Халқимизнинг эркин ва фаровон, қудратли Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича хоҳиш-иродасини рўёбга чиқариш, ҳар бир фуқарога ўз салоҳиятини ривожлантириш учун барча имкониятларни яратиш, соғлом, билимли ва маънавий баркамол авлодни тарбиялаш, глобал ишлаб чиқаришнинг муҳим бўғинига айланган кучли иқтисодиётни шакллантириш, адолат, қонун устуворлиги, хавфсизлик ва барқарорликни кафолатли таъминлаш мақсадида Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини амалга ошириш жараёнида орттирилган тажриба ва жамоатчилик муҳокамаси натижалари асосида ишлаб чиқилган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини қабул қилиш учун кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
“Ўзбекистон – 2030” стратегияси олий ғояларни ўзида акс эттириб, Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган. Унинг доирасида умумий қиймати 252,2 миллиард долларлик тадбирлар назарда тутилмоқда.
«Ўзбекистон – 2030» стратегиясида 5 та йўналиш бўйича 100 та мақсад белгиланган.
«Ўзбекистон – 2030» стратегиясининг биринчи йўналиши ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун муносиб шароитларни яратишга қаратилган бўлиб, у 44 мақсаддан иборат. Унда асосан таълим тизими, аҳоли саломатлигини таъминлаш, ижтимоий хизматлар кўрсатиш, камбағалликни қисқартириш, ёшларга оид давлат сиёсати ва спорт йўналишлари, маънавий ривожланишни таъминлаш ва маданият соҳасини янги босқичга олиб чиқиш бўйича ислоҳотлар ўрин олган.
Бунда мактабгача таълим тизимини янги босқичга олиб чиқиш ҳамда болаларнинг тўлиқ қамровини таъминлаш максадида, болаларни мактабгача таълим ва тайёрлов гуруҳлари билан қамров даражасини 100 фоизга етказиш.
Нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари сонини 56 мингтага етказиш, барча давлат мактабгача таълим ташкилотларини компьютер синфи билан таъминлаш, мактабгача таълим ташкилотларини 100 фоиз тоза ичимлик суви ва замонавий санитария-гигиена инфратузилмаси билан таъминлаш, 2 мингта боғча ташкил қилиш вазифалари белгиланмоқда.
Умумий ўрта таълим тизимида “Таълим учун қулай муҳит” дастурини амалга оширишда;
2023-2024 ўқув йилидан бошлаб ҳар йили 500 минг янги қувватларни ташкил этиб бориш.
Ўқув ўринлари сонини 7,5 миллионгача етказиш, 100 фоиз умумий ўрта таълим муассасаларини тоза ичимлик суви ва замонавий санитария-гигиена инфратузилмаси билан тўлиқ таъминлаш, 2,5 миллион ўқувчи ўрнига эга мактаблар қуришга 8 миллиард доллар ажратиш назарда тутилмоқда.
Умумий ўрта таълим тизимини янги босқичга олиб чиқиш мақсадида 699 номдаги янги дарсликлар, машқ дафтарлари, ўқитувчи методика китоблари ва мобил иловалар яратиш, янги авлод дарсликлари асосида планшетлар учун 1 000 та мультимедиа иловалар яратиш, 208 та “Истеъдод – Интилиш – Истиқбол” номли мактаб-интернатлар ташкил этиш, таълим ташкилотларига ҳар йили 500 нафар “тил эгалари” бўлган хорижий мутахассисларни жалб этиш режалаштирилмоқда.
Шунингдек, мактабгача ва умумий ўрта таълим муассасалари педагог ходимларининг иш ҳақини 2 баробар ошириш, олис ва чекка ҳудудларда жойлашган 715 та умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари учун бепул мактаб автобусларини йўлга қўйиш, нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотлари сонини 1 000 тага етказиш, нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотлари фаолиятини йўлга қўйиш учун 1 триллион сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратиш, нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотларида таҳсил олаётган ўқувчилар улушини 3 баробарга ошириш ва давлат-хусусий шериклик доирасида 2 миллиард долларлик умумий ўрта таълим ташкилотлари тармоғини кенгайтириш лойиҳаларини амалга ошириш мақсадлари белгиланмоқда.
Профессионал таълим тизимини ривожлантириш орқали ўқувчиларни замонавий билим ва кўникмаларга ўргатиш максадида, қўшимча 146 та касб ва мутахассисликларга бепул ўқитишни йўлга қўйиш, 704 та профессионал таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ва моддий-техника базасини такомиллаштиришга 3 триллион сўм ажратиш, ўрта бўғин мутахассисларини тайёрлашда давлат грантини муҳандислик, ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш йўналишларида 50 фоизга, ахборот технологиялари, қурилиш, транспорт ва логистика йўналишларида 100 фоизга етказиш режалаштирилмоқда.
Олий таълимда, ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражасини камида 50 фоизга етказиш, давлат гранти асосидаги қабул параметрларини 2 баробарга ошириш, 30 та олий таълим муассасасининг таълим дастурларини халқаро аккредитациядан ўтказиш, “Топ-500”га кирадиган хорижий университетлар билан ҳамкорликда камида 50 та қўшма таълим дастури ва “икки дипломли тизим”ни жорий этиш, 15 та олий таълим муассасасини дунёнинг энг нуфузли “Топ-1000” олий таълим ташкилотлари рейтингига киритиш, олий таълим муассасаларида илмий тадқиқотлар натижадорлигини ошириш ва илмий салоҳиятни 70 фоизга етказиш учун ажратилаётган маблағлар миқдорини 3 баробарга ошириш, 5 та олий таълим муассасасини миллий тадқиқот олийгоҳларига айлантириш, қўшимча 120 минг ўринли ўқув бинолари ҳамда 150 минг ўринли талабалар турар жойларини қуриш, ҳудудларда қурилаётган уйларнинг 30 фоизини профессор-ўқитувчиларга имтиёзли шартларда бериш амалиётини жорий қилиш каби мақсадли вазифалар белгиланмоқда.
Шунинг билан бирга, иқтисодиётнинг энг тез ўсиб бораётган йўналишларида амалий тадқиқотларни кучайтириш, “корхона – олийгоҳ – илмий ташкилот” кластер тизими жорий этилади.
Иқтисодиёт тармоқларининг “драйвер” йўналишларида 850 турдаги инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқариш, илмий тадқиқотлар натижаларини тижоратлаштириш йиллик ҳажмини 5 триллион сўмга етказиш, транспорт ва логистика, қишлоқ хўжалигида ҳосилдорлик, энергетика, био-технология, геология ва металлни қайта ишлаш, машинасозлик ва электроника йўналишларида 8 та илмий ишлаб чиқариш кластерини ташкил этиш, Ўзбекистон Глобал Инновацион Индексда Топ-50 талик мамлакатлар рўйхатига киришини таъминлаш режа қилинмоқда.
Аҳоли саломатлигини таъминлаш бўйича ислоҳотларда;
700 та поликлиника барпо этиш, 28 минг шифо ўринларини яратиш, 16 минг шифокор штатларини ташкил этиш мақсадли вазифа этиб белгиланмоқда.
Мамлакатда камбағаллик даражасини 2026 йилга қадар 2 баробарга, 2030 йилга қадар эса кескин қисқартириш чоралари кўрилади.
Ёшларга оид давлат сиёсати ва спорт йўналишларидаги ислоҳотларда;
Ёшларнинг замонавий касблар билан машғул бўлишини таъминлаш учун ҳар бир вилоятда 1 тадан “Креатив парк”лар фаолиятини ташкил этиш, уларга йилига камида 40 минг нафар ёшларни жалб қилиш, ёшларнинг ишсизлик даражасини 14 фоиздан 6 фоизга камайтириш, ёшлар ўртасида IT соҳасини янада оммалаштириш ҳамда соҳада хизматлар экспортини ошириш, IT хизматлар экспортини 5 миллиард долларга етказиш, IT-Парк резидентлари сонини 10 баробарга ошириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилади.
Маънавий тараққиётни таъминлаш ва маданият соҳасини янги босқичга олиб чиқиш бўйича ислоҳотларда;
Маданият ташкилотлари фаолиятини ривожлантириш, уларнинг моддий-техника базасини яхшилаш ва соҳа ходимларини қўллаб-қувватлаш, тасвирий ва амалий санъат йўналишларини ривожлантириш борасида, 432 та таъмирталаб маданият марказларида қурилиш-таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларини амалга оширилади, 13 та болалар мусиқа ва санъат мактабларини жиҳозланиб, тўгараклар сони 7 мингтага етказилади.
Маданият ва истироҳат боғларида 43 та амфитеатр, 64 та замонавий ёзги кинотеатрлар ва 24 та буккафелар фаолияти йўлга қўйилади. Нуронийлар, она ва болалар учун махсус 18 та аллеялар ташкил этилади.
Стратегиянинг иккинчи йўналиши барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлашга қаратилган. Бу йўналишда 17 та мақсад белгиланган.
Бунда 2030 йилга қадар иқтисодиёт ҳажмини 2 баробар ошириш ва “даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар” қаторига кириш режалаштирилган.
Ялпи ички маҳсулот ҳажмини 160 миллиард долларга ва аҳоли жон бошига даромадлар 4 минг долларга етказилади.
“Яширин иқтисодиёт”ни қисқартириш орқали солиқ базасини қўшимча кенгайтириш имкониятидан фойдаланилади.
Мамлакатимизда 250 миллиард долларлик инвестицияларни амалга ошириш, жумладан 110 миллиард доллар хорижий инвестициялар ва 40 миллиард доллар давлат-хусусий шериклик доирасидаги инвестициялар жалб қилинади.
Умумий қиймати 150 миллиард долларлик 500 дан зиёд “Мега” ва стратегик аҳамиятга эга бўлган технологик ва инфратузилмавий лойиҳалар амалга оширилади.
Банк тизимида ислоҳотларни жадаллаштиришда, банк ва молия тизимида йиллик кредитлаш ҳажмини 40 миллиард долларга етказиш, банк омонатлари ҳажмини 4 баробарга ошириш, кредит фоизларини 10-12 фоизгача тушириш назарда тутилган.
Электр энергиясини ишлаб чиқариш ҳажми 118 миллиард кВтга етказилади.
Табиий газ қазиб олиш ҳажми 62 миллиард куб метрга етказилади.
Электр энергияси ва табиий газни тақсимлаш, генерация қилиш ва истеъмолчига етказиш инфратузилмаси модернизация қилинади.
Туман марказларидан ҳар бир қишлоқ аҳоли пунктларигача жами 5,5 минг километр цемент-бетон қопламали йўллар қурилади.
Оилавий тадбиркорлик асосида бандликни таъминлашда оддий “қўл меҳнати”дан – саноатлашган ишлаб чиқариш босқичига ўтиш мақсадларида, ускуна сотиб олиш учун имтиёзли кредит миқдори 100 миллион сўмга қадар оширилади.
Ўзбекистонда ташқи ва ички туризмни ривожлантириш учун кенг шароитлар яратиш орқали сайёҳлар сонини ошириш чора-тадбирлари кўрилади.
Хорижий туристлар сонини 15 миллионга, ички сайёҳлар сонини 25 миллионга, зиёрат туризми бўйича келадиган туристлар сонини 3 миллион нафарга оширилади.
Республикада 30 та йирик туризм кластерларини ташкил этиш, маданий мерос объектлари сонини 800 тадан 2,5 мингтага етказиш, меҳмон ўринлари сонини камида 2 баробарга ошириш, тоғли ҳудудларда 25 та дор йўллари қуриш назарда тутилган. Туризм маҳаллалари сонини 175 тага етказилади.
Туризм хизматлари экспортини 5 миллиард долларга, тиббиёт ва таълим туризми экспорти йилига 1,5 миллиард долларга етказилади.
Ногиронлиги бор шахслар учун “Тўсиқсиз туризм” дастурини ишлаб чиқиб, ҳар бир вилоятдан йилига 1 минг нафардан ногиронлиги бўлган шахсларнинг Самарқанд, Бухоро ва Хивага бепул саёҳатлари ташкил қилинади.
Қурилиш ҳажмини йилига 25 миллиард долларга етказиш, ҳудудларда қўшимча 1 миллион хонадонли уй-жойлар қуриш, “Янги Ўзбекистон” массивлари сони 100 тага етказиб, қўшимча 200 мингта оилага мўлжалланган уйларни барпо этиш белгиланган. Республикада камида 140 минг оилага мўлжалланган ижтимоий уйлар барпо этилади.
Уй-жой қуриш учун республика бўйича 2 минг гектар ер участкалари ажратилиб, ушбу ер майдонларида уй-жой барпо этаётган қурувчилар 2 йил давомида ер солиғидан озод қилинади.
«Ўзбекистон — 2030» стратегиясининг учинчи йўналиши, сув ресурсларини тежаш ва атроф муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган. Ушбу йўналишда 12 мақсад белгиланмоқда.
Сув ресурсларини тежаш бўйича ислоҳотларда, республикада сувдан оқилона фойдаланиш маданияти ва сув ишлатиш самарадорлиги бўйича тегишли ишлар олиб борилади.
Сув етказиш тизимига илғор хорижий тажрибаларни кенг жорий қилган ҳолда тупроқ қопламали каналларни бетон қопламага ўтказиш бўйича етти йиллик чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилади ва амалга оширилади.
Сув тежовчи технологияларни ишлаб чиқарувчи маҳаллий корхоналарнинг йиллик қуввати 300 минг гектарга ва маҳаллийлаштириш даражаси 95 фоизга етказилади.
Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий қилиш ва суғориладиган майдоннинг ҳар бир гектарига бериладиган сув ҳажмини 20 фоизга камайтириш орқали сувнинг маҳсулдорлиги оширилади.
Амударё ўзанида жойлашган ҳудудларда экинларни рационал жойлаштириш, каналларни бетонлаштириш белгиланган ва замонавий сув тежовчи технологиялари жорий қилинади.
Атроф муҳитни муҳофаза қилиш бўйича ислоҳотларда.
Юқори самарадорликка эга чанг-газ тозалаш ускуналари ва локал сув тозалаш иншоотларини ўрнатиш ҳамда мавжудларини модернизация қилиш, 14 та ҳудудда экологик тоза ҳудуд режимини жорий қилиш, Шаҳарлар бош режаларини тузишда улар ҳудудининг камида 30 фоизини яшил майдонлар ташкил этиши, турар жой биноларини қуришда “яшил майдон”ларни аҳолининг сонига мутаносиб бўлишини таъминлаш чора-тадбирлари амалга оширилади.
Экологик вазиятни барқарорлаштиришга қаратилган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси кенгайтирилади.
Оролбўйи минтақасида экологик вазиятни барқарорлаштириш, Орол денгизи қуриши натижасида юзага келган экологик муаммоларнинг салбий таъсирини юмшатиш мақсадида, Оролбўйи минтақасидаги ўрмонзорлар 2,3 миллион гектарга етказилади. Орол денгизининг қуриган тубида қўшимча 800 минг гектар яшил майдонлар барпо этиб, уларнинг умумий ҳажми 3,5 миллион гектарга ёки ҳудуднинг 85 фоизига етказилади.
Стратегиянинг тўртинчи йўналиши қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этишга бағишланган, унда 16 мақсад белгиланмоқда.
Халқ хизматидаги давлатни ташкил этиш ва жамоатчилик бошқарувини такомиллаштириш бўйича ислоҳотларда;
Аҳоли ташаббуси билан инфратузилмани яхшилашга ажратиладиган маблағларни 24 триллион сўмга етказиш, Маҳалланинг маблағларини аҳолининг овозига кўра, маҳаллалардаги инфратузилма лойиҳаларига йўналтириш амалиётини жорий қилиб, маҳаллаларга муаммоларни ҳал этиш учун ажратиладиган маблағлар миқдорини камида 3 баробар кўпайтириш, Маҳаллаларда 100 дан ортиқ давлат хизматларини “бир қадам”да кўрсатишни йўлга қўйиш ишлари олиб борилади.
Ҳудуддаги аҳоли сонидан келиб чиқиб ҳар бир маҳаллий Кенгашда 5 тагача доимий асосда фаолият юритувчи профессионал депутатлар корпуси шакллантирилади.
Маҳаллий давлат ҳокимияти ижро органлари фаолиятини трансформация қилиб, ҳудудий бошқарувни “аҳоли манфаатларига хизмат қилиш” тамойили асосида йўлга қўйиш режа қилинмоқда.
Соғлиқни сақлаш, қурилиш, транспорт, таълим, қишлоқ хўжалиги соҳаларида хусусий сектор улуши камида 3 баробар оширилади.
Давлат бошқарувида мавжуд бўлган 5 мингга яқин функцияни амалга ошириш жараёнлари 100 фоиз рақамлаштирилади.
Давлат органлари раҳбарларининг ўзи раҳбарлик қилаётган идора ёки тизим фаолиятида йўл қўйилган жиддий хато ва камчиликлар учун сиёсий жавобгарлик институти жорий қилинади.
Эркин фуқаролик жамиятини ва оммавий ахборот воситалари фаолиятини янада ривожлантириш, Ўзбекистонни фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича хабга айлантиришда, очиқлик сиёсатини изчил давом эттириб, оммавий ахборот воситалари фаолиятининг эркинлиги, фуқароларнинг ахборот олиш, ундан фойдаланиш ва тарқатишга бўлган ҳуқуқлари қатъий кафолатланади.
Ижтимоий шерикликда амалга ошириладиган лойиҳалар сони камида 3 бараварга кўпайтирилади.
Давлат дастурларида иштирок этаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари сони камида 80 тага етказилади.
Фуқаролик жамияти институтларининг ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳа ва дастурларини давлат томонидан молиялаштириш ҳажми камида 2 бараварга оширилади.
Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар амалга оширилади.
Адвокатура институтининг салоҳиятини тубдан ошириш, шунингдек, малакали ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тизими ривожлантирилади.
Стратегиянинг бешинчи йўналиши мамлакатни хавфсиз ва тинчликсевар давлатга айлантириш ишларини давом эттиришга қаратилган. Унда 11 мақсад белгиланмоқда.
Очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат олиб бориш бўйича ислоҳотлар давом эттирилади.
Янги Ўзбекистон ташқи сиёсати халқ ва давлатнинг манфаатларидан келиб чиққан ҳолда изчил амалга оширилади.
Жанубий Осиё, Яқин ва Ўрта Шарқ, Африка минтақасидаги мамлакатлар билан мавжуд алоқаларни янада кенгайтириш, янги ва истиқболли йўналишларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш, кенг минтақаларни боғловчи ва Ўзбекистонни жаҳон бозорига чиқишига имкон яратувчи транспорт-логистика йўлаклари шакллантирилади.
Хорижда истиқомат қилаётган ватандошларни қўллаб-қувватлаш, улар билан доимий мулоқот тизимини жорий этиш йўлга қўйилади.
Ватандошлар томонидан ташкил этилган жамоат бирлашмалари фаолиятини ҳар томонлама рағбатлантириш ва уларнинг сонини 300 тага етказиш ишлари олиб борилади.
Мамлакатимиз хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини кучайтириш бўйича ислоҳотлар амалга оширилади.
2022 йилда эълон қилинган «2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси» дастури «Ўзбекистон — 2030» стратегияси билан бир вақтда, параллел равишда амалга оширилиб борилади.
Т.РОМАНОВ,
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлинмаси раҳбари.



