ОЁҒИМИЗ ОСТИДАГИ ХАЗИНА


Нукуслик Темирбой Ғаниев шаҳарда яшашига қарамай, томорқасидаги ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланишга одатланган. Бозордан пиёз, картошка ва бошқа полиз маҳсулотлари сотиб олмайди. Аксинча, рўзғоридан ортганини бозорга чиқаради. Темирбойнинг тинмай меҳнат қилиши баъзи бамайлихотир қўшниларига намуна ва туртки бўлди. Бугун Нукус шаҳрининг Кенагас кўчасида яшовчилар қўшни қўшнидан ўрнак олади, деган тамойилга амал қилиб, томорқа еридан унумли фойдаланишни йўлга қўйган.

Аҳолини камбағалликдан чиқариш, айниқса, чет давлатлардан қайтган фуқаролар бандлигини таъминлаш мақсадида қилинаётган ижобий ишларни Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл туманида ҳам кўриш мумкин.

— Туманнинг Анҳорли маҳалласидаги 1012 та хонадонда салкам 5700 киши яшайди. Уларнинг 174 нафари ишсиз. Шу билан бирга, имтиёзли кредит олиб, хонадонида ишсиз одамларнинг бандлигини таъминлаётган инсонлар ҳам талайгина, — дейди маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси Жавлонбек Аҳмедов. — Шундай фуқаролардан бири Жавлонбек Муротов. У чет элдан қайтиб, кредит олиб, ўз хонадонида товуқ боқяпти. Айни пайтда унинг товуқлари 1500 бош бўлиб, кунига 1000 та тухум бермоқда. Кунлик даромади ҳам шунга яраша — 700-800 минг сўм атрофида.

Шу туманлик Зафарбек Муҳамматов оиласи ҳам бугун кичик тадбиркор. Бу оила кредит олиб, инкубаторда курка очиришни бошлаб юборган.

— Тумандаги 37 та маҳаллада 51 325 хонадон бўлиб, ўз томорқасидан самарали фойдаланиб келаётган оилалар анчагина. “Пахтачи” овул фуқаролар йиғинидаги хонадон эгалари ўз томорқасидан яхши ҳосил олмоқда, — дейди туман Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Баҳодир Машарипов. — Шулардан бири Ашурмат Давлиев. У томорқасидаги 6 сотих иссиқхонасида помидор экади, 2 сотих узумзори бор, 80 қути асалари, 3 бош наслли қорамол ҳам парваришлаб келяпти. Бир сўз билан айтганда, Ашурмат ер билан тиллашиб, заминдан юқори даромад олаётган ва маҳалла аҳолисига намуна бўлиб келаётган томорқачилардан бири.

Туманнинг “Уллибоғ” овул фуқаролар йиғини аҳли, асосан, иссиқхоначилик билан шуғулланади. Қишда ҳам кўкат етиштириб, сотади. Ҳудуддаги “Дилнура Солижон” фермер хўжалиги интенсив боғ яратиш мақсадида Туркиядан маҳаллий шароитга мос ва юқори ҳосилли 2 минг туп мевали кўчат олиб келди. Шунингдек, фермер хўжалиги далалари четига тут ҳам экди. Бунга қўшимча равишда далага асалари уялари жойлаштириб, хўжалик майдонининг ҳар бир қарич еридан унумли фойдаланмоқда.

Аҳолини кундалик эҳтиёж учун зарур озиқ-овқат билан таъминлашда томорқа хўжаликларининг ўрни катта. Амударё туманида томорқа хўжалиги фаолиятини ривожлантириш мақсадида маҳаллалар “Бир маҳалла — бир маҳсулот” тамойили асосида ихтисослаштирилмоқда. Натижада овул ва маҳаллаларда дала дўконлари очилиб, ўрта ва кичик сиғимли музлаткичли омборхоналар, полиз ва сабзавот экинлари кўчатлари етиштирувчи енгил конструкцияли иссиқхоналар қурилаётир.

Жорий йилда тумандаги 39853 та томорқа ва 295 та деҳқон хўжалиги ихтиёридаги 6652,2 гектар экин майдонидан унумли фойдаланиш мақсадида туман Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томор­қа ер эгалари кенгаши мутахассислари томонидан аниқ йўналтирилган чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Унга кўра, 2023 йилда 5806,6 гектар майдонга эртаки экинлар, жумладан, 2731,1 гектарга сабзавот, 758,1 гектарга полиз, 869,2 гектарга картошка, 422,1 гектарга дуккакли, 160,9 гектарга мойли экинлар экиш режалаштирилган. 865,2 гектар ерга эса бошқа зарур экинларни жойлаштириш белгиланган.

— Айни пайтда деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари томонидан 1141,2 гектарга пиёз ҳамда саримсоқ экилди. Аҳоли томор­қасидаги 1183 та иссиқхонада эртаки полиз ва сабзавот кўчатлари етиштирилиб, тўлиқ ички бозорга йўналтирилмоқда. Бундан ташқари, жорий йилда 49 та овул ва маҳалладаги аҳоли томорқасида жами 10,5 гектар майдонда ҳар бири 1-1,5 сотихли 804 та иссиқхона ташкил этиш кўзда тутилган бўлиб, бугунги кунгача уларнинг 421 таси қурилиб, эгаларига топширилди. “Бир маҳалла — бир маҳсулот” тамойили асосида 21 та маҳаллани ихтисослаштириш, ҳар бир секторда 2 тадан маҳалла, 16 та кўча ва 521 тадан хонадонни томорқа хўжаликларига бириктириш режалаштирилган ва шу асосда иш олиб борилмоқда, — дейди туман Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Илҳом Полвонов. — Туман аҳолисини сифатли полиз ва сабзавот маҳсулотлари билан таъминлашни янада яхшилаш мақсадида одамлар гавжум 8 та ва нисбатан камроқ аҳоли яшайдиган 4 та маҳаллада енгил конструкцияли дала дўконлари ва кичик сиғимли музлаткич омборхоналар қуриш режалаштирилган.

Жорий йилнинг ўзида тумандаги 6000 та хонадоннинг кўча ва ҳовли четларига ток ниҳолини экиш кўзда тутилган бўлиб, айни пайтгача деярли барча хонадонлар ҳовлиси ва кўча қисмига экиб бўлинди.

Аҳоли томорқасидан самарали фойдаланиш мақсадида қуёнчилик, қўй-эчки, қорамол, парранда боқиш ва асаларичиликни ривожлантириш борасидаги ишлар ҳам самарали ташкил этилган. Кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида бугунги кунда 513 та хонадон томорқасида 51300 бош парранда парваришлаш ишлари бошлаб юборилди. Ушбу режага мувофиқ, аҳолига парранда етказиб беришга учта таъминотчи корхона бириктирилган. Айни пайтда 1223 та хонадоннинг ҳар бирида 65 бошдан парранда боқиш йўлга қўйилиб, бунинг натижасида 1223 та иш ўрни яратилди.

— Томорқа хўжаликларига сифатли хизмат кўрсатиш мақсадида 8 та “Томорқа хизмати” МЧЖ ташкил этилди. “Яшил макон” умуммиллий ҳаракати доирасида “Амударё томорқа хизмат” кластер корхонаси томонидан 6340 туп мевали ва манзарали дарахт кўчати олиб келиниб, томорқа ер эгаларига арзон нархларда тарқатилди, — дейди Илҳом Полвонов. — Томорқани халқимиз учун ҳақиқий таъминотчи корхонага айлантиришга кўмаклашиш мақсадида кенгашимиз ҳузуридаги Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан имтиёзли кредит ажратилаётгани томорқа ер эгалари учун қулай имконият яратиб, уларнинг яхши даромад олишини таъминламоқда.

Бугунги кунда Қораўзак туманида 9262 та деҳқон хўжалиги мавжуд бўлиб, 121,5 гектарга эртаки картошка экиш режа қилинган эди. Шу мақсадда туманга жами 119,2 тонна сифатли уруғ олиб келиниб, картошка экиш якунланиб қолди. Бундан ташқари, томорқа ер эгалари помидор, пиёз, саримсоқ, сабзи ва сабзавот экинларини сифатли қилиб экиш, ишлов беришга алоҳида эътибор қаратмоқда.

“Меҳнат — меҳнатнинг таги роҳат”, дейди халқимиз. Ҳақиқатан, томорқасида меҳнат қилиб, ундан даромад топиш инсонга катта завқ беради.

Қўнғирот тумани “Қанли” овул фуқаролар йиғинида яшовчи Муротбой Бозорбоев ер билан тиллашиб, мўл ҳосил олиб келаётган томор­қачилардан. Томорқасида 1 сотихли иссиқхона қуриб, помидор, бодринг ва редиска етиштирмоқда.

Қанли маҳалласи азалдан деҳқонлар, боғбонлар макони бўлиб келган. Ҳудуддаги кўп оилалар томорқасида боғ яратиб, оила аъзоларининг бандлигини таъминлаяпти.

Олмазор маҳалласидаги Бўрибоевлар оиласи бозор мўл-кўл бўлишига ҳисса қўшаётган замондошларимиздан. Бу оила субсидия асосида томорқасида ихчамгина иссиқхона қуриб, ҳар хил полиз экинлари етиштирмоқда.

— Қишнинг охирги кунлари эккан кўчатларимиз айни вақтда ҳосилга кирмоқда. Даромадимиз ҳам шунга яраша бўлади, — дейди оила бошлиғи Собит оға Бўрибоев.

Томорқа оёғимиз остидаги хазина, оиланинг доимий даромад манбаи. Шундай экан, томорқадан ўз вақтида ва самарали фойдаланишни билиш ҳар бир томорқа эгасининг муҳим вазифасидир.

Минажатдин ҚУТЛИМУРАТОВ,

(“Янги Ўзбекистон” газетасидан олинди).