Оролбўйи экологияси: кеча ва бугун


Марказий Осиё географик жойлашуви ва табиий салоҳияти билан дунёнинг ноёб минтақаларидан биридир. Аммо, кўплаб минтақалар сингари, бугунги кунда у бир қатор экологик таҳдидларнинг марказида турибди. Бугун шуни катта ташвиш билан таъкидлаш керакки, биз мисли кўрилмаган экологик фожиа гувоҳи бўлмоқдамиз, бу нафақат Марказий Осиё минтақасида, балки глобал муаммога айланди.

Орол денгизи яқинга қадар дунёдаги тўртинчи йирик кўл эди ва гуллаб-яшнаётган биологик бой экотизим ҳисобланган. 1964 йилга қадар денгиз майдони 68,9 минг км2, сувнинг ҳажми 1083 км3 эди, энг чуқур жой 67 метрни, ўртача чуқурлиги эса 17 метрни ташкил қилди. Аральск ва Мўйноқ каби йирик портлари бўлган ва денгизда кемалар қатнови мавсуми етти ой давом этган.

Оролбўйининг кенг ҳудудларида ўндан ортиқ умуртқали ҳайвон,150 дан ортиқ қуш турлари учрар эди.Денгиз сон-саноқсиз кўллар ва турли қушларнинг макони бўлиши билан бирга, ҳар йили Оролбўйи устидан бошқа жойларга учиб ўтадиган миллионлаб қушларнинг бошпанаси бўлган. Флораси эса 638 та ўсимлик турларидан иборат эди.

Икки дарё дельталари кўл, тўқай ва қамишзорларидан иборат бўлиб, қамишзорлар шунчалик кўп эдики, уларни “Қамишзорлар денгизи” деб аташар эди. Ўша даврларда Амударё делтасида қамишзорлар 900 минг гектарни ва Сирдарё делтасида 200 минг гектарни қамраган.

Денгизда йилига балиқ овлаш 30-35 минг тоннага етган пайтлар бўлган, унда 38 турдаги балиқ яшаган. Аралск ва Мўйноқ шаҳарларида балиқни қайта ишлаш комбинатлари мавжуд бўлиб, битта Мўйноқдаги комбинат йиллига 20 миллион қути балиқ консерваларини ишлаб чиқарган. Шунингдек, ҳудудда ҳар йили 250 минг ондатра териси тайёрланган.

Бундан ташқари,денгиз биринчи навбатда минтақанинг иқлими, табиий, географик ва экологик ҳолатига бевосита таъсир кўрсатар эди, ёз ва қишда доимий ҳарорат ва намликни сақлаб турарди.

Аммо, афсуски буларнинг барчаси ўтмишда қолди. Бир авлоднинг ҳаёти давомида бутун денгиз ғойиб бўлди. ХХ асрнинг 60-йилларидан бошлаб қишлоқ хўжалигининг табиий ресурсларидан оқилона фойдаланмаслик ва суғориш учун қайтариб бўлмайдиган сув истеъмолини ошириш бўйича олиб борилган иқтисодий ва аграр сиёсат натижасида, суғориладиган экин майдонларининг кенгайтирилиши ҳамда Амударё ва Сирдарё сувларининг суғориш мақсадлари учун кўплаб ишлатилиши оқибатида денгиз сатҳи 29 м га пасайган, сув майдони ярмидан кўпроқ қисқарган, қирғоқдан 150 км.дан ортиқ масофага чекинган ва денгиз ҳажми 90 фоизга камайган.

Натижада денгиз иккита сув ҳавзаси Катта ва Кичик Оролга бўлиниб, Амударё ва Сирдарёнинг қуйи қисми ҳамда денгиз атрофидаги ҳудудида, унинг шимоли-шарқий ва жанубий қисмида майдони 5,5 млн. гектардан ортиқ “Орол қум” деб аталувчи қум-тузли саҳро пайдо бўлди. Ҳар йили шамоллар денгиз тубидан 100 млн тонна туз, чанг ва пестицидлар аралашмасини атмосферага кўтариб, 500 км. ёки ундан кўпроқ радиусда ҳавони ифлослантиради. Бу эса нафақат яқин атрофда, балки бошқа минтақаларда ҳам инсонларнинг нормал ҳаёти ва атроф-муҳитга таҳдид солмоқда. Олимларнинг таъкидлашича, бу чанг Арктикада қайд этилмоқда. Минтақанинг экологик мувозанати бузилди, бу кўплаб фауна ва флора вакилларининг йўқ бўлишига олиб келди, тўқайлар нобуд бўлди ва Амударё дельтасида қамишзорларнинг 60 фоиздан ортиғи қуриди.

Денгиз аввалги балиқчилик ва транспорт соҳасидаги аҳамиятини йўқотди.

Маҳаллий аҳоли орасида нафас йўллари, камқонлик, ўсма, овқат ҳазм қилиш, жигар ва буйрак касалликлари кўрсаткичлари анча юқори.

Орол денгизи қуриши билан боғлиқ ҳозирги шароитда Амударё дельтасидаги экологик вазиятни олдинги ҳолатига қайтариб бўлмаслиги аниқ. Лекин, ҳозирги вақтда Марказий Осиё мамлакатларида, хусусан, Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг денгизнинг қуриши оқибатларини юмшатиш бўйича саъй ҳаракатлари натижасида,Оролбўйи минтақаси аҳолиси учун муносиб шароитлар яратилмоқда.

Муболағасиз айтиш мумкинки, мамлакатимизда денгизнинг қуриб қолиши оқибатларини бартараф этиш ва экологик вазиятни барқарорлаштириш учун, сув мувозанати ва биологик ресурсларни сақлаш, минтақадаги экологик вазиятни яхшилаш, аҳолининг турмуш даражаси ва сифатини, фаровонлигини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Аввало шуни таъкидлаш керакки, мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланишни таъминлаш учун меъёрий-ҳуқуқий база яратилди. Ушбу соҳада 30 дан ортиқ қонунлар ва 150 дан ортиқ ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. 

Сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш жуда муҳим эканлиги эътиборга олиниб, Ўзбекис­тон Республикаси томонидан олиб борилаётган табиатни оқилона бошқариш сиёсати ер ва сувдан фойдаланишни яхшилаш ҳамда қишлоқ хўжалигини жадаллаштириш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишга имкон беради.

Бунинг яккол мисоли,“2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”ни амалга ошириш бўйича Давлат дастурига тупроқ унумдорлигини ошириш ва суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, ноёб ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини сақлаш, чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш, Орол денгизи минтақасидаги экологик вазиятни реабилитация қилиш бўйича қатор чора-тадбирларнинг киритилишидир.

Таъкидлаш керакки, мамлакатимизда Амударё делтасининг кўл тизимлари инфратузилмасини яратиш бўйича муайян ишлар амалга оширилаётган бўлиб, маҳаллий сув ҳавзалари яратилмоқда. Ҳозирги вақтда Орол денгизининг жанубий минтақасидаги экологик вазиятни яхшилаш мақсадида “Амударё қуйи оқимида кичик сув ҳавзалари барпо қилиш” (Фаза-II) лойиҳаси амалга оширилмоқда ва кўрилаётган чоралар натижасида сунъий равишда тартибга солинадиган сув ҳавзалари ташкил қилиниб, сув юзаси майдонининг кўпайиши ва ҳудуд намлиги ошиши натижасида экологик офат ҳудудида иқлимий оқибатларини юмшатишига эришилади. Сув ҳафзаларини яратишнинг асосий мақсади экологик вазиятни яхшилаш, бузилган қисмини тиклаш ва янги экотизимларни яратиш, лойиҳа ҳудудидаги сув ҳавзаларининг сув режимини тартибга солиш, биологик хилма-хилликни сақлаш ва барқарор ривожлантириш ҳамда Орол денгизи биологик манбаларининг табиий унумдорлигини оширишдан иборат.

Оролбўйи минтақасида экологик вазиятни яхшилашнинг муҳим компонентлардан бири бу қурғоқчиликка ва тузга чидамли маҳаллий дарахтлардан фойдаланган ҳолда «ўрмон зоналари» яратишдир.

Шу мақсадда 2018 йилдан бошлаб Орол денгизининг қуриган тубида махсус технологиялар ёрдамида ўрмон хўжалиги ва мелиорация ишлари олиб борилмоқда. Агар олдинги 42 йил давомида ушбу ерда 400 минг гектар майдонга саксовул экилган бўлса, биргина 2018-2019 йилларнинг қиш-баҳор фаслларида 461 минг гектар майдон “ҳимоя ўрмонзорлари” билан қопланган. Кейинчалик, 2019-2020 йиллар қиш-баҳор даврида тўпланган тажриба асосида яна 706 минг гектарга саксовул ва бошқа чўлга чидамли ўсимликлар экилиб, “яшил қоплама” билан қамраб олинган. 2030 йилга қадар эса денгизнинг қуриган тубидаги ўрмонзорлар майдонини 60 фоизга етказиш режалаштирилмоқда. Ушбу ишларга махсус жиҳозлар ва самолётлар жалб қилинган. Саксовул, қандим, қорабарақ ва бошқа чўл ўсимликларининг кўчатлари мамлакатимизнинг деярли барча ўрмон хўжаликларида ўстирилиб, денгизнинг қуриган тубида бириктирилган ҳудудларига экилиб борилмоқда.

Академик, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори З.Б.Новицкийнинг таъкидлашича, саксовул уруғи икки йилгача қумда ўзини сақлаб тура олади, 4-йилдан 5-йилга қараган пайтида уруғ беришни бошлайди ва бир килоси 10 минг донагача уруғ бериши мумкин. Саккиз ёшдаги саксовул 10-12 тонна зарарли қумни сақлайди.Саксовул ўсган жойда гумус пайдо бўлишни бошлайди. Гумус пайдо бўлган ерда эса бошқа ўсимликлар ўсиб чиқиб, чорвачиликни ривожлантириш учун шароит яратилади.

Шундай қилиб, ушбу чора-тадбирлар натижасида Оролбўйида экологик вазиятни барқарорлаштириш, ижтимоий-иқтисодий вазиятни яхшилаш, бандликни ошириш ва чорвачиликни ривожлантириш учун мустаҳкам пойдевор яратилади.

Таъкидлаш лозимки, ушбу кенг кўламли ишларнинг меъёрий-ҳуқуқий базаси бўлиб Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 октябрдаги 5863-сонли қарори билан тасдиқланган 2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг атроф муҳитни муҳофаза қилиш Концепцияси,Ўзбекис­тон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 15 февралдаги “Орол денгизи тубидаги суви қуриган ҳудудларда “яшил қопламалар”-ҳимоя ўрмонзорлари барпо этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 132-сонли ва 2019 йил 24 декабрдаги “Орол денгизи тубидаги суви қуриган ҳудудларда “яшил қопламалар”-ҳимоя ўрмонзорлари барпо этиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги 1031-сонли қарорлари ҳисобланади.

Ташқи сиёсат соҳасида бўлса Ўзбекистон минтақанинг экологик муаммоларини конструктив ва ўзаро манфаатли асосда ҳал этишига тайёр бўлиб, Марказий Осиё минтақаси устувор йўналиш сифатида белгиланган.

БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Ўзбекистон ­Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев халқаро ҳамжамиятнинг эътиборини Орол денгизининг қуриши муаммосига қаратди ва унинг оқибатларини бартараф этиш бўйича халқаро саъй-ҳаракатларни фаол равишда бирлаштиришга чақирди: “Бугунги куннинг энг ўткир экологик муаммоларидан бири-Орол ҳалокатига яна бир бор эътиборингизни қаратмоқчиман. Мана, менинг қўлимда – Орол фожиаси акс эттирилган харита. Ўйлайманки, бунга ортиқча изоҳга ҳожат йўқ. Денгизнинг қуриши билан боғлиқ оқибатларни бартараф этиш халқаро миқёсдаги саъй-ҳаракатларни фаол бирлаштиришни тақозо этмоқда. Биз БМТ томонидан Орол фожиасидан жабр кўрган аҳолига амалий ёрдам кўрсатиш бўйича шу йил қабул қилинган махсус дастур тўлиқ амалга оширилиши тарафдоримиз”.

Атроф-муҳитни яхшилаш ва Оролбўйи минтақасининг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этишга қаратилган лойиҳалар ва дастурларни амалга оширишда, Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида сув ресурсларидан келишилган ҳолда фойдаланиш бўйича ҳамкорликни кучайтиришда Оролни қутқариш халқаро жамғармаси асосий платформа ҳисобланади. 2018 йил август ойида Туркманистонда жамғарма таъсисчиларининг саммитида Ш.М.Мирзиёев Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар зонаси деб эълон қилиш, фанлараро тадқиқотлар ўтказиш ва чўл ўсимликлари учун кўчат етиштириш бўйича минтақавий марказларни ташкил этиш бўйича муҳим таклифини илгари сурди.

2018 йил 27 ноябрда Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 73-сессиясида Орол фожиасини ҳал қилиш мақсадида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ва донорлар ҳамжамияти ресурсларини сафарбар этиш учун БМТнинг Инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик Траст жамғармаси ташкил этилди.2019 йилнинг 24-27 апрель кунлари Хитойда бўлиб ўтган “Бир макон, бир йўл”халқаро ҳамкорлик форумида Давлатимиз раҳбари БМТнинг Траст фонди ҳамда Оролбўйи ҳудудида экологик инновациялар ва технологиялар зонаси фаолиятида иштирок этишга чақирди.

Умуман олганда, Орол муаммоси ХХ асрнинг муҳим босқичига айланди, иқтисодий ривожланиш мақсадида экологик муаммолар шунчаки эътиборга олинмади, мамлакатларимиздаги юз минглаб одамларнинг ҳаёти ва соғлиғи, келажак авлодларнинг тақдири ушбу гуманитар фалокатнинг ҳал қилинишига боғлиқ.

А.Сеитов,

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси бошқарма катта прокурори.