Сиёсий майдонда халқчил ва ҳаётий ғоялари билан ўз ўрни ва обрўсига эга бўлган Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси навбатдаги сайловлар олдидан электоратимиз ва сайловчиларимиз эҳтиёжлари, орзу-умидларига асосланган ҳолда, ўтмиш сабоқларидан тўғри хулоса чиқариб, мамлакатимизнинг келажак авлоди олдидаги масъулиятни ҳис этиб, келгуси беш йиллик учун қуйидаги устувор вазифаларни олға суради.
Асосий тамойилимиз – адолат ҳамма ерда ва ҳар бир инсон учун! Қонун ва адолат устуворлигига эришиш – ҳаракатларимиз мезонидир!
Адолатнинг қарор топишида суд ҳокимиятининг ўрни катта. Биз суд ҳокимияти мустақил, судлар эса адолат қўрғонлари бўлиши тарафдоримиз.
Биз адвокатларнинг мақомини янада кўтариш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш механизмларини кучайтириш, ҳар бир адвокат малакали ҳуқуқий хизмат кўрсатиши учун зарур чораларни кўриши, бу борадаги амалдаги қонунлар ижроси юзасидан кучли ва самарали назорат ўрнатиш, суд жараёнида адвокатура ва прокуратура ҳуқуқлари тенглик принципини таъминлаш учун курашамиз.
Амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ суд қарорларини ижро қилиш ваколати прокуратура ва ички ишлар органларига берилган бўлиб, бу ҳолат халқаро талабларга жавоб бермайди. Қолаверса, жазо ўтаётган шахслар таъқиб қилувчи органлар қўлида бўлмаслиги лозим. Шу муносабат билан, биз барча ижро билан боғлиқ ваколатларни ва жазони ижро этиш муассасаларини суриштирув ҳамда тергов ваколатига эга бўлмаган, холис орган – адлия идоралари бошқарувига беришни мақсадга мувофиқ, деб биламиз. Шунда суриштирув ва терговдан норозиликлар барҳам топади, ҳар қандай ноқонуний хатти-ҳаракатларнинг, қийноқ ва тайзиқларнинг олди олинади, ижро жараёнида инсон ҳуқуқлари таъминланади.
Биз ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг жамоатчилик олдида ҳисобот бериб бориш тартибини қўллаб-қувватлаймиз ва унинг шаффофлигини янада ошириш чораларини кўрамиз.
Биз жамоат жойлари тушунчасининг ҳуқуқий асосини яратамиз, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тизимини, жиноятчиликка қарши курашиш ва жамоат тартибини сақлаш бўйича ички ишлар тизимининг фаолиятини тубдан такомиллаштириш ва аҳолининг хоҳиш-истакларини рўёбга чиқариш мақсадида уларнинг сонини мақбуллаштириш ҳамда “ҳалқ полицияси” деб ном бериш, давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимларининг сонини оптималлаштириш ва инспекторларни чинакам “халқ ёрдамчилари”га айлантириш таклифини илгари сурамиз.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва унга бўйсунувчи прокурорларнинг қонунларни аниқ ва бир хилда бажарилишини назорат қилиш вазифасини кенгайтириш ва қуйи прокуратура органларига “Халқ прокуратураси” мақомини бериш таклифини илгари сурамиз.
Бош прокуратура ва унинг қуйи органларининг тергов жараёни устидан назорат функцияси тобора пасайиб бормоқда. Ушбу ҳолатни бартараф қилиш, дастлабки тергов устидан назоратни кучайтириш мақсадида, мамлакатда ягона тергов органи – Тергов қўмитасини ташкил этиш ташаббусини илгари сурамиз.
Аҳолининг барча қатламлари орасида, айниқса, ёшларда коррупцияга қарши муросасиз кураш маданиятини кучайтиришни муҳим деб ҳисоблаймиз. Биз коррупция билан курашиш нафақат давлат органлари ва ҳуқуқни муҳофаза этиш тузилмаларининг вазифаси, балки бутун жамиятнинг бурчи эканлигини эътироф этамиз.
Биз бундан кейин ҳам мактабгача таълим муассасалари тизимини салмоқли кенгайтириш ва уларда болаларнинг интеллектуал, эстетик ва жисмоний ривожланиши учун шарт-шароитларни тубдан яхшилаш, болаларни мактабгача таълимга қамраб олишни сезиларли равишда ошириш борасидаги саъй-ҳаракатларни давом эттирамиз. Бизнинг келгуси 5 йиллик пировард мақсадимиз – болаларни мактабгача таълим муассасаларига қамраб олиш даражасини икки баробарга кўтаришдир.
Шу билан бирга, мактаблардаги маънавий-тарбиявий ишларни янгича асосда ташкил этиш, «Миллий ғоя», «Одобнома», «Динлар тарихи», «Ватан туйғуси» каби фанларни бирлаштирган ҳолда, ягона – «Тарбия» фанини жорий қилишни қўллаб-қувватлаймиз. Биз мактабларга буюк алломалар, давлат ва сиёсат арбоблари, машҳур саркарда аждодларимизнинг номларини бериш тарафдоримиз.
Олий таълим вазирлиги билан ҳамкорликда 2020 йилдан ҳар бир олий таълим муассасаларига давлат буюртмаси асосида ўқишга қабул қилиш параметрларини белгилаш билан бирга, олий маълумотли кадрларни кўпайтириш ва улар ўртасида рақобатни кучайтириш, олий маълумотлилар сони бўйича мамлакат даражасини кўтариш мақсадида олий ўқув юртларига кириш квоталарини босқичма-босқич ошириб бориш (бунда ўқув юртлари учун умумий қабул квоталарини белгилаш тажрибасидан воз кечиш), сиртқи, кечки ва масофавий таълим шаклини кенг жорий этиш чораларини амалга оширамиз.
Бундан ташқари, педагогика йўналишидаги олий ўқув юртларини энг нуфузли таълим муассасаларига айлантириш, педагогликка мойиллиги бўлган ёшларни мақсадли тарбиялаб бориш бўйича вазифаларни амалга ошириш тарафдоримиз.
Илм-фаннинг ролини ошириш, инновацион иқтисодиётга ўтиш, илм-фан ва ишлаб чиқариш ҳамкорлигини мустаҳкамлашга кенг эътибор қаратамиз. Олимларни, айниқса, ёш олимларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чораларини кўрамиз.
Биз, анъанавий социал-демократиянинг ижтимоий адолат тамойили ва кенг кўламли ижтимоий дастурларнинг амалга оширилишини таъминлайдиган кучли давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаган ҳолда, меҳнатга ҳақ тўлаш билан фуқароларнинг яшаш минимуми харажатлари ўртасидаги тафовутларни кескин қисқартириш, “базавий ҳисоблаш бирлиги”, пенсия ва энг зарур “яшаш минимуми” ҳамда “истеъмол савати”нинг ўзаро мутаносиблигига эришиш ва минимал иш ҳақини бозордаги нарх-навога мутаносиб равишда ошириш каби вазифаларни устувор деб биламиз. Шунингдек, аҳолининг даромади бўйича кескин табақаланишининг олдини олиш ва шу орқали ижтимоий муносабатларда барқарорлик ва уйғунликни таъминлаш, зиёлиларнинг ижтимоий нуфузи, мақомини ошириш ва уларни ҳимоя қилишнинг самарали механизмларини яратиш, бюджет соҳаси ходимлари учун бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан идоравий уй-жойлар қурилиши ҳажмини кенгайтириш, қурилаётган уй-жойларнинг сифатини ошириш каби масалаларни ҳал қилиш чораларини кўриш тарафдоримиз.
Тиббий фаолият устидан давлат-санитария назоратини кучайтирамиз. Шунингдек, дориларни врач рецепти асосида берилишини йўлга қўямиз ҳамда дорилар рекламасини чеклашга қаратилган қонунларни қабул қилиш ташаббуси билан чиқамиз.
“Ақлли тиббиёт” тизимини шакллантириш, тиббиёт соҳасига замонавий АКТларни кенг жорий этиш, аҳолини хавфсиз дори-дармон воситалари билан таъминлаш чораларини кўрамиз.
Биз халқ табобатини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратамиз ва ушбу соҳанинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириб, мустаҳкамлаб борамиз. Аҳолининг тиббий маданиятини ошириш ва ушбу соҳада тизимли ишларни кучайтириш мақсадида, биз “Тиббий маданиятни ошириш” давлат дастурини қабул қилишни таклиф қиламиз.
Бизнинг мақсадимиз – ижро ҳокимияти ва унинг органларини инсон ва унинг манфаатлари учун хизмат қиладиган, фаровон турмуши учун шароит яратадиган, ижтимоий масалалар билан тўлиқ шуғулланадиган шаффоф ва самарали институт даражасига олиб чиқишдир.
Маълумки, фуқаролик жамиятининг кучли институтларидан бири – оммавий ахборот воситаларидир. Партия бундан кейин ҳам ушбу масаланинг ўта долзарблигини эътироф этган ҳолда, амалдаги “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонунни мамлакат тараққиётига мос равишда такомиллаштириш, унинг ижроси юзасидан таъсирчан парламент ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш, ахборот соҳасини янада демократлаштириш, сўз ва ахборот эркинлигини таъминлаш, босма оммавий ахборот воситалари маҳсулотларини тарқатиш соҳасида рақобатни кенгайтириш, оммавий ахборот воситалари ходимларининг, айниқса, журналист ва блогерларнинг ижтимоий муҳофазасини кучайтиришни муҳим вазифа деб билади. Зеро, шаффофлик, ошкоралик ва очиқлик – адолатли фуқаролик жамиятининг муҳим шартидир.
Мақсадимиз – ёлланма ишчиларнинг иш берувчилар билан ўзаро муносабатларида қонунларга риоя қилинишини таъминлайдиган ва меҳнат можароларининг олдини оладиган кучли касаба уюшмаларини ташкил қилишни қўллаб-қувватлашдир.
Биз мамлакат иқтисодиётида энергияни тежовчи технологияларни кенг жорий қилиш, қайта тикланадиган энергия манбаларига ўтиш тарафдоримиз. Бу – тезкор ривожланиш ва иқтисодий рақобатдошликни оширишнинг зарурий шарти ва муҳим омилидир.
Шунингдек, рақамли технологиялар базасида иқтисодиётнинг барча соҳаларини янгилашни кўзловчи “Рақамли Ўзбекистон – 2030” Миллий дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш устувор вазифаларимиздан бири бўлади.
Биз адолатли ва самарали солиқ ҳамда бюджет сиёсатини амалга ошириш тарафдоримиз. Биз солиққа тортишнинг прогрессив ставкаларини ўрнатиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни тўлиқ ёки қисман солиқдан озод қилишни таклиф қиламиз.
Инсон капитали мамлакатнинг муҳим миллий бойлигидир ва биз унинг ҳар томонлама кўпайиши ва тараққий этиши, замонавий фикрлайдиган, интеллектуал ривожланган, профессионал тайёргарликка эга, мамлакатимизни модернизация қилиш ва демократик жамият қуриш йўлидаги мураккаб ва кенг кўламли вазифаларни ҳал этишга қодир бўлган, юртимиз ва халқимиз манфаатларига садоқатли янги авлод кадрларини тайёрлаш масаласи принципиал ва ҳал қилувчи аҳамиятга эга деб биламиз.
Мактабгача таълим муассасаларида овқатлантириш тизимини янги инновациялар асосида янгитдан ташкил этиш. Бунда калорияли овқатлар ҳамда мия фаолиятини яхши ишлашида керак бўладиган витаминларга бой озиқ-овқат маҳсулотлари ўрин олишига алоҳида эътибор бериш устувор вазифаларимиздан саналади.
Шунингдек, умумтаълим мактабларида мактаб униформасини жорий этишни жадаллаштириш зарур. Республика бўйича мактаб ўқувчилари ягона формада юриши, улар ўртасидаги тенгсизликнинг олдини олиш баробарида, болаларни интизомга, оддийликка, самимийликка ўргатади.
Биз умумтаълим мактаблари учун дарсликларнинг янги, замонавий авлодини яратиш лозим, деб ҳисоблаймиз ҳамда дарсликларни ишлаб чиқишнинг амалдаги самарасиз тизими ўрнига мутлақо янги тизими – “Дарсликлар бўйича илмий-тадқиқот институти” ташкил қилишни таклиф қиламиз.
Болалар асосан ватанпарварлик туйғуларини ўзига мактабгача ва мактаб таълимида сингдиради. Шу сабабли мактабларда болаларнинг ватанпарварлик ҳиссини уйғотиш, лидерлик қобилиятини ўстириш ва уларни жамият тараққиётига мос равишда тарбиялаш бизнинг муҳим вазифамиз бўлиб қолади.
Оиладаги замонавий жараёнлар, оилавий муносабатлар ижтимоий барқарорлик ва жамият хавфсизлигини таъминлашнинг энг муҳим омили эканлигини ҳисобга олиб, қийин ҳаётий вазиятда бўлган оиланинг социологик портретини тузиш, уларни инқирозли вазиятдан чиқиш йўлларини яратиш, турмуш даражаси ва фаровонлигини ошириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш ва умумбашарий ва миллий оилавий қадриятлар, оилалардаги муносабатларнинг таҳлили асосида замонавий обод ва функционал оила мезонлари негизида моделини тузиш, шунингдек ушбу моделни жамиятда кенг тарғиб қилиш ва амаллиётга киритиш масаласини илгари сурамиз.
Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг, хусусан, меҳнат мигрантларининг хорижий мамлакатлардаги ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиш чораларини кўрамиз.
Бунинг учун биринчи галда барча меҳнат мухожирлари ва уларнинг оила аъзолари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги ҳалқаро конвенция қоидаларини мамлакатимиз қонунчилигида акс этиши ва қўлланиши чораларини кўрамиз ҳамда тегишли қонун ва қонуности ҳужжатлари, шу жумладан, “Меҳнат миграцияси тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш ташаббуси билан чиқамиз.
Миллатлараро ва динлараро ҳамжиҳатлик, муроса–ю мадора – тинчлик ва барқарорлик гарови. Биз жамиятда “Биродарлик – урф-одат, дўстлик – қонун!” деган эзгу ғоянинг қарор топиши, “Халқимизга, энг аввало, тинчлик ва хотиржамлик керак!” деган тамойилни изчиллик билан амалга ошириш тарафдоримиз.
Агар бўлажак сайловларда бизни танласангиз ва партиямиз кўрсатган номзодларни қўллаб-қувватласангиз, биз Сиз – азиз юртдошларимизнинг тинч ва фаровон ҳаёти учун курашамиз!
Н.Қайпбергенов,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси.



