ХАЛҚИМИЗНИ ЯНАДА БИРЛАШТИРГАН ­ҒОЯ


“Янги Ўзбекистон – яшил маконда бирга яшайлик”

ХАЛҚИМИЗНИ ЯНАДА БИРЛАШТИРГАН ­ҒОЯ

Бундан бир неча йиллар муқаддам Республикамиз, айниқса шимолий ҳудудларда турли мевали ва манзарали дарахтлар, боғ-роғлар кўп эмас эди. Туманлараро йўлларнинг бўйларида саноқли турдаги чўл дарахтлари, ҳатто аҳоли истиқомат қиладиган кўча ва маҳаллаларда ҳам дарахтлар сийракгина бўларди. Лекин бу ҳолатга ҳеч ким ажабланмас, аксинча денгиз чекинганидан кейинги сувсизлик, қурғоқчилик, ернинг шўрланиши, экологиянинг ёмонлашуви ва ҳакозо сабаблар билан боғлашарди. Орол денгизи инқирози оқибатларини юмшатиш борасида кўрилган қатор чоралар ҳам самарасиз бўлиб чиққанидан кейин одамларда келажакка ишончсизлик, ҳафсаласизлик, мудроқлик бошлангани ҳам ҳақиқат.

Президентимиз томонидан илгари сурилган Орол денгизининг қуриган тубида яшил қопламалар барпо этиш ғояси ва ёппасига бошланган сафарбарлик барчани бу мудроқликдан ўйғотди, десак муболаға бўлмайди. Сал ўтмай Орол тубидаги қумликлар ўрнида гектар-гектар яшил қопламалар пайдо бўлди. Бу аҳолининг кўнглида табиатнинг яна жонланиши, атроф-муҳит ўнгланишига нисбатан умид ва ишонч­ни пайдо қилди.

Юртбошимизнинг Орол денгизининг қуриган тубини яшил маконга айлантириш борасидаги ислоҳотлари, дунёнинг юксак минбарларида минтақамизда экологик барқарорликни сақлаш бўйича илгари сурган ташаббус ва ғоялари халқнинг кўнглидаги ишончни янада мустаҳкамлади. Давлатимиз раҳбари яқинда бўлиб ўтган Бирлашган Миллатлар  Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 78-сессиясидаги нутқида ҳам сайёрамиз миқёсида учта инқироз яъни иқлим ўзгариши, биохилма-хиллик йўқолиши ва атроф-муҳит ифлосланиши кучаяётганини алоҳида таъкидлаб ўтди. Албатта булар инсониятнинг соғлом ҳаёт кечириши учун ўта муҳим бўлган омиллардир.

Давлатимиз раҳбарининг яна бир ташаббуси бўлган “Яшил макон” лойиҳаси эса мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларига қараганда ҳам Қорақалпоғистон учун жуда муҳим эди. Чунки, Орол денгизи инқирози натижасидаги экологик хавфнинг олдини олиш ва юмшатишда яшил ҳудудларни кўпайтириш, кўкаламзорлаштиришнинг ўрни беқиёс. Мазкур лойиҳа сабаб кейинги икки йил давомида ҳар баҳор, ҳар кузда яшил ҳудудлар кенгайиб борди. Юрт яшилликка бурканган обод маконга айланаётганини ҳар бир қорақалпоғистонлик ҳис қила бошлади. Шу боисдан ҳам хал­қимиз 25 октябрдан 1 декабрга қадар юртимизда “кузги дарахт экиш мавсуми” деб эълон қилинганини мамнуният билан қўллаб-қувватламоқда.

Президентимиз томонидан бошлаб берилган “Яшил макон” лойиҳаси доирасида дарахт экиш ишлари барча туман ва шаҳарларимизда ҳамжиҳатлик билан давом этмоқда.

Давлатимиз раҳбари 11 октябрь куни бўлиб ўтган  видеоселектор  йиғилишида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси бошланган вақтдан буён ўтган 2 йил давомида ушбу ҳаракат доирасида 1,2 минг гектардан ортиқ яшил боғ ва жамоат парк­лари, 1 миллион гектардан зиёд яшил ҳудуд ва қопламалар барпо этилганини таъкидлади.

Дарҳақиқат, Қорақалпоғистонда ҳам худди шундай манзара намоён бўлмоқда. Яъни таҳлил қиладиган бўлсак, мазкур  лойиҳа доирасида , 2021 йилнинг куз ойларида 6 млн. 400 мингдан ортиқ кўчат экилган бўлса, 2022 йил баҳор ва куз мавсумида 14 млн.дан ортиқ, 2023 йилнинг баҳор мавсумда 8 млндан зиёд мевали, манзарали дарахт ва бута кўчатлари экилди. Куз мавсуми учун эса  5 млн. 950 минг туп кўчат экиш манзилли дастури тасдиқланди. Бунда асосий эътибор ҳар бир ҳудуднинг табиий-иқлим шароитларини ҳисобга олишга қаратилган.

Шунингдек, шаҳар ва туманларда 16 та “Яшил боғлар” ва  17 та “Ҳокимлик боғи”ни барпо этиш режалаштирилган. Албатта, бу жараёнда энг муҳим масалалардан бири – ўз вақтида кўчат етказиб беришдир. Бу масала  бўйича ҳам мутасаддилар белгиланган яъни, Ўрмон хўжалиги қўмитаси, Ободонлаштириш бошқармаси, пиллачилик хўжаликлари, кўчат етиштирувчи фермер хўжаликлари ва хусусий тадбиркорлар томонидан кўчатлар етказиб берилмоқда. Энг қувонарлиси, аҳоли ўз томорқасида етиштирган кўчатларини ҳам яратилаётган яшил майдонларга ўз қўли билан олиб бориб экмоқда. Эндиликда  қайрағоч, терак, жийда, тут, заранг, узум ва бошқа мевали дарахтлар билан бир қаторда япон сафроси, катальпа, шумтол, гледичия, айлант, акация, виргин арчаси, шарқ туяси каби дарахтлар ҳам юртимизнинг кўркига кўрк қўшиб туради.

Айни пайтда умуммиллий лойиҳа доирасида маҳаллалар, кўча-хиёбонларга ва хонадонлар атрофларига дарахт кўчатларини экиш тадбирлари жадал давом этмоқда. Нуронийлар, ўрта ёшдагилар ва ёшларимиз “Яшил макон” ҳаракатини қўллаб-қувватлаб ҳар бир оила энг камида уч тупдан, корхона, ташкилотлар эса ўн беш тупдан дарахт кўчатини экиш ташаббусини илгари сурмоқдалар. Бундан ташқари, Республикамиз туманларидаги 5 мингдан ортиқ фермер, 16 мингдан зиёд деҳ­қон хўжаликлари ҳамда 342 минг­дан зиёд томорқа ер эгалари кўчат экиб, боғ яратишда ўз ҳиссаларини қўшишга интилмоқда.

Ҳозирги вақтда, Қорақалпоғистоннинг бир нуқтасида “Оналар боғи” ташкил этилаётган бўлса яна бир жойда  “Маҳалла боғи” яна бир томонда эса  “Ёшлар боғи” бунёд этилмоқда.

Масалан, Нукус шаҳрининг жанубий дарвозаси ҳисобланган, темир йўл ва автотранспортлар серқатнов бўлган магистрал йўлнинг икки томони йиллар давомида инсон меҳрига муҳтож аҳволга келиб қолган эди. Тўғри, бу ерга илгари ҳам кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш билан боғлиқ турли оммавий тадбирларда кўчатлар экилган. Аммо улар  ўсиб ривожланмаган. Сабаби бунинг учун шароитлар яратилмаган, аниқроғи  эгаси бўлмаган. Энди эса Бердах номидаги Қорақалпоқ давлат университети томонидан ушбу магистрал йўл бўйидан 3,2 гектар майдон ер танлаб олингач энг аввало  у ерда тозалаш ва текислаш ишлари олиб борилди. Қум ва шағалдан иборат майдонда дарахт ўсиши учун шароит яратиш мақсадида тупроқ ва ўғитлар тайёрланди. Айни кунда манзара бутунлай ўзгармоқда. Чунки, университет профессор ва ўқитувчилари, талаба ёшлари шижоат билан ишга киришган. Нуронийлар эса уларга бош-қош бўлиб, ўз маслаҳатларини бермоқда.

— Президентимизнинг ўзи чиқиб кўчат экканидан кейин ким ўтира олади, — дейди мазкур тадбир бошида турган, Нуроний жамғармасининг Қорақалпоғистон Республикаси бўлими раиси Турсунбай Абдужапбаров. — Бир неча кундан бери ёшлар, кексалар биргалашиб бу ерни текислаб, кўчатларни ўтқазяпмиз. Олдинлари кўпинча кўчатлар экилиб кейин қаровсиз қоларди. Энди ундай бўлмайди. Чунки, энди ернинг ва ҳар бир кўчатнинг эгаси бор. Олдингидай  ариқлардан сув чиқмайди деган баҳоналар ҳам бўлмайди. Негаки, бу боғ томчилатиб суғориш технологияси асосида суғорилади.

Президентимиз биз нуронийларга “Яшил макон” лойиҳаси доирасидаги ишларда катта ишонч билдирди. Биз бу ишончни оқлаймиз албатта.  Фермерларга дала чеккаларига бир томонига узум бир томонига тут экишни, маҳалалар ичидаги корхона ташкилотлар, ўқув муассасалари, савдо шахобчалари олдига ва атрофига  кўчатлар экишни тавсия қилаяпмиз. Нафақат тавсия балки, назорат ҳам қилаяпмиз.

Дарҳақиқат, белгиланган режага кўра дарахт кўчатларини автомобил ва темир йўллар ёқалари, қишлоқ хўжалиги экин ерлари дала четлари, ҳимоя ўрмонзорлари (иҳота), ўрмон фонди ерлари, ижтимоий соҳа муассасалари яъни мактаб, касалхона, ўқув юртлари бино ва иншоотлари,  корхоналар ва хизмат кўрсатиш шахобчалари, маҳалла ва овул фуқаролар йиғинлари ҳудудларида экиш назарда тутилган. Бундан ташқари, янгидан ташкил этиладиган яшил боғлар, туман шаҳар ҳокимлиги боғлари, яшил белбоғлар ушбу режага киритилган.

— “Оналар яшил макон учун” шиори остида хотин-қизлар ҳамжиҳатликда кўчатлар экаяпмиз — дейди Тўрткўл тумани оила ва хотин-қизлар бўлими раҳбари, туман ҳокими ўринбосари Инобат Жумабоева туманнинг “Оқбошли” овулида “Оналар боғи”ини  барпо этиш жараёнида. Маҳаллаларда бундай боғларни ташкил этишда “Оқила аёллар” ҳаракати, кўчабоши аёлларимизнинг ҳам муносиб ўрни бор. Эндиги вазифамиз – ана шундай хайрли ишларни халқимиз орасида кенг тарғиб қилиб, ўлкамизни боғу-бўстонларга айлантиришда фаоллик кўрсатишдир. Дар­ҳақиқат, бу ерда қиз-жувонлар, келинлар бири кўчат қадаб, бири унга сув қуйса, онахонлар, ёшларга табиатга меҳр билан муносабатда бўлишни уқтиришаяпти.

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги кўчат экиш ишларида қорақалпоғистонлик ёшлар алоҳида қизиқиш ва иштиёқ билан иштирок этмоқдалар. Самарқанд давлат ветеринария  медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиали ҳудуди атрофига дарахт ва бута кўчатларини экиш акциясидаги кўтаринкилик фикримизнинг ёрқин мисолидир. Тадбир доирасида 200 туб манзарали ва мевали дарахт кўчатлари ўтқазилди. Бундан ташқари, таълим даргоҳи ҳудуди чиқиндилардан тозаланиб ободонлаштириш ишлари олиб борилди.

— Юртимиз бўйлаб бошланган мазкур ташаббус экология­мизни барқарорлаштириши, ҳавонинг тозалигини таъминлаши билан бир қаторда  қалбимизни ҳам эзгуликка буркамоқда. Шу боисдан ҳам ёшларимиз ташаббускорлик кўрсатиб, ўз ҳиссасини  қўшишга бел боғлаган, — дейди ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи А.Сейт­камалов.

Дарҳақиқат, бугун “Янги Ўзбекистон – яшил маконда бирга яшайлик” деган эзгу ғоя  бутун халқимизни табиат бағрида бирлаштирди. ­Аслида ҳам биз доимо она табиат, атроф-муҳитнинг соф­лиги ва барқарорлигини сақлашга интилиб келган  хал­қимиз. “Яхшидан боғ қолади” деган ибора бизнинг қон-қонимизга сингиб кетгани ҳам бежиз эмас.

Агар  “Авесто” китобида табиатга, тупроқ­қа, ўсимлик, сувга, ҳайвонлар­га қан­дай муносабатда бўлиш ҳақида сўз юрит­ил­ганини инобатга олсак, бу заминда экологик тарбиянинг илдизлари жуда қадим даврлардан бошланганига гувоҳ бўламиз.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур­нинг шоҳ асари “Бобурнома”да баён этилган табиат манзаралари,  ўсимликлар, ширин мевалар, ҳайвонот олами, йилнинг фасллари ҳақидаги бебаҳо таърифу-тавсифлар ҳануз ўқиган одамга завқ бағишлайди. Демак, табиатга ана шундай меҳр билан муносабатда бўлишни давом эттириш, ютимизни боғу-бўстонларга айлантириш бугунги авлоднинг вазифамиздир. Зеро, тинч ва осойишта Ватанимиз, фаровон ҳаётимизга яшил ва мусаффо табиат, боғ-роғлар янада кўрк ва бахтиёрлик бахш этади.

Назира

Матякубова,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган

журналист.