Ҳар йили 8 март — Халқаро хотин-қизлар байрами арафасида жамият ҳаётидаги фаол, ташаббускор, ишчан хотин-қизлар, меҳрибон ва мунис онахонлар, опа-сингилларимиз бир сўз билан айтганда юртимиз аёллари улуғланади, эътироф этилади. Аслида аёл зотининг фидойилиги, матонати, ирода ва шижоати азал-азалдан тараннум этилган. Бугунги кунда янада юксакларга кўтарилмоқда. Чунки, аёлларимиз жамият ҳаётининг барча жабҳаларида фаоллик кўрсатиб, янги ғоя ва ташаббусларни илгари сурмоқдалар.
Бугун мамлакатимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, уларга муносиб меҳнат ва турмуш шароитларини яратиб бериш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир.
Биз бугунги мақоламизда оилада, жамиятда ўз фаоллиги билан эл олқишига сазовар бўлган, Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган тиббиёт ходими, “O’zbegim ayoli” миллий мукофотининг “Довюрак аёл” номинацияси ғолиби мўйноқлик акушер -генеколог шифокор Қалбийке Жиемуратова ҳақида сўз юритамиз.
Баъзан чироқсиз тунларда шамнинг ёруғида ҳам чақалоқларга доялик қилган Қалбийке опа Жиемуратова фаолиятининг дастлабки йилларидан то бугунги кунга қадар 40 мингдан ортиқ чақалоққа доялик қилиш бахтига мушарраф бўлган фидойи аёлдир.
— 70-80 йилларда аҳолининг яшаш шароити оғир эди, — дейди Қ.Жиемуратова. — Электр энергиясида жуда кўплаб узилишлар бўларди.
Мана шундай қийин дамларда ҳам ҳомиладор аёлларни туғдириб, чақалоқларини эсон-омон оналари бағрига тутқазганмиз. Она ва бола саломатлигини сақлаб қолиш, соғлом фарзандни дунёга келтириш энг олий мақсадимиз бўлган.
Дарҳақиқат қаҳрамонимиз Қалбийке Жиемуратова мана шундай касбга садоқати, оналик меҳр-муҳаббати, аёлларга хос ирода ва самимийлиги билан нафақат республика, балки бутун мамлакатимизда эҳтиром ва эътирофга сазовар бўлган аёллардан.
Қ.Жиемуратова 1946 йили 21 декабрда Мўйноқ туманининг «Шеге» овулида оддий оилада туғилган. Балиқчилик билан шуғулланиб кун кечирган оилада Қалбийке ота-онасининг энг яқин ёрдамчиси эди. Қаҳрамонимиз дала ишларига пухта бўлган. Пичан ўриш, ўтин териш, балиқ овлаш каби ўғил болаларга хос бўлган ишларни бажаришдан асло чарчамас эди. Қатъийлиги, иродалилиги ва талабчанлиги билан тенгдошларидан ажралиб турарди.
Фақат ўғил болаларга хос кийинган Қалбийке опа мактабни тамомлаб, ўқишга ҳужжат топшириш чоғидагина ўзига мос қиз болалар либосини кийди. 1963 йили Самарқанд тиббиёт институтига дугоналари билан ўқишга ҳужжат топширган у бир уринишдаёқ олийгоҳ талабаси бўлди. Институтнинг даволаш иши факультети талабаси бўлган Қалбийке опа ўзига четдан бир разм солди. Қизларга хос хушбичим кўйлак, баланд пошна, турмакланган соч, унинг аслида гўзаллик ва нафосат тимсоли эканлигини исботлаб турарди. У ўқишни яхши баҳоларга ўзлаштирди, рус тилини мукаммал ўрганди. Назария ва амалиётда ўрганганлари унинг билимларини янада мустаҳкамлади. Мўйноқнинг оддий қизидан етук, ўзига ишонган, қалбида ғайрат-шижоати ошган мутахассисга айланди.
1969 йили ўқишни битириб келган Қалбийке опадан қаерда ишлаш имкони сўралганида у сўзсиз ўзи туғилиб ўсган, болалигининг ширин дамларига гувоҳ бўлган Мўйноқ туманини танлади.
Туман тиббиёт бирлашмасида иш бошлаган Қалбийке опа аёлларнинг дарди, ташвиши, уларнинг қувончию-шодлигига шерик бўлишдан асло чарчамас эди. Ҳар бир чақалоққа доялик қилар экан, унинг “ингалаб” йиғлашини мароқ билан кузатарди. “Оналик — энг улуғ бахт!” дерди кўзи ёриётган аёлга меҳр-ила боқиб.
1970 йили Қўшқарбай Айтниязовдан келган совчиларга Қалбийке опа розилик билдирди. Севиб-севилиб турмуш қурган икки ёш ҳаётида кўп қийинчиликларга дуч келса ҳам бир-бирига бўлган меҳр-муҳаббати, оқибати, садоқати туфайли ҳаётнинг барча қийинчиликларини енгиб ўтди. Қалбийке опа иш билан «Шеге», «Қозоқдарё» каби олис овулларга борарди. У пайтларда ҳозиргидек енгил автоуловлар бўлмаганлиги боис, вертолётда, кемада бориб келарди. Мана шундай иш жараёнидаги қийинчиликлар сабаб Қалбийке опа бир неча бор ҳомиласидан айрилди. Бу қанчалик оғир бўлмасин, у умид қилишдан, ҳаракат ва меҳнат қилишдан чарчамади. Унинг илтижолари амалга ошиб, 7 фарзандни дунёга келтирди. Бугунги кунда фарзандларининг барчаси олий маълумотли, она касбини давом эттириб, тиббиёт соҳаси мутахассиси.
— Ўша пайтларда негадир Мўйноқда шифокорлар жуда кам эди. Мен акушер-гинеколог, кейинчалик офтольмолог яъни кўз шифокори бўлиб ишладим. Фаолиятим давомида Тошкент шаҳри ва Самарқанд вилоятига бориб, ўқув курсларида малакамни ошириб қайтдим. Мўйноқлик 28 нафар кексаларни даволаб, “кўзини очдим”. Аммо ўша пайтда ҳам туғруқхонадан қўл узмадим. Иш тугаб уйга қайтган пайтларим, ёхуд кечаси соат учми, тўртми тез тиббий ёрдам машинаси уйга келиб олиб кетарди. Ёки ўзим бориб аёлларнинг холидан хабардор бўлиб турардим. Бунинг бари “Аёл бахтли яшашга ҳақли!”, “Чақалоқ соғлом туғилиши керак!?” деган ўй-хаёл, мақсадларимнинг амалдаги ифодаси эди.
Биласизми, фаолиятим давомида ўзига яраша қийинчиликлар ҳам бўлди. Гўдакнинг нобуд бўлиши ёхуд онанинг ўлими каби оғир, аянчли ҳолатларнинг юз бермаслиги, ҳар бир оилага қувонч, бахт ато этиш учун елиб-югурардим. Соғлом онадан соғлом фарзанд туғилади. Мен фақатгина онанинг қорнидан боласини олсам бўлди, деб ўз ишимни тугатиб кетиб қолмасдим. Аксинча аёлларнинг бирини опам, бирини синглим, бирини қизимдек кўриб, уларнинг аҳволини яхшилаш, тикланишига кўмак бериш, уйига бағри тўлиб қайтиши учун ҳаракат қилардим. Баъзан аҳволи жуда оғир ҳомиладор аёллар келганида биринчи ёрдамни берсам ҳам, аёл ўз саломатлигини тиклаб кетса ҳам ўша аёллар тақдирини ўйлардим. Аммо ҳар қандай ҳолатда ҳам касбимга, оқ ҳалатимга доғ тушурмасликка ҳаракат қилганман, — дейди Қалбийке опа Жиемуратова.
Қ.Жиемуратова билан суҳбатлашсангиз кўнглингиз ёришади. Эски давр қийинчиликлари, ўша пайтдаги соҳадаги ҳолат билан бугунги кунларни таққослаб, қалбидаги шукроналикни ҳис қиласан.
— Мен Мўйноқ мисолида гапиришни хуш кўраман. Чунки, бугун давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Мўйноқ туманида мисли кўрилмаган ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Мўйноқ ҳақиқий бунёдкорлик, қурилиш майдонига айланди. Бир қатор ижтимоий, маданий дам олиш объектлари, янги турар жойлар, корхона ва заводлар қад ростлади. Бу ерларда янгидан иш ўринлари яратилди. Одамларимизнинг онг-тафаккури юксалди. Эндиликда улар бугундан рози бўлиб, эртанги кун умиди билан яшамоқда. Мана шундай қизғин жараёнларда барча бирдек меҳнат қилмоқда. Эътиборлиси, ўғил қизларимиздаги ўқишга, билим олишга бўлган иштиёқ кучли. Айниқса, Орол денгизи тубида ҳимоя қоплами – яшил ўрмонзорларни барпо этиш борасида олиб борилаётган ишлар алоҳида таҳсинга лойиқ. Бу ишларнинг барчаси кўп йиллар давомида эътибордан четда қолган, экологик инқироз ҳолатида яшаётган мўйноқликларнинг ҳаётига қувонч, эртанги кунга умид, янги мақсадлар олиб кирди, десам асло янглишмаган бўламан.
Бугун тиббиёт соҳасини ислоҳ қилиш, аҳолига сифатли тез тиббий ёрдам кўрсатиш, соҳага илғор замонавий технологияларни жорий этиш борасида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, она ва бола саломатлигини мустаҳкамлаш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айланди. Бир қатор лойиҳа ва дастурларнинг амалиётга жорий қилинаётганлиги сўзимиз исботидир. Мен 51 йиллик иш тажрибамдан келиб чиқиб, мутасадди раҳбарларга Мўйноқ туманида янги туғруқхона ташкил этиш таклифини билдирдим. Ажаб эмас, яқин келажакда Мўйноқда замонавий янги туғруқхона бунёд этилса, — дейди Қалбийке опа Мўйноқдаги ўзгаришлар келажакдаги режалари билан ўртоқлашиб.
Қалбийке опадан аёл бахти, оналик саодати ҳақида сўраганимизда опа жим қолди. Бу сўзга жавоб беришга шошилмади. Бу савол, бу жумла оддий туюлиши, шунчаки эшитилиши мумкиндир, аммо шу биргина сўз замирида қанчадан-қанча улуғворлик, шукроналик борлигини таъкидлади. Мен турмуш ўртоғимнинг қўллаб-қувватлаши сабаб шу даражага эришдим. Биласизми. У киши менга доимо ғамхўр, елкадош бўлиб келган. Мени ҳамиша тушунишга ҳаракат қилган. Ундан миннатдорман. Оилам тинч, фарзандларим соғ-саломат, юртимиз осойишта, шу ҳам бир бахт аслида. Янги туғилган чақалоқнинг “инга”си бутун туғруқхонани олади, она ним табассум тортади, дераза ёнида турган ота фарзандли бўлдим дея дўпписини юқорига отади, ана сизга бахтнинг яна бир ёрқин манзараси, аёлнинг, онанинг саодати…
Қалбийке опа билан суҳбатимизни якунлар эканмиз, опанинг ҳалиям кўплаб чақалоқларга доялик қилишдек ғайрати, иродаси, матонати борлигига яна бир бор амин бўлдим. Умрингизни, ишингизни мана шундай бахтнинг ёрқин манзараси безаб турсин дегимиз келади.
8 март — Халқаро хотин-қизлар байрами билан барча мунис аёлларимизни, дилбар опа сингилларимизни, гўзал қизларимизни чин дилдан қутлаб қоламиз. Сиҳат-саломатлик, оилавий бахт, гўзаллик ва нафосат сизларни асло тарк этмасин!



