2019 йилни сарҳисоб қилар эканмиз, энг аввало мамлакатимиздаги барча соҳа ва тармоқларда катта ўзгаришлар, янгиланишлар, ютуқ ва марралар йили бўлди, десак муболаға бўлмайди. Айниқса, беш йилда бир марта бўладиган муҳим сиёсий жараён — сайловлар халқимизнинг ҳоҳиш иродасини, келажакка бўлган ишончини ёрқин ифода этди.
Мазкур сайловларнинг “Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” шиори остида ўтказилганлигида ҳам чуқур маъно мужассамдир. Чунки, сўнгги йилларда Ўзбекистон дунё ҳамжамиятида мутлақо янги қиёфа касб этиб, иқтисодий-ижтимоий, сиёсий ва бошқа соҳаларда туб ўзгаришларга эришди.
Бу галги сайлов ҳақиқатан ҳам қатор янгиликларга бой бўлди.Чунки, сайлов биринчи марта Сайлов кодекси асосида ўтказилди. Ташвиқот майдонида биринчи марта бешта сиёсий партия рақобатга киришди. Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати татбиқ этилди. Шу ва бошқа қатор янгиликлар халқаро сайлов стандартларига мос эканлиги юксак баҳоланди.
Энг муҳими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга бўлиб ўтган мазкур сайловлар янги қабул қилинган Сайлов кодексига мувофиқ умумэътироф этилган халқаро принциплар асосида демократик, очиқ-ошкора ташкил этилди.
Айниқса, сиёсий партиялар ўртасида барча даражадаги депутатлик ўринлари учун кураш кутилганидан ҳам қизиқарли бўлганига ҳам барчамиз гувоҳмиз. Сайловчилар билан учрашувлар, теледебатлар, оммавий ахборот воситаларидаги чиқишлар, турли тадбир ва марофонлар барчада катта қизиқиш уйғотди. Одамлардаги бундай қизиқиш ва фаолликнинг боиси, аввало юртимизда амалга оширилаётган демократик ўзгаришлар, шунинг натижасида халқимизнинг сиёсий ва ҳуқуқий онгги ўсиб бораётганидир албатта. Шу билан бирга бу уларнинг жамиятда юз бераётган янгиланишлар, ҳар бир воқеага дахлдорлик ҳисси билан ёндашаётганининг исботи. Энг муҳими, халқимиз ислоҳотлар самарасига ва ўз келажагига катта умид ва ишонч билан қарамоқда.
Яна бир масалага эътибор қаратишимиз лозимки, мамлакатимизда хотин-қизларнинг давлат ва жамиятнинг ижтимоий сиёсий ҳаётига оид қарорлар қабул қилишдаги иштирокини, сайлов ҳуқуқи ва имкониятларини кенгайтириш Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишига айланганлиги бўлиб ўтган сайловларда яна бир бор ўз исботини топди. Хусусан, Сайлов кодексида белгиланган аёллар салмоғи сиёсий партиядан Олий мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлигига кўрсатиладиган номзодлар умумий сонининг камида 30 фоизини ташкил этиши кераклиги тўғрисидаги меъёр депутат аёллар сонининг олдингиларга нисбатан анча ошишига замин бўлди.
Англаш мумкинки, бугунги тезкор ва шиддатли давр депутатлардан чуқур билим, юксак салоҳият, қонунларни яхши билиш, электорат ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қила олиш каби хислатларни талаб қилади.
Чунки, давр, шарт-шароит, одамларнинг фикрлашлари ўзгача. Бугунги депутат, аввало, халқнинг ғам-ташвиши ҳақида ўйлайдиган, жамиятдаги ўзгаришларни теран англаган ҳолда, унинг ривожланишига ҳисса қўшадиган, одамларнинг оғирини енгил қила оладиган инсон бўлмоғи лозим. Шундагина, халқимиз депутатларга ишонади ва уларни ҳурмат қилади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида “Халқимиз ҳаётий муаммолар ва уларнинг ечимини яхши биладиган, ислоҳотлар самарасига хизмат қиладиган қонун ва қарорлар қабул қилишда жонбозлик кўрсатадиган, катта билим ва малакага эга инсонлар депутат бўлишини хоҳлайди”, дея таъкидлаган эди. Бу айни ҳақиқатдир.
Айтиш лозимки, номзодларнинг сайловчилар билан учрашувлари фақат тарғиботдан иборат бўлмади. Шу жараёнда аҳолини ташвишга солаётган муаммоларни ҳам ўрганишга эришилди. Афсуски, баъзи жойларда биз аллақачон ҳал бўлиб кетган деб ўйлаб юрган муаммолар ҳалиям борлигига гувоҳ бўлдик. Мутасадди ташкилотларнинг эътиборсизлиги натижасида ҳамон сақланиб келаётган баъзи салбий ҳолатлар одамларнинг турмуш тарзига, кайфиятига таъсир кўрсатади албатта.
Айниқса, аҳолининг ижтимоий ёрдамга мухтож қатламлари, кам таъминланган оилалар, ногиронлиги бор шахслар, ногиронлиги бўлган фарзанд тарбиялаётган ота-оналар, ота-она қаромоғидан маҳрум бўлган болалар, кўп болали аёллар, ёлғиз яшовчи кексаларнинг қай даражада ижтимоий ҳимояланганлигини чуқур ўрганган ҳолда мамлакатимизда улар учун яратилган имтиёз ва имкониятлардан самарали фойдаланишларига кўмаклашиш ниҳоятда муҳимдир. Жойларда аҳоли, айниқса ёшлар ва хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш борасида аниқ ечимини кутаётган масалалар бор. Баъзи ҳудудларда соғлиқни сақлаш, коммунал хизмат, ички йўлларнинг аҳволи аҳолида табиий эътирозларга сабаб бўлмоқда. Одамлар ана шундай муаммолар ҳақида сўз юритар эканлар янги сайланган депутатлардан катта умидлар қилаётгани кўриниб туради.
Энди халқнинг ишончини оқлаш масъулияти турибди. Албатта қонунчилигимизда депутатларга қатор ҳуқуқ ва ваколатлар берилган. Улардан самарали фойдаланиш, қонунлар, фармон ва қарорлар, давлат дастурларининг ижроси юзасидан жамоатчилик нозоратини ўрнатиш борасида самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш, сайловчилар билан мулоқотларни тизимли давом эттириш бугунги куннинг талабидир.
Назира Матяқубова,
«Қорақалпоғистон тонги» газетаси
бош муҳаррири.



