Тил — маънавий бойлигимиз


Ҳозирги кунда Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган эзгу интилиш ва ҳаракатларимиз ҳал қилувчи босқичга кўтарилмоқда. Бу йўлда миллий ўзлигимиз, ғурур-ифтихоримиз тимсоли бўлган она тилимиз, ҳеч шубҳасиз, беқиёс куч-қудрат ва илҳом манбаи бўлиб хизмат қилади.

Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг Ўзбек тили байрами муносабати билан халқимизга йўллаган байрам табригида жаранг топган бу сўзлар шу юрт фуқароси сифатида мени ҳам чексиз руҳлантириб, она тилимизга бўлган меҳримизни, садоқатимизни янада мустаҳкамлагани айни ҳақиқат.

Табрикда таъкидланганидек,  “Ўтган қисқа даврда ўзбек тилини чуқур ўрганиш ва ўргатишга хизмат қиладиган 16 та китоб, жумладан, 9 та луғат нашр қилинганини алоҳида қайд этиш лозим. Айни вақтда 5 жилддан иборат “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” фундаментал тадқиқоти вазирлик ва идоралар, таълим-тарбия масканларига, мамлакатимизнинг чет элдаги дипломатик ваколатхона ва консуллик муассасаларига етказилди. Шунингдек, чет эл фуқаролари ва юртдошларимизга ўзбек тилини ўргатадиган онлайн платформа, ўзбек тили изоҳли луғатининг мобиль иловаси, хориждаги ватандошларимиз учун махсус веб-сайт яратилгани ҳам албатта муҳим аҳамиятга эга”.

Дарҳақиқат, бугун мамлакатимизда она тили-ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги ўрни ва нуфузини янада мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Маълумки, тилни улуғлаш,  унинг софлигини сақлаш, ёш авлод қалбида она Ватанга, миллий қадриятларимизга ҳурмат ҳиссини шакллантиришда ўқитувчи-устозларнинг ўрни жуда катта. Маънавий бойлигимиз, маданиятимиз кўзгуси бўлган она тилига бўлган ҳурмат аввало оилада, мактабда шаклланади.

Тил одамийликнинг бош белгисидир. Шу маънода Маҳмуд Қошғарийнинг “Девони луғотит турк” асарида “Эрдам боши тилдир”, яъни “Барча фазилатлар, эзгуликлар тилдан бошланади”, деган ибора бор. Тилимизнинг бор гўзаллиги, жозибаси ва бойлигини  бутун дунё эътироф этмоқда. Шундай экан биз ҳам она тилимизни асраб-авайлашимиз, эҳтиром кўрсатишимиз лозим. Бунинг учун соҳадаги ислоҳотларни янада кучайтиришимиз шарт. Айниқса, ёшлар орасида она тилимизнинг беқиёс имкониятлари, нафосатини тараннум этувчи маънавий-маърифий тадбирларни кўпайтириш, шу орқали ёшларимиз қалбида тилимизга нисбатан меҳр-муҳаббат, ҳурмат ҳиссини шакллантиришимиз зарур. Сир эмаски, бугунги кунда айрим бино ва савдо дўконлари пештоқига рус, инглиз тилидаги атамалар битилган. Баъзида эса жамоат жойларида фуқароларимиз томонидан тилга эътиборсизлик, менсимаслик ҳолатлари ҳам учраб туради. Шу ўринда буюк бобомиз, ҳазрат Алишер Навоийнинг «Тилга эътибор – элга эътибор» деган сўзларида нақадар чуқур ҳаётий ҳақиқат мужассам эканини яна бир бор англаймиз.

Маълумки, инсон ўз она тили ёрдамида янги тушунчалар ва муносабатларни англай бошлайди. Она тили бизга она сути билан сингдирилади. Инсон улғайган сайин атрофидагилар билан мулоқот қилиш, бадиий китоблар ўқиш орқали сўз бойлигини ошириб боради. Ота-боболаримиз тарихи, миллий ва маънавий қадриятларимиз бизга она тилимиз ёрдамида мерос бўлиб қолди. Барча давлатлар ўз она тилларини асраб-авайлашга интилади, шу боис ҳам ҳар қандай давлат ўзининг маданий мероси ва она тилини алоҳида ҳурмат қилади.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, миллатнинг маънавий қиёфасини акс эттирувчи она тили инсон учун доимо қадрли ва муқаддасдир. Шундай экан она тилимизни асраб-авайлаш, унга ҳурмат кўрсатиш, унинг софлигини сақлаш ва тилга доимо эътиборли бўлиш барчамизнинг асосий бурчимиздир.

С.Хожамуратова,

Қўнғирот туманидаги 46-сонли мактабнинг Ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиси.