ҚОРАҚАЛПОҒИМСАН – НОМУСИМ, ОРИМ…


Президентимиз ҳудудлар ривожи ва аҳоли ҳаёти билан яқиндан танишиш мақсадида 30 март куни Қорақалпоғистон диёрига ташриф буюриб, аҳоли, эл оқсоқолларию фаоллар билан самимий мулоқот қилди. Кун сайин обод бўлиб бораётган Кегейлидаги замонавий корхона фаолияти билан танишди. Республикадаги жаҳон андозаларига жавоб берадиган 6 та янги ишлаб чиқариш қувватларига рамзий старт берди. Нукусдаги инновацион янгиликларга бой ёшлар технопаркини мамнуният билан кўздан кечириб, шу шаҳардаги Олтин соҳил маҳалласида бўлди. Ифторлик чоғи юзларидан нур ёғилган отахонлар ва онахонлар даврасида минг йиллик баҳорий таом — сумалакдан татиб кўрди.

Бердақ номидаги Қорақалпоқ мусиқали драма театрида ўтказилган миллатлараро биродарлик анжумани барчада катта таассурот қолдирди. Давлатимиз раҳбари жорий йилда халқимизнинг буюк қомусий алломаси Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050, келгуси йили атоқли маърифатпарвар шоир Ажиниёз Қўсибой ўғли таваллудининг 200 йиллигини кенг нишонлаш билан бирга қорақалпоқ мумтоз адабиётининг асосчиси Бердақ Қарғабой ўғлининг икки асрлик санасига тайёргарлик кўриш лозимлигини таъкидлади.

Бердақ Аму тўлқинларидек тўлғанган армон билан:

Менинг мусофир халқимга

Яйраб-яшнар замон керак,  — деб ёзган эди ўз замонидан ҳасрат қилиб. Аллоҳга беадад шукрки, шоир орзусидаги “боғида булбуллар сайраган” хуррам кунлар, “ўтирик сўздан, элу юрти мунгдан йироқ, мард йигитлар минган тулпор учун тўғри йўл” замони келди.

Бугун буюк юртимиз эришган беқиёс марраларни қалб кўзини ҳасаднинг қора пардаси қоплаганларгина кўрмаслиги мумкин. Йўқ, улар бу ўсиш-ўзгаришларга микроскопнинг линзаси орқали қарайди, аллақачон отдан тушган бўлсалар ҳам эгарга ёпишиб, ёмонлик тўрини тўқийди.

Сиёсатнинг кўрки — оқиллик. Давлатимиз раҳбари Қорақалпоғистонга ташрифи чоғи юксак ифтихор, келажакка қатъий ишонч, алоҳида эҳтиром билан “Биз битта элмиз ва битта юртмиз!” деди. Замирида чуқур эзгу маъно мужассам бўлган ушбу оқил ибора бугун янада долзарб даъват касб этиб, Қорақалпоғистон заминида истиқомат қилиб келаётган барча миллат вакиллари дилларида акс садо берди.

Дарвоқе, қадимшунос аллома С.Толстов бу элда етти минг йил муқаддам “Ёнбош” қўналғасида тирикчилик қилган хоразмий боболарнинг бошпанасини топган. Янги замон куйчиси, Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири Ошиқ Аёз — Ибройим Юсупов “Фарзандим деб очдинг қучоқ, Ўзга эмас, ўз жонимсан, Гўзал Ўзбекистонимсан!” деб шундай сатрлар битган:

Мен талашиб фазлу камол

Биров билан баҳслашмайман.

Тарихчига очтириб фол

Мозий учун баҳслашмайман.

Мард Тўмарис — массагетнинг,

“Қирқ қиз”ларнинг урвоғиман.

Фарзандиман печенегнинг,

Саҳро қорақалпоғиман.

Қадимги юнон тарихчиси Геродот милоддан аввалги 530 йилда массагетлар маликаси Тўмарис ва аҳамонийлар ҳукмдори Кир II ўртасида Окс(Амударё) нинг ўнг соҳилида бўлиб ўтган қақшатқич жанг якуни форс жаҳонгири қўшини ва ўзининг даҳшатли ҳалокати билан тугагани, шоҳнинг кесилган боши қон тўла мешга солинганини ёзади. Юқоридаги гўзал сатрлар муаллифи бу ҳақда “Тўмарис” достонини битди. Достон Зулфия, Қайсин Қулиев, Расул Ҳамзатов, Чингиз Айтматов, Мустай Карим, Давид Қўғултинов, Ўлжас Сулаймоновдек атоқли сўз усталарининг эътирофига сазовор бўлди. Куни кеча Навоий шаҳрида бўлиб ўтган туркий халқлар мумтоз шеърияти фестивалида тақдимоти ўтказилган “Туркий халқлар адабиёти дурдоналари” 100 жилдлигининг 5 жилди қорақалпоқ адабиёти намуналаридан, 1 жилди Ибройим Юсупов асарларидан иборат. Туркий халқларнинг мумтоз ва ҳозирги замон адабиёти вакилларидан 1010 муаллифнинг асарлари кирган бу муҳташам антологияни нашрга тайёрлаш жараёнида нақадар улуғ шоиру адибларимиз борлигини кўрдик.

Оташин қорақалпоқ шоири Ўтеш Олчинбой ўғли биринчи навбатда “Эр йигитга номус керак, ор керак!” деб ёзган эди. “Баралла айтгумдир кўнглимда борим, Қорақалпоғимсан — номусим, орим”, дейди Генжемурат Есемуратов. Ўз шаънини барча нарсадан устун қўйган олижаноб қорақалпоқ халқи ҳақидаги илк маълумотларни ўн иккинчи аср рус солномаларида, машҳур тарихчи Рашидиддин асарларида, Русь ҳукмдорларидан Анна Иоановна, Елизавета Петровна ва кейинги давр архивларидан ҳам топиш мумкин. Бу бардошли халқ турли асрларда Нўғой ва Қипчоқ даштларида, Эдил ва Ёйиқ соҳилларида, Сирдарёнинг қуйи оқимида, Туркистон заминида яшаб келди. Ёйиқ (Урал) томонларда яшаганида қорақалпоқлар 1723 йили жунғор босқини туфайли (улуғ қорақалпоқ шоири Жиян Жиров ижодида ўз аксини топган) шарққа қараб кўчганидан кейин, 1743 йили Абулхайрхон тажовузига дуч келади. 1762 йили Ерали султон ҳужумидан сўнг Туркистон орқали Оролбўйига йўл олади. Бу ердаги қўним ҳам осон кечгани йўқ.

Ажиниёз шоирнинг “Бўзотов” поэмасида ўша даврнинг қоронғу кунлари алам билан тилга олинади. Евроосиё кенгликлари бўйлаб қийинчилик гирдобида қолган халқ қисмати мураккаб бўлди. Устозимиз Ошиқ Аёзнинг Аббоз шоирга бағишлаган “Чўгирма” шеъридаги ушбу сатрлар бежиз ёзилган эмас:

Аввал пайдо бўлдинг

кимнинг бошинда,

Оролбўйи, Эдил, Ёйиқ қошинда,

Ўн асрлик ўрис солномасинда

Қувондим номингни ўқиб, чўгирма.

Бобом паноҳ бор деб Ўрусияда,

Пётрнинг шаҳрига кирди туяда,

Сий кўриб Московда, Макарияда

Бошимизда олам кездинг, чўгирма…

Қорақалпоқ халқи қайси кенгликларда, қайси империялар қаровида бўлмасин, озодлик, эрк учун тинмай курашди. Маманбийнинг шимолдан излаган адолати сароб бўлиб чиқди.

Ойдўст ва Ерназар Олакўз Хива хонлигига қарши бош кўтарди. Охири фон Кауфман бу ерларни босиб олиб, ўзи раҳбарлигидаги Туркистон губернияси таркибига қўшиб олди. Дарё соҳилидаги энг баҳаво жойга Петроалександровск (Эски Тўрткўл) қалъасини қурди. Буюк Бердақ “Хоразм” достонида ушбу диёр, яъни Қуйи Амударё воҳаси, Турон паст текислиги, Қизилқум, Қорақум саҳроси, Орол денгизи остонасидаги бепоён ерлар ҳақида беқиёс завқ-шавқ билан сўз юритади. Ўз Ватанида кечган ҳақсизликлардан куюнади:

Орага душман сўз солди,

Дўстдан дўстнинг кўнгли қолди,

Ўрис келиб юртни олди,

Шул бўлди фалак офати.

Балки муҳтарам муштарий бу сатрлардан Бердақ замонидаги зулму зўравонликлар ҳасратини излар. Аммо большевиклар босқини ҳам қорақалпоқ халқи бошига чексиз-чегарасиз кулфат солди. Халқларимиз орасига нифоқ солишга уринаётган “қизиб кетган каллалар” бу гапларни билиб қўйишлари керак. Советлар 1920 йили ҳозирги Қорақалпоғистоннинг жануби ва шимолида Амударё вилоятини тузди. Хўжайли-Қўнғирот музофоти Хоразм Халқ Республикасига берилди. Мард етакчи, ўз халқининг фидойи фарзанди Оллоёр Дўстназаровнинг талаби билангина 1925 йилда Қорақалпоғистон мухторияти ташкил этилди. О.Дўстназаров унга бир неча ойгина раҳбарлик қилди. Уни тез орада Тошкентга, Москвага, кейин Бошқирдистонга, охирида яна Москвадаги “Металлстрой” трестига жўнатишди. 1937 йилнинг 8 декабрида шафқатсизларча отиб ташлашди.

1925-1936 йилларда Қорақалпоғистон мухторияти СССР таркибидаги икки республика таркибида бўлди. Шу даврда, яъни Оллоёр Дўстназаровдан кейин мухториятдаги олий мансаб — фирқа қўмитасининг биринчи котиби лавозимини 9 киши эгаллади. Уларнинг бирортаси қорақалпоқ миллатига мансуб эмас эди. Устига устак, мухторият мансабдорлари гоҳ кема, гоҳ туя, гоҳ поезд, гоҳ отда бир ойлаб йўл юриб, Московга “ҳисобот ташир”, минг бир машаққат билан Оренбург ё Қизил Ўрдага етиб келганда, яна Кремль томонга, “Совнарком”га, “Совнархоз”га чақиришарди. Улар элни ҳам, бола-чақани ҳам кўрмасдан орқага қайтар эди.

Ойнинг ўн беши ёруғ экан. 1936 йили мухтор республика Ўзбекистон таркибига киритилди. Бу жуда тўғри қарор бўлди. Чунки мухтор республика аҳолисининг тенг ярми ўзбеклар эди. Ўзбекистон Қорақалпоғистоннинг, Қорақалпоғистон Ўзбекистоннинг таянч тоғига айланди. Оқил етакчи Усмон Юсуповнинг таклифи билан туб аҳоли вакили Пиржон Сейитов, кейинчалик эса атоқли арбоб Шароф Рашидовнинг ташаббуси билан Қаллибек Камолов биринчи котиб лавозимига тайинланди. Бу даврда Қорақалпоғистон халқ хўжалиги, ирригация, мелиорация, аграр соҳа, қурилиш, логистика тармоқларида туб бурилишга эришилди. Темир йўл тизими бунёд қилинди. Туямўйин сув омбори барпо этилди. Икки элнинг бирлашиши чинакам бахт бўлди. Бунинг учун келтиришимиз мумкин бўлган мисолларнинг сон-саноғи йўқ. Фанлар академиясининг бўлими, Қорақалпоқ давлат университети, Ботаника боғи, Санъат музейи ташкил топди, опера, театр каби фан ва санъат соҳалари ривожланди.

Оққан дарё оқаверади. Ўзбекистон истиқлоли Қорақалпоғистонга мисли кўрилмаган миқёсдаги ислоҳотларни олиб келди. Янги аср бошидаги даҳшатли сув тақчиллигида бутун мамлакат мушкулот исканжасида қолган элга ёрдам қўлини чўзди. Ҳатто аҳоли учун бир чўмич ичимлик сув қолмаган овулларга Тошкенту Самарқанд, Андижону Сурхондан нажот келди.

Кейинги йилларда Қорақалпоғистон Республикаси таниб бўлмас даражада ўзгарди. Янги Ўзбекистон етакчиси мамлакатнинг яшариш, яшнаш стартини Мўйноқдан бошлаб берди. Бир неча ўн йиллар ҳувиллаб ётган аэропорт реконструкция қилиниб, умид учқунини алангага айлантирган жабрдийда масканга замонавий лайнерлар қўнди.

Президент раҳнамолигида бунёд этилган бир ярим миллион гектардан кўпроқ саксовулзор денгиз акваториясидаги тўзонга мустаҳкам иҳота бўлмоқда. Бу иш денгизнинг Учсой тарафидан амалга оширилмоқда. Денгизнинг Жилтирбос тарафидан худди 2012 йилда бўлгани каби катта сув оқими кириб боришидан умид узганимиз йўқ. Қолаверса, денгиз ултонининг айрим жойларидан сув отилиб чиқмоқда. Шоир айтганидек, денгиз бугун қайтса, эртага тошиши ҳам эҳтимолдан узоқ эмас.

Очиқ эл — гулистон, ёпиқ эл — зимистон, дейишган донишмандлар. Янги Ўзбекистон озод, обод, очиқ, демократик жамият биносига сайқал бермоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонда қайта-қайта таъкидлаганидек, халқни рози қилиш, ҳар бир хонадоннинг бахтли турмушини таъминлаш, ҳар бир инсоннинг муқаддас муроду мақсадларига етиши, ёшларнинг илғор билим ва ғоялар билан қуролланиши, аёлларнинг иқболини ўйлаш, тадбиркорларнинг кўпайиши бугунги куннинг бош вазифасидир.

Обод турмуш нафақат Нукус, Тахиатош, балки ҳар бир овулга, ҳар бир маҳаллага, ҳар бир хонадонга кириб бормоқда. Мамлакатимиз ҳам, унинг барча ҳудудлари, жумладан, Қорақалпоғистон тараққиётнинг ойдин манзилларига отланяпти. Қаҳрамон шоиримиз ёзганидек, бу эл ҳали зўр бўлади. Бунга шу йилнинг 30 апрель куни ўтказиладиган умумхалқ референдуми орқали янги таҳрирдаги Асосий қонунимиз кенг йўлни очиб беради.

Янги таҳрирдаги Конституция юртни янгилайди, мамлакатни жаҳондаги энг илғор мамлакатлардан бирига айлантиради. Миллатлар орасидаги дўстликни янада мустаҳкамлайди. Иқтисодиёт билан маънавиятни тарозига тенг қўяди. Инсон ҳуқуқларини, унинг қадрини тўлиқ кафолатлайди. Бу сиёсий тадбирда барчамиз бирдек фаол иштирок этамиз, Янги Ўзбекистон қомуси, ёрқин келажагимиз, ўзимиз ва яқинларимизнинг бахтли истиқболи учун овоз берамиз!

Янгибой ҚЎЧҚОРОВ,

ёзувчи, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими.

(«Янги Ўзбекистон» газетасидан олинди).