Президентимиз Шавкат Мирзиёев амалий ташриф билан Қозоғистон Республикасида бўлди. Мамлакатимиз етакчиси кузатувчи давлат раҳбари мақомида Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг навбатдаги йиғилиши тадбирларида иштирок этди. Остонага амалий ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев ҳузурида Инвестиция ва савдо соҳаларида эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича амалий ҳаракатлар режасини имзолаш маросими бўлиб ўтди. Ҳужжат жорий йил апрель-май ойларида икки давлат раҳбарларининг Бухоро ва Туркистон шаҳарларида бўлиб ўтган учрашувларида эришилган келишувларни амалга оширишга қаратилган.
Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорлик ҳақида сўз борганда, улар орасидаги тарихий қардошлик, дўстлик ва ўзаро ҳурматга асосланган алоқаларни алоҳида таъкидлаш лозим. Бугунги мураккаб даврда икки давлат раҳбарлари ҳамда қозоқ ва ўзбек халқлари ўртасидаги ҳамжиҳатлик, бирдамлик иқтисодий юксалишга йўл очиб, тараққиётимизга катта туртки бермоқда. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда бир миллионга яқин қозоқ миллати вакиллари истиқомат қилади. Улар ўз она тилида, яъни қозоқ тилида таълим олиб, миллий урф-одат ва анъаналаридан эркин фойдаланиб келмоқда. Тарихий жиҳатдан қарайдиган бўлсак, туркий тилли қозоқ ва ўзбек халқларининг нафақат тили, балки дини, дили ва маданий қадриятлари ҳам бир-бирига жуда яқин. Бугунги кунда мамлакатимизда қозоқ тилининг соф ҳолда ўқитилиши ва илмий жиҳатдан ўрганилиши учун кенг имкониятлар яратилди. Жумладан, Ўзбекистондаги 7 та олий таълим муассасасида қозоқ тили ва адабиёти таълим йўналиши фаолият юритмоқда. Уларнинг учтасида магистратура босқичи ҳам мавжуд. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг юқори малакали кадрлар тайёрлашга қаратилган ташаббуси билан 2018 йилдан бошлаб “Қозоқ тили ва адабиёти” мутахассислиги бўйича илмий ишлар қилишга шарт-шароит ҳозирланди. Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ҳузуридаги «Осиё ва Африка халқлари тили ва адабиёти» ихтисослиги таркибида ташкил этилган кенгашда бугунги кунга қадар 5 нафар ўқитувчи илмий ишларини муваффақиятли ҳимоя қилди. Жумладан, Г.Адилова «Қорақалпоғистон қозоқлари тилидаги урф-одат лексикасининг этномаданий хусусияти», Т.Тўрткулбаева «Қорақалпоғистондаги қозоқ оқин-жировлар поэзияси», Б.Бекниязов «Қорақалпоғистондаги қозоқлар тилидаги соматик фразеологизмларнинг лингвомаданий таҳлили» мавзуларида илмий ишларини ёқлади. Ақмарал Серикбаева «Тахтакўпир тумани топонимларининг семантикаси ва тузилиши» мавзусидаги иши бўйича филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасига эга бўлди. Бундан ташқари, Низомий номидаги Ўзбекистон Миллий педагогика университети доценти Е.Абдувалитов «Умумий ўрта таълим мактабларида қардош халқлар адабиётини қиёсий ўқитиш (ўзбек, қозоқ, қирғиз, қорақалпоқ ва туркман тилларида таълим олиб бориладиган мактабларнинг V — XI синф адабиёт дарслари мисолида)» мавзусида докторлик диссертациясини ҳимоя қилган бўлса, ушбу университетнинг яна бир ўқитувчиси Н. Абдувалитов «Умумтаълим мактабларида жаҳон адабиётини чуқурлаштириб ўқитиш методикаси» мавзусида илмий иши учун филология фанлари бўйича фалсафа доктори илмий даражасига сазовор бўлди. Бугунги кунда Ўзбекистонда қозоқ тилининг ўрганилиши ва ўқитилиши бўйича илмий ишлар ҳимоя қилиниб, қатор мақолалар ҳамда монографик тадқиқотлар нашр этилмоқда. Бу ҳудуддаги қозоқлар ўз она тилини соф ҳолда сақлаб келяпти. Уларнинг сўзлашув тили фонетик, лексик, морфологик ва луғат таркиби жиҳатидан маълум даражада фарқ қилса-да, қозоқ халқининг ягона миллий тилидан унчалик узоқлашиб кетмаган. Чунки маҳаллий қозоқлар тилида ҳудудий хусусиятлар билан бир қаторда, ҳозирги адабий тилда эскириб, қўлланишдан чиққан айрим қадимий сўзлар ҳам ҳанузгача сақланиб қолган. Ўзбекистонда яшовчи миллионга яқин қозоқларнинг тил хусусиятлари ҳудудий фарқларининг кўплиги ва мураккаблиги билан ажралиб туради. Бунинг асосий сабабларидан бири шуки, ушбу ҳудудда қозоқ тилида таълим берувчи бир нечта мактаблар мавжуд. Шунингдек, қозоқ тилида «Нурлы жол» газетаси чоп этилмоқда. Бундан ташқари, қозоқ синфлари учун журналлар, китоблар ва дарсликлар ҳам нашр этилмоқда. Шу билан бирга, радио ва телевидениеда ҳам қозоқ тилидаги «Алтин аймақ», «Ата мекен», «Дидар» ва «Арайлы өңір» номли дастурлар мунтазам эфирга узатилмоқда. Буларнинг барчаси юртимизда қозоқ тилининг тизимли равишда ўрганилиб келаётганидан далолат беради. Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан олимлар, илмий изланувчилар ва талабалар учун янги имкониятлар яратилмоқда. Айниқса, Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида бугунги кунда Қозоғистоннинг “ТОП-300”таликка кирувчи олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқалари янада фаоллашган. Жумладан, Қозоғистон Республикасидаги Ал-Фаробий номидаги Қозоқ миллий университети ҳамда Л.Гумилёв номидаги Евроосиё миллий университети билан ҳамкорликда “Қўш диплом” дастури асосида магистратура йўналиши очилди. Шунингдек, профессор-ўқитувчилар учун малака ошириш курслари ва академик мобиллик масалалари ҳам самарали йўлга қўйилган. Азалдан ёнма-ён яшаб келаётган икки мамлакат олимларининг биргаликда амалга ошираётган ишлари ниҳоятда улкан. Айниқса, халқларимиз адабиёти ва маданияти ўртасидаги алоқалар барча қардошлик муносабатларининг энг муҳим ва бетакрор манбаи ҳисобланади.
Иристи ҚУТТИМУРАТОВА,
Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти Қозоқ, туркман тили ва адабиёти кафедраси мудири.



