Янги Ўзбекистон таълим-тарбия тизимидан бошланади


Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси – мамлакатимиз сиёсий ҳаётидаги энг муҳим воқеа. 2017 йилдан буён анъанага айланган бу тадбирда тугаётган йилдаги асосий кўрсаткичлар, янги йилга мўлжалланган мақсад ва вазифалар эълон қилинади. 

2020 йил 29 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасини бутун Ўзбекистон аҳолиси катта қизиқиш билан эшитди ва кузатиб борди. Бу йилги Мурожаатнома Олий Мажлис билан бирга бутун Ўзбекистон халқига қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

Мазкур Мурожаатнома  халқимизнинг пандемия шароитидаги қийинчиликларни бошидан кечирган мураккаб бир даврга тўғри келди. Президентимиз Мурожаатномасида пандемия жаҳон иқтисодиёти учун –  ҳар ойда қарийб 400  миллиард доллар миқдорида зарар келтираётганлиги ва бугунги кунга қадар дунё бўйича 500  миллионта иш ўрни йўқотилганлиги таъкидлаб кўрсатилган.

Шундай қийин шароитда ҳам аҳоли ва давлат органларининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли мавжуд қийинчиликларни мардона енгиб ўтиш учун қисқа муддатда Тошкент шаҳри ва ҳудудларда барча шароитларга эга бўлган қарийб 30  минг ўринли даволаш масканлари ташкил этилганлиги, улар зарур дори-дармон, ҳимоя ва энг замонавий диагностика воситалари билан таъминланганлиги ва пандемияга қарши курашиш учун 200  мингдан зиёд тиббиёт ходими, жумладан, чет эллик 150  нафар юқори малакали шифокор ва мутахассислар жалб этилганлиги аҳамиятлидир.

Пандемия оқибатларини юмшатиш ва бартараф этиш учун давлат томонидан жами 82  триллион сўмлик комплекс чора-тадбирлар амалга оширилганлиги, жумладан, Инқирозга қарши жамғарма ташкил этилиб, коронавирусга қарши курашиш, аҳоли ва корхоналарни қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ тадбирларга бюджетдан 16  триллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилганлиги, шунингдек, давлат корхоналарига ва 500  минг­дан зиёд тадбиркорлик субъекти ҳамда қарийб 8  миллион фуқарога жами 66  триллион сўмлик солиқ имтиёзлари, кредит муддатларини узайтириш ва молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича амалий ёрдамлар берилганлиги давлатимиз раҳбарининг халқимизни қўллаб-қувватлаш йўлидаги яна бир оқилона сиёсати десак муболаға бўлмайди. 

“Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида фидойи ва олижаноб ватандошларимизнинг фаол иштирокида 800  мингдан зиёд эҳтиёжманд оилаларга 1  триллион сўмдан ортиқ моддий ёрдам кўрсатилганлиги ҳам ижтимой соҳадаги амалий ишларимизнинг яққол кўринишидир.

Аҳамиятли жиҳати, Мурожаатномада бугун жамиятдаги мавжуд ижтимоий муаммолар ҳақида атрофлича фикр билдириш баробарида, аҳолининг ижтимоий ҳимоясини янада мустаҳкамлаш бўйича аниқ таклифлар илгари сурилди.

2021 йил мамлакатимизда Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили деб эълон қилингани ёшларимизга берилаётган юксак ишонч белгисидир.

Илк бора бюджет маблағлари ҳисобидан 900 нафар чин етимни уй-жой билан таъминлаш учун 30 млрд. сўм йўналтирилиши ҳамда 500 нафар етим болаларни уй-жой билан таъминлашга маҳаллий бюджетлардан маблағлар ажратилиши ва 100 та ёшлар марказлари, коворкинг марказлари, ёшлар меҳнат гузарлари ишга туширилиб, уларнинг жами сони 350 тага етказилиши бу давлатимизда ижтимоий ҳимоянинг кучайтирилаётганидан дарак бермоқда.

Президентимиз Мурожаатномада «Биз ўз олдимизга мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсадни қўйган эканмиз, бунинг учун янги Хоразмийлар Берунийлар, Ибн Синолар, Мирзо Улуғбеклар, Навоий ва Бобурларни тарбиялаб берадиган муҳит ва шароитларни яратишимиз керак» лигини таъкидлаб, «Бунда, аввало, таълим ва тарбияни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, илм-фан ва инновацияларни тараққий эттириш миллий ғоямизнинг асосий устунлари бўлиб хизмат қилиши лозим» лигига аълоҳида урғу берди. Ва шу мақсадда  “Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан, таълим-тарбия тизимидан бошланади”, деган ғоя асосида кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширамиз деб таъкидлади. 

Давлатимиз раҳбари парламентга Мурожаатномасида 2021 йилда таълим тизимида кутилаётган ўзгаришлар ҳақида батафсил тўхталди. 2021 йилда мактабгача таълим қамрови 65 фоизга, 2023 йил охирида эса 75 фоизга етказилади. 600 миллиард сўм субсидия берилиб, 2 мингта хусусий боғча очилади, хусусий сектор улуши 25 фоизга етади. 6 ёшли болаларни мактабга мажбурий тайёрлаш тизими йўлга қўйилади. 2021 йилда 6 ёшли болаларнинг 82 фоизи (560 минг нафар) мактабга бепул тайёрловга жалб этилади. Узоқ қишлоқларда ЮНЕСКО ва Жаҳон банки билан ҳамкорликда мактабгача таълимни уйда бериш модели йўлга қўйилади. Мактабларда боланинг таҳлилий ва креатив фикрлаш қобилиятини ўстиришга мўлжалланган янги дарсликлар тайёрлаш бошланади. Бошланғич синфларда ДТС ўрнига болага ортиқча юклама бермайдиган «Миллий ўқув дастури» жорий этилади. Бошқа тумандаги олис мактабга бориб, дарс берадиган ўқитувчилар ойлигига 50 фоиз, бошқа вилоятга бориб ишласа 100 фоиз устама тўланади. Ҳудудларда хусусий мактаблар фаолиятини рағбатлантириш учун бюджетдан субсидиялар ажратилади, 10 та Президент мактаби, кимё-биология, математика ва IТга ихтисослашган 197 та мактаб очилади. ОТМларда давлат грантлари сони камида 25 фоизга оширилади. Хотин-қизлар учун грантлар сони 2 баробарга оширилиб, 2 мингтага етказилади. Аъло ўқиётган эҳтиёжманд қизлар учун стипендиялар таъсис этилади. Давлат кадрлар тайёрлаш бўйича хусусий ОТМларга ҳам буюртма бера бошлайди. 30 та ОТМга ўқув дастурларини ишлаб чиқиш, қабул квотаси ва молиявий масалаларни мустақил ҳал қилиш ҳуқуқи берилади. Олий таълимдан кейинги таълим тизимида ҳам сезиларли ўзгаришлар юз беради. 2021 йилда «Эл-юрт умиди» жамғармаси орқали етакчи хорижий ОТМларга магистратура ва докторантурага ўқишга юбориладиган ёшлар сони 5 баробарга оширилади. 2021 йилда илм-фан соҳасида олийгоҳлар ва илмий ташкилотлардаги докторантлар сони 2017 йилга нисбатан 3 баробарга оширилади (4,5 минг нафарга етади). Илмий унвонлар ва даражалар бериш ваколати олийгоҳларнинг илмий кенгашларига ўтказилади. Физика ва чет тиллари кейинги йилга илм-фаннинг устувор йўналишлари этиб белгиланди.

Шунингдек, Мурожаатномада камбағалликни қисқартириш масаласига устувор вазифа сифатида қаралди. Президентимиз янги йилда иқтисодий ислоҳотларнинг пировард мақсади камбағалликни қисқартириш ва аҳоли фаровонлигини оширишдан иборат бўлади, дея таъкидлади. Ушбу стратегик мақсадларга эса ҳамма учун тенг имконият яратадиган юқори иқтисодий ўсиш ҳисобига эришилади.

Давлатимиз раҳбари томонидан бу борадаги устувор вазифалар белгилаб берилди. Жумладан, маҳаллаларда аҳолини касб-ҳунарга ўқитадиган мингдан зиёд марказлар ташкил этилиб, уларда ўқиган ҳар бир шахс учун 1 миллион сўмгача субсидия берилади, бунинг учун бюджетдан 100 миллиард сўм ажратилади. Ўқув курсларини тамомлаб, ўз бизнесини бошламоқчи бўлган фуқароларга асбоб-ускуна харид қилиш учун 7  миллион сўмгача субсидиялар берилади. Туманларнинг ихтисослашуви асосида деҳқончилик билан шуғулланадиган оилаларга 10 сотихдан 1 гектаргача ер майдонлари ажратилади, эҳтиёжманд аҳоли бандлигини таъминлашга Бандликка кўмаклашиш ва Жамоат ишлари жамғармаларидан 500 миллиард сўм йўналтирилади, вақтинчалик ишсизлик нафақаси оширилади, ҳар бир вилоятда камбағалликка қарши курашга қаратилган манзилли дастурлар ишлаб чиқилади, оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида келгуси йилда 6 триллион сўм имтиёзли кредитлар ажратилади. Фуқароларни камбағалликдан чиқариш жараёнига татбиқ қилинадиган яна бир муҳим жиҳат — бу «мотивация, кўникма ва молиявий кўмак» тамойилининг жорий этилишидир.

Таъкидлаш керакки, ушбу вазифалар замирида нафақат муайян аҳоли қатламини камбағалликдан олиб чиқиш, балки бу орқали жойларда тадбиркорлик ва ишбилармонлик муҳитини ҳамда одамларга ўз ҳаётини яхшилаши учун қулай шарт-шароит ва имкониятлар яратиш масалалари мавжуд.

Камбағаллик ҳисобини аниқ юритиш ва аҳолига тўғридан тўғри ёрдам беришни осонлаштириш учун ижтимоий реестр ишга тушади. Бунда «Темир дафтар»даги барча маълумотлар қамраб олиниб, эҳтиёжманд оилаларга 30дан зиёд ижтимоий хизматлар электрон шаклда кўрсатилади. Аслида социал реестрнинг жорий этилиши давлат томонидан кўрсатиладиган ёрдамнинг ҳақиқий эгасига бориши  таъминланади, негаки, барча рўйхат ва хизматлар электрон, шаффоф юритилиши режалаштирилган.

Ислоҳотларимиз натижалари, бўлаётган ўзгаришлар ва аҳолининг кайфияти аввало маҳаллада сезилишини эътиборга олган ҳолда, Президентимиз  “Маҳалла – жамиятимизнинг ёруғ юзи ва виждони кўзгуси” эканлигини ҳақли равишда тан олишимиз кераклигини таъкидлаб, барча даражадаги раҳбарлар пастга тушиб, ўз соҳаси бўйича маҳаллалардаги муаммоларни ўрганиши ва уларга ечим топиши, одамлар сезадиган натижани таъминлаши шарт эканлигини вазифа қилиб қўйди.

Бундан буён маҳалладаги ишларнинг аҳволи вазирлик, идоралар ва ҳокимликлар ишини баҳолашда бош мезон бўлади.

Шунингдек, маҳалланинг нуфузини, унинг ресурс ва имкониятларини ошириш, ходимларининг моддий таъминотини яхшилаш бўйича дастур ишлаб чиқиш зарурлиги белгиланди.

Маҳалла раиси ва унинг ўринбосарлари ваколатларини кенгайтириб, уларга аҳоли муаммоларини бевосита ҳал қилиш имконини яратишимиз керак. Мамлакатимиз амалиётида биринчи марта маҳалла раисига маҳаллий Кенгаш мажлисида кўрилиши мажбурий бўлган масалаларни киритиш ҳуқуқини бериш назарда тутилмоқда. Бу эса муаммоларни тезкор ҳал қилишга эришиш имкониятини яратади.

Маҳаллада ишлаётган малакали ва ташаббускор кадрларни давлат идоралари раҳбарлик лавозимларига тавсия этиш тизимини йўлга қўйиш орқали, раҳбар кадрлар салоҳиятини орттириб боришга алоҳида урғу берилган.

К.Шарипов,

Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори, профессор.

Г.Утемуратова,

Қорақалпоқ давлат университети профессори, кафедра мудири.