ЎЗБЕКИСТОННИНГ ДЕҲҚОНЧИЛИК ТАРИХИ


Она заминимиз Ўзбекистонда суғорма деҳқончилик юритиш жуда қадимдан бошланган бўлиб, дунё деҳқончилик бешикларидан бири ҳисобланади. Тарихий манбаларда таъкидланишича, бу ҳудуднинг ўзига хос тупроқ-иқлим шароити инсониятнинг энг дастлабки ва ривожланган онгли фаолияти даврлариданоқ деҳқончиликнинг тараққий этишига олиб келган. Антик дунё мударрисларидан бири Диодор ўзининг “Тарихий кутубхона” асарида Ўрта Осиёнинг қадимги халқлари–скифлар, массагетлар, аримаспларнинг деҳқончилик билан шуғулланганини таъкидлаган. Масалан, юнон тарихчиси Геродотнинг ёзишича, скифлар, асосан буғдой етиштирган. Улар буғдойни фақат истеъмол учунгина экиб қолмасдан, савдо-сотиқ учун ҳам етиштиришар экан. Инсониятнинг деҳқончилик илми ва  тартиботини ўзлаштиришида буғдой ўсимлиги етакчи бўлиб, жуда катта аҳамиятга эга бўлган.

Дунёда аҳоли сонининг жадал ўсиши ва озиқ-­овқатга бўлган эҳтиёж одамзотнинг деҳқончилик билан шуғулланишига, ерни ҳайдаш, ўғитлаш, суғориш, буғдой ва бошқа экинларни етиштиришга мажбур этган.

Тарих яна шундан далолат берадики, эрамиздан аввалги учинчи минг йилликданоқ ўлкамиз деҳқончилигида ҳар бир экин  турига хос етиштириш агротехникаси ва ҳимояси бўлган. Булар  ёзишмаларда қайд этилмай, илғор тажриба сифатида авлоддан-авлодга ўтиб келган. Жумладан, ҳудудлар бўйича шўр ювиш, ер ҳайдаш, нав, уруғлик танлаш, экиш муддатлари, ўсимликлар ҳимояси ва бошқа парваришлаш омиллари.

Эрамизга қадар 5-6 минг йилликларда (Неолит даври) Ўрта Осиёнинг ­жанубий-ғарбида ўтроқ ­деҳқончилик маданияти пайдо бўлган. Бу тарихда “Жайтун”номи билан машҳур. Археологик  қазилмалардан маълум бўлишича “Жайтун” маданиятида буғдой ва арпа асосан сел сувларидан фойдаланган ҳолда етиштирилган. Ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида қадимда деҳқончилик гуллаб-яшнаган жой Фарғона водийсининг Чуст воҳаси ҳисобланган.

Деҳқончилик айниқса, бронза даврида тез ривожланган.

Қадим Хоразмда эрамизгача бўлган 2 минг йилликнинг охирида Амударёнинг қуйи қисмида ўта ривожланган суғорма деҳқончилик, яъни суғориш ариқлари мавжуд бўлиб, буғдой ва бошқа экинлар етиштирилган.

Шуни таъкидлаш жоизки, Чор Россияси Ўрта Осиёни босиб олгунга қадар Ўзбекистон  ҳудудида истиқомат қилган аҳоли донга ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини ўзида етиштирилган турли маҳсулотлар ҳисобига қоплар эди.

Ўзбекистонда асосан йилнинг қурғоқчил ёки ­серёғин келиши Амударё, Сирдарёнинг сув ҳажмига кўра белгиланган. Бунинг асосий сабаби ўша даврда ҳам қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг деярлик 95 фоизи суғорма деҳқончилик эвазига етиштирилган ҳамда ҳозирда ҳам етиштирилмоқда. Шунинг учун ҳам тарихий манбаларда таъкидланишича, ўша даврларда деҳқончилик системаси деган тушунчалар бўлмай, кейинчалик XV-XVI асрларда ғарб мамлакатларида шаклланган эди.

Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳўжалиги юқори салоҳиятга эга бўлган. Дехқончиликнинг асосий экинлари бошоқли дон, донли, дуккакли дон, ғўза, сабзавот, полиз ва мойли экинлар ҳамда боғдорчиликдан иборат бўлган. Кўп йиллик тажрибалардан келиб чиқиб, деҳқонлар бир экин турини бир далага кетма-кет 2-3 йил экмасликни, экилган тақдирда ўсимликларни баравж ривожланмаслигини, ҳашарот ва бегона ўтлар кўпайиб, ҳосилдорликнинг кескин пасайиши ҳамда сифатининг яхши бўлмаслигини аниқ экин турлари бўйича билиб олишган.

Шуларни инобатга олган ҳолда, деҳқонлар ерни алмашлаб экиш тизимини, яъни бир экин оиласи ва турини бир ерга экмасликка, уларни навбатланишига қатъий риоя қилишган. Натижада режалаштирилган ҳосилдорликка эришилган.

Ўша даврларда аҳоли сони оз, ер майдонлари етарли бўлиб, техник экин-ғўза майдони ҳажми умумий ер майдонига нисбатан деярлик 5/1 қисмини ташкил этган.

Ўзбекистоннинг деҳ­қончилик тизимида пахтачилик тарихи ва асосий ривожланиш босқичлари расмий статистик маълумот сифатида биз танишиб чиққан адабиётларга кўра, 1860 йилдан бошланиб, 1870 йилгача ғўза экин майдони 36-43 минг гектарни ташкил этган. Ўртача ҳосилдорлик 7,0 ц/га ни, ялпи пахта хомашёси ҳосили 25-30 минг тоннани ташкил этиб, тупроқнинг табиий унумдорлиги ҳисобига ҳосил олинганлигини исбот тариқасида келтириш мумкин. Бундай ҳолат чор Россияси истилоси давригача, яъни 1860 йиллар охиридан 1865 йилларгача давом этиб, Ўзбекистоннинг асосий пахта етиштириш базасига айлантирилиши муносабати билан қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш структураси буткул ўзгартириб юборилган.

Тарихий бир маълумотни келтириб ўтсак. Россия тўқимачилик саноати учун Туркистон пахтасининг ҳал қилувчи роли ҳақида Чор Россияси салтанати амалдорларидан бири Кривошеин императорга йўллаган ахборотида лўнда қилиб бундай деб ёзган эди: “Туркистоннинг ҳар бир пуд ғалласи рус ва сибир ғалласига рақобатбардошдир. Туркистон  пахтаси эса Америка пахтасига рақобатбардош. Шунинг учун ўлкага қимматга тушса ҳам ғалла келтириш лозим”. Ана шу даврдан бошлаб, суғориладиган ерларда бошоқли дон экинлари етиштирилиши деҳқончилик тизимидан буткул чиқарилиб, ўрнига ғўза экини жадал равишда киритила бошланди. ­ўза майдонлари 1908 йилда 275 минг/га ни ташкил этган бўлса, кейинчалик эса 3720 минг гектарга етказилган. Лекин, ҳосилдорликни ортиши кузатилмай, аксинча турли сабабларга кўра, кескин пасайиб 1,9 ц/га дан 3,3 ц/га тушиб қолган.

Минг шукрки, совет истилоси тизими бар­ҳам топди. Мустақиллик, деҳқончилик системаси ва пахтачилик соҳасини чуқур қайта кўриб чиқиш, мамлакат иқтисодиётидаги ўрнини аниқлаш, шунингдек, ўта ҳаётий зарур бўлган дон мустақиллигини амалга оширишда иқтисодий самарадорликни белгилашда экинлар майдони, ички бозор талаб этадиган ялпи хомашё ҳажмини аниқлаш каби муҳим масалаларни кун тартибига қатъий қўйди. Натижада келажагимизни ўз қўлимиз билан яратишга имконият яратилди.

Дунёнинг турли минтақаларида маҳаллий иқлим –тупроқ шароитлари, тупроқ унумдорлиги, мелиорация ҳолати ва алмашлаб экиш тизимини инобатга олган ҳолда ҳамда ҳар бир давлатнинг зарур  эҳтиёжларидан келиб чиқиб, деҳқончилик системасини юритиш долзарб масалаларидан ҳисобланади.

Мамлакатимизда қўлланилаётган деҳқончилик системаларининг негизи, ердан имкон даражасида унумли фойдаланиш ва тупроқ унумдорлигини ошириб, аниқ географик ҳудудлар табиий иқлим ва иқтисодий шароитларида  ҳар бир гектардан энг кўп қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини кам меҳнат ва ҳаражат сарфлаб етиштириш ҳисобланади. Дон-мева навбатлаб алмашлаб экиш тизимида бошоқли дон экинлари деярлик 50 фоиз ер майдонини, қолган қисми эса техник ва озуқа экинлари етиштиришга ажратилади. Дон навбатлаш тизимида агротехник комплекс тадбирларни қўллашдаги асосий фарқ, экин турларининг қатъий нав­батланишига амал қилиниши, кучайтирилган равишда минерал, органик ўғитлар қўллаш, мелиорация ва тупроқ эрозиясига қарши курашни жадал равишда олиб бориш ҳисобланади.  

Шунингдек, бу системада кузги бошоқли дон экинларидан кейин албатта қатор оралари ишланадиган такрорий экинлар кенг жорий этилади. Тупроқ унумдорлигини ошириш учун дон навбатлаш-қатор оралари ишланадиган деҳқончилик системасида ерга жадал ишлов бериш, сезиларли даражада минерал ва органик ўғитлар қўллаш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ҳамда суғориш катта аҳамият касб этади.

Деҳқончилик системаси қуйидаги асосий агротехник комплексларни ўз зиммасига олади:

— интенсив алмашлаб ва навбатлаб экишни  ўзлаштиришда иқтисодий жиҳатидан мақбул бўлган, янада кўпроқ қўшимча ҳосил олишда тупроқ нам­лигига талабчан бўлган экин турларини танлаш;

— суғориладиган ҳамда ёғингарчилик сувларидан самарали фойдаланишни таъминлайдиган тупроққа ишлов бериш системаси ва усулларини қўллаш;

— ўсимликларни экишдан то ҳосил йиғиб олишгача бўлган даврда ўсиб, ривожланишига ижобий таъсир этувчи илғор система ва усулларни ўзлаштириш;

— ўсимликларни касаллик, зараркундалар ҳамда бегона ўтлардан ҳимоя қилишнинг юқори самарали чора-тадбирларини жорий этиш;

— далаларни тупроқ эрозияси ва намликни беҳуда  сарфидан ҳимоя қилувчи ўрмон ихотазорларини жойлаштириш;

— иккиламчи шўрланишга қарши доимий кураш олиб бориш.

Деҳқончилик юритиш системасининг асосий талаби ва принциплари деҳқончилик маданиятини юқори даражага кўтариш, экин турларини биологик хоссаларига кўра, барча агротехник талабларга риоя  қилган ҳолда пахтачилик комплексидаги экинлардан мўл ва сифатли ҳосил олиш ҳамда тупроқ унумдорлигини сақлашдан иборат бўлиб, бир-бирига узвий чамбарчас боғланган  қонуният ҳисобланади.

Немис олими Ганс Дубасалафнинг қатъий фикрича, деҳқончилик системасининг асосий вазифаси 2 банддан иборат. Ҳар бир деҳқончилик системасининг биринчи вазифаси мамлакатни зарур озиқ-овқат ҳамда саноатни зарур хомашё маҳсулотлари билан таъминлаш. Иккинчиси, тупроқ унумдорлигини сақлаш ҳисобланади.

Неъматулла ХУДАЙБЕРГЕНОВ,

Тошкент давлат аграр университети докторанти, доцент.