Яқинда Нукус шаҳрида “Тез тиббий ёрдамни ташкил этишнинг долзарб муаммолари – 2026” мавзусида халқаро илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди. Ушбу анжуман нафақат тиббиёт ходимлари, балки соҳа ривожига бефарқ бўлмаган барча учун муҳим воқеага айланди.
Уч кун давомида мамлакатимиз ва хориждан келган мутахассислар бир жойга жам бўлиб, тез тиббий ёрдам тизимидаги ютуқлар, муаммолар ва келгуси режаларни муҳокама қилди.
Тадбир Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Вазирлар Кенгаши, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Республика тез тиббий ёрдам маркази ташаббуси билан ташкил этилди.
— Халқаро анжуман тажриба алмашиш майдони бўлди, — дейди Қорақалпоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Мурад Қурбанов. — Конференцияда 300 дан ортиқ мутахассис иштирок этди. АҚШ, Россия, Корея, Туркия, Япония, Сингапур каби давлатлардан келган экспертлар ўз тажрибалари билан ўртоқлашди.
Бу эса нафақат билим алмашиш, балки ўзимиздаги тизимни дунё стандартлари билан таққослаш имконини берди. Кўплаб иштирокчилар Ўзбекистонда тез тиббий ёрдам тизими сўнгги йилларда анча ривожланганини алоҳида таъкидладилар.
Анжуман доирасида ўтказилган “Энг яхши тез тиббий ёрдам бригадаси” танлови меҳмонларда алоҳида қизиқиш уйғотди. Мазкур танловда 19 та жамоа иштирок этди. Улар орасида нафақат маҳаллий, балки хорижий жамоалар ҳам бор эди. Танловда шифокорлар турли оғир ҳолатларда қандай ҳаракат қилишини амалда кўрсатиб беришди.
Юрак-ўпка реанимацияси, йўл-транспорт ҳодисаларида ёрдам кўрсатиш, оғир жароҳатларда тўғри қарор қабул қилиш — буларнинг барчаси синовдан ўтказилди.
Якунида ғолиблар аниқланиб, муносиб тақдирланди. Бу каби мусобақалар мутахассисларнинг маҳоратини оширишга хизмат қилади.
Шу ўринда айтиш керакки, бугунги кунда тез тиббий ёрдам тизими шунчаки хизмат эмас, балки инсон ҳаётини сақлаб қолишга қаратилган жуда муҳим механизмга айланди. Ҳар бир чақирув ортида инсон тақдири турибди. Шунинг учун биз ҳар бир дақиқани қадрлаймиз. Сўнгги йилларда тизимни тубдан янгилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Энг муҳим ўзгаришлардан бири — бу ягона бошқарув тизимига ўтишдир. Илгари бригадалар ҳудудга қараб ҳаракат қилган бўлса, ҳозир улар беморга энг яқин жойлашувига қараб юборилади. Бу эса вақтни тежайди, демак, инсон ҳаётини сақлаб қолиш имконини оширади.
Бугун рақамлаштиришсиз ривожланишни тасаввур қилиб бўлмайди. Шунинг учун барча колл-марказлар замонавий ускуналар билан жиҳозланмоқда. Интернет, IP-телефония, мониторинг тизимлари буларнинг барчаси хизматни тез ва сифатли қилиш учун хизмат қилади.
Бригадалар планшетлар, GPS-трекерлар билан таъминланган. Ҳар бир машина қаерда юргани кўриниб туради. Қайси йўл тезроқ — шу орқали юборилади. Бу ҳам вақт, ҳам маблағни тежаш имконини беряпти.
Соғлиқни сақлаш тизимида яна бир муҳим жиҳат бу кадрлар масаласидир. Замонавий ускуна бўлиши мумкин, лекин уни ишлатадиган малакали мутахассис бўлмаса, натижа бўлмайди. Шунинг учун ўқитиш, қайта тайёрлаш ишларига катта эътибор беряпмиз.
Нукусда ҳам симуляцион марказ ташкил этилди. Бу ерда шифокорлар ва фельдшерлар реал ҳолатга яқин шароитда машқ қилишади. Бу эса уларнинг тажрибасини янада оширади.
Режалар катта. Масалан, авиамедицина хизматини йўлга қўйишни режалаштиряпмиз. Чекка ҳудудларда вақт жуда муҳим, шунинг учун вертолётлар орқали оғир беморларни тезда етказиш имконияти яратилади.
Шунингдек, сунъий интеллект орқали чақирувларни саралаш, автоматик манзил аниқлаш тизимларини жорий қилиш устида иш олиб борилмоқда. Бу келажак эмас, бугунги кун талаби.
Сўнгги йилларда тизим сезиларли даражада кенгайди. Рақамлар бўйича таҳлил қиладиган бўлсак, бугун бу соҳада қарийб 68 минг нафар инсон меҳнат қилмоқда. Республика бўйлаб 14 та филиал, 180 дан ортиқ станция ва 40 та подстанция фаолият юритяпти. Аҳолига янада яқин бўлиш учун 1500 га яқин таянч пунктлар ташкил этилган. Бу эса чақирувларга тезроқ етиб бориш имконини беряпти.
Ҳозирги кунда 2872 та бригада кеча-кундуз хизматда. Уларнинг ихтиёрида 3200 га яқин махсус машина бор. Энг муҳими, аҳолининг ишончи ортиб бормоқда. 2025 йилда 14 миллиондан ортиқ чақирув бўлгани бунинг яққол далили. Бу ўтган йилга нисбатан анча кўп.
Иш бор жойда, муаммо ва ечимини кутаётган масалалар доим топилади. Шу нуқтаи назардан тизимда муаммолар ҳам йўқ эмас. Чақирувлар сони ортиб бормоқда, бу эса бригадалар юкламасини оширяпти. Айрим чекка ҳудудларда ҳали ҳам тезкорликни таъминлаш қийин.
Лекин бу муаммоларни ҳал этиш имконсиз эмас. Янги технологиялар, халқаро тажриба ва кадрлар салоҳияти орқали мазкур масалалар босқичма-босқич ҳал қилиняпти.
Хулоса, ўрнида айтиш лозимки Нукусда ўтган халқаро конференция Оролбўйида тез тиббий ёрдам тизими жадал ривожланаётганини кўрсатди. Соҳа масъулларининг таъкидлашича, ҳудудда тез тиббий ёрдам ва аҳолининг саломатлигини сақлашга қаратилган тадбирлар янада жадал давом этади ва бу жараён тўхтамайди.
Энг муҳими, бу ислоҳотлар ортида оддий инсон манфаати турибди. Ҳар бир чақирув — бу кимнингдир ҳаёти, кимнингдир тақдири.
Шунинг учун бу соҳадаги ҳар бир қадам, ҳар бир янгилик — инсон ҳаётини сақлаб қолиш йўлида қўйилаётган муҳим қадамдир.
Ғайрат Отажонов.



