Уйда қолинг


Уйда қолинг, қолингким шукрона билан,

Бу синовда ҳар одамки ўйда қолар.

Уйингиз бор қоларга лек, дунёдаги,

Юз миллионлаб уйи йўқлар қайда қолар?

Уйда қолинг, қолингким шукрона билан,

Ахир бунда ҳар ким иззат-сийда қолар.

Бу дунёда қанча қашшоқ, қанча қуллар,

Улар эшик ортида не куйда қолар?

Уйда қолинг, қолингким шукрона билан,

Сиздаги бу осудалик ойда қолар.

Қанча одам урушларда, қирғинларда,

Отилган  ўқлардан пана жойда қолар.

Уйда қолинг, қолингким шукрона билан,

Майли, бундан еру-осмон ором олар.

Дунёни сиз қутқарасиз балолардан,

Англаган ҳар кимса бугун уйда қолар.

Уйда қолинг, қолингким шукрона билан,

Синовларда   дўсту-душман ўйда қолар.

Шундай бир  халқ, бир  вирусга бас келмасак,

Уч минг йиллик  қудратимиз қайда қолар!

Карантин ҳақиқатлари

Кўр, неларга қодир инсон иродаси,

Ҳаловат йўқ, бироқ кўнгил қаноатда.

Ҳамма уйда, қалбан дунё билан бироқ,

Макка  бўм-бўш, бироқ  ҳамма ибодатда.

Кўр, неларга қодир инсон иродаси,

Айтилган сўз – отилган ўқ, у бузмайди.

Қўлни қўлга бермай борар шу чоғ, бироқ,

Қўл узса ҳам, бир-биридан кўз узмайди.

Кўр, неларга қодир инсон иродаси,

Ниқоб таққан, бироқ токи юрак урар,

Бир-бирининг юзидаги ғамни ва ё,

Лабидаги табассумни англаб турар.

Кўр, неларга қодир инсон иродаси,

Билар,  акси кетса агар, дард битмайди.

Бир-биридан олис сақлар масофани,

Бироқ, орасидан ҳатто қил ўтмайди.

Кўр, неларга қодир инсон иродаси,

Шу синовда ўзлигин кашф этди башар.

Кўрган кўзга ҳар бир киши  ўз уйида,

Бироқ,  бугун гўё дунё бирга яшар.

Кўр, неларга қодир инсон иродаси,

Макка  бўм-бўш, бироқ ҳамма ибодатда…

Карантиндаги қарорим

Уйдаман, мен уйда қоляпман мана,

 Аҳли дунёга хос,  эл-улусга хос.

 Яширмайман,  уйда қолар шу кунни,

 Асли неча йиллар, кутганим ҳам рост.

Жонга тегар эди барчаси баъзан,

Ахир ҳар онимни  ишимга бердим.

Супрада угралар кесиб, аёлдай,

Ўтирармикинман уйимда дердим.

Балки, асл бурчим этмадим ато,

Не нажот аслида бундай  онадан.

Мен ўша туғишга зўрға вақт топиб,

Яна  ишга қайтган туғриқхонадан.

Гоҳи енг ичида қолар  қўл синса,

Гоҳ нина учида кунимни кўрдим.

Бу не савдо  ахир аёл бошимга,

Ўтирармикинман уйимда дердим.

Уйдаман, мен уйда қоляпман  мана,

Одамсиз, кўчалар зулматга  тушди.

Аслида рўёсиз қолар минг истак,

Бир истак шунчалар қимматга тушди.

Элдан кўтарилса шу  оғир кунлар,

Кўтарилса бошлар пана-панадан.

Қайтса ўша даврим, сўзсиз мен яна,

Ишга кетар эдим туғриқхонадан…

Назира Матяқубова,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

2020 йил апрель.