Бугун Қорақалпоғистон, айниқса, пойтахтдан 210 километр узоқ масофада жойлашган Мўйноқ туманида амалга оширилаётган бунёдкорликлар, янгиланиш ва ўзгаришлар, ҳар бир соҳадаги кенг қамровли ислоҳотлар одамларимизнинг турмуш шароитини яхшилаш, ҳаётдан рози бўлиб яшашлари йўлида қилинаётган эзгу саъй-ҳаракатлардир.
Ҳа, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бугун Мўйноқ янгича қиёфа касб этиб, чирой очмоқда. Пастқам, кўримсиз уйлар ўрнида замонавий уйлар, кўп қаватли турар жойлар, маданий ва ижтимоий соҳа объектлари қад ростлади. Йирик йирик корхона ва фабрикаларнинг ишга тушиши натижасида янги иш ўринлари яратилиб, аҳоли бандлиги таъминланмоқда. Мўйноқ аэропорти янгидан реконструкция қилиниб, парвозлар амалга оширилмоқда. Қарийб ярим асрдан буён ўз халоскорини кутаётган қадим Орол денгизи юртдошларимизнинг бир тану бир жон бўлиб, ҳамжиҳатликдаги эзгу ҳаракатидан мамнун ҳолда бугун яшил ўрмонзорга айланмоқда. Мана шундай саҳрода булоқ (чашма) отилиб, олис олислардан аҳоли учун чучуклаштирилган ичимлик сувининг тортилиши бу келажакдан умидини узган, борига кўниб яшаётган мўйноқликлар ҳаётида янги саҳифа очди. Айниқса, бу ерга бор меҳр-муҳаббатини бериб, киндик қони томган бу гўшанинг янада гуллаб-яшнаши, ривожи, тараққиёти йўлида меҳнат қилаётган ҳақгўй, қатъиятли, меҳнаткаш одамларини айтмайсизми?! Бугун нафақат мўйноқликлар, балки бу ерга ташриф буюрган ҳар бир инсон, айниқса, чет эллик сайёҳлар ҳам чўлу-бўстон ичида гўзал ва бетакрор шаҳар – янги Мўйноққа асос солинганидан мамнун бўлаётгани айни ҳақиқат. Зеро, Президентимиз таъкидлаганларидек, “Маданият Мўйноқдан бошланади”.
* * *
Мўйноқлик Гулчеҳра опа Сапарниязова кўринишидан анча серғайрат, пишиқ пухта аёллардан. Унинг сўзи, юриш-туриши-ю, ҳаттоки қарашларида ҳам мўйноқликларга хос азму шижоат, ирода ва қатъиятни кўрасиз.
Асли Қонликўл туманидан Мўйноққа келин бўлиб тушган Гулчеҳра опа ҳаётидан асло нолимайди. Турмуш ўртоғи Жанабай Нисанбаев билан севишиб оила қурди. Орадаги масофани писанд қилмаган келин-куёв “рўзғор-ғор”, “турмуш-мушт” дея оила аталмиш муқаддас қўрғоннинг оғирини ҳам, енгилини ҳам бирга тортиб, бир-бирларига суянчиқ бўлишди. Мўйноқлиқларнинг урф-одатлари-ю, қайнонасининг тутими ёшгина келинчакни обдон тоблади. “Ўқловдай миқли” бўлган Гулчеҳра опа бугун Мўйноқни, унинг меҳнаткаш ва дангал одамларини жуда яхши кўради, қадрлайди ва мана шу ризқи-насибаси туташган бу гўшанинг ривожи, тараққиёти учун меҳнат қилишдан асло чарчамайди. Икки ўғил, бир қизни тарбиялаб, камолга келтираётган онахоннинг бугун оиласидан кўнгли тўқ.
— 2002 йили Мўйноққа келин бўлиб тушдим, — дейди суҳбатдошимиз Гулчеҳра опа Сапарниязова. — Биласизми, мўйноқликларнинг ўзига яраша турмуш тутимлари, анъана ва удумлари, рўзғор юритиш тартиблари бор. Бу борада менга қайнонам, овсинларим, қайин опаларим, ҳаттоки турмуш ўртоғим ҳам жуда кўп ёрдам берган.
Коллежда тикувчилик йўналишида таҳсил олган Гулчеҳра опа уйда бекор ўтиришни хоҳламади. Дастлаб қариндош-уруғ, қўни-қўшниларнинг либосларини буюртма асосида тика бошлаган қаҳрамонимиз вақт ўтиб ишини кенгайтиришни ният қилди. Гиламчилик билан шуғулланди. Қайнотасининг ишлаб берган дастгоҳи ёрдамида уйида гилам тўқишни бошлади. Гулчеҳра опадаги қизиқишни кўрган мутасаддилар уни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга қарор қилишди.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратура таркибида Мўйноқ туманини ривожлантиришга оид қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармасининг молиявий кўмаги асосида Гулчеҳра опага янги бино қуриб берилди.
Мўйноқ туманида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш, хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, салоҳиятли инвесторлар, айниқса, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш, туризмни ривожлантириш, хизматлар кўрсатиш ҳамда сервис соҳасини янада кенгайтириш, замонавий ва миллий услубдаги меҳмонхоналар, маданий объектлар барпо этилишига доир лойиҳалар ижросини таъминлаш каби бир қатор чора-тадбирларни амалга оширишни мақсад қилган Бошқарма Гулчеҳра опа Сапарниязованинг мустақил фаолият бошлаб, ўз ишини кенгайтиришида катта куч, мадад бўлди. Кези келганда айтиш жоизки, мазкур Бошқарма мўйноқлик кўпгина аёл-қизлар ҳаётида янги саҳифа очди.
— Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Мўйноқда амалга оширилаётган ишлар туристларни ҳам жалб этаётган бир пайтда уйда бекор ўтиришни хоҳламадим. Хотин-қизларга қаратилаётган эътибор, яратилаётган имкониятлар, кўрсатилаётган ғамхўрликлардан муносиб фойдаланиб қолиш лозим. Шу боис, дастлаб гиламчилик билан шуғулландим. Бошқарманинг молиявий кўмаги асосида “Бухоро гиламлари” цехини очдим. Бу орада Бухоро вилоятида гиламчилик бўйича ташкил этилган ўқув курсларида таҳсил олиб малака ошириб қайтдим. 2019 йилда Қўқон шаҳрида ўтказилган I Халқаро Ҳунармандчилик фестивалида ўз миллий ҳунармандчилик намуналарим билан иштирок этдим. Мазкур фестиваль менга жуда катта куч, шижоат бағишлади. Бошқа вилоятлардан келган ҳунармандлар билан суҳбатлашиб, тажриба орттирдим. Эътиборлиси, ўша ерда қўй, туя, эчки жунидан қилинган маҳсулотлар менда катта қизиқиш уйғотиб, улардан бу ҳунарнинг сир-асрорларини билиб олдим, — дейди суҳбатдошимиз.
Ҳа, “Маҳаллада дув-дув гап”, “Тиниб-тинчимаган одамлар-ей” қабилидаги иборалар айнан Гулчеҳра опа каби фаол, ташаббускор, ўз устида тинимсиз ишлаб, ишнинг кўзини биладиган аёлларга нисбатан айтилган бўлса не ажаб.
Шу орада Мўйноққа Монголия давлатидан жунни қайта ишлаш ва ундан турли маҳсулотлар тайёрлашни ўргатиш бўйича мутахассислар ташриф буюрди. Ўтказилган уч кунлик маҳорат дарсларида жундан кигиз тўқиш, шиппак, пайпоқ шунингдек, бошқа да маҳсулотларни тайёрлаш ишларини пухталик билан ўрганган қаҳрамонимиз эндиликда мазкур йўналишда ҳам ўзини синаб кўрди. Хўжайли туманида ташкил этилган ҳафталик курслар Гулчеҳра опанинг билимини мустаҳкамлади. Қолаверса, Интернет жаҳон ахборот тармоғидан ўрганлари ҳам опанинг ишида анча ас қотмоқда.
Гулчеҳра опанинг ишини зимдан кузатар экансиз, “инсон қўли гул” эканлигига яна бир бор амин бўласиз. Бир жуфт пайпоқнинг нархи энди қанча бўлаяпди, — дейман опага юзланиб, шунда у пайпоқ 80 мингдан, шиппак эса 70 мингдан, дейди бироз ийманиб. Тўғри, балки бу нарх кимгадир арзон, кимгадир қиммат туйилар. Аммо, қўл меҳнатига асосланган бу ишга опа бор вақтини, кўз нурини, меҳрини беради.
Мутахассисларнинг фикрича, қўй жуни ўзига хос хусусиятларга эга. Айниқса, у даволаш хусусиятига эга эканлиги, яъни, ўзида шифобахш иссиқликни сақлаши билан ҳам аҳамиятлидир. Қўй жуни ёнмаслиги, совуқ, ёмғир ва сув ўтказмаслиги, осонликча нам тортмаслиги, терлатмаслиги, электр токини ўтказмаслиги, узоқ вақт тоза сақланиши билан фарқланади. Маълумки, қўй жунидан кундалик ҳаёт учун зарур бўлган кўплаб буюмлар, рўзғор жиҳозлари тайёрланган. Хусусан, бугунги кунда ҳам гилам, кигиз, пойабзал, белбоғ кабилар тайёрланмоқда. Бундай маҳсулот экологик тоза, табиий, мустаҳкам саналади. Уни чуқур қайта ишлаш натижасида кийим-кечак, гилам ва кигиз ишлаб чиқариш, жун газлама каби ярим тайёр маҳсулотлар тўқиш мумкин.
— Мен бу қўй жунларини ўз ота уйим, Қонликўл томонлардан оламан. Улар асосан чорвачилик билан шуғуллангани боис, бу менга бепул тушяпти. Дастлаб уларни яхшилаб юваман, тозалайман, сўнгра қуритаман, ранг, ишлов бераман. Кейин оёқ кийимларнинг бичимини оламан. Бир жуфт пайпоқ тайёрлаш учун бир кун вақт кетади. Бу ишда менга оиламдагилар, айниқса, турмуш ўртоғим ҳам ёрдам беради,-дейди суҳбатдошимиз.
Бугунги кунда цехда 10-15 нафар аёллар “устоз-шогирд” анъанаси асосида ўқиб келишмоқда. Курсни тугатган аёл-қизларга Ўзбекистон Республикаси “Ҳунарманд” уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан сертификат берилади. Шу орқали улар ўзлари мустақил равишда ишлаш имконига эга бўлишади. Гулчеҳра опанинг ўргатаётган бу ҳунари натижасида мўйноқлик кўпгина оилалар, хотин-қизлар ва ёшлар “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ҳамда “Ёшлар дафтари”дан чиқиб, ўзлари мустақил иш бошлаяпди. Қўли қўлига тегмай ишлаётган Гулчеҳра опага қараб, ишингизда сизни қийнаётган масала ёхуд муаммолар ҳам борми, дея сўроққа тутаман. Шунда опа бироз сукут сақлаб, ишларим яхши, қилаётган ишимдан кўнглим тўқ, мамнунман. Ушбу маҳсулотларга талаб ҳам юқори, ўзимизнинг маҳаллий халқ, баъзан чет эллик сайёҳлар ҳам сотиб олишади. Мутасаддилар ҳам доимо қўллаб-қувватлаб келмоқда. Фақат мени бироз ўйлантирадиган нарса бу, баъзи бир аёл-қизларимизнинг уйда бекор ўтириши. Давлатимиз, ҳукуматимиз томонидан яратиб берилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиб, улар ҳам бирор иш билан машғул бўлсалар ўз оиласи даромадига ҳисса қўшган бўларди. Ахир бугун энг чекка олис ҳудуд саналган Мўйноқ ҳам имкониятлар шаҳрига айлангани айни ҳақиқат-ку, — дейди куюнчаклик билан.
Гулчеҳра опа Сапарниязованинг келажакдаги режалари катта. Бугунги кунда цехда зардўзлик ҳам йўлга қўйилган бўлиб, айни дамда қизлар зар тўқишни ўрганмоқда. Ҳа, тикувчилик, тўқувчилик, гиламчилик, жунлардан пайпоқ, шиппак тайёрлаш, қолаверса зардўзликни ҳам ўз шогирдларига, уйда, иш билан банд бўлмаган аёл-қизларга, ёшларга ўргатиб келаётган Гулчеҳра опа ҳар бир лаҳзадан унумли фойдаланмоқда.
— Бугунги кунда Мўйноққа келаётган ҳар бир чет эллик сайёҳ албатта цеҳимизга ҳам ташриф буюриб, иш жараёнини катта қизиқиш билан кузатади. Ўз фикр ва таклифларини билдиради. Маҳсулотларимиздан ҳарид қилишади. Биласизми, инсон меҳнатининг қадри ҳам қилаётган ишингизнинг бирорта одамга ёқишида, фойдаси тегишидадир. Мен мана шундай инсон қадри улуғланган юртда яшаб, меҳнат қилаётганимдан жуда бахтиёрман, — дейди суҳбатдошимиз.
Дарҳақиқат, юртимизда инсон ва унинг қадри, эзгу амал ва ишлари доимо эъзозланиб, эътироф этилади. Гулчеҳра опа ҳам фаолияти давомида жуда кўп тадбирларда, кўрик-танловларда ўз ижод намуналари билан иштирок этган. 2019 йилда I Халқаро Ҳунармандчилик фестивалини ташкил этиш ва ўтказишда фаол иштирок этгани учун ташкилотчилар томонидан Ташаккурнома ҳамда Сертификатга эга бўлган.
Мақоламизга Гулчеҳра опанинг қуйидаги сўзлари билан якун ясашни маъқул кўрдик. “Мен бугун жуда бахтиёрман. Оилам, фарзандларим, яқинларим ёнимда. Улар мени доимо қўллаб-қувватлаб келишмоқда. Жонажон юртимизнинг гуллаб-яшнаши йўлида меҳнат қилишдан чарчамайман. Зеро, инсон қадри улуғланган юртда яшаш, меҳнат қилиш инсонга жуда катта бахтдир”.
Дарҳақиқат, биз ҳам Гулчеҳра опа каби янги Мўйноқ тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётган мана шундай софдил, самимий ва жонкуяр инсонларнинг кўпайишини астойдил хоҳлар эдик.
Феруза Нуруллаева.



