АХБОРОТ МАЙДОНИДА АДАШМАЯПМИЗМИ?


Бугун инсоният тарихидаги энг улкан ахборот асрида яшаяпмиз. Эрталаб кўзимизни очишимиз билан қўлимиз смартфонга югуради, кун давомида юзлаб хабарлар, қисқа видеолар ва сарлавҳалар оқимига дуч келамиз. Аммо келинг, ўзимизга бир савол берайлик: шу ўқиётган ва кўраётган маълумотларимизнинг қанчаси бизни маънан бойитяпти, дунёқарашимизни кенгайтиряпти? Нега биз сон-саноқсиз хабарларга соатлаб вақт сарфлаймиз-у, газета ва журналлардаги ҳаётий, таҳлилий мақолаларни ўқишга келганда “вақтимиз етмайди”? Аслида, ахборот истеъмоли маданиятининг пасайиши — миллатнинг фикрлаш қобилиятига қилинаётган таҳдид эмасми?

Яқинда ўтказилган халқаро социологик тадқиқотлар ва медиа таҳлиллар ўта хавотирли бир тенденцияни ўртага чиқарди: бугунги кунда ўртача интернет фойдаланувчиси бир кунда смартфон экранига 2600 мартадан ортиқ тегинади ва ижтимоий тармоқларда камида 2,5 соат вақт ўтказади. Бироқ энг ачинарлиси шундаки, замонавий инсон битта матнга ўз диққатини атиги 8 сония қарата олиши аниқланган. Бу — ҳатто аквариумдаги митти балиқчанинг хотира диққатидан ҳам кам демакдир.

Ижтимоий тармоқлардаги (Telegram, Instagram, TikTok) «фейк» (ёлғон) хабарлар, шов-шувли, аммо ичи бўш сарлавҳалар одамларни чуқур мушоҳада юритишдан, воқеаларнинг туб моҳиятини англашдан узоқлаштирмоқда. Биз таҳлил қилишни эмас, шунчаки юзаки маълумотларни ҳазм қилишни одат қилиб боряпмиз.

Бугун кўпчилик анъанавий босма нашрларни, худди ўтмиш сарқитидек кўра бошлади. “Ҳамма хабар интернетда бор-ку, газетага нима бор?” деган юзаки қараш шаклланди. Ваҳоланки, интернет ва профессионал матбуот ўртасида жуда катта фарқ бор. Ижтимоий тармоқдаги кўпчилик блогер ёки канал маъмури хабарни тезроқ тарқатиш, “лайк” ва кўришлар сонини (просмотр) кўпайтириш кетидан қувади. У ерда маълумотнинг тўғрилиги, имло қоидалари, ахлоқ меъёрлари ва энг муҳими — масъулият кўпинча иккинчи даражага тушиб қолади.

Бугунги кунда Қорақалпоғистондаги матбуот нашрлари орасида фаолият кўрсата бошлаганига 100 йилдан ошганлари бор.Газета саҳифасида чиқаётган ҳар бир сўз, ҳар бир рақам таҳририятнинг ижодий ва услубий таҳриридан ўтказилган ҳолда эълон қилинади. Газета — бу шунчаки кеча содир бўлган воқеани бугун хабар қилиш воситаси эмас. Газета — бу миллатнинг тафаккур солномаси, воқеаларнинг чуқур ижтимоий-сиёсий таҳлили, адабий тил меъёрларининг тирик кўзгусидир. Интернетдаги хабар бир неча дақиқадан сўнг ўчиб кетиши ёки ўзгартирилиши мумкин.

Ваҳоланки, қоғозга муҳрланган битик — тарихга муҳрланган битикдир.

Ўйлайманки газета ўқиган инсон матндаги мантиқни қидиради, таҳлил қилишни ўрганади, факт билан уйдирмани фарқлай олади.

Бизнинг оиламизда ҳам “Еркин Қарақалпақстан”, “Қорақалпоғис­тон тонги” газеталари ва “Даракчи”, “Суғдиёна” каби нашрлар севиб ўқилади. Ўзим ҳам ҳафтада икки маротаба газета мақолаларини мутолаа қилишни одатга айлантирганман.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, матбуотга муносабат — бу халқнинг маънавий даражасини кўрсатувчи энг тўғри мезондир. Ахборот уммонида ғарқ бўлмаслик, ёлғон сарлавҳаларга чалғимаслик учун ҳақиқий, сифатли ва масъулиятли сўзга — миллий матбуотимизга қайтишимиз керак. Уйимизга қайтган ҳар бир газета — хонадонимизга кириб келган маърифат нуридир. Келинг, ушбу нурнинг сўнишига йўл қўймайлик!

Фазилат ЕМБЕРГЕНОВА,

Қорақалпоқ давлат университети Ўзбек филологияси факультети 3-босқич талабаси.