ТУРИЗМ ЯНА ИҚТИСОДИЁТНИНГ МУҲИМ ТАРМОҒИГА АЙЛАНАДИ


Бугунги кунга келиб дунёда шиддат билан тарқалаётган коронавирус пандемияси жамиятнинг барча соҳаларига, шу жумладан, туризм соҳасига ҳам салбий таъсирини қўрсатмоқда. Касаллик тарқалишининг олдини олиш мақсадида деярли барча давлатлар ўз чегараларини ёпиб, давлатлараро транспортнинг барча турлари тўхтатилди. Бу эса бутун дунё давлатлари ўртасидаги интеграция жараён­ларига салбий таъсир қилиб, биринчи навбатда дунё бўйлаб туристлар оқимини кескин камайтирди. Албатта, бу жараён Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмади. Айниқса, сўнгги йилларда фаол ривожланаётган туризм соҳаси биринчилардан бўлиб катта зарар кўра бошлади.

Ҳозирги кунда аксарият давлатларда карантин чекловлари босқичма-босқич бекор қилинмоқда. Шундан келиб чиқиб, шу йилнинг 28 май санасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан «Коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш учун туризм соҳасини қўллаб-қувватлашга доир кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармон имзоланди.

Албатта, сўнгги йилларда ­­юртимизда ўзининг янги ривожланиш босқичига кирган туризм соҳаси учун ушбу фармон айни муддао бўлди. Чунки, пандемия сабабли ички ва ташқи туризм бутунлай тўхтаган, меҳмонхоналар, дам олиш масканлари ва бошқа туристик фаолиятга боғлиқ барча соҳалар катта қийинчиликни бошидан кечираётган эди. Энди фармонда белгиланган қатор имтиёзлар туфайли ушбу соҳа яна оёққа туриб, ўзининг олдинги ҳолатига қайтиши лозим бўлади. Партиямиз Сайловолди Дастурида ҳам алоҳида таъкидланганидек туризм – иқтисодий тараққиётни янада тезлаштирувчи омил сифатида муҳим ўрин тутади. Қўшимча иш ўринлари яратилишига, иқтисодий фаол аҳолининг бандлигини оширишга, миллат фаровонлигини юксалтиришга, миллий, маданий ва маънавий қадриятларимизни дунёга тарғиб қилишга хизмат қилади.

Статистик маълумотларга кўра ўтган йили Ўзбекистонга 6,7 миллион нафар сайёҳ келиб, мамлакатимиз 10 дан ортиқ нуфузли хал­қаро нашрларда энг жозибали туристик маскан сифатида эътироф этилган.

Муҳтарам Президентимиз 2020 йил 24 январдаги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Мурожаатномасида туризмни иқтисодиётнинг стратегик тармоғига айлантириш устувор вазифа эканини таъкидлаган эди.

Шунингдек, жорий йилда хориждан келадиган сайёҳлар сонини 7,5 миллионга, 2022 йилда 10 миллионга ва 2025 йилда 12 миллионга етказиш режалаштирилган эди. Лекин, коронавирус пандемияси сабабли нафақат Ўзбекистонда балки, бутун дунёда туризм соҳаси катта зарар кўрди.

Жумладан, Қорақалпоғистон Республикасидаги меҳмонхона ва бошқа жойлаштириш воситаларига жами 2019 йил давомида 46 386 дан ортиқ меҳмонлар ташриф буюрган бўлса, шундан 21 399 нафарини хорижликлар ташкил қилган. 2020 йил январь-март ойларида Қорақалпоғистон Республикасидаги меҳмонхона ва бошқа жойлаштириш воситаларига  5 283 маҳаллий ва 1 063 нафар хорижий сайёҳлар ташриф буюрган бўлиб, сайёҳлар ташрифи ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 8 фоизга камайганлигини кўришимиз мумкин. Коронавирус пандемияси сабаб жорий йилнинг 2-чорагида бу кўрсаткич бундан ҳам пасайиб кетиши шуб­ҳасиз.

Эндиликда Президент фармонига кўра ушбу соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш кучайтирилади. 1 июндан бошлаб туроператорлар, турагентлар, жойлаштириш воситалари ва умуман деярли барча ушбу соҳа субъектлари санитария-гигиена қоидаларига амал қилинган ҳолда яна ўз фаолиятини бошлайди. Мавжуд иш ўринлари тикланади ва шу билан бирга иш ўринлари яратилади, демакки аҳоли даромадлари ҳам ошади.

Бундан кўриниб турибдики, туризм – мамлакатимиз иқтисодиётини янада юксалтиришда алоҳида ўринга эга ва албатта давлатимиз ривожига ўз ҳиссасини қўшади.

Тажибай Романов,

ЎзМТДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги ЎзМТДП фракцияси раҳбари