УСТОЗ НУРИ ЙЎЛИМИЗНИ ЁРИТАДИ


УСТОЗ НУРИ ЙЎЛИМИЗНИ ЁРИТАДИ

(Қорақалпоғистонда иқтисодиёт илмининг фидойиси, профессор

Орынбай Назарбаевнинг 70 йиллик юбилейига)

Инсон ҳаётида шундай учрашувлар бўладики, уларнинг аҳамиятини йиллар ўтган сайин янада чуқурроқ англайсан. Баъзи инсонлар билан илк мулоқот оддий ҳолдек туюлади. Аммо вақт ўтиб, ўша учрашув бутун ҳаётингга таъсир кўрсатганини ҳис этасан. Мен учун профессор Орынбай Назарбаев билан илк танишув ана шундай мазмунли ва тақдиримда муҳим ўрин тутган воқеалардан бири бўлган.

Бу воқеага ҳам 47 йил бўлибди. 1979 йил. Ҳаётимнинг энг ҳаяжонли кунларидан бири. Орзуларим мени Нукус давлат университети томон етаклаган, қалбимда талаба бўлиш иштиёқи, кўнглимда эса келажакка катта умидлар бор эди. Ўша пайтда университет биносига илк бор кирганимда қалбимдаги ҳаяжонни бугун ҳам аниқ эслайман.

Абитуриент сифатида Қиш­лоқ хўжалиги иқтисодиёти факультетининг «Саноатда бухгалтерия ҳисоби ва хўжалик фаолияти таҳлили» мутахассислигига ҳужжат топшириш учун навбатда турган эдим. Навбат менга етгач, ҳужжатларимни қабул қилиб олган ёш, камтар ва хушмуомала мутахассисга назарим тушди. Кейинчалик билдимки, бу инсон университетнинг техник котиби вазифасида ишловчи Орынбай Назарбаев экан.

Йиллар ўтди. Талабалик даври мени илм-фаннинг сермазмун оламига олиб кирди. Ана шу йилларда Орынбай Назарбаевни фақат ўқитувчи сифатида эмас, балки талабани тушунадиган, унинг ички имкониятларини кўра оладиган ҳақиқий устоз сифатида танидим.

Унинг дарслари оддий маъруза эмас эди. Ҳар бир машғулот ҳаёт билан боғланар, иқтисодий қонунлар қуруқ назария эмас, балки ҳаётий мисоллар орқали тушунтириларди. Шу боис талабалар уни диққат билан тинглар, ҳар бир фикрини ёзиб оларди.

Устознинг энг катта фазилати шунда эдики, у ҳеч қачон талабани тайёр билимни ёдлашга ундамасди. Аксинча, мустақил фикрлашга, таҳлил қилишга, сабаб ва оқибатларни англашга ўргатарди. ­Кейинчалик ўзим ҳам педагог бўлганимда ана шу усулнинг қанчалик самарали эканини янада яхши англадим.

Ҳақиқий устознинг бойлиги лавозим ёки мукофотларда эмас, балки тарбиялаган шогирдларида намоён бўлади. Бугун Қорақалпоғистон, Ўзбекис­тоннинг турли ҳудудларида, давлат идоралари, банк тизими, олий таълим ­муассасалари ва хусусий секторда самарали меҳнат қилаётган кўплаб иқтисодчилар, раҳбарлар ва олимлар ўзларининг илк илмий-­амалий сабоқларини Орынбай Назарбаевдан олганини фахр билан тилга оладилар. Мен ҳам ана шундай шогирдлардан бири эканимдан ғурурланаман.

Бугун орқага назар ташлар эканман, бир ҳақиқатни яна бир бор ҳис қиламан: университет бинолари, аудиториялар, авлодлар алмашади. Аммо ҳақиқий устозлар қолдирган маънавий мерос вақт синовидан ўтади. Орынбай Назарбаев ҳам ана шундай устозлар сирасига киради.

 

Илмга садоқат — умр мазмуни

 

Инсон умри йиллар билан эмас, балки халқ ва жамият учун қилган хизмати билан ўлчанади. Ҳаёт йўлини таҳлил қилар эканман, профессор Орынбай Назарбаевнинг фаолияти айнан шу мезонга тўла мос келишини яна бир бор англайман. Чунки унинг бутун меҳнат йўли олий таълим, илм-фан ва ёш авлод тарбияси билан чамбарчас боғланган.

Орынбай ака 1978 йили Тошкент халқ хўжалиги инс­титутини муваффақиятли тамомлаб, йўлланма асосида Нукус давлат университетида меҳнат фаолиятини бошлади. Ёш мутахассис учун бу катта ишонч, айни пайтда улкан ­масъулият эди. У ассистент сифатида фаолиятини бошлар экан, ўз олдига фақат дарс ўтишни эмас, балки ҳақиқий олим ва ҳақиқий устоз бўлишни мақсад қилди.

Ўша йилларда Қорақалпоғистонда иқтисодиёт соҳаси учун юқори малакали кадрларга эҳтиёж жуда катта эди. Мамлакат иқтисодиёти ривож­ланиши, қишлоқ хўжалиги, саноат ва хизмат кўрсатиш тармоқларининг самарадорлиги кўп жиҳатдан билимли иқтисодчиларга боғлиқ эди.

Илмга бўлган чанқоқлик уни тинч қўймади. Шу боис у Қозоғистон Республикасининг Олмаота Халқ хўжалиги инс­титути аспирантурасида таҳсил олди. Бу давр унинг ҳаётидаги энг муҳим босқичлардан бири бўлди. Илмий изланиш, таҳлил қилиш, иқтисодий жараёнларни чуқур ўрганиш унинг кейинги фаолияти учун мустаҳкам пойдевор яратди.

Иқтисод фанлари номзоди илмий даражасини олгач, университетга янада катта илмий салоҳият билан қайтди. Энди у нафақат ўқитувчи, балки тадқиқотчи олим сифатида ҳам танила бошлади. Кейинги йилларда доцент, профессор, кафед­ра мудири, факультет декани каби масъулиятли лавозимларда самарали меҳнат қилди.

Иқтисодиёт факультети декани сифатида ишлаган йиллари бугун ҳам кўпчиликнинг хотирасида.

Мен ҳам кейинчалик университетда фаолият бошлаганимда бу муҳитни ўз кўзим билан кўрдим. Устоз ҳеч қачон ўз тажрибасини аямасди. Ёш ўқитувчи дарс ўтса, уни кузатар, кейин мулойимлик билан фикр билдириб, қайси жиҳатларни янада бойитиш мумкинлигини тушунтирарди. Танқид ҳам қиларди, аммо у танқид инсонни камситиш учун эмас, унинг ўсиши учун хизмат қиларди.

Шунинг учун ҳам Орынбай Назарбаевнинг кўплаб шогирдлари кейинчалик фан номзоди, фан доктори, профессор, давлат бошқаруви ва иқтисодиёт соҳасидаги етук мутахассислар бўлиб етишди. Уларнинг ҳар бири устоздан олган сабоқларини бугун ҳам миннатдорлик билан эслайди.

Бугун Қорақалпоқ давлат университетининг иқтисодиёт соҳасида фаолият юритаётган кўплаб профессор-ўқитувчилари турли йилларда Орынбай Назарбаев билан бир жамоада ишлаган ёки унинг маслаҳатларидан баҳраманд бўлган. Бунинг ўзиёқ унинг университет ҳаётида қандай ўрин тутганини кўрсатади.

 

Устозлик — касб эмас, ҳаёт фалсафаси

 

Профессор Орынбай Назарбаев илм-фанда қанчалик талабчан бўлмасин, одамлар билан муомалада ҳамиша самимий, камтар ва бағрикенг инсон. Унинг эшиги талабалар, ёш ўқитувчилар ва ҳамкасблари учун доимо очиқ бўлади. Маслаҳат сўраб келган ҳеч кимни ортга қайтармай, ҳар бирининг фикрини диққат билан эшитади, сўнг ҳаётий ­тажрибасига таяниб йўл кўрсатади.

Унинг «аввал инсон бўлинг, кейин яхши мутахассис бўлиш осонлашади», деган мазмундаги ўгитлари бугун ҳам қулоғимда жаранглайди. Бу сўзлар оддий насиҳат эмас, балки унинг бутун ҳаётида амал қилган ҳаётий мезон эди.

Устознинг меҳнати давлатимиз томонидан ҳам муносиб эътироф этилди. Унинг «Олий таълим аълочиси» кўкрак нишони билан тақдирлангани, шунингдек, «Меҳнат фахрийси» I даражали кўкрак нишонига сазовор бўлгани — кўп йиллик самарали меҳнатининг муносиб баҳосидир. Аммо уни яхши таниганлар биладики, бу мукофотлар унинг фаолиятининг фақат расмий эътирофи. Асосий эътироф эса — юзлаб шогирдларининг меҳри ва ҳурматидир.

Орынбай ака бир неча йил халқ депутатлари Нукус тумани Кенгаши депутати сифатида ҳам фаолият юритди. Бу ҳам унинг жамият ҳаётига бефарқ бўлмаганини, илм билан амалиётни уйғунлаштиришга интилганини кўрсатади. У иқтисодий билимни фақат аудитория билан чекламай, ҳаётнинг ўзига татбиқ этиш тарафдоридир.

Баъзан инсоннинг умрига назар ташлаб, унинг ҳақиқий бойлиги нимада эканини ўйлаб қоласан. Менимча, Орынбай Назарбаевнинг энг катта бойлиги — унинг номи ҳурмат билан тилга олинадиган шогирдлари, ҳамкасблари ва дўстларидир. Бу бойликни ҳеч қандай унвон ёки мукофот билан ўлчаб бўлмайди.

Етмиш йиллик ҳаёт сарҳисобига назар ташлар эканмиз, шуни мамнуният билан айтиш мумкинки, Орынбай Назарбаев ўз умрини илмга, университетга ва инсон камолотига бағиш­лаган фидойи устозлар сафида муносиб ўрин эгаллайди.

Қутлуғ 70 ёшингиз муборак бўлсин!

Муҳтарам устоз!

Сизга мустаҳкам соғлиқ, узоқ ва баракали умр, хонадонгизга тинчлик-хотиржамлик, фарзандларингиз ва набираларингиз бахти, шогирдларингиз меҳри ҳамиша ёр бўлишини тилаймиз. Илмий изланишларингиз, ­ҳаётий тажрибангиз ва доно маслаҳатларингиз билан яна кўп йиллар юртимиз илм-фани ва таълим равнақига хизмат қилиш насиб этсин.

Орынбай Назарбаевнинг ҳаёт йўли шарафли, мазмунли ва ибратли умр йўлдир. Бу йўлда илмга садоқат, меҳнатга фидойилик ва инсонга муҳаббат бир бутун фазилат сифатида намоён бўлган. Ана шу боис унинг босиб ўтган ҳаёт йўли келажак авлод учун ҳамиша ёруғ бир ибрат мактаби бўлишига ишонамиз.

Қуатбай Исмайлов,

Қорақалпоқ давлат университети Иқтисодиёт факультети, «Бухгалтерия ҳисоби ва аудит» кафедраси профессори.