ТУРИЗМ – ИНВЕСТИЦИЯВИЙ ЖОЗИБАДОРЛИКНИ ОШИРУВЧИ стратегик тармоқлардан бири


Юртимизда туризм тармоғи мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини оширувчи, иқтисодиётни юксалтирувчи стратегик тармоқлардан бири сифатида ривожланмоқда. Айниқса, ўтган икки йилда юртимизга ташриф буюрувчилар учун виза режими либераллаштирилгани, туризм тармоғини ривожлантириш учун имтиёз ва преференциялар берилгани каби ислоҳотлар самарасида туризм тармоғи жадал ривожлана бошлади. Жорий йилнинг дастлабки кунларидан, яъни 5 январда Президентимиз томонидан туризмни жадал ривожлантиришга оид яна бир фармон ва унинг ижроси юзасидан қарор ҳам қабул қилинди. Биз, мазкур ҳужжатлар билан жорий қилинаётган янгиликлар ва республикамизда туризмни ривожлантириш бўйича қилинаётган ишлар, ҳозирда мавжуд туристик йўналишлар ҳақида Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш қўмитасининг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи Байрам Кусекеев билан суҳбатлашдик.

— Суҳбатимиз аввалида Президентимиз томонидан яқинда қабул қилинган  фармон ва қарор асосида тез кунларда жорий қилиниши кутилаётган янгиликлар ва мазкур ҳужжатларнинг аҳамияти ҳақида қисқача гапириб ўтсангиз?

— Президентимиз фармонининг биринчи иловасига мувофиқ, 2019-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини ривожлантириш Концепцияси ва иккинчи иловасига мувофиқ, 2019-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини ривожлантириш Концепциясини амалга ошириш бўйича 2019 йилга мўлжалланган чора-тадбирлар режаси тасдиқланди. Шунингдек, 2019 йил 1 февралдан бошлаб 3-иловага мувофиқ мамлакатларнинг фуқаролари учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кирган кундан эътиборан 30 кунлик муддатга визасиз режим белгиланди. Февраль ойининг илк кунидан бошлаб фуқаролари электрон кириш визасини олиш имкониятига эга бўлган мамлакатлар рўйхати ҳам кенгайтирилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Туризм тармоғини жадал ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2019-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида меҳмонхоналар қуришнинг мақсадли параметрлари, меҳмонхоналар ташкил этиш бўйича истиқболли инвестиция лойиҳалари рўйхати, замонавий ахборот технологиялари татбиқ этиладиган маданият объектлари ва муассасалари рўйхати тасдиқланди.

— Биз, минтақамизнинг бошқа худудларига нисбатан республикамизда маданий мерос объектлари кўплигини биламиз. Аммо, уларнинг сони қанчалигини кўпчилигимиз билмаймиз. Айтингчи, ҳозирда республикамизда қанча маданий мерос объектлари  бор ва уларнинг рўйхати шакллантирилганми?

— Албатта, юртимизда туризм соҳасини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор, шунингдек, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан республикамиз, хусусан, Мўйноқ туманида олиб борилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари натижасида бугун Қорақалпоғистон Республикаси туристик салоҳияти тез суръатларда ривожланиб бораётган ҳудудлардан саналади.

Қорақалпоғистон Республикасида туристларни жалб қилиш мумкин бўлган объектлар рўйхати ҳақида гапирадиган бўлсак, бу борада 2016 йил 31 декабрда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг тегишли қарори ҳам қабул қилинган ва шунга мувофиқ, республикамизда жами 196 маданий мерос ва зиёрат объектлари хатловдан ўтказилган. Уларнинг 131 таси  археологик объектлар бўлса, 25 таси архитектура объектлари ва 40 таси диққатга сазовор жойлардир.

— Ўзингиз ҳам жуда яхши биласиз, республикамизга келган туристларнинг айримлари археологик ёдгорликларга қизиқса, баъзилари зиёратгоҳларга боришни хоҳлайди. Шу ўринда айтингчи, республикамизда қандай туризим йўналишлари мавжуд ва сайёҳларга тавсия этилмоқда?

— Бугунги кунда тўртта йўналиш бўйича туризм йўналиши мавжуд.  Улардан биринчиси «Тарихий-маданий туризм» йўналиши бўлиб, бунда туристлар ­И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоқ давлат санъат музейи, Қорақалпоғистон Республикаси тарихи ва маданияти давлат музейи, Элликқалъа тумани Археология музейи, Мўйноқ тумани экология музейи, Қонликўл тумани 90-йиллар музейи, Қорақалпоқ давлат университети қошидаги Бердақ музейи, “А.Шамуратова” уй музейига ташриф буюришлари мумкин.

Иккинчи йўналиш “Зиёрат туризми” йўналишида Хўжайли тумани Миздакхан археологик комплекси, Қўнғирот тумани Довут ота зиёратгоҳи, Беруний тумани Султон Увайс бобо зиёратгоҳи, Мўйноқ тумани Ҳаким ота мақбараси, Амударё тумани Шайх Жалил бобо мақбараси, Элликқалъа тумани Норинжон бобо мақбараси, Чимбой туманидаги Кунхожа ва Бердақ шоирлар мақбараларига боришлари мумкин бўлади.

“Экологик туризм” йўналишида эса, Мўйноқ тумани Орол денгизи, Судочье кўли, Очиқ осмон остидаги кемалар музейига, Беруний тумани Қўйи Амударё биос­фера резервати, Қўнғирот тумани Устюрт текислиги (коньон), Борсакелмес шўр кўли (туз кони)га ташриф буюрадилар.

Шунингдек, “Археологик туризм” йўналишига Чилпиқ, Аяз­қалъа, Тупроққалъа, Гяур қалъа, Джампиқ қалъа, Ийшан қалъа, Қизил қалъа, Кат қалъа, Джамбас қалъа археологик объектлари киритилган.

— Ўтган йилда республикамизга қанча сайёҳ ва асосан қаерлардан ташриф буюрган?

— Ўтган 2018 йилда Қорақалпоғистонга жами 43 минг 475 нафар туристлар ташриф буюрган бўлиб, шундан 15 минг 274 нафари хорижий сайёҳлар бўлган. Хорижлик сайёҳлар сони олдинги йилга нисбатан (8 минг 246 нафарга) 85 фоизга ошган. Сайёҳларнинг асосий қисми Франция, АҚШ, Италия, Россия, Германия, Корея, Буюк Британия,  Хитой ва Япония давлатларидан ташриф буюрган.

— Албатта, республикамизга ташриф буюраётган турист­лар сони ошаётгани келтирилган рақамлардан кўриниб турибди. Бу ўз навбатида сайёҳ­ларга сифатли хизмат кўрсатишга тайёр меҳмонхоналарга бўлган талабни оширади. Бугунги кунда қанча меҳмонхоналар мавжуд?

— Сайёҳларга имкон қадар сифатли хизмат кўрсатиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Ҳозирда Қорақалпоғистон Республикасида 29 та меҳмонхона, 4 та ўтов уйлардан ташкил қилинган кемпинглар ва 4 та меҳмон уйлари фаолият олиб бормоқда. Улардан жами ўринлар сони 1 263 тани ташкил қилади.

Қорақалпоғистонда туризм инфратузилмасини ривожлантириш  мақсадида ўтган 2018  йилнинг ўзида 9  та туристларни жойлаштириш воситалари ишга туширилди ва 8  та туроператорлик субъект­лари ташкил қилинди. Шунингдек, 5   та ресторанлар ва умумий овқатланиш объектлари қурилди.

— Айтингчи, республикамизда сайёҳларга хизмат кўрсатиш даражасини ошириш ҳамда республикамизнинг туристик салоҳиятини тарғиб қилиш борасида қандай тадбирлар амалга оширилмоқда?

— Сўнгги пайтларда республикамизга ташриф буюраётган сайёҳларнинг кўпчилиги экотуризм йўналиши, яъни Орол ва унинг ўрнида амалга оширилаётган ишларни кўришни хоҳлашмоқда. Сайёҳларнинг ушбу истагини амалга ошириш мақсадида ўтган 2018 йилнинг ўзида 6  та йўл танламас автотранспорт воситалари олиб келинди. Ҳозирда 10  та ана шунда йўл танламас автотранспорт воситалари сайёҳларга хизмат кўрсатмоқда.

Нукус халқаро аэропорти, Нукус темир йўл вокзали, И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоқ давлат санъат музейиларида бепул “WI-FI” зоналари ташкил этилди.

Қорақалпоғистонга ташриф буюраётган туристларга янада қулайликлар яратиш мақсадида 5  та миллий ва хорижий валюталарда пул айирбошлаш шохобчалари (банкоматлар) ўрнатилди ва уларда Visa Card, Master Card ва бошқа халқаро тўлов воситаларидан фойдаланиш имконияти яратилди.

Қорақалпоғистонга ташриф буюраётган сайёҳлар талабларини инобатга олган ҳолда Нукус шаҳрининг туристик харитаси ишлаб чиқилди ва туристик ахборот марказлари орқали бепул тарқатилиши йўлга қўйилди.

Қорақалпоғистон Республикасининг туристик салоҳиятини кенг тарғиб этиш мақсадида 27  та хорижий оммавий ахборот воситалари жалб қилинди. Шунингдек, республика ҳудудларида 56 та тарғибот-реклама баннерлари ўрнатилди. Сайёҳларга кўрсатилаётган хизматлар сифати ва кўламини кенгайтириш мақсадида сайёҳлар учун махсус сим карталар сотиш, туристик буклет, флаер ва китобчалар ишлаб чиқиб тарқатиш хизматлари йўлга қўйилди.

Юртимизга келган туристларнинг саёҳатларини янада мазмунли ўтказиш ва кўпроқ қолишини таъминлаш учун ҳудудларда маданий-кўнгилочар ва бошқа оммавий тадбирлар ўтказиб келинмоқда. Масалан, Мўйноқ туманида  “СТИХИЯ” электрон мусиқа фестивали, “Орол балиқларидан 99 тур таомлар” гастрономик халқаро фестивали ва “Орол ва Мўйноқнинг қайта тикланиши” мавзусида ўтказилган халқаро экофестиваллар шулар жумласидандир.

— 2019 йил энди бошланди. Суҳбатимиз сўнгида жорий йилда Қорақалпоғистон Республикасида туризм соҳасини ривожлантириш бўйича белгиланган режалар ҳақида ҳам гапириб ўтсангиз?

—  Қорақалпоғистон Республикасида  2019 йилда туризм салоҳияти ва инфратузилмасини янада ривожлантириш мақсадида қиймати 75,515  млрд.сўмлик, шу жумладан 36,06  млрд. сўм ташаббускорлар маблағлари, 41,755  млрд. сўм банк кредитлари ҳисобига 26  та лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган. Мазкур лойиҳалар ижроси натижасида ҳудудимизда 130  та янги иш ўринлари яратиш режалаштирилган.

Транспорт инфратузилма соҳасини ривожлантириш йўналиши бўйича 4 млрд. сўм маблағ ҳисобига замонавий туризм тоифасидаги 2 та автобуслар, 2 та микроавтобус ва 4 та йўлтанламас (Toyota Land Cruiser) транспортлар харид қилиш назарда тутилган.

Биламизки, туристлар ўзлари билан эсдалик совғалари олиб кетишни исташади. Буни эътиборга олиб, ҳунармандчилик марказлари билан ҳамкорликда эсдалик совғалари ва сувенир маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириб,  уларни сотадиган махсус дўконлар барпо этмоқчимиз.

Ғайратжон ОТАЖОНОВ

суҳбатлашди.