ТУРИЗМ ИҚТИСОДИЙ РИВОЖЛАНИШ ДРАЙВЕРИ


Қорақалпоғистон миллий маданияти, археологик ёдгорликлари, ўзига хос табиати билан бу борада катта салоҳиятга эга Туризм иқтисодий ривожланиш драйвери — ҳаракатлантирувчи куч. Бугунги кунда аксарият мамлакатларда мазкур соҳага алоҳида эътибор қаратилмоқда. Чунки туризм мамлакат иқтисодиётига катта фойда келтирадиган истиқболли соҳалардан.

Шу боис, сўнгги йилларда мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида бўлгани каби Қорақалпоғистон Республикасида ҳам сайёҳликни ривожлантириш, унинг туристик салоҳиятини кенг тарғиб қилиш ва шу орқали кўп сонли сайёҳларни жалб қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

 

Кўҳна ва навқирон диёр

 

Айтиш жоизки, Қорақалпоғистон ҳам мамлакатимизнинг туристик салоҳияти энг юксак ҳудудларидан бири саналади. Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикасида 288 та моддий маданий объектлар мавжуд бўлиб, шундан 131 таси археология, 24 таси архитектура ёдгорликлари, 88 та монументал ва 45 та диққатга сазовор жойлар. Улар 3-5 минг йиллик тарихга эга. Масалан, Ақчахон қалъа ёдгорлиги эрамиздан аввалги I ва III асрларга тегишли ёдгорлик ҳисобланади. Ушбу ёдгорлик деворларидаги тасвирий санъат намуналари Марказий Осиёнинг бошқа ҳудудида учрамайди. Бундан ташқари, И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейи Марказий Осиёда ягона ҳисобланди.

— Қорақалпоғистон Республикаси мамлакатимизнинг ўзига хос табиий, маданий ва тарихий хусусиятларига эга ҳудудларидан саналади, — дейди тарих фанлари номзоди Мақсет Карлибаев. — Олиб борилган кўп йиллик илмий-тадқиқотлар натижасида бу ерда Қадим Хоразм цивилизациясига оид кўплаб шаҳар ва қалъалар борлиги маълум бўлди. Мустақиллик йилларида Беруний туманида жойлашган Ақчахон қалъада қорақалпоғистонлик археологларнинг Сидней университети (Австралия) олимлари билан ҳамкорликда олиб борган қазиш ишлари давомида илк бор зардуштийларнинг 6-7 метр баландликда чизилган деворий расмлари топилди. Ана шундай моддий ва маданий ёдгорликларни кенг тарғиб этиш туризм салоҳиятини оширишда муҳим аҳамиятга эга.

Моддий маданий меросдан ташқари, бу замин табиати билан ҳам туристларни ўзига жалб қилади. Хусусан, Қуйи Амударё давлат биосфера резервати жорий йилнинг 16 сентябрида ЮНЕСКОнинг “Инсон ва биосфера” дастури доирасида бутунжаҳон биосфера қўриқхоналари тармоғига киритилди.

 

Халқаро ҳамкорлик — муҳим йўналиш

 

Сўнгги йилларда мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида бўлгани каби Қорақалпоғистон Республикасида ҳам соҳани юксалтириш мақсадида бир қатор хорижий ташкилотлар билан биргаликда вебинар, семинар-тренинглар ва ўқув курслари ташкил этилмоқда.

Жумладан, Туризм ва спорт вазирлиги ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда Қорақалпоғистонда туризм соҳасида фаолият юритаётган маданият объектлари ходимлари, тадбиркорлар, маҳаллий ҳунармандлар, талабалар ва гид-экскурсоводлар учун бир қатор тадбирлар ўтказилди. Асосий мақсад эса семинар-тренинглар орқали туризм соҳасида хизмат кўрсатувчи ташкилот ходимларининг маҳоратини ошириш, янги хизмат турларини йўлга қўйиш, хорижий тилларни ўзлаштиришдан иборат.

— Жорий йилнинг бошидан буён Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) томонидан “Эко Орол” лойиҳаси амалга оширилмоқда, — дейди халқаро ҳамкорлик Германия жамияти лойиҳа менежери Пауль Шумахер. — Ҳозирги кунда ташкилотимиз тўрт йўналишда иш олиб бормоқда. Биз қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорликда ишлаяпмиз. Тўртта йўналишдан бири — туризм соҳаси. Бу соҳада ҳунармандларга амалий ёрдам кўрсатиб келяпмиз. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Қорақалпоғистонда туризмни ривожлантириш учун имкониятлар кўп.

Туристларга ҳудуд ҳақида кенгроқ маълумот тақдим этиш мақсадида Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) билан бирга 36 та туристик объектлар ҳақида инфоборд, яъни маълумотлар тахтачалари ишлаб чиқиш лойиҳаси амалга оширилди. Чимбой туманидаги маҳаллий ҳунармандлар ҳақида брошюралар ва махсус тарғибот видеороликларини тасвирга олиш ишлари олиб борилиб, ушбу материаллар Қорақалпоғистон Республикаси Туризм ва спорт бош бошқармаси расмий интернет саҳифаларида доимий равишда тарғиб қилиб келинмоқда.

 

Катта имконият ва мавжуд муаммолар

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан, туризм инфратузилмасини ривожлантириш, туризм объектларининг муҳандислик-коммуникация тармоқлари, коммунал, йўл ва туризм инфратузилмаларини яхшилаш, шунингдек, маданий мерос объектларини реставрация қилиш ҳамда ободонлаштиришга қаратилган манзилли дастурда Қорақалпоғистон Республикасидаги 48 та объект учун жами 57 миллиард сўм ажратилган. Ушбу дастур 4 та муҳандислик-коммуникация объекти, 15 та йўл инфратузилмаси, 17 та маданий мерос объекти, 6 та туризм ва ёндош инфратузилмаларни ўз ичига олган.

Ташриф буюрувчилар учун хизмат даражасини ошириш ва янги қулайликларни яратиш мақсадида шу кунгача кўп сонли туристик объектлар барпо этилди. Бугунги кунда Қорақалпоғистонда 34 та меҳмонхона, 14 ҳостел ва 32 та оилавий меҳмон уйлари мавжуд. Шунингдек, Нукус шаҳри ва Мўйноқ туманида MICE —туризм объектлари, яъни халқаро даражадаги расмий тадбирлар — форум, конференцияларни ўтказиш салоҳиятига эга бўлган иншоотлар ҳам барпо этилган. Нукус ва бошқа жойларда янги меҳмонхоналар қад ростламоқда. Меҳмонхонларда хизмат кўрсатиш сифати яхшиланмоқда.

Ҳали инфратузилма, менежмент, реклама, кадрлар тайёрлаш ва бошқа йўналишларда бажарилиши керак бўлган ишлар талайгина. Дейлик, эсдалик совға сифатида олиб кетиладиган сувенирни олайлик. Мавжуд сувенир шохобчаларида қорақалпоқ миллий маданияти, ҳунармандчилик анъаналарини намоён этувчи буюмлар сони кам. Ана шундай буюмлар ишлаб чиқарувчилар ва ҳунармандлар учун кенг имконият яратиш, эсдалик буюмлар сотиладиган дўконларни кўпайтириш лозим. Нукус шаҳрида, балки олис ҳудудлар, жумладан, Мўйноқ ва Устюртда ҳам инфратузилмани яхшилаш, сайёҳлик йўналишларини ташкил этиш лозим.

 

Юксалиш кафолати

 

Қувонарлиси, Қорақалпоқ давлат университетида туризм соҳаси бўйича мутахассислар тайёрлаш йўлга қўйилган.

— Муассасамизда туризм, гид ҳамроҳлиги ва таржимонлик фаолияти бўйича бакалавр йўналишлари очилди, — дейди Қорақалпоқ давлат университетининг халқаро ҳамкорлик бўйича проректори, иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент Атабек Алимов. — Талабаларнинг минтақадаги туристик фирмалар ва меҳмонхоналарда ишлаб чиқариш амалиётини ўташи учун шароитлар яратилган. Бу эса, уларнинг соҳани амалиёт билан уйғунликда ўзлаштириб боришига хизмат қилади. Бундан ташқари, туризм йўналиши бўйича профессор-ўқитувчиларнинг малакасини ошириш ҳамда ўзаро тажриба алмашиш мақсадида ЮНЕСКО мутахассислари, малайзиялик ва германиялик олимлари томонидан мунтазам семинар-тренинглар ўтказиб келинмоқда. Университетимизда таҳсил олаётган талабалар юртимиз туризм соҳаси ривожига ҳисса қўшадиган мутахассислар бўлиб етишишига ишонамиз.

 

Амалий ва ҳаётий ташаббуслар

 

Ташкил қилинаётган оилавий меҳмон уйлари сайёҳларга янада қулайлик яратиши баробарида маҳаллий аҳоли бандлик даражасининг ошишига ҳам хизмат қилади.

Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикасининг шаҳар ва туманлари алоҳида туристик дестинациялар бўлиб, улар қаторига Нукус шаҳри, Чимбой, Элликқалъа, Тўрткўл ҳамда Мўйноқ тумани киради.

Ўз ўрнида Мўйноқ тумани алоҳида туристик дестинация сифатида бир қатор диққатга сазовор жойлари, ўзига хос жиҳатлари билан ажралиб туради. Жумладан, экотуризм йўналишига оид Орол денгизи, Устюрт платоси, Судочье кўли каби табиий объектларга ташриф буюрган туристлар учун замонавий йўл танламас автотранспортларда экстремал жип-тур ташкил этилмоқда. Орол денгизи бўйида жойлашган ўтовлар мажмуаси ҳам туристларни бефарқ қолдирмайди.

Маҳаллий аҳолининг ўтмиши, урф-одатлари, Орол денгизи билан чамбарчас боғлиқ бўлган ва бугунги кунда ҳам сақланиб қолган турмуш тарзини ифодалашга қаратилган этнотуризм ривожига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Масалан, Балиқчилар уй-музейи, Орол денгизи тарихи музейи, Ҳунармандлар хиёбони каби масканлар Мўйноқ халқининг урф-одатлари, турмуш тарзи ҳақида туристларда яхлит тасаввур уйғотади.

Айтиш лозимки, сўнгги йилларда кўп сонли туристлар оқимини жалб қилиш мақсадида Мўйноқда “Стихия” халқаро электрон мусиқий, санъат ва илм-фан фестивали, Устюрт текислиги бўйлаб “rally-Muynak” экстремал автопойгаси, “NavrUz” этнофестивали каби маданий ва кўнгилочар тадбирлар ташкил этилмоқда. Бундай тадбирлар кўп сонли меҳмонларни Қорақалпоғистонга жалб қилиш билан бирга, Орол экологик фожиасига дунё эътиборини тортишда ҳам катта аҳамиятга эга.

Шу йилнинг сентябрида Нукус шаҳрида ўтказилган II Халқаро бахшичилик санъати фестивали ўзбек ва қорақалпоқ халқларининг фольклори ҳамда бахшичилигини, умуман, мамлакатимиз миллий санъати ва маданиятини дунё бўйлаб кенг тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этди.

Хулоса қилиб айтганда, Қорақалпоғистонда туризмни изчил ривожлантириш, сайёҳлик объектларидан самарали фойдаланиш, кўрсатилаётган хизмат турлари сифатини ошириш, сайёҳлар оқимини кўпайтириш борасида кўплаб ишлар бажарилмоқда. Бу каби амалий саъй-ҳаракатлар Қорақалпоғистоннинг туристик салоҳиятини ошириб, пировардида мамлакатимиз иқтисодий равнақига хизмат қилади.

Минажатдин ҚУТЛИМУРАТОВ,

“Янги Ўзбекистон” газетасидан олинди.