ОДАМ ЎЗГАРСА, ОЛАМ ЎЗГАРАДИ


Юртимизда шундай ўзгаришлар бўляптики, буларга нисбатан, муносабат билдириш истаги менинг қўлимга қалам тутқазди.

Чунки, мен ­Президентимиз таъкидлаганларидек, “..жамиятимизда ўқитувчиларни “сиз”лаб, уларнинг шаъни ва ҳурматини бошимизга кўтарадиган, уларни том маънода келажак бунёдкорлари” деб улуғланадиган юртда Устозман. Ўзбекистон Республикасини янада  ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ижтимоий соҳани, жумладан, адабиёт ва санъат соҳаларини ривожлантиришга жиддий эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланган. Айтингчи, қайси мамлакат китоб ўқиган, қуръон тиловат қилган ўғил-қизини кўкларга кўтариб машина совға қиляпти!? Асло буни тарих кўрмаган! Энг аввало, шу ўринда таълим соҳасига қаратилаётган эътиборни айтадиган бўлсак, буни таълимнинг биринчи бўғини ҳисобланган мактабгача таълим соҳаси мисолида ҳам қўрсак бўлади.  Мирзо Бедилда шундай фикр­лар бор:

Аввал бошдан ғиштни қийшиқ қўйдими меъмор,

Юлдузга еткунча қийшиқдир девор.

Муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг умумий ўрта таълим ва олий таълимга қаратаётган эътибори, айниқса таълим соҳаси вакилларини “эл-юртнинг таянчи ва суянчи” деб турган бир пайтда биз илм аҳли яъни устозлар «лаббай» деб жавоб бермасак, бу ­халққа ва давлатга нисбатан лоқайдлик, боқимандалик ҳисобланади. Бизга берилган имкониятларни санаб адоғига етиб бўлмайди. Қишлоқ ҳўжалиги ишларидан, ҳашар, йўл тозалаш ва бошқа кўпгина нарсалардан озод қилинганимиз, айниқса, ойлик маошларимизнинг кўтарилиши қувонарли ҳолат, албатта. Биздан бу имкониятлар учун ҳеч нарса сўралаётгани йўқ. Фақат ўз ишимизни виждонан ҳалол бажарсак бас!

Жанубий Африка Республикасидаги университетга кираверишдa шундай сўзлар ёзиб қўйилган экан:

«Ҳар қандай миллатни йўқ қилиш учун атом бомбаси ёки узоқ радиусга таъсир қиладиган ракеталарга ҳожат йўқ. Фақат таълим сифати пасайтирилса ва имтиҳонларда талабаларга алдаш учун имконият яратилса бас».

Бундай шифокорлар қўлига тушган беморлар ўла бошлайди. Қурувчилар қурган бинолар қулайди. Иқтисодчилар ва ҳисобчилар қўлидаги пуллар изсиз йўқолади. Диний уламолар туфайли инсонлар маънан ўла бошлайди. Юрист­лар ва судьялар қўлида адолат йўқлик сари юз тутади. Қонун чиқарувчилар қўлида бошқарув йўқ бўлади. «Таълимнинг барбод бўлиши — миллатнинг касодга учрашидир!»

Дарҳақиқат, биз устозлар бу ҳақиқатни тўғри ва ўз вақтида лоқайдликни  йиғиштириб  англамас эканмиз, юқоридаги ҳолатлар бизда ҳам содир бўлиши табиийдир. Буюк маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудий ўтган асрнинг бошидаёқ «Дунёда турмоқ учун дунёвий фан ва илм лозимдур, замона илми ва фанидан бебаҳра миллат бошқаларга поймол бўлур», деган ҳаққоний фикр­ларни баён қилган.

Олий даргоҳда адабиёт дарсларини ташкил қилар эканмиз, ҳамиша бобомиз Абдулла Қодирий ҳаёти ва унинг қаҳрамонлари руҳиятига сингдирилган масалалар диққатимни тортади. Бугунги ёшларимиз ушбу қаҳрамонлар ҳаётидан ибрат олсалар арзийди. Дарҳақиқат Анвар, Раъно ва бошқа қаҳрамонлар мисолида бу ҳолатлар тўла даражада намоён бўлади. Ёзувчи Раънони шундай гўзал таърифлайдики, рассом бўлсам чизиб қўя қолар эдим, дейди. Бизнинг диққатимизни торт­ган нарса бошқа, яъниким бу қаҳрамоннинг саводи ва унинг ўқиган ва ўқиётган китоблари. Адиб келтиради: “Раъно Нигор ойимнинг тўнғучи, бу йил ўн етти ёшни тўлдурадир. Саводни отасидан ўқуб, ўн тўрт ёшида ибтидоий мактаб прўғрамида бўлған барча дарсларни битирган, масалан: диний қисмдан – “Ҳафтияк”, “Қуръон”, “Чаҳор китоб”, “Сўфи Оллоёр”, “Маслаки муттақин”, адабиётдан – Навоийнинг барча асарлари, девони Фузулий билан Лайли Мажнун; Амирий, Фазлий ва шулардек чиғатой-ўзбек катта шоирларининг асарлари; форсийдан – Хожа Ҳофиз Шерозий ва Мирзо Бедил, хусни хат, иншо ва бошқалар. Бу кунларда бўлса бир томондан қизларға сабоқ бериб онасиға кўмаклашса, иккинчи тарафдан отасида кофия (араб наҳв ва сарфи) ҳамда Шайхи Саъдийнинг “Гулистон”идан дарс оладир ва шунинг қаторида ўзи яхши кўрган чиғатой-ўзбек шоирларининг бадиъа асарларидан алоҳида бир мажмуъа тузиб юрийдир.” Раъно диний ва дунёвий билимлардан тўла даражада таниш бўлганлигини, бундан ташқари, ўзи ҳам шоирларнинг асарларидан манзумалар тузиб, шеълар ёзиб юрганлигини билиб оламиз.Мени ҳайратлантирган нарса Раънонинг Бобомиз Навоий асарларининг ҳаммаси билан тўлиқ таниш бўлганлигидир. Бугунги кунда устозларимиз, аёлларимиз, талабаларимиз, ўқувчиларимиз ушбу китоб­лардан воқиф бўлсалар нур устига аъло нур бўлар эди.

Абдулла Қодирий ҳаётида, асарларида инсон тириклигининг, инсонийликнинг мағзи бўлган ҳалол ва ҳаром  тушунчасига кенг диққат қаратади. Ҳабибулла Қодирийнинг “Отам ҳақида” асарида шундай воқеа келтирилади. Отасига ёшлик пайтида бувиси ва онаси Ҳабибулланинг шўхликларидан сўз очганда, Қодирий: менинг ўғлим ҳеч қачон ёмон бола бўлмайди, чунки мен фарзандларимга ҳеч қачон ҳаром луқма бермаганман — дейди. Бу ҳикматдан кўп нарсани англашимиз мумкин. Бу ҳолат ёзувчи асарларида ҳам ўз аксини топган деб бемалол айта оламиз.

Шу ўринда Муҳаммад Ротиб Набулсийнинг оналари ҳақидаги шундай фикрларни келтиришни лозим топдик: “Бир куни ёшлик чоғимда онам менга: «Ҳалол сўзини икки лабинг очиқ ҳолда айта оласанми?», — деди. Ҳалол калимасини айтишга ҳаракат қилиб, икки лабимни бир-бирига ёпиштирмаган ҳолда айтдим. Онам маъқуллаб, мени ўпиб қўйди. Сўнгра онам: “Ҳаром сўзини ҳам икки лабинг очиқ ҳолда айта оласанми?», деди. Айтишга бир неча маротаба ҳаракат қилдим, лекин айта олмадим. Ҳафа бўлган ҳолда онамга, «Онажон, ҳаром сўзини айтишга кўп ҳаракат қилишимга қарамай, охирида икки лабим бир-бирига тегиб, ёпилиб қоляпти», дедим. Онам кулиб, «Ўғлим, бу — ҳалол билан ҳаром орасидаги фарқдир. Ҳаром — (ҳаёт йўллари) ёпиқ ва бахтсизлик, ҳалол – (ҳаёт йўллари) очиқ ва бахт-саодатдир, хоҳлаганингни ихтиёр қил, дунё ва охират эшиклари сен учун очилишини ёки ёпилишини. Агар хато (гуноҳ) қилсанг, онангни лаблари ёпилиб, юзида маҳзунлик бўлади. Агар яхши амал қилсанг, онангни лаблари табассум ила очилиб, хурсанд бўлади. Агар онангни доим табассум ҳолида кўришни хоҳласанг, ҳалол ва яхши (амалларни) лозим тут!”, деди.” Демак ҳалолликда ҳикмат кўплигига бу жараёнда яна бир карра амин бўламиз.

“Меҳробдан чаён” асари қаҳрамони Солиҳ Маҳдум қўлида тарбия топган Анвар мисолида ҳам шундай ҳолатларни кўришимиз мумкин. Асарда келтирилади: “Муҳаммад Ражаб Мунший кейинги кунларда муҳим тазкиралар таҳририни Анварга топширадирған бўлди. Ўзи бирар жойға кетадиган бўлса, девон идорасини Анвар қарамоғиға қолдирар, ҳар бир тўғрида ҳам бош­қалардан кўра Анварга ишонар эди. Зеро, Анвар ҳар бир ишни тўғри ва холис адо қилар, вазифасидан ташқари ишларга киришмас, оладирған маошидан ортиқча тамаъга тушмас эди…  Лекин Анвар таъмани, шайтанатни, адоватни айниқса, хуфияликни билмас, девонда ўзига топширилған вазифанигина адо қилар, алахусус мазлумлар додномасини хонға эшитдиришка ва яхши натижалантиришка тиришар эди.” Танишиб гувоҳи бўлганимиздек, Анвар ҳалол ўз ишига масъулиятли йигит бўлган.

Бу асардан чиқарадиган хулосамиз шуки, Анвар ва Раънолар кўп ўқиганидан шу даражага етишгандир. Бугунги кунда шу ва шунга ўхшаш қаҳрамонлардан ҳар соҳада ўрнак олиб, ҳар бир ишимизни виждонан бажаришга ҳаракат қилишимиз зарур деб ҳисоблаймиз.

“Олимлик ўн улуш ҳисобланади. Шундан тўққиз улуши одоб – ахлоқ, маънавият. Қолган биргина улуши илм ҳисобланади,” — дейилади ҳикматлардан бирида. Бу фикрлардан шундай хулоса чиқадики, олимликни даъво қилиб, тўққиз улушни тўғрилаб, ўз вазифамизни ҳалол,  виждонан  бажармасак,  демак, чин маъноси билан олим ҳисобланмас эканмиз. Зеро, Юртбошимиз таъкидлаганларидек: “Буюк аждодларимиз ўзларининг илмий ва ижодий кашфиётлари билан дунёга устозлик қилишган. Бошқаларга эргашмаган, балки  бошқаларни ўз ортидан эргаштирган.”

Шу ўринда Ўзбекистон Қаҳрамони қорақалпоқ халқининг буюк шоири ­Ибройим Юсуповнинг қуйидаги мисраларини келтиришни ўринли деб ­билар эдим.

Ақылгөйлик қилма хеш бир адамға,

Ис жүзинде өрнек  көрсет оданда.

“Ақылыңды басыңа жақ” деген ғой,

Ата-баба баяғы бир заманда.

Кимга қанақа билмадим!? Лекин менинг бу мисралардан чиқарадиган хулосам: олдин биз устозлар ибрат бўлишимиз керак!

Хулоса қилиб айтганда, биз ўзимизни қаттиқ тафтиш қиладиган давр келди. Кўзгудаги одам ўзгарса, бутун олам ўзгаради. Оила, мактаб ва ўқувчи яъни ота-она, устоз ва ўқувчи учлиги узвий мустаҳкам, яхши ишласа, ўз мувозанатини йўқотмаса, жамият кучли ривожланади.

Сайёра Бекчанова,

НДПИ Ўзбек адабиёти

кафедраси катта ўқитувчиси.