Қўнғирот тумани “Довут ота” чегара божхона пости ходимлари томонидан атир идиши ичига солинган марихуана наркотик моддасини олиб ўтмоқчи бўлган шахс ушланди.
Яъни, “Тойота” русумли автомашинада чегарадан ўтмоқчи бўлган фуқаро Н.К га тегишли бўлган, ташқи кўриниши “граната” шаклдаги эркаклар атири божхона ходимлари эътиборини тортди. Ушбу атир кўздан кечирилганда унинг ичида, яшил рангли, ўткир ҳидли, соф оғирлиги 1,84 грамм бўлган “Марихуана” нашабандлик моддаси бор эканлиги аниқланди.
Ҳозирги пайтда бу ҳолат бўйича терговгача текшириш ишлари олиб борилмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси Божхона бошқармаси томонидан божхона тўловларини ундириш ҳамда божхона соҳасига оид қонунбузарлик ҳолатларини аниқлашга қаратилган бир қатор тадбирлар амалга оширилмоқда, — дейди бошқарманинг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқа гуруҳининг катта инспектори Нурлибек Хожанов. Булар ўз натижасини бермоқда.
Таъкидланганидек, жорий йилнинг биринчи ярмида бошқарма томонидан давлат бюджетига 87 миллиард 542 миллион сўм миқдорида пул тушумлари ундирилиб, белгиланган прогноз кўрсаткичи 103 фоизга ортиғи билан бажарилди.
Шунингдек, ҳисобот даврида 887 та божхона қонунбузарлиги ҳолатлари аниқланиб, баҳоси 2 миллиард сўмдан ортиқ бўлган маҳсулотлар ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.
А.ЖИЕМУРАТОВ,
Қорақалпоғистон хабар агентлиги.



