Қиш ойларида об-ҳавонинг кескин совуб кетиши сабабли фуқароларнинг иситиш тизимларига бўлган эҳтиёжи ортиб боради, кимдир табиий газ ёрдамида иситиш қозони, яна кимлардир қаттиқ ёнилғида ишлайдиган иситиш печи ёрдамида уйларини иситади.
Энг ачинарлиси, содир бўлган фавқулодда ҳодисаларда инсонларнинг куйиш тан жароҳатини олиши, ис газидан заҳарланиши базида эса ҳалок бўлиши билан якунланмоқда. Ис гази (СО) рангсиз ҳидсиз заҳарли бирикма бўлиб, табиий газ, ёқилғи, кўмир ўтин чўғлари тўлиқ ёнмаслиги оқибатида ҳосил бўлади.
Хўш, бу ис газидан заҳарланишлар ҳамда ёнғинлар келиб чиқишига нима сабаб бўлмоқда? Биз маҳаллий тилда иситиш печининг мўриси носоз экан, печ мўриси қаттиқ қизиб кетибди, мўриси тиқилиб қолибди шу сабабли ёнғин келиб чиққан экан деган ибораларни кўп ишлатамиз, аслида ёнғин содир бўлишига олиб келган иситиш печини объект деб қарайдиган бўлсак, бундай ҳолатни содир бўлишига сабабчи бўлаётган субъект яъни фуқароларимиз иситиш печларини қуришда ва улардан фойдаланишда озгина эътиборсизликлари кўнгилсизликларга сабаб бўлмоқда.
Қандай модда ва материал бўлмасин ёнғин (юқори иссиқлик) таъсирида ўзининг физик ва кимёвий хусусиятларини ўзгартиради. Иситиш печларининг узликсиз ёқилиши оқибатида мўриларда ёриқлар пайдо бўлиши ёки қор-ёмғир ёғиши ва ташқи ҳавонинг намлиги таъсирида сувоқларни ивитиб юбориши натижасида улар тўкилиб тушади ва бу нарсалар вақт ўтиши билан мўриларнинг тутун каналлари тиқилиб қолишига олиб келади.
Печ ёрдамида иситишнинг ёнғин хавфи печ элементларининг юзаси (деворлари, қувурлари)да юқори ҳароратнинг мавжудлигидир. Бу ҳарорат, биноларнинг ёнувчи материаллари ва ёнувчи конструкцияларини (девор, тўсиқ, ораёпма, томёпма)ни ёндирувчи манбага айлантириши мумкин. Иссиқлик сиғими кичик бўлган печлар элементларининг юзасидаги ҳарорат ёндирилаётган ёнилғининг турига, печни ёқиш режимига боғлиқ бўлиб, 600 0С дан ошиши мумкин.
Аланга, ёқилаётган газ ва учқунларни ёнувчан материал ва конструкцияларга таъсир этиши натижасида ҳам ёнғин рўй бериши мумкин. Бундай ҳолатлар печ ва тутун каналларини қуришда ҳосил бўлган ёриқ ва тешиклар орқали юз беради. Ёриқларнинг ҳосил бўлишига канал ва печларни қуришда ишлатилган материалларнинг нотўғри танланганлиги, печ қуриб битирилгандан сўнг унинг бир текисда чўкмаслиги, сифатсиз териш сабаб бўлиши мумкин.
Печ ёрдамида иситишда, печ элементларининг қизиган юзаси билан биноларнинг ёнувчан (қийин ёнувчан) конструкциялари орасидаги масофалар, тислама (отступка) ва ажратма (разделка)лар ўлчамининг етарли эмаслиги ёки уларнинг умуман бажарилмаганлиги, носоз печлар, тутун каналлари ва ажратмалардан фойдаланиш ҳамда печларни эксплуатация қилишда ёнғин хавфсизлиги қоидаларининг бузилиши ёнғинларнинг юз беришига сабаб бўлиши мумкин.
Хонадаги иссиқлик йўқотилишининг ҳисобисиз танланган иситиш печлари ҳам юқори ёнғин хавфига эга. Ўрнатилаётган печнинг нормал режимда эксплуатация қилинишида иссиқлик бериши, хизмат кўрсатилаётган хоналарнинг иссиқлик йўқотилишига тенг бўлиши керак. Агар печнинг ўртача иссиқлик бериши иссиқликнинг йўқотилишидан кам бўлса, у ҳолда хизмат кўрсатилаётган хоналардаги ҳавонинг ҳарорати талаб этиладигандан паст бўлади. Бу вазиятда печнинг иссиқлик беришини кўтаришга, печга ўт қалаш (ёқиш) режими (тартиби)ни бузиш орқали эришиш мумкин, бу эса ўз навбатида иссиқлик берувчи юзалар ҳароратини кўтарилишига олиб келади.
Иситиш печларини ёнадиган ва қийин ёнадиган материаллардан ишланган полларга ўрнатишда, пол конструкцияси ёнишдан ҳимояланади. Бунинг учун печ остидаги пол, лой эритмаси шимдирилган икки қатлам войлок, сўнгра унинг устидан томни ёпиш учун ишлатиладиган пўлат лист билан қопланади. Металл оёқчаларда турадиган каркасли печлар остидаги ёнадиган пол қалинлиги камида 10 мм. га тенг асбест картон, унинг устидан металл лист билан қопланган ҳолда изоляция қилинади.
Мўриларни, печ билан иситиладиган биноларга ёндош (туташган), улардан (бинолардан) баландроқ бўлган иморатларнинг томидан юқорироққа чиқариш лозим. Томи ёнувчан материаллардан бажарилган бинолардаги мўриларига, тешикларининг ўлчами 5х5 мм дан ортиқ бўлмаган металл тўрдан тайёрланган учқун тутқичларни қўйиш лозим.
Шундай экан иситиш печларини қуришда юқоридаги қоидаларга амал қилишингизни, қиш мавсумида иситиш печларидан фойдаланиш давомида уларнинг созлигига доимо эътибор беришингизни, ёқишдан олдин уларнинг мўриларини кўздан кечириб ёки бўлмаса мутахассис кўригидан ўтказгандан кейин фойдаланишни ва иситиш печларини ҳаддан зиёд қиздириб юбормасликни, қўлбола ҳамда носоз иситиш мосламаларидан фойдаланмасликни, ёнилғи ҳамда ёнувчи материалларни печ олдида қолдирмасликни, иситиш печларини ёпиқ ҳолатда қаровсиз қолдирмаслик ва уларни назорат қилишни ёш болаларга топширмасликни тавсия қиламиз. Ушбу қоидаларга риоя қилсангиз ўзингиз ва яқинларингиз ҳаётини, уй-жойингиз ҳамда мол-мулкингизни ёнғиндан асраган бўласиз.
Б.Абдикеримов,
Қорақалпоғистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар бошқармаси инспектори, катта лейтенант.



