Эсимда, “Давлат тили ҳақида”ги қонун қабул қилинганида биз талаба эдик. Юртимизда мустабид тузум ўз ҳукмини ўтказиб турган бир пайт. Фидойи жонкуяр, ватанпарвар устозларимиз халқимизнинг тақдири ва келажагига дахлдор бўлган мазкур қонуннинг қабул қилиниши учун қизғин баҳс ва тортишувларда курашардилар. Қонун чиндан ҳам кенг жамоатчиликнинг қатъий шижоати билан қабул қилинган. Бу тарихий жараёнларнинг иштирокчиси бўлмасакда, бевосита гувоҳи бўлганмиз.
Орадан икки йил ўтиб давлатимиз ўз мустақиллигини қўлга киритганини инобатга олсак, “Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг қабул қилиниши бу шарафли йўлдаги илк қадам бўлганлигини англаймиз. Албатта, она тилни асраб-авайлаш, унинг мавқеини ошириш, ривожлантириш мамлакат тараққиётининг муҳим омили ҳисобланади. Шу жиҳатдан мустақиллик йилларида ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мақомини мустаҳкамлаш йўлида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Айниқса, сўнги йилларда юртимизда давлат тилига бўлган эътибор ҳар қачонгиданда кучайганлигини алоҳида таъкидласак арзийди. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 21 октябрдаги «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ва 2020 йил 20 октябрдаги “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари ҳамда “2020—2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш” концепцияси муҳим аҳамият касб этди. Мазкур концепцияда узоқ истиқболдаги мақсадли вазифалардан келиб чиқиб, давлат тилини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари белгилаб берилди.
Шунингдек, юртимизда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун — 21 октябрь санаси “Ўзбек тили байрами куни” деб эълон қилингани тарихий воқеа бўлди. Вазирлар Маҳкамаси тузилмасида Давлат тилини ривожлантириш департаменти фаолияти йўлга қўйилди. Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва адабиёти университетида кадрлар тайёрлаш билан бир қаторда ўзбек тилини турли соҳаларда қўллашга оид тадқиқотлар амалга оширилмоқда. Адиблар хиёбонида барпо этилган ёдгорлик мажмуалари адабиётимизнинг буюк намояндалари, ўзбек тилининг чинакам жонкуярлари хотирасига бўлган чуқур ҳурмат ва эҳтиром тимсолидир.
Атоқли адибларимиз, ёзувчи – шоирларимиз номидаги ижод мактабларида бугун қанча- қанча ёшларимиз бебаҳо хазинамиз бўлган она тилимиз ва миллий адабиётимизнинг сир-асрорларини ўрганмоқда. Буларнинг барчаси Президентимизнинг Учинчи Ренессанс даври пойдевори яратилаётган бугунги кунда мустақил давлатчилигимиз тимсоли, маънавий бойлигимиз бўлган ўзбек тили тараққиётига юксак эътибори самарасидир.
Давлат тилини ривожлантириш борасида олиб борилаётган бундай саъй-ҳаракатлар натижасида, шунингдек, Ўзбекистоннинг жаҳон майдонидаги обрў-эътибори ошиши баробарида ўзбек тилининг халқаро миқёсдаги нуфузи ҳам ортиб бормоқда. Хусусан, ҳозирги кунда дунёда ўзбек тилида сўзлашадиганлар сони ортиб бораётгани, жаҳоннинг кўплаган олий таълим муассасаларида ва мактабларда ўзбек тили дарслари ўқитилаётгани, ўзбек тили ва адабиёти бўйича илмий изланишлар олиб бораётган хорижлик олим ва тадқиқотчилар сони йил сайин кўпаяётгани бунинг исботидир.
Ўзбекистоннинг Туркий тилли давлатлар кенгашига аъзо бўлгани эса нафақат иқтисодий-сиёсий балки, туркий тиллар, жумладан ўзбек тилининг халқаро миқёсдаги нуфузи ошишига хизмат қилади, албатта. Ўзбекистон ташаббуси билан ташкилот Алишер Навоий номидаги халқаро мукофотни таъсис этди. Она тилимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг юксак минбарида, улкан сиёсий саммит ва учрашувларда баралла янграмоқда. Мана, яқиндагина бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида ҳам Президентимиз ўзбек тилида нутқ сўзлаганида барчамизнинг кўнглимиз чексиз фахру ифтихорга тўлди. Бундай фараҳбахш онлар бардавом бўлишига ишонамиз. Зеро бизнинг она тилимиз асрлар давомида жуда катта ҳаётий тажриба асосида шаклланган, ва сайқал топган беқиёс хазинадир. Ал Хоразмий, Абу Наср Фаробий, Абу Райҳон Беруний, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, сингари мутафаккирларимиз ундан баҳраманд бўлиб дунё тамаддуни ривожига муносиб ҳисса қўшганлар. Шу баробарда ўзларининг буюк асарлари билан бойитиб она тилимизни юксакларга кўтарганлар.
Тарихий манбаларда келтирилишича, Алишер Навоийнинг янги ёзиб тугатган “Хамса” асарини ўқиган Хусайн Бойқаро у улуғ зотга ҳурмат кўрсатиб, ўзининг яхши кўрган оқ отига миндиради. Подшоҳ отнинг жиловидан тутиб, сарой аҳлининг кўзи ўнгида Алишер Навоийга жиловдорлик қилади ва ҳаммага эшиттириб “туркий тилда шундай “Хамса” ёзганингиз учун мендай подшоҳ сизга жиловдор мурид бўлса арзигай”, дейди.
Тарихга назар ташласак, маърифатпарвар жадидларимизнинг ўзбек тилининг софлигини сақлаш, уни бойитиш, тил таълими борасидаги дадил қадамларига гувоҳ бўламиз.
Яқинда бир устозимизнинг она тилимизга оид мақоласини ўқиб бош муҳаррир сифатида ғурурландим, Унда “Садои Фарғона” газетасининг 1914 йилги 3 сонида чоп этилган Ашурали Зоҳирийнинг “Она тили “ мақоласидан қуйидаги жумла келтирилган, “… газета ва журналларнинг дунё аҳволидан ва бошқа тўғриларидан халқға хабар бериб турмоғидан бошқа улуғ ва кўзга кўринмайдургон бир фойдаси бўлурки, ул она тилининг кенгаймоғи ва мукаллашмоғидир”. Орадан бир асрдан ортиқ вақт ўтибдики, бу фикр ўз кучини йўқотган эмас. Дарҳақиқат, тилнинг ривожида газета-журналлар, китоблар, умуман босма нашрларнинг ўрни катта эканлиги ҳамма даврларда ҳам исботланган ҳақиқатдир.
Мустабид тузум даврида ўзбек тилининг мавқеини пасайтиришга урунишлар кўп бўлганидан хабардормиз. Маърифатпарвар адиб Абдулла Қодирий “Ўзбек тили камбағал тил эмас, балки ўзбек тилини камбағал дегувчиларнинг ўзи камбағал. Улар ўз нодонликларини ўзбек тилига тўнкамасинлар”, дея хитоб қилган. Ҳали- ҳануз адабиётшунослар ўзбек романчилигининг асосчиси бўлган Қодирий асарларининг жозибадорлиги, умрбоқийлиги унинг тилидадир, деб эътироф этишади.
Она тилимиз тараққиёти ҳақида сўз юритганда, албатта глобаллашув жараёнларида унинг софлигини сақлаш масаласига ҳам эътибор қаратишимиз лозим бўлади. Хусусан, реклама ва тарғибот материалларида айниқса тез кўзга ташланадиган ташқи рекламалар, телевидение–радио, ижтимоий тармоқлар орқали берилаётган реклама-роликлардаги хатоликлар, ҳатто айрим тадбирларда мавзу ва шиорларнинг ғализлиги киши таъбини хира қилади. Баъзида ёзувда имло қоидаларига тўла амал қилмаслик, сўзлашувда турли тилларга оид атамаларнинг қоришиб кетиши, сўз ва ибораларни нотўғри, ўринсиз ишлатиш, талаффуздаги нуқсонлар буларнинг барчаси она тилимиз талқини бузилишига олиб келадиган салбий вазиятлардир.
Бундай ҳолатларга қарши энг аввало юртимиз зиёлилари, ўзбек тили ва адабиёти соҳаси мутахассислари, ижод аҳли, ёзувчи-шоирлар, журналистлар бонг уришимиз керак. Шундагина она тилимизнинг ривожи ва тараққиёти йўлидаги кенг кўламли ислоҳотлар ўз самарасини ҳар қадамда кўрсатади.
Президентимиз таъбири билан айтганда, бугун бизнинг Янги Ўзбекистонни қуриш бўйича олиб бораётган кенг кўламли ишларимиз ҳал қилувчи босқичга кирмоқда. Бу йўлда она тили миллий ўзига хослик ва ғурур тимсоли сифатида, шубҳасиз, биз учун катта куч ва илҳом манбаи бўлиб хизмат қилади.
Назира Матяқубова,
“Қорақалпоғистон тонги” газетаси бош муҳаррири.
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист.



