Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2020 йил 20 май куни Адиблар хиёбонида шоир, ёзувчи ва зиёлилар билан учрашув чоғида “Адабиёт халқнинг юраги, элнинг маънавиятини кўрсатади. Бугунги мураккаб замонда одамлар қалбига йўл топиш, уларни эзгу мақсадларга илҳомлантиришда адабиётнинг таъсирчан кучидан фойдаланиш керак.
Аждодлар меросини ўрганиш, буюк маданиятимизга муносиб буюк адабиёт яратиш учун ҳамма шароитларни яратамиз”, дея таъкидлаган эди.
Дарҳақиқат, ўтган бир йил ичида Адиблар хиёбони одамлар қалбига эзгу мақсадларни улашадиган, ёшларимизни улкан мақсадлар сари ундайдиган маърифат ва маданият масканига — марказига айланди. Талабалар билан ушбу хиёбонни кезар эканман, қандайдир куч мени Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси Тўлепберген Қаипбергеновнинг қорақалпоқ ҳамда ўзбек адабиётининг ривожида тутган беқиёс ўрни ҳақида ўз хотираларимни ёзишга ундади.
Тўлепберген Қаипбергеновнинг қорақалпоқ ҳамда ўзбек адабиёти ривожида тутган ўрни беқиёс. У қорақалпоқ насрини шакллантирган, ўз услуби ва йўлига эга бўлган, қорақалпоқ адабиётида ўзига хос мактаб яратган адибдир. Шунингдек, ўз халқининг асл фарзанди сифатида юртининг ўтмишига, илдизига, босиб ўтган йўлларига, миллий қадриятларига, анъаналарига қизиқди, ўрганди ҳамда уларни бадиий асарларида маҳорат билан акс эттирди.
Мен ўқувчилик, талабалик йилларимданоқ Тўлепберген Қаипбергеновнинг “Совуқ бир томчи”, “Бахтсизлар”, “Гумроҳлар” каби асарларини қизиқиш билан ўқиб чиқдим, унинг ижоди билан озми-кўпми таниш эдим. Қолаверса, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Шукур Холмирзаев Тўлепберген оға ҳақида доим энг яқин инсонларидан биридек, ўта ҳурмат ва эҳтиром билан сўзлардики, шундан уларнинг ўзаро муносабатлари устоз-шогирдликдан ҳам кўра, дўстликка яқинроқлигини, ўта самимий, бир-бирига нисбатан меҳр ва эъзоз кўрсатишларини билардим. Улар қалбан бир-бирини тушунадиган, бир-бирига интиладиган шахслар эдики, бу руҳий яқинликни икки адибнинг ҳаётий қарашларию яшаш тарзи, феъл-атворию кундалик тутумлари, мақсадию ўйларидаги ўхшашликда кўраман. Ўз миллатининг маънавияти ва адабиётини юқори даражага кўтариш, миллий образларни яратиш орқали унинг ўзига хос тарихи, турмуш тарзи, орзу-умидларини ҳаққоний очиб беришни ҳаёт мазмунига айлантириш, истеъдод, ҳалоллик, самимият, меҳнатсеварлик, тўғрисўзлик адибларимизни ўзаро яқинлаштирган, деб ўйлайман. Дадамнинг дўстлари ва шогирдлари ҳам уларнинг бир-бирига ўзаро ҳурмати, меҳри кучли бўлганини ўз суҳбатларида, мақолаларида эътироф этган. Назаримда, Шукур Холмирзаев учун Тўлепберген оға ҳам устоз, ҳам дўст, ҳам маслакдош, ҳам фикрдош, қисқаси, энг яқинларидан бири бўлган.
Тўлепберген оғанинг Дўрмондаги боғ ҳовлиси дадамнинг боғ ҳовлисидан бир девор нарида бўлиб, улар баҳор ва ёз ойларида кўпинча у ерда ижод қилар, дўстлар, шогирдлар билан дийдорлашиб, дам оларди.
1979 йилда Тўлепберген Қаипбергеновнинг 50 ёшга тўлиши муносабати билан Шукур Холмирзаевнинг “Шарқ юлдузи” журналининг 8-сонида чоп этилган “Қорақалпоқ халқининг талантли адиби” мақоласидан бир парча: “Адабиётга Бердақ ва Ажиниёзни берган… халқ унинг янги “Қорақалпоқ достони”ни яратган Тўлепберген Қаипбергеновдек адибга эга экан, у чиндан ҳам кичкина эмас”.
Дадамнинг сўнгги туғилган кунида (2005 йил 24 март) фақат бир киши йўқлаб келди. Бу Тўлепберген оға Қаипбергенов эди! Қорақалпоқларнинг чопонини, бош кийимини кўтариб кириб келди ва табриклаб узоқ умр тилади. 76 ёшга тўлган оқсоқол адибимиздан бошқа ҳеч ким келмади ўша куни…
Билишимча, шунда Тўлепберген оға дадамни таваллуд куни билан табриклаш учун атайлаб ўз юртидан Дўрмондаги боғ ҳовлисига келган экан.
“Шукур Холмирзаев замондошлари хотирасида” китобини тайёрлашга киришганимда биринчи бўлиб дадамнинг сўнгги туғилган кунида биз билан бирга бўлган, уни қучоқ очиб табриклаган, энг яхши тилакларни билдирган Тўлепберген оғага телефон қилдим! У пайтда Тўлепберген оға бетоб экан. Шундай бўлса-да, китоб нашрга тайёрланаётганидан хурсанд эканини билдириб, дадам ҳақида жуда илиқ гаплар айтди, бирга хотирладик.
Шунда мен: “Ўрозбой ака Абдураҳмоновнинг хабари бор, у ҳам мақола ёзмоқчи дадам ҳақида. Ёки ҳамкорликда ёзиб бера қоласизларми”, дедим бетоблиги туфайли адибни ортиқча уринтирмаслик учун. Шунда Тўлепберген оға: “Йўқ, қизим, Шукуржон ҳақида меники алоҳида чиқиши керак, кичикроқ бўлса ҳам. Мен айтиб тураман телефонда, сен ёзиб оласан”, деди.
Мен қоғоз-қалам олиб, тез-тез ёза бошладим. Шу мақоладан олинган айрим мисралар: “Сўзга бўлган масъулиятни тўла ҳис қилган, тўғрисўз, ҳалол адиб эди. Унинг теран фикрлаши, жасоратли қалби ва дадиллигидан, ўз ишига фидойилигидан бугунги ёшлар ибрат олиши ҳамда у қолдирган маънавий бойликни чуқурроқ ўрганиши керак. Мен ҳар гал Дўрмонда бўлганимда Шукур Холмирзаев билан албатта, кўришишга, суҳбатлашишга ҳаракат қилардим. Унинг сўзларини узоқ пайтгача эслаб, таъсирланиб юрардим. Ёшига нисбатан эрта улғайган, ижод дарди, алами ва қувончларини ҳам жуда эрта ҳис қилган ва бир умр шу ҳиссиётларига содиқ буюк ёзувчи, халқлар ва адабиётлар дўстлиги, ҳамкорлигини доимо қўллайдиган улуғ дўст эди”.
Шундай қилиб, Тўлепберген оғанинг “Етук адиб” мақоласи тўпламга киритилди. Тўплам 2010 йилда афур улом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйида чоп этилди. Худди шу йилнинг 15 сентябрида қорақалпоқ адабиётининг ёрқин юлдузи, асарлари дунёнинг кўплаб тилларига таржима қилинган машҳур адиб, меҳрибон устоз, ҳақиқий дўст бу оламдан кўз юмди.
Т.Қаипбергеновнинг 90 йиллиги муносабати билан 2019 йилда “Танланган асарлар”и чоп этилганидан жуда қувондим.
Тўлепберген Қаипбергеновнинг Адиблар хиёбонидаги ҳайкали мен 25 йилдан бери ишлаётган Тошкент давлат аграр университети жамоасига бириктирилди. Ҳозир “Тўлепберген Қаипбергенов ижодини ўрганамиз” тўгарагига раҳбарлик қилмоқдаман.
Севимли адибимизнинг ҳаёти ва ижодини тизимли таҳлил асосида талабаларга ўргатмоқдаман. Талабалар Тўлепберген Қаипбергенов ижоди бўйича халқаро анжуманларда маърузалар билан қатнашиб, совринли ўринларни эгалламоқда.
Тўлепберген Қаипбергеновнинг қорақалпоқ халқининг бир неча асрлик тарихини, бугунини, орзу-армонларини юксак бадиий маҳорат билан ифодалаган тарихий романлари, қиссалари, драмалари, эссе ва мақолаларини талабаларга ўргатар эканман, адибнинг шахс сифатидаги тўғрилик, ҳалоллик, дўстликка садоқат, меҳнатсеварлик каби хислатлари ҳам ҳар биримиз учун намуна эканини доим таъкидлайман.
Сайёра ХОЛМИРЗАЕВА,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, филология фанлари номзоди,
доцент.



