жамиятимизда миллий ғоя ва мафкуравий иммунитетни кучайтириш, ёшларимизни турли зарарли ғоя ва таҳдидлардан асраш, уларни ўз мустақил фикрига эга, иродали, фидойи ва ватанпарвар инсонлар этиб тарбиялаш ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда. Шу боис, мактабимизда мана шундай турли хил ёт ғояларнинг олдини олиш, ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, уларни катта ҳаётга тайёрлаш, сиёсий, ҳуқуқий, тиббий билимларини ошириш, спорт ҳамда китобхонликни кенг оммалаштириш мақсадида мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда турли хил маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилиб келинмоқда. Айниқса, бу борада ўқувчилар билимини янада мустаҳкамлаш мақсадида биринчи марта умумтаълим мактабларида “Тарбия” фанининг жорий этилгани аҳамиятлидир.

Ўқитувчилик касби шарафли, шу билан бирга масъулиятли ҳамдир. Мен ҳам болалигимдан ўқитувчи бўлишни, ўғил-қизларга таълим-тарбия беришни мақсад қилганман. Мактаб пайт­ларида “Ким бўлсам экан?!” деган мавзуда иншо ёзганимизда ўзимнинг синф раҳбарим каби меҳрибон, ширин сўз ва албатта қаттиққўл ўқитувчи, устоз бўламан, дердим. Мана йиллар ўтиб ўқитувчи деган шарафли номга эга бўлдим. 1994 йилда Тамбов давлат педагогика институтини тамомлаб, шу йили Нукус шаҳридаги 27-сонли умумтаълим мактабида рус тили ва адабиёти фани ўқитувчиси сифатида иш бошладим. Кейинчалик мактабнинг маънавий-маърифий ҳамда ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари, 2017 йилдан бошлаб эса мактаб директори вазифасида фаолият юритиб келмоқдаман. Қорақалпоғистон Республикаси халқ таълими аълочиси бўлдим.

Биласизми, авваллари  таълим тизимида ислоҳотлар бўларди-ю, аммо натижа кўзга кўринмас эди. Ўқитувчилар ойлик маошлари қониқарсиз, бу ҳам етмагандек, пахта мавсуми, қолаверса хашар, ободонлаштириш ишларига жалб қилинарди.  Ҳаттоки ўқувчилар ҳам мажбурий меҳнатга жалб қилинарди. Соҳада эркак ўқитувчилар сони анча камайиб кетганди. Умуман олганда, жамиятда ўқитувчи касбининг нуфузи, обрўси пасайиб кетган эди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан сўнгги йилларда таълим тизими тубдан ислоҳ қилинди, ўқитувчилар ойлик маошлари кўтарилиб, уларнинг (педагог) мақомини оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Президентимизнинг соҳага, ёш авлод келажагига бўлган бундай эътибор ва ғамхўрлиги албатта биз педагогларни руҳлантириб, янада шиддат, шижоат, масъулият билан ишлашга даъват этади. Айниқса, соҳанинг ҳуқуқий асоси бўлган Президент фармонлари, фармойишлари ва қарорлари ўқитувчилар фаолиятида муҳим дастуриамал бўлиб хизмат қилмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан, таълим-тарбия тизимидан бошланади, дея эътироф этди.  Дар­ҳақиқат, давлатимиз раҳбарининг ушбу Мурожаатномаси давлат ва жамиятимиз ҳаётида туб бурилиш ясади. Мурожаатноманинг мазмун-моҳиятини чуқур ўрганиш, унда белгилаб берилган устувор вазифалар ижросини таъминлаш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Зеро, мамлакатимизни равнақ топтиришда биз, ўқитувчи-педагоглар ташаббус кўрсатишимиз, ёшларнинг ғоя ва ташаббусларини юзага чиқаришида кўмаклашишимиз, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларда фаол иштирок этишимиз, ўқувчи-ёшларларга сифатли таълим-тарбия беришимиз лозим.

Бугунги кунда мактабимизда 1706 нафар ўқувчига 165 нафар ўқитувчи-педагоглар таълим-тарбия бериб келмоқда. Ўтган йил мамлакатимиз учун қанчалик синовли бўлмасин, таълим-тарбия тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бериб, яхши натижаларга эришдик. Жумладан, 2019-2020 ўқув йилида мактабни 109 нафар ўғил- қизлар битириб, шундан  40 нафари квота асосида, 5 нафари хорижий давлатлардаги олий ўқув юртига, 45 нафари ўрта махсус таълим ­муассасаларига ўқишга киришга муваффақ бўлди. 11-синф ўқувчиларининг олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичлари бўйича “яшил ” ҳудуддан ўрин олдик. Жорий 2020-2021 ўқув йилида 3 нафар ўқувчимиз муддатидан олдин олий ўқув юрти талабаси бўлиш бахтига муяссар бўлди.

Шу ўринда бошқа ютуқларимиз ҳақида ҳам айтиб ўтсам. Жумладан, “Математика билимдонлари” танловининг мамлакат босқичида А.Абдуллаева 1 ўринни қўлга киритди. Биология фани бўйича ўтказилган “онлайн олимпиада”да М.Абаев 100 бал тўплаб, ғолиб бўлди. З.Бахтиёрова “Bravo English” олимпиадасида 1 ўринни, “Билимдон болалар” математика танловида 2 ўринни эгаллади. Д.Мамутова регби спорт тури бўйича 1 ўринни, Н.Калижанова таэквон-до ИТФ бўйича 2-ўринни, А.Раметуллаев бокс бўйича 2-ўринни қўлга киритди. Ж.Худайбергенов математика ҳамда рус тили олимпиадасида 100 балл тўплаб диплом билан тақдирланди. Мактабимизда математика, инглиз, рус тиллари ҳамда спорт мусобақаларининг шаҳар, республика ва мамлакат бос­қичида ғолибликни қўлга киритиб келаётган ўқувчиларимиз жуда кўп. Мен фақатгина мамлакат босқичида ғолиб бўлган айрим ўқувчиларимиз мисолида келтириб ўтдим. Ўқувчи-ёшларимизнинг мана шундай ютуқлари биринчи навбатда ўзларидаги аниқ мақсад, иштиёқ, интилишнинг кучлилиги, шунинг­дек, ўқитувчиларнинг берган билим, таълим-тарбияси ҳамда яратилган шароитлар туфайлидир.

Ўқитувчи ўқувчига фақатгина таълим бериб қўймасдан, унга тарбия беради. Унинг ақлан, маънан, жисмонан соғлом бўлиб камол топиши учун бор тажрибасини, имкониятини ишга солади. Қалбига инсонийлик фазилатларни сингдиради. Бугунги кун ўқитувчиси жамиятда бўлаётган ўзгаришлардан, маънавий-маданий ҳаётимизда юз бераётган янгиланишлардан руҳланиб, ўзидаги бор билимини, илмини ўқувчига илинади.

Мактабимизда ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида турхи хил фан, IT клублари, ижодий тўгараклар, спорт секциялари фаолият кўрсатмоқда. Жумладан, ментал арифметика, мантиқий фикрлаш, математика, робототехника, дастурлаш, “Зулфияхоним издошлари”, “Қизларжон”, “Ёш томошабинлар театри” клублари, ошпазлик, тўқувчилик, моҳир қўллар, бадминтон, волейбол, баскетбол, стол тенниси, шахмат-шашка, енгил атлетика, футбол каби тўгаракларда ўқувчиларимиз ўз билимларини, ҳунарларини мустаҳкамлаб келмоқда. Айниқса, давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган беш муҳим ташаббус доирасидаги ишлар ўзининг ижобий самарасини бермоқда. Китоб инсоннинг энг яқин дўсти, маслаҳатчиси, йўлини ёритгувчи машъала сифатида қадрланади. Китоблар орқали инсоннинг маънавий дунёқараши, онг тафаккури шаклланади. Шу боис, ўқувчиларда китоб ўқиш маданиятини шакллантириш, китобхонликни кенг тарғиб қилиш, китоб ўқишнинг аҳамиятини тушунтириш, ҳар бир ўқувчида бебаҳо бойлигимизга бўлган юксак ҳурмат, меҳр-муҳаббат ва қизиқишни янада ошириш мақсадида “Ёш китобхон” тўгараги фаолият юритмоқда.  Мактаб жамоаси ҳамда ота-оналар иштирокида китоб ярмаркалари ташкил этилмоқда. “Фарзандимга китоб совға қиламан”, “Ўзим ўқиган мактабга китоб совға қиламан”, “Учинчи Ренессансга менинг ҳиссам” мавзусида акциялар ўтказилди.

Иш бор жойда камчилик ҳам бўлади, албатта. Бугун ўқитувчиларимизни қийнаётган, уларни ўйлантираётган масалалар ҳам борлигини кўриб, тўғриси ўзимга хулосалар қиламан. Чунки, бугунги кун ўқитувчиси фақатгина бир мақомда, бир қолибда ҳаракат қилмайди. У ўз фикрини дадил, эркин  айта олади. Соҳадаги ютуқлар билан бирга ўзини ўйлантираётган, қизиқтираётган масалалар, камчиликларни ҳам кўра билади. Ва албатта, бу каби муаммоларни яхшилаш, бартараф этишни ўзининг бурчи, касбий масъулияти деб билади. Таъкидлаш жоизки, рангли тарқатма ва электрон материаллар, ёш ўқитувчилар учун методик қўлланмалар яратиш, ўқитувчиларнинг кайфиятини кўтарувчи, уларга янги куч ва шиддат бағишловчи психологик семинар-тренинглар ўтказиш, ўқитувчиларни касбга йўналтириш бўйича аниқ бир тизим ишлаб чиқиш,  мактабларни, шу жумладан, ўқув синф хоналарини янги қулай мебеллар, замонавий ўқув ва лаборатория ускуналари, дарсликлар ва ўқув-услубий материаллар, компьютер ва мультимедиа техникаси, видеокузатув тизимлари билан жиҳозлаш, мусиқа маданияти дарси учун махсус мўлжалланган синф хоналари ажратиш масалалари тўлақонли ҳал этилса мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Мана ўқув йили ҳам тугаб ўқувчилар ўз оиласи, ота-онаси бағрида. Аммо шундай бўлса ҳам улар билан тез-тездан суҳбатлашиб, ҳолидан хабардор бўлиб турамиз. Ўғил-қизларимизнинг дам олиш таътилини мароқли ва кўнгилли ўтказишларида албатта биз ҳам масъулмиз.  Мухтасар айтганда, бугун мактабимизда фаолият юритаётган педагогларимизнинг мақсади бир. Яъни, ўқувчиларга сифатли таълим-тарбия бериш баробарида, моддий техник базани мустаҳкамлаш, замонавий ўқув жиҳозлари билан таъминлаш, мактаб жамоаси ўртасида соғлом муҳитни шакллантириш, ўқувчилар ўртасида дўстлик, ҳамжиҳатлик муносабатларини ўрнатишдир.

Ўйлаймизки, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида Янги Ўзбекистоннинг буюк келажаги яратилади.

Флора Бисенова,

Нукус шаҳридаги

27-сонли мактаб директори.