Инсон тақдири сирли бир китоб: унинг варақларига гоҳ қувончли лаҳзалар, гоҳ матонатли синовлар муҳрланади. Аммо шундай касб эгалари борки, улар нафақат ўз ҳаёти, балки бутун бошли элнинг жонли тарихини оқ қоғозга кўчирадилар. Уларнинг қаламидан тўкилган ҳар бир сўз йиллар ўтса-да, ўз қимматини йўқотмайди. Ўз умрини мана шундай шарафли ва заҳматли йўлга, инсон қадр-қимматини улуғлашга бахшида этган фидойи ижодкорлардан бири Алёна Аминовадир. У касб байрамимиз арафасида мамлакатимиз журналистикаси соҳасидаги энг нуфузли «Олтин қалам» миллий мукофотига лойиқ кўрилди.
Алёна Юсуповнанинг журналистика оламига кириб келиши тасодиф эмас. Унинг меҳнат фаолияти дастлаб Қорақалпоғистон давлат архивида ҳамда Қорақалпоғистон ўлкашунослик музейида бошланган эди. Айнан мана шу тажриба унда фактлар билан ишлаш, ҳар бир кичик тафсилотга синчковлик ва она юрт тарихига нисбатан чексиз муҳаббат ҳамда масъулият ҳиссини тарбиялади. Музейда ишлаб юрган кезларидаёқ тарихий жараёнлар ва ноёб экспонатлар ҳақида кичик мақолалар ёзиб турарди.
Ўшанда унинг иқтидорини пайқаган «Вести Каракалпакстана» газетаси бош муҳаррирининг ўринбосари Анатолий Ефремов унга бошқа ижтимоий мавзуларда ҳам кучини синаб кўришни таклиф қилади. Шу тариқа, 1995 йилдан бошлаб мақолалари чоп этила бошлаган қаҳрамонимиз 1996 йилда тақдирини бутунлай журналистика билан боғлади. Қарийб ўттиз йил давомида у Қорақалпоғистоннинг жонли хроникасини яратди. Айни дамда у «Вести Каракалпакстана» ва «Народное слово» газеталарида самарали фаолият юритиб келмоқда. Шунингдек, 2003-2011 йилларда Қорақалпоғистон телевидениесида рус тилида эфирга узатилган, кўпчиликнинг севимли кўрсатувига айланган «Постфактум» дастурининг муаллифи сифатида ҳам кенг танилди.
Алёна Аминованинг ҳаёт йўли фақатгина муваффақиятлардан иборат эмас — унда ҳақиқий аёлга хос сабр, садоқат ва матонат синовлари ҳам бор. Қаҳрамонимизнинг турмуш ўртоғи Фарҳод Ўроқбоев билан кечган кўп йиллик бахтли ҳаётининг маълум бир қисми оғир хасталикка қарши курашда ўтди. Турмуш ўртоғи инсультдан кейин, ҳаётдан кўз юмгунига қадар сўнгги икки йил давомида деярли фалаж бўлиб қолди. Алёна аёл сифатида касбий масъулиятини ҳам, оилавий бурчини ҳам бирдек сидқидилдан бажарди. Умр йўлдоши уни ҳамиша қўллаб-қувватлар, ҳазил аралаш «менинг журналист Аминовам» деб чақирарди. Бу ширин ва айни пайтда маҳзун хотиралар ижодкор аёл қалбида ҳануз энг муқаддас туйғу бўлиб яшамоқда.
Алёна Юсуповнадаги ушбу кучли матонат ва одамларга бўлган чексиз меҳр унга оилавий муҳитдан, азиз волидаларидан ўтган. Отаси — Юсуп Аминов умрининг катта қисмини Ижтимоий таъминот тизимида меҳнат қилиб ўтказди. У кишининг «Фақат бошқаларга бера олган инсон чин маънода бой бўлади. Одамларга қувонч улашиш уни қабул қилишдан ҳам муҳимроқ», деган пурмаъно ўгитлари Алёнанинг ҳаётий шиорига айланди. Отаси қизининг журналистикадаги ютуқларини кўришга улгурмаган бўлсада, унинг берган тарбияси Алёнанинг ҳар бир мақоласида акс этиб туради.
Онаси — Вера Михайловна Короткова асли россиялик бўлиб, уруш йилларидаги эвакуациядан сўнг Чирчиқ шаҳрида яшаб турган кезларида Юсуп ака билан тақдирларини боғлаган эди. Улар 40 йил давомида аҳил-иноқ, гўзал умр кечиришди. Вера Михайловна ўзбек халқининг урф-одат ва анъаналарини чин дилдан ҳурмат қиларди. Китобни жондан ортиқ севадиган онаизор қизининг мақолаларини ўқиб таҳрир қилар ва: «…шундай ёзсанг, ўқувчига тушунарли бўлади», деб йўл-йўриқ кўрсатарди. Бугунги кунда қаҳрамонимизнинг ҳаётдаги энг яқин таянчи, қувончли ва оғир дамларида елкадоши — синглиси Юлианадир.
Оиладаги мана шундай илиқ муҳит Алёнани янги ижодий марралар сари ундайди.
Алёна Аминова мақолаларининг теранлиги, мавзуга ёндашувдаги залвор ва қаҳрамонларига бўлган самимий ҳурмати билан ажралиб туради. Бу материаллар замирида туманларга доимий сафарлар, одамлар билан соатлаб чўзилган суҳбатлар ва халқ ҳаётини бор бўйича кўрсатишга бўлган интилиш мужассам.
— Агар ҳаммасини бошидан бошлаш имкони бўлса, ҳеч иккиланмай яна журналистикани танлаган бўлардим, — дейди у табассум билан.
Унинг кўп йиллик самарали хизматлари муносиб эътироф этилиб, «Ватан фидойиси» кўкрак нишони ҳамда «Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист» фахрий унвони билан мукофотланган. 27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни арафасида топширилган миллий мукофот — «Олтин қалам» эса ушбу машаққатли йўлнинг мантиқий якуни ва юксак эътирофи бўлди.
Қаҳрамонимиз ўз ютуқларида устозлари Анатолий Ефремов ва Елмурат Байназаровларнинг ўгитларини ёдга олади. Шунингдек, Ўткир Раҳмат, Салим Дониёров, Сергей Левченко ва Юрий Леонтичевларнинг бугунги қўллаб-қувватлашини алоҳида эътироф этади. Айни пайтда у ушбу бой тажриба ва мактабни ёш авлодга меҳр билан ўргатиб келмоқда.
Халқнинг дарди, қувончу ташвиши билан яшаб, уларни оқ қоғозга муҳрлаш — журналистнинг асл бахти. Алёна Аминова ҳаётини матонат ва касбга садоқат билан безаётган ижодкор. Унинг қаламидан тўкилган сатрлар инсонлар қалбига нур улашаверади.
Ф.АБДУРАИМОВА.



