Газетамизнинг 4-саҳифасида сайловолди ташвиқоти доирасида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг Сайловолди дастуридан ўрин олган кўплаб устувор йўналишларга оид мақола чоп этилмоқда.
Мазкур мақола Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларга сайловолди ташвиқоти учун ажратилган бепул нашр майдони доирасида эълон қилиняпти.
БАРЧА ИСЛОҲОТЛАР ИНСОН МАНФААТИ ВА РАВНАҚИ ЙЎЛИДА
Ватан тараққиёти ва юрт равнақи учун муносиб номзодни белгилайдиган муҳим сиёсий воқеа — Президентлик сайловига ҳам саноқли кунлар қолди. Таъкидлаш жоиз, сайлов жараёнининг шаффоф ва адолатли ўтказилиши бугунги куннинг энг асосий талабларининг бири бўлиши билан бирга ўз навбатида партиялардан кўрсатилган номзодларнинг халқ манфаати йўлида хизмат қилишга йўналтирилган сайловолди дастурларини илгари суришида устувор вазифа бўлмоқда.
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан кўрсатилган номзод Шавкат Миромонович Мирзиёев ўз навбатида ўтган 5 йил мобайнида Президент сифатида ўта улкан ислоҳотлар ва ўзгаришларни амалга оширди. Бўлажак сайлов олдидан номзоднинг сайловолди дастури эълон қилинди. Унда мамлакатимизни янада ривожлантиришнинг энг асосий 10 та драйвер йўналиши белгилаб берилди.
Дастурда номзод илм ва инновацияларга асосланган янги иқтисодиётни барпо этиш тўғрисида тўхталган.
Жумладан, келгуси беш йилда аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулотни 1,6 баробар ошириш кўзда тутилмоқда. 2030 йилга бориб аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадни 4 минг АҚШ долларидан ошириш ва «даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар» қаторига киришга асос, саноат маҳсулотлари ҳажмини 1,4 ва меҳнат унумдорлигини камида 2 баробарга ошириш учун шароит яратилиши назарда тутилган.
Айниқса драйвер соҳаларда «хом-ашёдан – тайёр маҳсулотгача» тамойили асосида саноат кластерлари тизими ривожлантирилиши, илм-фан ютуқлари асосида саноат тармоқларига энг замонавий технологияларни кенг жорий этиш дастурларини ишлаб чиқиш ва амалиётга тадбиқ этиш режалаштирилаётгани иқтисодиётимизда муҳим қадамлардан бири бўлади.
Рақамли иқтисодиёт асосий драйвер соҳага айлантирилиб, унинг ҳажмини камида 2,5 баробар ошириш белгилангани, дастурий маҳсулотлар индустрияси ҳажмини 5, уларнинг экспортини 10 мартага ошириб, 500 миллион долларга етказиш назарда тутилмоқда.
Макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш мақсадида 2023 йил охиригача инфляция даражасини 5 фоизга тушириш, давлат бюджети тақчиллигини ялпи ички маҳсулотга нисбатан 2,5 фоиздан ошмаслигини таъминлаш, тараққиётимизда янги давр бошланишидан далолатдир.
2022 йилдан бошлаб ҳар бир туман бюджетининг камида 5 фоизи ёки 1,5-2 триллион сўм маблағ «Фуқаролар бюджети» дастури доирасида аҳолининг таклифлари асосида энг долзарб муаммоларни ечишга сарфланиши ҳам худудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга хизмат қилади.
Шунингдек, янгидан жалб қилинадиган йиллик ташқи қарз миқдори 5 миллиард доллардан ошмаслигини таъминлаш режалаштирилаётгани, капитал олиб кириш бўйича мавжуд чекловлар қайта кўриб чиқилиб, барча учун қулай шароитлар яратиш ва беш йилда фонд бозори ҳажмини 7 миллиард долларга етказиш кўзда тутилган.
Иқтисодий юқори ўсиш суръатларига эришиш учун келгуси беш йилда 120 миллиард долларлик инвестиция жалб этилиши ҳам ишлаб чиқариш тармоқларига янги истиқболларни очади.
Дастурга асосан, 2022 йилдан асосий воситалар амортизациясига солиқ имтиёзларини кенгайтириш орқали ҳар йили қарийб 2 триллион сўм маблағ тадбиркорлар ихтиёрида қолдирилади.
Ҳудудларда саноат ва инфратузилмани ривожлантириш учун Ўзбекистон тараққиёт банки ташкил этилади. Бу ҳам мамлакатимиз ҳаётида кутилмаган янгиликдир.
Юртимизнинг экспорт салоҳиятини 1,7 баробар ошириш ва 2026 йилда 30 миллиард долларга етказиш, экспорт таркибида тайёр маҳсулотлар ҳажмини 2,5 баробарга ошириш белгиланган.
Европа давлатларига 2 мингдан зиёд турдаги тайёр маҳсулот экспорт қилиниши йўлга қўйилиши кўзда тутилмоқда. Бунда очиқ танлов ўтказилиб, 200 та экспортчи етакчи экспортёр сифатида сараланади ва қўллаб-қувватланади. Хусусий секторнинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини 80, экспорт бўйича эса 60 фоизга етказиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар кўрилиши белгиланган. Қолаверса, дастурда «Яшил иқтисодиёт» технологиялари барча соҳаларга фаол жорий этилиб, иқтисодиётнинг энергия самарадорлигини 20 фоизга ошириш, ҳавога чиқариладиган зарарли газлар ҳажмини 10 фоизга қисқартириш устувор вазифа сифатида қайд этилган.
Бунинг учун қуввати 5 минг мегаваттдан ортиқ бўлган шамол, қуёш ва гидро-электр станциялари ишга туширилиб, йилига қарийб уч миллиард куб метр табиий газ ресурсларини тежаш кўзда тутилган. «Яшил иқтисодиёт»ни ривожлантириш махсус жамғармаси ташкил этилиши режалаштирилмоқда.
Эътироф этишга арзигулик йўналишларидан яна бири 2026 йил якунига қадар юртимизда камбағалликни камида икки баробар қисқартиришдир. Бу, ҳеч шубҳасиз, қанчадан-қанча аҳоли ҳаётини тубдан яхшилаш, оиласига фаровонлик олиб кириш, доимий даромадга эга бўлишига имконият яратади. Тадбиркорликни янада қўллаб-қувватлаш мақсадида, тадбиркорлар билан ўтказилган очиқ мулоқот доирасида шакллантирилган етти йўналиш бўйича 60 га яқин янги ташаббус ва таклифларни назарда тутувчи дастур амалга оширилади. Йўл қурилиши, иссиқлик таъминоти, ободонлаштириш хизматлари сингари 25 та фаолият тури бўйича монополияга барҳам берилиб, ушбу соҳаларда тадбиркорлар учун кенг йўл очилиши режалаштирилмоқда. Чорва учун озуқабоп экинлар майдони икки баробардан зиёдга оширилади. Ўн бир миллион гектар яйловларни қайта тиклаб, ҳосилдорлигини ошириш чоралари кўрилади. Гўшт, сут тухум ва балиқ етиштириш ҳажми 1,5-2 марта кўпайтирилади.
Номзод дастурининг “Сифатли таълим – инсон капиталини ривожлантиришнинг ҳал қилувчи омили” йўналишида ҳам ижтимоий соҳадаги барча ислоҳотларнинг натижаси, жумладан, камбағалликни қисқартириш ҳам кўп жиҳатдан таълим-тарбия тизимини қандай ташкил этишга боғлиқ эканлиги қайд этилган.
Шунингдек, мактабгача таълимдаги қамров даражаси ҳозирги 62 фоиздан камида 80 фоизга етказилиши, мактаб таълими тизими учун ўқув дастурлари ва дарсликлар илғор хорижий тажриба асосида тўла қайта ишланиб, 2026 йилга қадар амалда жорий этилиши, олий таълимга қамров даражасини 50 фоизга етказиш билан бирга, асосий эътибор таълим сифатини оширишга қаратилиши, илмий кадрлар тайёрлаш ва илмий фаолиятни қўллаб-қувватлаш тизими такомиллаштирилиши каби ўта муҳим вазифалар белгилаб олинмоқда.
Дастурнинг “Аҳоли саломатлиги – бебаҳо бойлигимиз” деб номланган йўналишида мамлакатимизда тиббиёт соҳасини ривожлантириш, бу борада фуқароларимиз саломатлигини яхшилаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.
Бунда тиббиётнинг бирламчи бўғинида халқимизга малакали хизмат кўрсатиш сифати яхшиланиши, хусусий тиббиётни янада ривожлантириш мақсадида уларга солиқ имтиёзлари беришни давом эттириш, ўзимизда ишлаб чиқарилган дори-дармон ва тиббиёт воситаларининг миқдори 80 фоизга етказилиши, санитария-эпидемиология хизматининг халқаро мақомга эга 250 дан зиёд лабораториялари ташкил этилиши каби ўта муҳим жабҳаларга этибор қаратилган.
Номзод дастурининг “Ҳудудларни мутаносиб ривожлантириш – мамлакатимиз тараққиётининг гарови” йўналиши бўйича ҳудудларни мутаносиб ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилиши белгиланган бўлиб, бу борада ҳар бир ҳудуд бўйича туман ва шаҳарлар кесимида 14 та беш йиллик дастурлар ишлаб чиқилиши кўзда тутилган.
Яъни, Қорақалпоғистон Республикаси учун ҳам ўзига хос ривожланиш тенденциялари ишлаб чиқилиши назарда тутилган. Бундан ташқари оғир экологик шароитга қарамасдан, мамлакатимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келаётган Қорақалпоғистон Республикасини, унинг барча шаҳар, туман ва овулларини комплекс тарзда ривожлантириш, меҳнаткаш ва матонатли, оқкўнгил ва бағрикенг қорақалпоқ элининг ҳаётини обод ва фаровон этишга ҳар қачонгидан ҳам устувор аҳамият қаратиши алоҳида таъкидланганлиги Қорақалпоғистон учун янги имкониятлар эшиги очилишининг яна бир ёрқин мисоли десак адашмаган бўламиз.
Президентликга номзод ўз сайловолди дастурида “Бизнинг олий ва эзгу мақсадимиз – биргаликдаги фидокорона меҳнатимиз билан Янги Ўзбекистон таркибида Янги Қорақалпоғистонни бунёд этишдир.” деб алоҳида таъкидлайди.
Бундан ташқари мазкур йўналишда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида ҳудудларнинг “ўсиш нуқталари”дан келиб чиқиб, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилма объектлари қурилишига алоҳида эътибор қаратилиши, бунда 70 минг километр магистрал ва паст кучланишли электр тармоқлари, 22 мингдан ортиқ трансформатор ҳамда 100 дан зиёд подстанция қурилиши ва янгиланиши, 70 минг километрдан зиёд автомобиль йўллари, 15 минг километрдан ортиқ ичимлик суви ва 1 минг километр оқова сув тармоқлари қурилиши, мамлакатимиз бўйича аҳолини марказлашган ичимлик суви билан таъминлаш даражаси 87 фоизга етказилиши белгиланган.
Бундан ташқари, зарур шароитлар ташкил қилиш орқали 2026 йилда Ўзбекистонга ташриф буюрадиган хорижий туристлар сони 9 миллионга, туризм хизматлари экспорти 1,8 миллиард долларга етказилиши ҳам белгиланган бўлиб, бу борада Қорақалпоғистон Республикаси ва Оролбўйида экотуризмни ривожлантириш бўйича алоҳида дастур амалга оширилиши белгиланган.
Бунда Мўйноқнинг янги аэропорти имкониятларидан кенг фойдаланилиши, шунингдек, 8 мингдан ортиқ маданий мерос объектлари имкониятларидан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилиши ва ушбу йўналишда давлат дастури қабул қилиниши алоҳида эътироф этилган.
Бутун мамлакатимиз бўйлаб “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси татбиқ этилиши ҳам назардан четда қолмаган бўлиб, хонадон, кўча, маҳалла ва қишлоқ, шаҳарларда, йўл бўйлари ва дала четларига дарахтлар экиш, ҳар бир ҳудуд иқлимига мос кўчатларни етиштириш, суғориш ҳамда парвариш қилиш тизими жорий этилади.
Бу тизим орқали ҳудудларда ҳар йили камида 200 миллион тупдарахт кўчатлари экилиши белгиланган.Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказларида “Янги Ўзбекистон боғи” намунаси асосида камида 50 гектар майдонда “яшил боғлар” барпо этилиши дастурдан ўрин олган. Дастурда келгуси йилларда Орол денгизининг қуриган тубида қўшимча 500 минг гектар яшил майдонлар барпо этилиб, уларнинг умумий ҳажми 2,5 миллион гектарга ёки ҳудуднинг 78 фоизига етказилиши, бунда Оролбўйида халқаро “Яшил иқлим” ва “Глобал экологик жамғарма”лари маблағлари ҳисобидан биохилма-хиллик, иқлим ўзгариши ва тупроқ емирилишининг олдини олишга қаратилган 300 миллион долларлик лойиҳалар амалга оширилиши белгиланган.
Мазкур тадбирлар натижасида Қорақалпоғистон ҳамда Хоразм воҳасининг экологик шароитини яхшилаш, ушбу ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга катта ҳисса қўшади.
Номзод дастурининг яна бир йўналиши “Янги Ўзбекистон – халқчил ва инсонпарвар давлат” деб белгиланган бўлиб, унда биз қураётган Янги Ўзбекистон – кучли қонунчилик, ижро ва суд ҳокимияти, фуқаролик жамияти институтлари самарали фаолият кўрсатадиган, “Давлат – халқ хизматчиси” тамойили амал қиладиган, демократик дунёвий давлат бўлиши алоҳида таъкидланади.
Бу борада маҳалла том маънода жамоатчилик бошқаруви ва назоратининг таянч бўғинига айланиши учун барча шароитларнинг яратилиши, туман, шаҳар, вилоят шу қаторда Қорақалпоғистон Республикаси вакиллик ва ижро ҳокимияти тизими қайта кўриб чиқилиши белгилаб ўтилган.
Келгусида туман ва шаҳар кенгашларида камида 2-3 нафар депутат доимий асосда ишлайдиган тартиб жорий этилиши,улар муаммоларни маҳаллабай ўрганиб, ечимини Кенгаш муҳокамасига киритиши, шунингдек, туман ва шаҳар ҳокими лавозимига номзод тегишли кенгашда энг кўп депутатлик ўрнини эгаллаган партия гуруҳи томонидан илгари сурилиши Янги Ўзбекистон асосида Янги Қорақалпоғистонни қуришда демократик қадамларнинг бири бўлади.
Бунда номзод ҳудудни ривожлантириш бўйича ўз дастурини халқ вакиллари олдида ҳимоя қила олган тақдирда ҳоким лавозимига тасдиқланиши белгилаб ўтилган.
Бир қатор ижтимоий масалалар, жумладан, ичимлик ва оқова сув, ички йўллар, бошқа инфратузилма объектларининг қурилиши, бандлик дастурини тасдиқлаш туман ва шаҳар кенгашлари ваколатига ўтказилади.
Шунингдек, барча бўғиндаги ижро идоралари раҳбарлари –вазир, қўмита раиси, бир йиллик иш дастури ва амалга оширадиган лойиҳаларини жамоатчиликка очиқ эълон қилиб боради.
Бир қатор вазирлик, идора ва хўжалик бирлашмалари ҳамда маҳаллий ижро ҳокимияти органлари фаолияти ислоҳотларимиз талабларидан келиб чиқиб, танқидий қайта кўриб чиқилади.
Замонавий давлат хизматини жорий қилишга устувор аҳамият берилади. Хусусан, электрон давлат хизматларининг улуши 100 фоизга етказилади. Жумладан, 700 дан ортиқ давлат хизматларининг 100 таси хусусий секторга ўтказилади.
Бундан буён давлат хизматига кадрлар, қоида тариқасида, танлов асосида қабул қилинади. Давлат хизматчилари учун узлуксиз малака ошириш, натижадорликни баҳолаш ва лавозим бўйича кўтарилиш мезонлари белгиланади. Иш вақти, меҳнат меъёрлари бўйича талаблар ҳам қайта кўриб чиқилади.
Ижтимоий соҳа объектларини қуриш, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, ҳудудий инфратузилма дастурлари доирасидаги лойиҳалар очиқ эълон қилиниб, кенг жамоатчилик фикри асосида ишлаб чиқилиши ҳам назардан четда қолмаган.
Шунингдек, дастурда оммавий ахборот воситаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, журналистларнинг эркин фаолият юритишлари учун зарур шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилган.
Сайловолди дастурининг энг муҳим йўналишларидан бири “Адолат ва қонун устуворлиги – халқпарвар давлат пойдевори” деб белгиланиб, қонун устуворлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш, инсон манфаатлари ва ҳуқуқларини қўллаб-қувватлаш бўйича қатор вазифалар белгилаб қўйилган.
Бундан ташқари, тараққиётимиз йўлида жиддий тўсиқ ва ғов бўлаётган коррупцияга қарши курашишда давлат ва жамиятнинг барча куч ва воситаларини сафарбар этиш, фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини янада кенгайтириш масалалари ҳам сайловолди дастуридан кенг ўрин олган.
Бутун дунёда улкан сиёсий ўзгаришлар, нотинчликлар ҳукум сураётган бир вақтда юртимиз тинчлигини ва хавфсизлигини таъминлаш, дунё сиёсий хамжамиятида муносиб иштирок этиш борасида ўзига хос йўналиш Президентликга номзод дастуридан алоҳида ўрин эгаллайди.
Мазкур йўналиш “Хавфсизлик ва очиқ, прагматик фаол ташқи сиёсат борасидаги устувор вазифалар” деб белгиланган бўлиб, унда дунёдаги ҳозирги мураккаб вазият, қўшни минтақалардаги зиддият ва қуролли низолар Ўзбекистон Республикасининг хавфсизлиги ва тинчлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратишни тақозо этаётганлиги алоҳида таъкидлаган.
Номзод ўз сўзида “Биз нуфузли халқаро тузилмаларда Ўзбекистоннинг иштирокини юқори даражада таъминлашимиз шарт” — деб таъкидлайди. Шу билан бирга, қадимий ва навқирон шаҳарлар бўлган – Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Нукус, Хива, Термиз, Шаҳрисабз ва Қўқонда халқаро аҳамиятга молик йирик саммит, форум ва анжуманларни доимий равишда ўтказишни давом эттириш каби масалалар ўрин олган. Дастурнинг охирги йўналиши “Маданий-маънавий тараққиёт сари” деб номланган бўлиб, бунда “Янги Ўзбекистон – маърифатли жамият” концепцияси ва уни амалга ошириш миллий дастури ишлаб чиқилиши, Янги Ўзбекистон стратегияси сайловолди учрашувларида жамоатчилигимиз, халқимиз томонидан яна билдириладиган қўшимча фикрлар, таклиф ва ташаббуслар ҳисобига янада бойитилади ва такомиллаштирилади деб белгиланган.
Бир сўз билан айтганда номзоднинг сайловолди дастурида илгари сурилган барча йўналишлар Янги Ўзбекистон келажаги, халқимиз фаровонлиги, иқтисодиётимиз равнақига хизмат қилади.
Абатбай Данияров,
ЎзЛиДеПдан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Ш.Мирзиёевнинг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича ишончли вакили.



