СУВ САМАРАДОРЛИГИ
Қорақалпоғистон шароитида бунга эришиш муҳим ва шарт
Сентябрь Марказиё Осиё минтақасида сув танқислиги муаммоси халқаро миқёсда кенг муҳокама қилинган ой сифатида ёдда қоладиган бўлди. Жумладан, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг 14-15 сентябрь кунлари Душанбе шаҳрида ўтказилган бешинчи маслаҳат учрашуви ҳамда Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилиши, 19 сентябрь куни эса БМТ Бош Ассамблеясининг Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган 78-сессиясида Орол муаммоси ва у келтириб чиқараётган экологик ҳалокат, иқлим ўзгаришлари ва сув тақчиллигининг сабаб ва оқибатлари, олдини олиш йўллари атрофлича кўриб чиқилиб, қатор ташаббуслар илгари сурилди.
Дарҳақиқат, сув тақчиллиги муаммоси бутун дунёда, жумладан, минтақамизда ҳам ўткир ва муқаррар тус олди. Бундан буён танқислик кўлами тобора ортиб бораверади. Хусусан, Марказий Осиёнинг айрим минтақаларида 2040 йилга бориб, сув ресурсларига эҳтиёж уч баробар ошиши кутиляпти. Ўз навбатида вақт ўтиши билан муаммо туфайли кўрилаётган иқтисодий зарар ялпи минтақавий маҳсулотнинг 11 фоизига етиши мумкин.
Умуман олганда, Душанбе ва Нью-Йорк шаҳарларида ўтказилган халқаро тадбирлар, қолаверса, сув танқислиги билан боғлиқ факт ва рақамлар, таҳлиллардан хулоса қилиш мумкинки, бу борада энг самарали йўл сувдан фойдаланиш, уни тежашдир. Бинобарин, глобал иқлим ўзгаришлари туфайли музликлар эриши жадаллашиб, сув захиралари камайиб бораётган, йиллик ўртача ёғинлар миқдорида пасайиш кузатилаётган, бошқача айтганда, йил сайин сув ҳажми камайиши ва унга тескари равишда талаб ошиши муқаррар бўлган мураккаб бир шароитда обиҳаётни тежамасликдан бошқа чора йўқ.
Глобал сув танқислиги муаммоси кўлами ортиб бораётган айни пайтда дунёдаги аксарият ривожланган ва ривожланаётган давлатлар аграр секторида сув тежовчи технологиялардан фойдаланиш кенг жорий этиляпти. Миллионлаб гектар қишлоқ хўжалиги экинларини томчилатиб, ёмғирлатиб, дискрет каби тежамкор усулларда суғориш тизими йўлга қўйилмоқда.
Бундан ташқари, ер лазерли текислаш ускуналари ёрдамида текисланиб, ирригация тармоқлари “ақлли” технологиялар билан жиҳозланяпти. Мамлакатимизда ҳам бу борадаги ишлар, айниқса, сўнгги йилларда жадаллашди. Хусусан, 2017-2022 йилларда 1,4 миллион гектар экин майдонида сув тежовчи технологиялар жорий этилган. Ўз навбатида, тежамкорлик эвазига 3 миллиард метр куб сув иқтисод қилинишига эришилган. Шунингдек, қўшимча 400 минг гектар майдонда сув таъминоти яхшиланган.
Сувдан фойдаланиш самарадорлиги ортмоқда
Сув оқимининг қуйи қисмида жойлашгани сабабли Қорақалпоғистонда сувдан мақсадли, янада тежамкорлик билан фойдаланиш жуда муҳим. Шу боис, ҳудудда сув тежамкорлиги йўналишидаги ишлар самарадорлигига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қорақалпоғистон Сув хўжалиги вазирлиги сектор раҳбари Абу Қидирбоевнинг айтишича, 2022 йилда 5 минг 300 гектардан ортиқ майдонда сувни тежайдиган технологиялар, шундан 3 минг 304 гектарда томчилатиб, 1 минг 909 гектарда ёмғирлатиб суғориш технологияси ва 100 гектар майдонда дискретли суғориш тизими жорий этилган. 35 минг 737 гектар экин майдони лазерли ускуна ёрдамида текисланган.
Ирригация объектларида сув сарфини онлайн мониторинг қилиш имконини берувчи 286 та “Ақлли сув”, мелиоратив кузатув қудуқларида сизот сув кўрсаткичлари ва ернинг минераллашганлик даражасини онлайн назорат қилиш имконини берувчи 270 та “Дайвер”, насос станцияларида сув сарфининг онлайн ҳисобини юритувчи 208 та “ақлли” ҳисоблагич ўрнатилган. Кегейли магистрал канали бош иншооти бошқаруви автоматлаштирилган.
2023 йилда эса 20 минг 224 гектарда сувни тежайдиган технологиялар жорий қилиниши, ирригация объектларига 1 минг 200 дан зиёд “ақлли” қурилма ўрнатиш ҳамда 2 та йирик сув хўжалиги объекти бошқарувини автоматлаштириш режалаштирилган бўлиб, бу борада ишлар жадал олиб борилмоқда.
Айни ютуқлар билан бирга, муаммо ва камчиликлар ҳам йўқ эмас. Жумладан, маълумотларга кўра, ўтган йиллар давомида Амударёдан тўғридан-тўғри сув олиш учун қонунга зид ўрнатилган 104 та насос аниқланган. Бунинг натижасида 500 миллион метр куб сув талон-тарож қилинган.
Шу жойда таққосли бир факт: 500 миллион метр куб сувдан тўғри фойдаланиш орқали 142 минг 857 гектарга буғдой ёки 98 минг 39 гектарга пахта ёки бўлмаса 43 минг 741 гектарга картошка, 149 минг 254 гектарга кунгабақор ёхуд 153 минг 846 гектарга кунжут экиш мумкин эди.
Ирригация тизимидаги эътиборсизлик оқибатида 3 минг гектардан ортиқ томорқага сув етиб бормаган. 82 минг 700 гектар қишлоқ хўжалиги ери фойдаланишдан чиқиб кетган, 94 та табиий кўл қуриб қолган.
Гап сув тежаш ҳақида борар экан, айниқса, Қорақалпоғистон шароитида экин жойлаштириш, яъни сув кам талаб қилувчи экин майдонини кенгайтириш ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Шолидан кунжут афзал
Тахтакўпир далалари, осмонга бўй чўзган Боршитов этаклари Қорақалпоғистоннинг энг чекка ҳудудларидан бири. Бундан бир неча йил олдин “Белтов” овул фуқаролар йиғинидаги қаровсиз, фойдаланишдан чиққан ер қайта тикланиб, мўл даромад манбаига айланди.
— Томорқамнинг 15 сотихига помидор экканман, қолган қисмида қовоқ, жўхори, кунжут каби кам сув талаб қилувчи экинлар етиштирдик, — дейди Гулжаҳон Саъдуллаева. — Бу йилги деҳқончилигимиз ўтган йилдагидан анча кенгайди. Аслида, томорқани бўш қўядиган ялқов эмасмиз. Лекин сув бўлмаса қийин экан. Ўтган йилдан бошлаб сув келиши яхшиланди. Авваллари сув шоликорлардан бизга ўтмасди. Кейинги йилларда шоли майдонлари қисқартирилгани биз каби одамларнинг ўз томорқасидан қўшимча даромад топишига имкон яратяпти.
Тахтакўпир туманидаги “Мулк” овул фуқаролар йиғинида яшовчи Зоя Қалимбетова ҳам томорқасига помидор, бодринг, мурч, бақлажон сингари экинлар экиб, ундан яхшигина даромад топаётганлардан бири. Эътиборли жиҳати, миришкор чоғроққина томорқасидаги экинларни суғоришда тежамкорликка интилади. Бу, бир томондан, сув тақчиллигидан кўп азият чекканидан бўлса, бошқа томондан, исрофдан қўрқади. Тежалган сув Оролни қутқара олмаслигини билса-да, бошқа овулдошлари томорқасининг ҳам обод бўлишига, пировардида, овули яшилликка бурканиши, фаровонликка эришишига замин бўлишини хоҳлайди.
— 2016 йили “Ережеп Даўқара” фермер хўжалигини ташкил қилган эдим, — дейди тахтакўпирлик фермер Бердақ Тожимуротов. — Сўнгги йилларда сув камлиги туфайли далаларимизга, асосан, кам сув талаб қиладиган экин экяпмиз. Масалан, Туркиядан сув истеъмоли кам, лекин мўл ҳосил берувчи мош олиб келиб, 4,5 гектарга экдик. Шунингдек, 14 гектарга кунжут экилди. Насиб қилса, шу кунларда ҳосилни йиғишга тайёргарлик кўряпмиз. Ростини айтиш керак, яқингача аҳоли томорқаси учун сув келмасди. Мана, шоли майдонларини қисқартириш натижасида энг чекка худудларга ҳам сув етиб келмоқда. 1 гектар жойга шоли эккандан 10 гектар жойга кунжут экилса, фойдаси яхши. Бугунги сув танқислиги шароитидан келиб чиқиб, энди фақат сувни кам талаб қиладиган экин экишни режа қилганмиз.
Нукус тумани бир пайтлар шоликорлиги билан донг таратган. Аммо бугунги сув тақчиллиги вазиятида шоликорликни ривожлантириш муаммо. Бундай шароитда сувни кам сарфлаб, мўл ҳосил етиштириш муҳим, айниқса, у экспортбоп бўлса.
20 йиллик тажрибага эга фермер Қодирберган Ниёзимбетов шоликорликдан бошқаси ҳақида ўйламай, сув танқислигидан тушкунликка тушиб қоладиганлардан эмас. Фермер Италиядан сув кам талаб қилувчи серҳосил помидор уруғи олиб келиб, 30 гектарга экди. Етиштирилган мўл ҳосилни эса ички бозорларга нисбатан анча қимматга экспортга чиқармоқда. Қандай қилиб дейсизми? Тажрибали, шу билан бирга, замон талабларини яхши тушунадиган омилкор деҳқон помидорни аввалига кесиб, кейин эса тузлаб, қуёш нурида қуритади. Помидор қоқиси эса Европа давлатларига экспортга йўналтирилмоқда.
Излаганга имкондур дунё
Амударё туманининг Хитой овулида ҳам деҳқончилик туфайли оиласини обод, турмушини фаровон этибгина қолмай, юртдошларимиз дастурхонига турли ноз-неъматларни, тотли меваларни тортиқ қилаётганлар кўп.
Озод Бердибоев овулдаги 2-умумтаълим мактабида қирқ йил ўқувчиларга жисмоний тарбия фанидан сабоқ берди. Ёшларнинг ҳам маънан, ҳам жисмонан соғлом бўлиб камол топиши учун бор билим ва меҳнатини аямади.
Тажрибали мураббий нафақага чиққандан кейин “дам оламан, энди ишламайман”, деб бекор ўтирмади. 16 сотих томорқасида эрта баҳордан то кеч кузгача меҳнат қилиб, оиласи эҳтиёжи учун зарур сабзавот, полиз экинлари етиштирди, рўзғоридан ортганини бозорга олиб чиқиб сотиб, мўл даромад топа бошлади.
Озод аканинг томорқасида картошка, пиёз, помидор, бодринг, карамдан тортиб саримсоқпиёзгача топишингиз мумкин. Ҳозир помидор, бодринг, булғор қалампири, сабзи, карам жуда харидоргир бўлмоқда. Боғидаги 20 туп олма дарахти меваси кўплигидан шохларини эгиб турибди. Бундан ташқари, боғда 50 туп олча, 5 туп гилос, 20 туп ўрик, олхўри, нок, шафтоли дарахтлари бор. Томорқачи мевали дарахтлардан ҳам ҳар йили яхши даромад кўради.
Ҳовлиси атрофини ўраб турган узумзорни кўрган кишининг ҳаваси келади. Узумнинг ҳам бир нечта навини экиб, соҳага доир илмий адабиётларни ўқиб, элда танилган боғбонлар билан ҳамсуҳбат бўлиб, бу борада яхшигина тажриба тўплаган собиқ муаллимдан бугунги кунда боғбонлик сирларини ўрганаётганлар ҳам, унинг мевали дарахтларни пайвандлаш усулларига қизиқаётганлар ҳам кўп.
“Эр йигитга қирқ ҳунар оз”, деган мақол бор. Ҳаётда шундай одамлар борки, бу мақол айнан улар учун айтилгандек. Уларнинг интилиши, қизиқиши ва шу туфайли эришаётган ютуқлари барчага ибрат бўлгулик. Буни қаҳрамонимиз фаолиятида ҳам кўриш мумкин. Гап шундаки, у ҳовлисида асаларичиликни ҳам йўлга қўйди. Дастлаб икки-учта асалари оиласи парвариш қилинган хонадонда ҳозирги кунда 14 та оила боқиляпти. Натижада деҳқончиликдан келадиган даромадга яна бир қўшимча манба яратилди.
— Излаганга имкон ҳам, баҳона ҳам топилаверади, — дейди О.Бердибоев. — Гап нимани излаётганингда. Агар бекорчиликдан қочаётган, рўзғорингга бирор фойданг тегишини ўйлаётган бўлсанг, сув танқислиги муаммоси деҳқончилик ёки чорвачилик қилишингга тўсқинлик қила олмайди. Чунки томорқа бепоён дала эмас, у ердаги экинни ҳатто челакда сув ташиб ҳам суғорса бўлади. Демак, гап мақсад ва шунга яраша ҳаракатда.
Озод ака чорвачилик, паррандачилик йўналишлари билан ҳам шуғулланиб келади. Турмуш ўртоғи, фарзандлари, неваралари билан биргаликда икки бошдан соғин сигир ва зотдор буқа, элликдан зиёд парранда парвариш қиляпти.
Эл ризқи деҳқон меҳнатидан яралади. Озод Бердибоев ва оила аъзолари юртдошларимиз дастурхони тўкин бўлишига ҳисса қўшаётганидан мамнун.
Куз фасли айни ҳирмон мавсуми, деҳқонларнинг ҳосилига барака кириб, йиғим-терим бошланган давр. Берунийликлар азал-азалдан деҳқончиликнинг ҳадисини олган миришкорлардан. Улар йил давомида ердан 2-3 маротаба ҳосил олади. Айни пайтда кечки ҳосил пишиб етилмоқда.
Туманнинг “Дўстлик” овул фуқаролар йиғинидаги “Н-А-Атабек” фермер хўжалиги ғалла ва пахтадан ташқари такрорий экинга 5 гектар тарвуз ҳамда 3 гектарга кунжут эккан. Мавсум давомида кам сув талаб қилиши ҳамда иссиқ об-ҳаво шароитига мослиги каби хусусияти билан ажралиб турувчи ушбу экинларнинг даромади анча юқори.
Мош ҳам сув кам талаб қиладиган экин тури, экспортбоплик жиҳати эса алоҳида эътирофга лойиқ. “Мақсуд Мустафо” фермер хўжалигида ҳам такрорий экин сифатида 5 гектар майдонда мош етиштирилмоқда.
Умуман, Беруний туманида аграр соҳада амалга оширилаётган ишлар озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш билан бирга, халқимиз дастурхонини сифатли маҳсулотлар билан тўлдиришга хизмат қилмоқда.
Маълумотларга кўра, юртимизнинг баъзи жойларида шоли учун гектарига 30 минг куб сув сарфланаётган бўлса, бошқа ҳудудларида 12 минг куб сув билан ҳам кутилган ҳосилни олаётганлар кўп. Демоқчи бўлганимиз, шолига ўхшаш “сувхўр” экинларни суғоришда сув сарфини камайтириш билан бирга, қисқартирилаётган бу турдаги майдонларга сув кам талаб қилувчи экинлар экилишини кенгайтириш ҳам айни шароитда муҳим аҳамиятга эга.
Минажатдин ҚУТЛИМУРАТОВ,
(“Янги Ўзбекистон” газетасидан олинди).



