Асримизда илм-фан, техника тараққиёти мисли кўрилмаган даражада юксалиб бормоқда. Цивилизация эришаётган ютуқлар албатта, ҳар бир инсонни қувонтиради. Зеро, турмушимиз кундан кунга янгича бир маъно, шакл касб этиб бораётир. Аммо, айни дамда барча миллат ва халқлар, умуман бутун инсониятнинг келажагига хавф солиб турган терроризм, диний экстремизм, гиёҳвандлик, одам савдоси каби иллатлар мавжудки, улар ҳар қандай соғлом фикрловчи инсонни ташвишга солмай қўймайди.
Бугунги кунда дунё ҳамжамияти ана шу хавфларга қарши ҳамкорликда кураш олиб бораяпти. Юқорида санаб ўтилган барча иллатлар бир-бири билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, уларнинг барчасининг ортида уюшган, йирик жиноий гуруҳлар турибди. Уларнинг асосий даромад манбаларидан бири гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний олди-сотдиси ҳисобланади. Юз минглаб инсонларнинг бахтсизлиги ҳисобига бойлик орттираётган бу кимсалар ўзларининг манфур ниятларини амалга ошириш мақсадида ҳеч нарсадан қайтишмайди. Ачинарлиси шундаки, бундай кимсаларнинг тўрига асосан ёшлар илинмоқда. БМТ маълумотларига кўра, ер юзи аҳолисининг 15 ёшдан 30 ёшгача бўлган қатламининг 12 фоизи гиёҳвандлик моддаларини истеъмол қилади.
Бугунги кунда ер юзида гиёҳвандлик етиб бормаган нуқта қолмади, десак муболаға бўлмайди. Бир мартагина гиёҳванд моддасини истеъмол қилиб кўрган шахс, унинг абадий қулига айланади. Гиёҳвандлар ўзларининг тубанликка юз тутганларини ҳис қилсаларда, бу хатар домидан чиқиб кетишга уларнинг кучи етмайди. Кузатувлардан маълум бўлишича, гиёҳванд моддаларни қабул қила бошлаганидан сўнг одам ўрта ҳисобда 3-7 йил яшар экан. Гиёҳванд моддаларнинг кўп ва тез-тез истеъмол қилиниши оқибатида уйқусизлик ва иштаха бўғилиши кузатилади, бу эса тананинг турли аъзолари ишдан чиқишига олиб келади. Заҳри қотил таъсирида инсоннинг ҳаёт шами кундан кунга сўниб бораверади. Тез орада одамнинг рангги ўзгариб, озиб кетади. Гиёҳвандлар одатда “доза”ни ошириб юбориши оқибатида ҳаётдан кўз юмишади. Шу сабабли ёш гиёҳвандлар ўттиз ёшга етар етмас ҳаётлари фожиали якун топади. Маълумки, ҳеч қайси ота-она ўз фарзандига бундай қисматни раво кўрмайди. Аммо кўпгина ҳолларда ёшларнинг гиёҳвандлик тўрига илинишларига ота-оналар сабабчи бўлиб қолади. Тўғрироғи, оиладаги носоғлом муҳит болаларнинг кўчадан ўзларига овунчоқ излашларига туртки бўлади. Ана шунда боланинг гиёҳвандликка мубтало бўлиш эҳтимоли ошиб кетади.
Шу нуқтаи назардан ота-оналар доим огоҳ бўлишлари талаб этилади. Фарзандининг келажаги ҳақида қайғурган ҳар бир ота-она, авваламбор унинг дўстлари, таниш-билишлари кимлар эканига эътибор қаратишлари зарур. Айниқса, болаларга гиёҳвандликнинг оғир оқибатлари ҳақида очиқ сўзлаб бериш, уларни бундай хавф-хатарлардан огоҳлантириб туришлари жуда муҳим. Шу билан бирга ота-оналар фарзандларига, гиёҳвандларнинг ўзларига, жамиятга келтирадиган зиёнлари, оилаларига иснод олиб келиши ҳақида доимий равишда уқтириб боришлари лозим. Шуни ёдда тутиш керакки, гиёҳвандга айланган болаларнинг кайфияти, тез-тез ўзгариб, улар баъзида тушкунликка тушиб қолишса, баъзида жиззаки бўлиб қолишади. Ялқов, ишёқмас бўлиб қоладилар. Ота-онасидан доимо пул сўрайверади. Ҳатто уйдаги нарсаларни ўғирлашгача бориб етишади. Бундай бола янги танишларини ота-онасидан яширишга уринади.
Муаммоларини ўз оиласида ҳал қилолмаган ўспириннинг гиёҳвандга айланиш эҳтимоли юқори. Ҳар бир ота-она доим ёдда тутиши зарурки, бола тарбияси йиллар давомида, кунига 24 соатлик меҳнатни талаб қиладиган ўта масъулиятли бурчдир. Фарзанд эса доимий эътиборни талаб қилади. Агар унга ишонч билдирилса, у ишончни оқлаши зарурлигини ҳис этади. Бола самимийликни ёқтиради ва ёнида унга ёрдам қўлини чўзишга тайёр инсонлари бор эканлигига ишониб яшашни истайди. Уни севишларини, у ҳаммага керакли эканини билса унинг учун оиласидан кўра яхши муҳит бўлмайди. Ҳаётда ўзига ишонч билан, олдига катта мақсадлар қўйиб яшайди. Юрти ва жамият учун фойдаси тегадиган инсон бўлишга ҳаракат қилади.
Биз улкан маънавий салоҳиятга эга, ўзининг буюк келажагини барпо этаётган халқмиз. Маънавиятимизнинг асоси инсонни ёмон иллатлардан сақланишга, жисмонан ва ақлан соғломликка, ҳаётини жамият ва Ватан равнақига сарфлашга ўргатади.
Гиёҳвандлик эса инсонни ўзига юклатилган вазифаларни бажаришга яроқсиз қилиб қўяди. Ундан жамиятга, яқин кишиларига фақат зиён, захмат етади. Агар ўзидан сўнг зурриёд қолдиришга эриша олса, аксар ҳолларда ундан ногирон фарзандлар дунёга келади. Замонамизнинг барча шифокорлари, мутахассислари ҳам гиёҳвандликнинг инсон саломатлигига катта хавф солишини эътироф этмоқдалар. Гиёҳвандликка қарши чора-тадбирлар кўриш мақсадида кўплаб халқаро ва маҳаллий ташкилотлар таъсис этилди. Бу иллатга қарши кураш олиб бориш Ўзбекистон учун ҳам алоҳида ўрин тутади.
Бойлик орттириш йўлида инсонларнинг саломатлигига завол келтирадиган оғуни сотиш билан банд бўлган жиноятчилар ота-оналари, ёхуд фарзандлари, неваралари ардоғида умргузаронлик қилиш ўрнига умрининг қимматли йилларини панжара ортида ўтказишга мажбурдирлар. Зеро, қилинган қилмиш учун жазо муқаррардир. Бу офат сабабли оила аталмиш муқаддас даргоҳлар бузилиб кетаяпти. Ота-оналардан бири гиёҳванд бўлган оилаларда кўпгина ҳолларда ногирон болалар дунёга келмоқда. Ер юзи бўйлаб гиёҳвандликка боғлиқ бўлган жиноятлар сони кундан кунга ортиб бораяпти. Минг надоматлар бўлсинки, бу каби қабих ишларга оналик бахти, фарзандлар камолини кўриш қувончидан кўра, нопок йўллар билан мўмай даромад орттиришни афзал кўрадиган аёлларимиз ҳам аралашиб қолмоқда.
Инсон ва унинг ҳаёти қадимдан инсониятнинг диққат марказида турган асосий масала бўлиб келган. Барча қулайликлар ҳам аслида инсон манфаатини кўзлаб яратилган. Бироқ XXI аср инсон учун жуда кўп салбий унсурларни олиб келди. Терроризм, гиёҳвандлик, одам савдоси, фоҳишабозлик муаммолари, миссионерлар найранглари шундай иллатлар жумласидандир. Тез ва осон йўллар билан бойлик орттиришга интилган, молу давлатга ҳирс қўйган кимса ҳаётнинг нопок йўлларидан юришга одатланиб қолади ва охир оқибат жиноят содир этади.
XIX асрнинг 70-80 йилларига келиб Европа давлатларида одам савдоси кескин ривожланди. Жаҳон иқтисодининг ривожланиши, транспорт тараққиёти, маҳаллий ва давлатлараро миграция жараёни одам савдоси билан шуғулланувчиларнинг фаолияти авж олишига сабаб бўлди. XX асрнинг 80-90 йилларига келиб уюшган трансмиллий жиноят сифатида одам савдоси дунё миқёсида долзарб муаммолардан бирига айланди.
БМТ экспертларининг фикрига кўра, жиноий синдикатларнинг ҳар йили одам савдосидан олаётган даромадлари 5-7 млрд. АҚШ долларини ташкил этмоқда. Расмий маълумотларга қараганда, одам савдосидан жабрланганлар юз минглаб ва ҳатто миллионлаб (айрим маълумотларга кўра 2,7 млн.) нафар бўлиб, уларнинг 80 фоизини аёллар ва болалар ташкил қилади.
Дарҳақиқат, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг олий мақсади ҳам халқимизга муносиб турмуш шароитларини яратиш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишдан иборат. Яъни ислоҳот-ислоҳот учун эмас, инсон учун, унинг фаровон ҳаёти учун хизмат қилиши керак. Ҳар бир инсоннинг ҳаёти такрорланмас ва ўзига хос кўринишга эгадир.
И.Абдираманов,
ҚР ИИВ Транспортда ХТБ ЖҚБ катта тезкор вакили подполковник.



