Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 10 апрелда қабул қилинган “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ 21 октябрь санаси Ўзбек тили байрами куни этиб белгиланди.
Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 32 йил тўлиши муносабати билан республикамиз миқёсида қатор маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилмоқда.
ТИЛ – МИЛЛАТНИНГ МАЪНАВИЙ БОЙЛИГИДИР
Бугунги кунда мамлакатимиз «Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари» бош ғояси остида ривожланишнинг янги босқичи – Учинчи Ренессансга тамал тошини қўйишда буюк марраларга эришмоқда. Мана шу йўлда, яъни давлатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида албатта, давлат тилининг ўрни муҳим аҳамият касб этади.
Бу йил ўзбек ва қорақалпоқ тилларига давлат тили мақоми берилганига 32 йил тўлмоқда. Ўзбек ва қорақалпоқ тиллари ўзининг бой тарихига эга, бир-бирига яқин, икки туғишган ота-онанинг фарзандларидек бир-бирини таржимонсиз тушинадиган тиллардандир.
Тил тўғрисида гап кетганда “Она” сўзининг қўлланилиши ҳам бежиз эмас, албатта. Негаки, инсон учун она-Ватани, киндик қони томган тупроғи, ота-онаси ва оиласи қанчалик муқаддас бўлса, она тили ҳам шунчалик қадрлидир. Инсон дунёга келар экан, оламни она тили орқали англай билади. Тил орқали бошқалар билан фикрлашади, ўз дунёқарашини юзага чиқаради, таълим олади, ривожланади. Сўз усталари эса, ушбу она тили орқали кўнгил нақшларини хат-созга солади, куйлайди.
Сўнгги йилларда муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев томонидан мамлакатимизда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини янада ошириш, давлат тилида иш олиб боришни ташкиллаштириш, шунингдек, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига сўзсиз амал қилинишига эришиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, Президентимиз томонидан 2019 йилнинг 21 октябрь куни қабул қилинган “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкиллаштирилиб, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикасидаги барча маҳаллий давлат бошқарув органларида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига амал қилинишини таъминлаш бўйича маслаҳатчи лавозимлари жорий қилинди.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Қорақалпоғистон Республикасининг “Давлат тили тўғрисида”ги Қонунининг 1-моддасида – Қорақалпоқ ва ўзбек тиллари Қорақалпоғистон Республикасининг Давлат тили ҳисобланиши қайд этилган.
Бу борада Қорақалпоғистон Республикасида давлат тилига ҳурмат кўрсатиш, шунингдек, Қорақалпоқ тилининг халқимиз ижтимоий ҳаётидаги нуфузи ва ўрнини янада ошириш, ўсиб келаётган ёшларимизни ватанпарварлик, миллий ғурур ва қадриятларга садоқат, буюк аждодларимиз бой меросининг муносиб давомчиси руҳида тарбиялаш, мамлакатимизда давлат тилининг тўлиқ жорий қилинишини таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг 2020 йил 3 ноябрдаги “Қорақалпоқ тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва ўрнини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президиум қарори қабул қилинди ва ушбу асосда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳузурида Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил этилди.
Бу борада Республика Маънавият ва маърифат маркази Қорақалпоғистон бўлими мамлакатимизда маънавий-маърифий ишлар тизими самарадорлигини ошириш, айниқса, давлат тили талабларига амал қилиш бўйича қатор вазирлик ва идоралар ҳамда департамент билан ҳамкорликда ишлар олиб борилиб, бу ҳақдаги материаллар ОАВларда ўз аксини топмоқда.
Шунингдек, бўлим томонидан Республика Маънавият ва маърифат маркази Нукус шаҳар ва туманлар бўлинмалари, Республика Олий таълим ва умумтаълим мактабларидаги маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарлари ҳамда ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчилар билан биргаликда она тили ва давлат тилларининг ҳаётимиздаги ўрнини замонавий ахборот технологияларидан самарали фойдаланган ҳолда тарғиб қилиш, ўзбек ва қорақалпоқ тили байрамларини юқори савияда ташкиллаштириш борасидаги ишлар қизғин тус олди.
Масалан, айни пайтда маҳаллий ОАВларда, жумладан матбуот, теле-радио каналлар ва ижтимоий тармоқлар орқали Республика Маънавият ва маърифат маркази Қорақалпоғистон бўлими томонидан тайёрланган миллий тилимизни улуғловчи материаллар кенг эълон қилинмоқда.
Муҳтарам Президентимиз қайси жойда, қанақа мавзуда маъруза қилмасин, она-Ватанимиз келажаги бўлган ёшлар масаласини илгари суради ва ёш авлод қалбида она тилимизга ҳурмат ҳиссини болаликдан жойлаш мақсадида таълимнинг барча босқичларида тилимизни замонавий инновацион технологиялар асосида чуқур ўргатишга алоҳида эътибор қаратиб келмоқда.
Кейинги йилларда бу борада она тилимиздаги терминларнинг тартибга келиши, луғатларни чоп этиш, она тилимиз алифбоси ва имлосини қайта кўриб чиқиш, уни барқарорлаштириш каби ишлар амалга оширилди.
Чиндан ҳам аждодлардан меърос она тилимиз кўп асрларни, қанча зиддиятли даврларни бошидан ўтказиб, соф ҳолида бизгача етиб келди.
“Она тилимиз – миллий маънавиятимизнинг битмас-туганмас булоғидир. Шундай экан, унга муносиб ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш барчамизнинг нафақат вазифамиз, балки муқаддас инсонийлик бурчимиздир!”, деган эди муҳтарам Президентимиз ўз нутқида.
Ҳақиқатдан ҳам тил – бизнинг маънавий-маърифий ишларимизнинг асосий қуроли, битмас-туганмас булоғидир. Уни кўз қорачиғидек асраш, келажак авлодга соф ҳолида етказиш, шу юртда яшаётган ҳар бир фуқаронинг фарзандлик бурчи, деб ҳисоблайман.
Татлимурат Атамуратов,
Республика Маънавият ва маърифат маркази Қорақалпоғистон бўлими раҳбари, тарих фанлари номзоди.



