Она тили — миллат руҳи


Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг Ўзбек тили байрами муносабати билан мамлакатимиз халқига йўллаган байрам табригини жуда катта эътибор, қизиқиш билан қабул қилдим. Эътиборлиси, Ватанимиз келажаги бўлган ёш авлод таълим-тарбиясига дахлдор инсон сифатида бу борада масъулиятни янада теранроқ англадим.

Дарҳақиқат, тил – инсонлар орасидаги алоқа воситаси бўлиши билан бирга, миллатнинг маънавий бойлиги, ўтмиши, бугуни ва келажагидир.

Ҳозирги кунда Ер юзида 7 мингдан зиёд тил мавжуд бўлса, уларнинг фақат 200 га яқини давлат тили ёки расмий тил мақомига эга. Эътиборлиси, мана шу давлат тили мақомини олган тиллар орасида Она тилимизнинг ҳам борлиги қалбимизда фахр-ифтихор туйғусини уйғотади. Маълумки, 1989 йилнинг 21 октябрида “Давлат тили ҳақида”ги Қонун қабул қилинди. Шунингдек, Президентимизнинг 2019 йил 21 октябрь куни «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони имзоланди. 21 октябрь санаси эса «Ўзбек тили байрами куни» деб белгиланди. Бу эса ўзбек тилининг барқарор ривожланишида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Халқимизда тилга эътибор бериш, ҳар бир сўз, ҳар бир иборани ўйлаб гапириш, қисқа сўзлаш, муомала одоби ва маданиятига қатъий риоя қилиш хусусида кўплаб ҳикматлар мавжуд.

Тарихимизга назар солсак, буюк аждодларимиздан бизга қадар етиб келган асарларда ҳам тилнинг софлигини сақлаш, тилга эътиборли бўлиш, нутқ ва муомала одобига алоҳида эътибор берилганининг гувоҳи бўламиз. Жумладан, Кайковуснинг “Қобуснома”, Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билик” асарларида тил одоби, яъни ўқиш ва билим олишда тилнинг аҳамияти, қисқа ва мазмунли сўзлаш, тилга ортиқча эрк бермаслик каби масалалар хусусида баён қилинган. Абу Райҳон Беруний тил — сўзловчи истагини эшитувчига етказувчи таржимондир, деган. Улуғ мутафаккир, ҳазрат Алишер Навоий тилни инсонни ҳайвондан ажратувчи “гавҳари шариф”га қиёслайди. Шунингдек,  маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлонийнинг “Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғини кўрсатадурган ойинаи ҳаёти унинг тили ва адабиётидур”, деган таъкидлари бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган.

Бугунги кунда тилга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда. Таъкидлаш жоизки, ҳудудларда атоқли аллома ва адибларимиз номлари билан аталган ижод мактабларининг барпо этилиши ҳам она тилимизнинг ўрни ва нуфузини ошириш, унинг софлигини сақлаш, ёш авлодда она тили, миллий тарих ва маънавиятимизга бўлган ҳурмат, меҳр-муҳаббат, садоқат туйғуларини шакллантиришдан иборат.

Табрикда таъкидланганидек, «Бугунги кунда мамлакатимизда 150 та миллий маданий марказ иш юритаётгани, ўзбек тили билан бирга, қорақалпоқ, рус, қозоқ, қирғиз, тожик, туркман тилларида оммавий ахборот воситалари фаолият кўрсатаётгани, мактабларимизда таълим-тарбия жараёни 7 та тилда олиб борилаётгани дунё амалиётидаги ноёб тажриба эканини таъкидлаш ўринлидир. Юртимизда чет тилларга ихтисослашган ҳамда ўқув машғулотлари хорижий тилларда ўтиладиган таълим масканлари сони ортиб бораётгани ҳам шу соҳадаги муҳим ўзгаришлар натижасидир».

Мухтасар айтганда, дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири бўлган она тилимиз халқимиз учун миллий ўзлик ва мустақил давлатчилик тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, мамлакатимизнинг сиёсий-ижтимоий, маънавий-маърифий тараққиётида ғоят муҳим ўрин эгаллаб келаётган буюк қадриятдир. Шундай экан,  тилнинг софлигини сақлаш, уни асраб-авайлаш, тилга эътиборли бўлиш  ва унинг аҳамиятини ёш авлодга тушинтириш, бу борада тарғибот ишларини олиб бориш биз ўқитувчи устозларнинг асосий вазифамиздир.

Камшат Юсупова,

Нукус туманидаги 31-сонли мактаб ўқитувчиси.