ЭЛГА ХИЗМАТ ҚИЛМОҚ – ЮКСАК ШАРАФДИР
(Оқсоқол Қаллибек оға Камоловнинг “Эл хизматида” китобини ўқиб)
“Тотув эл тўзимас”. “Бирлик бор жойда тириклик бор”. “Дўстлик – бемисл хазина”. “Илмли элга нур ёғилар”. “Таниган жойда бўй сийланар, танимаган жойда тўн сийланар”. “Кўп яшаган билмайди, кўпни кўрган билади”. “Якка ёғоч уй бўлмас, ёлғиз йигит бий бўлмас”. “Оға бўлар йигитнинг этак-енги кенг бўлар”.
Ушбу ўгит ва ҳикматларнинг айримлари ўзбек ҳамда қорақалпоқ халқларининг пурмаъно мақоллари ҳисобланса, бошқалари Қорақалпоғистоннинг таниқли оқсоқоли, давлат ва жамоат арбоби Қаллибек оға Камоловнинг онг-тафаккурида қарийб бир аср давомида чархланиб-сайқалланган ибратли фикрлар қаймоғидир. Бу каби дурдона сўзлар ҳурматли оқсоқолимизнинг 2021 йили Нукусдаги “Билим” нашриёти чоп этган “Эл хизматида” номли салмоқли хотира китобида кўплаб учрайди.
Ушбу китоб 1995 йили “Қорақалпоғистон” нашриётида, 2018 ва 2019 йилларда эса “Билим” нашриётида қорақалпоқ тилида уч марта қайта нашр этилган. Ҳар бир янги нашр мазмунан бойитилиб, муаллифнинг мустақиллик даврида юртимизда эришилаётган улкан ютуқларга муносабати билан изчил тўлдириб борилган.
Жорий йилда китобнинг қайта ишланган ва тўлдирилган тўртинчи нашри ўзбек тилида илк бор чоп этилди. Китобни ёзувчи ва таржимон афур Шермуҳаммад таржима қилган. Масъул муҳаррир – Назира Матяқубова.
Китобда асосан Қаллибек оға қорақалпоқ элига раҳбарлик қилган ХХ асрнинг 60-80-йилларида юз берган воқеа-ҳодисалар қаламга олинган. Мазкур хотираларда Қорақалпоғистоннинг иқтисодий, ижтимоий ва маданий тараққиётига оид кўплаб тарихий воқеалар, муҳим далил ва рақамлар қайд этилган.
Камина ана шу китоб ҳақидаги таассуротларимни сиз билан бўлишиш истагидаман, қадрли газетхон. Аввало, китоб муаллифининг ёшлар учун ибратли ҳаёт йўли ҳақида мухтасар сўз юритамиз.
Қаллибек Камолов 1926 йили Орол денгизи бўйидаги “Тербенбес” деган маконда дунёга келган ва чорак аср давомида, яъни 1963-1984 йилларда Қорақалпоғистон Республикасига раҳбарлик қилган, бир қатор масъул вазифаларда ишлаган. Собиқ Иттифоқ Олий Советига 6 марта сайланган, Ўзбекистон Олий Советига бир марта Қорақалпоғистондан вакил бўлган. Қорақалпоғистон АССР Жўқорғи Советига эса 7 марта депутат этиб сайланган.
Қорақалпоғистонда халқ хўжалигини ривожлантириш йўлидаги узоқ йиллик самарали хизматлари учун кўплаб нуфузли давлат мукофотлари, хусусан, 1973 йили “Социалистик меҳнат қаҳрамони” унвонига сазовор бўлган.
Қаллибек оға дунё кезган ва ҳаётнинг баланд-пастини кўрган донишманд инсон. Жаҳоннинг қарийб йигирмата давлатида бўлган. Хусусан, 1984-1986 йилларда дипломатик соҳага ўтиб, Руминиянинг Констанца шаҳридаги собиқ Иттифоқ Бош консули лавозимида ишлаган. Устозга 1984 йили Биринчи даражали Фавқулодда ва мухтор элчи мақоми берилган.
Халқимизда: “От бошига иш тушса – сувлиғи билан сув ичар, эр бошига иш тушса – этиги билан сув кечар”, деган мақол бор. Қаллибек оғани ҳам “пахта иши” деган бало четлаб ўтмаган. Аммо, оқсоқол бу ҳақда эслашни хуш кўрмайди. Шу боис китобида ҳам айни мавзуга батафсил тўхталмаган.
Энг муҳими, Қаллибек оға шунчалик сермазмун ҳаёт йўли ва улкан тажрибага эга бўлмасин, ҳамон ёшлардек ғайрат-шижоатга тўла экани оқсоқолнинг мемуари – хотира китоби саҳифаларидан шундоққина сезилиб туради. “Кучни атрофда юз бераётган ўзгаришлардан олаяпман. Шиддатли ислоҳотлар жараёнини кузатиб, ҳеч бир муҳим воқеани ўтказиб юбормасликка ҳаракат қилаяпман”, дейди оқсоқол.
Бундай кўтаринки ижодий кайфият бежиз эмас. Чунки кейинги 5 йил давомида Ўзбекистон босиб ўтган йўл бир неча ўн йилликка татийди. Шу қисқа даврда мамлакат ва жамият ривожининг асослари шаклланди. Қўшни давлатлар билан дўстона алоқаларимиз яна тикланди. Россия, Хитой, Америка Қўшма Штатлари, Германия, Франция, Ҳиндистон каби жаҳондаги йирик давлатлар ҳам биз билан ҳамкорлик қилишдан манфаатдор.
“Бу ислоҳотлар Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан амалга оширилмоқда. Мен турли даврларда яшадим, ишладим. Ўшанда Усмон Юсупов, Шароф Рашидов сингари таниқли шахслар фаолият юритган. Лекин Ўзбекистоннинг янги тарихида, шу қадар қисқа муддатда бутун дунё тан олган ва халқ ишонадиган етакчи бўлган эмас. Виртуал қабулхона ҳамда Халқ қабулхоналари орқали аҳолининг дарду ташвишидан хабардор бўлиб, у билан маслаҳатлашадиган, фуқаролар фикрига қулоқ тутадиган раҳбар ҳам учрамаган. Мен 18 та давлатга борганман, аммо халқнинг бунчалик қўллаб-қувватлаши, одамлар билан очиқ ва самимий мулоқотни ҳеч қаерда кўрмаганман”, деб эътироф этади Қаллибек оға.
Бугунги кунда ҳаёт қанчалик тез ўзгараётганини кўриш, таққослаш учун узоқ жойларга боришга ҳожат қолмади. Қорақалпоғистонда ҳам ишлар қизигандан-қизиб кетди. Ҳозир Оролбўйи ҳудуди бутун дунё ҳамжамиятининг эътиборида, десак, айни ҳақиқатдир. Ўзбекистон Президентининг БМТ Бош Ассамблеяси сессияларидаги бир нечта нутқи, хусусан, Орол фожиасини бир ёқадан бош чиқариб ҳал этиш бўйича даъвати улкан бунёдкорлик ишларига туртки берди.
Айниқса, Мўйноқ шаҳри бу янгиланишларнинг марказида бўлгани Қаллибек оғани чексиз ҳайрат ва ҳаяжонга солди. Сўнгги йилларда қабул қилинган қарорлар Мўйноқ учун нажотбахш йўл бўлди. Ахир ўз вақтида бу ердан ҳамма кўчиб кетишни бошлаган, бор-йўғи, 13-14 минг аҳоли қолган эди. Ҳозир эса 30 мингга яқин киши яшаяпти. Бу ерда аэропорт, стадион, спорт мажмуаси, амфитеатр ва бошқа иншоотлар пайдо бўлди, инфратузилма қайта тикланиб, тадбиркорлик ривожланмоқда, ҳудуднинг инвестициявий жозибадорлиги ҳам ортмоқда. Одамларнинг ўзида маиший турмушни яхшилаш, жонажон ўлканинг гуллаб-яшнашига ҳисса қўшиш истаги кучайди.
Ўтган йили, пандемияга қарамасдан, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси саъй-ҳаракатлари билан Мўйноқда бунёд этилган “Оқ кема” оромгоҳининг очилишида иштирок этгандим. Ушбу шинам ва замонавий санаторийнинг Абу Али ибн Сино номида экани замирида муҳим бир эзгу ният ўз мужассамини топган.
Бундай бунёдкорлик жараёнидан четда туришнинг ўзи мумкин эмас. Давлатимиз раҳбари доимо фахрийларга ҳурмат-эътибор билан муносабатда бўлади, вилоятларга борганида оқсоқоллар билан суҳбатлашиб, улар фикрига қулоқ тутади. “Бундай учрашувларда бир неча марта қатнашиш шарафига муяссар бўлдим. Биз, катта авлод вакилларининг қўлимиздан келадиган иш, яъни Қорақалпоғистонда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар аҳамиятини аҳоли, айниқса, ёшлар орасида тарғиб қилишга ваъда бердим”, дейди Қаллибек оға.
Шу маънода, китобда муаллифнинг ҳаётий муаммоларга, жумладан, тил, адабиёт ва тарих фанларига оид фикр-мулоҳазаларига ҳам кенг ўрин берилгани бежиз эмас. Қаллибек оға ўзининг кўп йиллик бой ҳаётий тажрибаларидан келиб чиқиб, бугунги ёш авлод вакилларини муносиб тарбиялаш бўйича билдирган қимматли таклифлари ва фойдалари маслаҳатлари китобнинг долзарблиги ҳамда маънавий аҳамиятини янада оширган.
2020 йили “Ғалаба боғи фалсафаси” китобимнинг “Қорақалпоғистонликларнинг буюк ғалабага қўшган ҳиссаси” фасли учун маълумотлар тўплаш асносида бошқа кўплаб муҳим манбалар қатори Қаллибек оға қаламига мансуб мазкур китобнинг қорақалпоқ тилидаги нашри билан ҳам танишгандим. Мана, энди китобнинг ўзбекча нашри қўлимда бор, унда муаллифнинг самимий тилаклари битилган.
Маълумки, Ўзбекистоннинг бошқа барча ҳудудлари қатори Қорақалпоғистондан ҳам Иккинчи жаҳон урушида кўплаб инсонлар иштирок этган ва қаҳрамонлик намуналарини кўрсатган. Хусусан, 1941 йилнинг 1 ноябрига қадар Қорақалпоғистонда 20 та батальон, 114 та рота, 955 та бўлинма ташкил этилган. 1941 йил 3 декабрда 97-Қорақалпоқ алоҳида миллий бригадаси тузилиб, унинг сафларига кўнгилли равишда 5 минг 500 нафар хизматчи ва ёшлар кирган.
Ўша даврда Собир Камолов – Ўзбекистон Компартияси Қорақалпоғистон область комитетининг биринчи котиби, Матеке Жуманазаров – ҚҚАССР Олий Совети Президиуми раиси, Пиржан Сейитов эса республика Халқ комиссарлари советининг раиси бўлиб ишлаган. Қорақалпоғистонлик атоқли давлат арбоби Қаллибек Камолов ўз китобида Иккинчи жаҳон уруши даврида жонбозлик кўрсатган ана шу тарихий шахслар фаолиятига юқори баҳо берган.
Жумладан, Пиржан оға Сейитов, Наврўз оға Жапақов, Матеке оға Жуманазаров ҳақида сўз юритар экан, Қаллибек оға шундай деб ёзган: “Бу оқсоқоллар ўтган асрнинг ўттизинчи йиллари сўнггида, Иккинчи жаҳон уруши ва ундан кейинги даврлардаги қайта тикланиш йилларида Қорақалпоғистонга раҳбарлик қилишди. Барчага яхши маълум, ўша даврларда қонли уруш оқибатида одамлар оғир жудоликларга дуч келиб, турмуш шароити оғирлашган, давлат таъминоти деярли издан чиққан эди. Мана шундай мураккаб бир вазиятда элга бошчилик қилиш, халққа нон топиб бериб, қорнини тўйдириш ниҳоятда мушкул вазифа эди… Юқорида номлари тилга олинган уч оқсоқол ана шундай оғир йилларда, қийин шароитларда Қорақалпоғистоннинг қаддини ростлаш йўлида ҳалол хизмат қилишди, одамларнинг оч-ялонғоч қолишига йўл қўймай, элнинг бирлигини сақлаб турди”.
Иккинчи жаҳон урушида 66 минг нафар қорақалпоғистонлик иштирок этган ва улардан 34 минг нафари жанггоҳларда ҳалок бўлган. Қорақалпоғистондан фронтга сафарбар этилган 14 мингдан зиёд жангчига жанговар хизматлари учун давлат мукофотлари – унвон, орден ва медаллар берилган.
Иккинчи жаҳон урушида жасорат кўрсатгани учун 1942 йилда – Абдулҳақ Умеркин, 1943 йилда – Ўрозбой Жуманиёзов, Андриан Пишчулин, Николай Сараев, 1944 йилда – Махаш Балмагамбетов, Жумагали Калдикараев, Иван Махорин, Иноят Наврўзбоев, Александр Симанов, 1945 йилда – Ўринбой Абдуллаев, Дмитрий Бернацкий, Михаил Булатов, Плис Нурпейсов, Александр Трошков, Жуман Қорақулов «Совет Иттифоқи Қаҳрамони» унвони билан тақдирланган.
Бундан ташқари, қорақалпоғистонлик жангчилардан Ефим Беспалов, Александр Заика, Алимбой Омонбоев, Раим Соипназаров, Тилаймурод Ўтемуродов, Жўлдасбой Ҳалимбетов учала даражадаги «Слава» («Шуҳрат») ордени билан мукофотланган.
Уруш йилларида фронт ортида ҳам Қорақалпоғистон аҳли улкан матонат кўрсатган. Фронт орти ишларида 25,5 минг нафардан зиёд киши меҳнат қилган бўлса, 75 минг 400 нафардан ортиқ қорақалпоғистонлик навқирон йигит-қиз урушнинг турли жабҳаларида ўз фуқаролик бурчини бажарган. Уруш йилларида 90 мингдан зиёд аҳоли совуқ, очарчилик ва эпидемия туфайли вафот этган. Шунга қарамай, Қорақалпоғистон Республикасида маданий ва маънавий-маърифий ҳаёт тўхтаб қолмаган.
1944 йил 24 декабрда Қорақалпоғистон мухтор вилояти ташкил топганининг 20 йиллиги нишонланган. Шу муносабат билан эл-юрт орасида машҳур 200 нафар инсон: деҳқонлар ва агрономлар, ёзувчилар ва санъаткорлар, давлат ва жамоат арбоблари турли мукофотлар билан тақдирланганлар.
Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, бугунги кунда ота-боболаримизнинг ўша даҳшатли урушдаги иштироки ҳақида янада ёрқин илмий ва тарихий асарлар ёзиш даврнинг долзарб талабига айланди. Бинобарин, Қаллибек оға куйиниб қайд этганидек, “ХVIII – ХIХ асрларга тааллуқли бўлган, ҳатто совет давридаги ўтмишимизнинг ҳам очилмай қолаётган қирралари кўп. Биз ўзимизга тегишли даврларни ўрганиб, номаълум даврларни ўрганишни келгуси авлод вакилларига қолдирсак, яна кўп нарсаларни бой бериб, келажак авлодларимиз учун узоқ даврлар жуда мавҳум бўлиб қолиши мумкин”.
Шу нуқтаи назардан, Қаллибек оға Камолов тарихчи сифатида “Қорақалпоқ халқининг тарихидан янги дараклар” деган рисола ҳам чоп эттирган. Ушбу китоби ҳақида тўхталар экан: “Мен эл оғаси ва қорақалпоқ халқининг бир фарзанди сифатида нафақага чиққанимдан кейин ҳам унинг тарихини чуқурроқ ўрганишни кўнглимга тугган эдим”, дейди муаллиф.
Айни чоғда, 22 фаслдан иборат “Эл хизматида” китоби ҳам том маънодаги тарихий асардир. Профессор Тажен Изимбетов таъбири билан айтганда, “Хотира асарнинг ўзига хослиги шундаки, агар муаллиф ростгўй ва холис инсон бўлса, у шахсий таржимаи ҳолини чиройли сўзлар билан безашдан тийилиб, ўзи яшаган даврда юз берган воқеалар ҳақида тарихчи олимлар неча юз йиллар давомида архивларни титкиласа-да, топа олмайдиган ноёб маълумотларни ёзиб қолдиради. Бундай асарлар даврлар ўзгаргани билан ўзининг аҳамиятини йўқотмайди. Қ.Камоловнинг “Эл хизматида” номли китоби ана шундай ноёб асарлар қаторидан жой олишига ишонаман”.
Мен ушбу фикрларга тўла қўшиламан. Шу билан бирга, муаллиф ўзининг шахсий ҳаёти, қалбидаги кечинмалари, оила аъзолари ҳақидаги маълумотларни ҳам самимият билан баён этгани китобнинг ишончлигини янада оширган, деб ўйлайман. Китобга киритилган барча тарихий фотосуратлар асар маъно-моҳиятини тўлдиришга хизмат қилган.
Қаллибек оғанинг китобини мутолаа қилиш асносида алоҳида эътиборимни тортган айрим жиҳатларга қисқача тўхталаман.
Биринчи жиҳат – ўзбек халқининг асл фарзанди, атоқли давлат ва жамоат арбоби, таниқли адиб ва журналист Шароф Рашидов шахсига нисбатан чексиз меҳр ва садоқатга йўғрилган муносабат. Қаллибек оға: “Шароф оғани ўзим учун дунёдаги энг қадрдон инсон, ғамхўр дўст ва улуғ устоз деб билдим”, дея эътироф этади. Шароф Рашидов ҳақида ҳар гал ўзининг холис фикрларини баён этар экан, “Ҳар бир инсон – ўз даврининг фарзанди”, деган ҳақиқатни уқтиради.
Мен таниқли ёзувчи Фёдор Раззоқовнинг Шароф Рашидов ҳақида ёзган китобларида ҳам худди шундай ёндашувга дуч келганман. Чиндан ҳам, ҳар бир инсон ўз даврининг фарзанди сифатида ўша давр учун алоҳида ўрин тутади. Айни чоғда, ҳар қайси инсон ўз даврига маълум маънода таъсир кўрсатади. Оддийгина қилиб айтганда, ҳар қандай шахсни ўз даври тарбиялайди ва ҳар қандай шахс ҳам ўз даврини шакллантиришга ҳисса қўшади. Шундай экан, тарихий шахсларга – фақатгина бугунги кун талабларидан келиб чиқиб эмас, балки Қаллибек оға сингари – ўз даври воқелигига таянган ҳолда холис баҳо берилиши ҳар томонлама адолатлидир.
Иккинчи жиҳат – Қаллибек оғанинг қалб қўридан яралган ушбу китобида балқиб турган ватанпарварлик ва миллатпарварлик туйғулари китобхонни асло бефарқ қолдирмайди. Муаллиф “ўзбек – ўз оғам” дер экан, ватанпарвар инсон сифатида Ўзбекистон давлати ва ўзбек халқининг ҳурмат-эҳтиромини жойига қўйса, Қорақалпоғистон замини ва қорақалпоқ халқининг тарихини ўрганиш, миллий тили, маданияти ва санъатини ривожлантириш ҳақида астойдил қайғуриши орқали ўзининг ҳақиқий миллатпарварлигини намоён этади.
Китобда Қорақалпоғистон Республикасида илм-фан ривожининг бугунги ҳолати ва истиқболлари ҳақида ҳам атрофлича сўз юритилган. Жумладан, “бизда юридик фанга ҳалигача эътибор етарли эмас. Бу соҳа бўйича республикамизда саноқли фан докторлари бор. Ўзбекистон Фанлар академиясининг Қорақалпоғистон бўлимида юридик фанлар сектори ташкил этилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди”, деб ёзган Қаллибек оға.
Муаллиф мавжуд воқеликни холис танқидий таҳлил этиш билангина чекланиб қолмасдан, соҳадаги камчиликни бартараф этиш юзасидан ўзининг амалий таклифини ҳам киритмоқда. Қаллибек оғанинг ушбу таклифини қўллаб-қувватлаган ҳолда, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси мазкур ташаббусни рўёбга чиқариш учун барча зарур чораларни кўриши лозим, деб ҳисоблаймиз.
Учинчи жиҳат – муаллифнинг аёл зотига, хотин-қизлар, болалар ва оилага нисбатан меҳр-муҳаббат, эътибор ҳамда чуқур ғамхўрликка йўғрилган муносабати ҳар қанча таҳсинга сазовор. Қаллибек Камолов ўзининг юрт оғаси сифатида қорақалпоғистонлик хотин-қизлар турмуш тарзини обод этиш, аёлларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги фаоллигини ошириш борасидаги саъй-ҳаракатлари хусусида кўплаб мисоллар келтирган. Китобнинг “Қорақалпоқ хотин-қизлари” номли боби тўлиқ шу мавзуга бағишланган.
Эл орасида: “Бир уйни етти эркак тўлдиролмайди, бир аёл тўлдиради”, деган нақл бор. Китобда айни мавзуда баён этилган ўнлаб мақолу ҳикматлар билан муаллифнинг ўз турмуш ўртоғи тўғрисида ёзган самимий дил изҳорлари ўртасида ажиб бир ҳамоҳанглик бор. Қаллибек оға 70 йилдан ортиқ вақтдан буён умр йўлдоши бўлиб келаётган суюкли рафиқаси ҳақида сўз юритар экан: “Любовь Семёновна раҳматли отамга сидқидилдан хизмат қилиб, унинг дуосини олган. Менинг баракали меҳнат қилиб, раҳбар сифатида камолга етишимда умр йўлдошимнинг хизматлари жуда катта эканини алоҳида таъкидлашни бурчим деб биламан”, дея эътироф этган.
Бинобарин, “Эл хизматида” китоби, бир томондан, тажрибали эл оғаси, иккинчи томондан, юксак маданиятли бир оиланинг ибратли етакчиси қаламига мансуб экани билан, айниқса, аҳамиятли ва фойдалидир. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йилда Қаллибек Камоловни «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан мукофотлагани ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг 2020 йил 2 октябрь куни бўлиб ўтган сессиясида Жўқорғи Кенгес Раиси лавозимига тавсия этилган Мурат Қаллибекович Камолов номзодига ўз розилигини билдиргани бу фикрни амалда яққол тасдиқлайди.
Хулоса қилиб айтганда, 100 ёш билан юзлашаётган Қаллибек оға Камоловнинг умри бардавом бўлсин!
“Эл хизматида” китобининг ўзбекча нашри муборак бўлсин!
Ҳурматли оқсоқолимизни ижод завқи ҳеч қачон тарк этмасин!
Акмал САИДОВ,
Академик.



