“МУРУВВАТ”НИНГ МУРУВВАТЛИ ИНСОНЛАРИ


Сўнгги йилларда мамлакатимизда “инсон қадри учун” тамойили асосида “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйларида васийликка олинган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш, уларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш юзасидан зарур чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.

Чимбой “Мурувват” ногиронлиги бўлган шахслар учун эркаклар интернат уйида республикамизнинг турли бурчакларидан келиб яшаётганлар бор. Мазкур интернат 1974 йилдан буён фаолият юритиб келмоқда ва ҳозирги кунда 275 нафар ўзгалар қарамоғига муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган инсонларга алоҳида меҳрибонлик кўрсатилади. Тажрибали ва ўз ишининг мутахассислари фаолият олиб бораётган бу ерда муҳит ҳам ўзгача. Тартиб ва шароит ҳам ўзгача.

— Интернатимизда ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий мослаштириш ва уларга ўз қизиқишларидан келиб чиқиб касб-ҳунар ўргатиш, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ҳамда интеллектуал, жисмоний ва ижодий қобилиятини ривожлантириш, маданий ҳаётдаги фаол иштирокини таъминлаш борасида бир қанча тадбирларни амалга ошириб келмоқдамиз.

Жумладан, футбол майдончалари сунъий яшил қоплама билан қопланди. Меҳнат терапия хоналари ва ёғочни қайта ишлаш устахонаси қуриб битказилиб, асбоб-ускуналар билан таъминланган бўлса, Шилпиқ қалъаси, Қунхўжа, Бердақ, Ақимбет бахши мақбаралари ва бошқа қадамжоларга саёҳатлар уюштирилди. Касалликлари аниқланган инсонларга муолажалар қилиняпти. Ҳатто, бир нечтаси умуман соғайиб оиласи бағрига қайтган бўлса, оила қуриб кетганлари ҳам бўлди, — дейди директор Бекполат Давлетмуратов интернат хусусида гапирар экан. Интернат билан танишар эканмиз, кимидир соя-салқинда дам олаётгани, кимидир  турли машқлар бажараётгани, яна бир гуруҳи шунчаки ўтиргани устидан тушдик.

Ҳаммасидан ҳам, бироз юргач ён-атрофдаги озодалик, дид билан ишлов берилган боғлар беихтиёр ўзига жалб қилади кишини. Айниқса, боғ ўртасида қурилган қора уй боғни янада салобатли кўрсатиб турибди. Боғдаги турли мева дарахтлари, ҳосили ерга тўкилиб турган олмалар, ён томонда бир текис пишиб етилаётган  помидор, бодринг, булғор қалампиридан тортиб бақлажонлару, бири-биридан чиройли анвойи гулларнинг димоғни қитиқловчи  ҳиди кўнглингга ҳузур бағишлаб, кўзингни қувнатади. Ичкарига кираётганимизда оҳиста чалинаётган куй диққатимни тортди ва даҳлизда туриб қолдим, кейин мусиқа таралаётган хона томон юра бошладим. Негадир ҳамроҳим қошидаги йигитга тикилди ва нигоҳини ерга тикиб қадамини секинлатди. Хонага бир қадам қолган ва мен эшикни очишга шайлангандим. Ҳамроҳларим жимлигидан дарров қўлимни тортдим.

— Ажойиб мусиқа,тўғри эмасми? — деди мазкур интернат директори Бекполат Давлетмуратов.

— Тўғри айтдингиз, миллий мусиқаларимизга нима етсин? — дедим ноқулайликни юмшатиш учун.

— Юринг, сизга овози шунақанги ширали бир йигитимизни кўрсатаман, — деди Бекполат ака ва бошқа хонага бошлади. Хаёлимни ўша,дўмбира куйи банд этганди. Шу боис аҳён-аҳён ортимга қараб-қараб ҳамроҳларимга эргашдим.

Биз кирган ихчамгина  ёруғ саҳнада ўнтача йигит рақсга тушарди. Ўртада кўзлари тим қора, ўттиз ёшлар атрофидаги бир йигит миллий ашулаларимиздан бирини маромига етказиб ижро қилаётгандики, асти қўяверасиз. Ҳақиқий талант.

— Аллаберди Хўжайлидан келган. Бир неча бор танловларда қатнашиб, совғалар олган, рақсга ҳам бинойидек тушади худди раққосдек, — деди ойдинлик киритиб.

Уларга халақит бермаслик учун залдан секин чиқиб даҳлиз бўйлаб келаётгандик, бир йигит қўлида бир нималарни ушлаб қаршимиздан чиқиб қолди. Йигит бизни кўрдию рўпарадаги хонага ишора қилиб, нималарнидир гапирди. Шифокор бизга қараб “Ичкари киришимизни сўраяпти”, деди йўл бошлаб. Унинг ортидан кирдик. Бу ердаги қўл меҳнатини кўриб ҳайрон қолдим. Тол, гужум, уй тол ва оддий қамишлардан ишланган сават дейсизми, кема, уйчалару, уй-рўзғор буюмларими, моҳирлик билан ясалган. Бизни чақирган йигитнинг исми ­айрат бўлиб тўққиз йилдан буён шу ерда экан.

— Бу йигитлар жуда қобилиятли. Аммо ҳар доим назоратда бўлишади. Ҳар ҳолда тўлик тузалишмаган, шунинг учун бирор нарса ишлашса албатта, кузатиб, ўргатиб борамиз. Чунки уларнинг саломатлиги биринчи ўринда. Яқинда ҳунармандчиликни янада ривожлантириш мақсадида ҳокимият томонидан 2,5 гектар ер ажратиляпти. У ерга Американский тол, қора тол экмоқчимиз, шунда бу йигитлар бундан-да, чиройли нарсалар  яратишига ишонаман, — деди Бекполат ака ва нариги хонани ҳам кўришимизни тавсия қилди. Бу ерда тикув машинасида турли хил қуроқ кўрпачалар, бежирим ёстиқлар тикаётган йигитларни кўриб, уларда нуқсон борлигига ишонгинг келмайди.

— Бизда меҳнат терапия яхши йўлга қўйилган. Тикувчиликдан ташқари тўқувчилик билан шуғулланаётганлар худди соғлом инсонлардек яхши ўзлаштиришади, — дейди меҳнат терапияси инструктори Генжаҳон Жуманова.

Хоналарни айланиб, бу ердагиларни унчалигам безовта қилгимиз келмади ва хулоса қилганим шу бўлдики, турли сабаблар билан бу жойга келиб қолган инсонлар чиндан ҳам давлатимиз ҳимояси ва ғамхўрлиги остида ҳам соғломлаштирилиб, ҳамда яшаб келмоқдалар. Мурувват уйи кемтик қалб­ларга мал­ҳам бўлмоқда.

Фотима АБДУРАИМОВА.