ЯНГИЛАНАЁТГАН ҚОРАҚАЛПОҒИСТОННИНГ БАДИИЙ СОЛНОМАСИ


Ҳали сиёҳи қуримаган мазкур китоб кейинги икки ой ичида  ёзилди. «Янгиланган қорақалпоқ диёрим!» деб номланган ушбу  қасидада 2000-2020 йилларда Қорақалпоғистон Республикасида амалга оширилган янгиланишлар, бу юртнинг бутунлай ўзгариб бораётган қиёфаси, одамларнинг кайфияти, шу эзгу ишларга бош-қош бўлаётган фидойи раҳбарларнинг образи ёрқин ифодасини топади. Барчамиз учун қадрли бўлган оқсоқолимиз раҳматли Муса Тажетдинович Ерниязов асарнинг  даст­лабки ҳали китоб сифатида нашр қилинмаган шаклини ўқиб ҳам улгурди. Аммо китоб ҳолида нашр этилганини кўриш у кишига насиб этмади… 

Президентимиз Ш.Мирзиёев Ўзбекистон Қаҳрамони Муса Тажетдинович Ерниязовнинг вафоти муносабати билан ўтказилган  таъзия маросимида Муса Тажетдинович Ерниязов қарийб 50 йиллик меҳнат фаолияти давомида ўзининг улкан раҳбарлик қобилияти, инсоний фазилатлари билан ҳурмат қозонгани, Қорақалпоғистоннинг иқтисодий салоҳиятини ошириш, шаҳар ва овулларни обод қилиш, аҳоли турмушини яхшилаш учун ўзини  аямай меҳнат қилганини  алоҳида таъкидлади.  Ушбу тадбирда давлатимиз раҳбари “Юрт учун фидо бўлиш ўлим эмас, аслида қайта туғилиш” деган доноларнинг  фикрини  келтириб ўтди. Дарҳақиқат, қайта туғилиш инсон хотирасининг тарих саҳифаларига муҳр­ланишидир.  Инсон хотираси, бажарган эзгу ишлари китоблар орқали тарихда қолади. Мазкур китобда ҳам ана шундай тарихий жараёнлар, фидойи инсонларнинг машаққатли аммо шарафли меҳнати тараннум этилади.

Янгиланаётган Ўзбекистон…. Бу эътироф ўз-ўзидан пайдо бўлгани йўқ. Кейинги уч йил давомида мамлакатимизда амалга оширилган ўзгаришлар, юртни чин маънода янгилади. Бутун мамлакатимизда шиддат билан кечаётган ислоҳотлар замирида, барча ҳудудлар қатори Қорақалпоғистон ҳам мутлақо янги қиёфа касб этди. Янгиланди.

Буни бугун Қорақалпоғистоннинг ҳар гўшаси, ҳар нуқтаси, ҳар иморати, бу ерда яшаётган ҳар бир инсоннинг ҳаёти мисолида кўриш мумкин. Буларни нафақат кўриш, ҳис қилиш, таърифлаш тараннум этиш бугун шу ­юртда яшайдиган ҳар бир ижодкорнинг кўнглидан ўтаётгани ҳам айнан ҳақиқат.

Президентимиз мамлакатимиз зиёлилари билан бўлган учрашувида зиёлиларимиз, жумладан адабиёт аҳлига қарата «Бугунги тарихимизнинг бадиий салномасини сизлар яратмасангиз, ким яратади?»–дея мурожаат қилган эди. Юртбошимиз Қорақалпоғистон Республикасига қатор ташрифлари давомида ҳам Оролбўйидаги ўзгариш ва янгиланишларни бадиий адабиётда акс эттириш масаласига алоҳида эътибор қаратган.

Дарҳақиқат, кейинги йилларда ­Президентимиз ташаббуси билан Қорақалпоғистон Республикасида амалга оширилаётган ишлар хусусида романлар, қасидалар ва достонлар ёзиш мумкин.

Аммо, бу ишни нафақат шундай кенг кўламли ишларнинг гувоҳи  бўлаётган, балки уни чуқур ҳис қиладиган, ислоҳотлар жараёнига ўзини даҳлдор  ҳисоблайдиган, юраги шу замин, шу юрт учун ёниб, уриб турган ижодкоргина уддалай олиши мумкин.

Қорақалпоғистон халқ шоири  Гулистон Аннақиличева (Матёқубова)нинг «Янгиланган қорақалпоқ диёрим!» қасидасини ўқиб шулар хаёлимдан ўтди.

Асарда бир пайтлар қуш учса қаноти, одам юрса оёғи куядиган, қадим Қизилқум саҳросидаги ўзгаришлар, янги ҳаёт қаламга олинган. Хусусан, ўнқир-чўнқир кўчалар, тўкилиб турган уйлар, шаҳар деб айтишга тил бормайдиган Нукус, деярли унутилаёзган Мўйноқ, файзи кетиб бораётган туманлар ўрнида бугунга келиб бутунлай янги юрт пайдо бўлгани, хусусан мамлакатнинг иккинчи пойтахтига айланган Нукус, бутун дунё эътиборини торт­ган Мўйноқ умуман янги Қорақалпоғистон қад ростлагани ниҳоятда юксак маҳорат билан ифода этилади. Бир пайтлар икки томони чангалакзор бўлиб ётган Нукус шаҳрининг қоқ марказидаги «Қизкетган» канали «Дўстлик» деб номланиб унинг икки соҳили обод масканга айлангани, бунда икки раҳбар ўртасидаги самимий мулоқот шеърий сатрларга моҳирона сингдирилган.

Бу сатрларни ўқиган ҳар бир инсон, қанча йиллар, қанча замонлар ўтса ҳам «Дўстлик» каналига шу юксак ­номни Ш.Мирзиёев берганлигини, Президент кўрсатмалари М.Ерниязовнинг меҳнати ва фидоийлиги билан шу канал ва унинг соҳиллари кўркам ва обод бўлганлигини англаб етади.    

Бунинг учун фақат шоир бўлишнинг ўзи камлик қилади, албатта. Бунинг учун чин ватанпарвар, шу юрт ва унинг келажаги учун ёниб турадиган юрак соҳиби бўлиш керак.

Асар муаллифи эса худди ана шундай бутун ҳаёти давомида ўз тақдирини юрт тақдири билан уйғун кўрган, юрт манфаатини ўз манфаатидан устун кўра  олган, ўз она ватанининг тинч­лиги, осойишталиги, ўзбек ва қорақалпоқ халқларининг дўстлиги, оғзибирчилиги учун жонини фидо қилиб келаётган сиёсатчи ҳамдир. Шу боисдан ҳам асар ниҳоятда табиий, самимий ёзилган. Қасиданинг яна бир ютуғи унинг халқ оҳангларида, қадимий достончилик йўлида ёзилганидир. Бу ҳар қандай оддий ўқувчининг, кекса-ю, ёшнинг эътиборини ўзига тортади.

Шу ўринда яна бир масалага эътибор қаратиш лозим деб ўйлайман. Жиров, бахшичилик ривожланган қорақалпоқ элининг адабиёти, санъати ва маданияти ривожини халқ оғзаки ижодисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бахши жировларимиз қорақалпоқ элининг тарихи, одамларнинг узоқ йиллик турмуш тарзи, қаҳрамонлари, одамий орзу-умидларини куйлаб келишмоқда. Бироқ, Қорақалпоғистоннинг мустақиллик йилларидаги ҳаёти, айниқса, кейинги уч йилдаги туб ўзгаришлар ҳам бахши жировларимиз учун қўбиз ва дуторда куйланадиган жозибадор достонлар бўлиши турган гап.

Хусусан, мазкур қасида ҳам жиров ва бахшиларимиз учун келажак авлодларига қорақалпоқ элининг бугунидан сўзловчи фольклор намунаси бўлиб хизмат қилиши табиий.

Ҳаётимиз ўзгараяпти, янгиланаяпти, кундан-кун гўзаллашаяпти. Лекин бу қандай машаққатлар эвазига, кимларнинг фидойи саъй-ҳаракатлари билан рўёбга чиқаётганлигини ҳамма ҳам англаб етавермайди. Сўзсиз айтишимиз мумкинки, мазкур асар орқали, икки шахс, икки раҳбар Муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев ва қорақалпоқ элининг раҳбари раҳматли М.Ерниязов томонидан юртнинг юксалиши, қорақалпоқ халқининг ҳаёти тубдан ўзгариши учун қўлни-қўлга бериб, ҳамфикр бўлиб, кексаларнинг дуолари билан амалга оширилган тарихий ишларнинг бадиий салномаси яратилган.

Бу қорақалпоқ, ўзбек адабиёти учун янгилик десак муболаға бўлмайди. Қолаверса, қадимий достончилик йўлида публицистик қасида яратиш бадиий адабиёт учун мутлақо янги жанр десак ҳам янглишмаган бўламиз.

Азиз ўқувчи асарни ўқиб, сизда бундан да ортиқ эътирофлар туғилиши табиий.

Назира МАТЁҚУБОВА,

Ўзбекистон ЁзувчиларУюшмаси аъзоси.