Тўй — бойликнинг эмас, маданият ва маънавиятнинг ифодасидир


Оилада янги чақалоқ дунёга келар экан, ота-она аввало фарзандининг бахту-камолини кўришни, ўғил бўлса уйлантириб, қиз бўлса узатиб чиройли тўй қилишни ният қилади. Бу яхши албатта. Аммо, айрим юртдошларимиз борки, ҳар қандай тўй-ҳашам, оилавий тадбирларни ўтказишда ўзича “янгилик” яратгиси келади. Узоқ йиллар давомида пешона тери билан йиққан мол-давлатини бир кунлик тўйга сарфлайди. Ортиқча дабдабага, исрофгарчиликка йўл қўйиб, ўзгаларнинг ижтимоий ҳолатини назарга илмасдан ўзини кўз-кўз қилишни яхши кўради.

Ачинарлиси, “кимўзарга” берилаётган айрим тўйлар натижасида хонадон эгаларининг қарзга ботиши, сал ўтмай куёвнинг чет давлатларга ишлашга кетиши, уйда уруш-жанжаллар бўлиши, меҳр-оқибат кўтарилиши каби нохуш ҳолатлар ҳам учраётгани сир эмас.

Тўй инсон ҳаётидаги энг гўзал ва ширин лаҳзадир. Бу кун йиллар ўтса ҳам ширин  ва ажиб бир энтикиш билан хотирланади. Аммо, миллий анъана ва қадриятларимизни ўзида мужассам этган тўйлар бугунги кунда ўз асл моҳия­тини йўқотаётгандек, гўё.

Барчамизга маълумки, яқинда Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик Палатаси ва Сенати Кенгашининг қўшма мажлисида «Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги  қўшма қарори тасдиқланди. Ушбу қарорнинг қабул қилиниши кенг жамоатчиликда жуда катта қизиқиш уйғотди. Мен ҳам мазкур қарор  билан танишар эканман, эндиликда мамлакатимизда тўйларни ўтказиш билан боғлиқ масалалар тартибга солинишидан жуда хурсанд бўлдим.

Таъкидлаш жоизки, 2020 йилнинг 1 январидан бошлаб кучга кириши назарда тутилаётган мазкур қарорда оилавий тадбирлар фақат бир кун – эрталабки соат 06:00 дан кечки соат 23:00 га қадар ўтказилиши белгиланган. Соат 23:00 дан кейин бундай тадбирларнинг ўтказилиши ман этилади.

Айниқса, қарорда белгиланган тўйларга таклиф қилинадиган меҳмонларнинг сони қисқартирилгани мақсадга мувофиқ бўлди.

Қарорда белгиланишича, оилавий тадбирларда 200 нафаргача, мазкур тадбирлар муносабати билан ўтказиладиган ош бериш маросимларида 150 нафаргача одам иштирок этиши, шунингдек, қўшалоқ тўй-ҳашамларда 250 нафаргача, у билан боғлиқ ош бериш маросимларида эса 300 нафаргача киши иштирок этиши мумкин.  Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, оилавий тадбирларда фақатгина  2 нафар хонанда ёки гуруҳлар хизмат кўрсатиши белгиланган. Ўз нав­батида оилавий тадбирларда иштирок этадиган хонанда, сўз устаси, қизиқчи, суратчи ва бошқалар қонун ҳужжатларига мувофиқ, шарт­нома асосида хизмат кўрсатади.

Маълумки, кўпчилик тўйларимизда тўй бошқарувчи (ўртакаш)  даврани қиздириш, вақтни ўказиш учун ноодатий ўйинлар, шоуларни ташкил этади. Даврага 4-5 нафар йигит-қизни чиқариб олиб миллийлигимизга ёт, уят-андишасиз ҳолатларни ҳам ўйин шарти дея бажаришга мажбур қилишади. Буни кўриб турган томошабинлар орасидан кимлардир ўз телефонига тушириб, ижтимоий тармоқларга тарқатиб юборишини ҳеч ким ҳаёлига ҳам келтирмайди. Бу эса, энди турмуш қуриш арафасида турган қизларимиз учун уят эканлигини барчамиз яхши биламиз. Хуллас, бугунги тўйлар ҳақида гапирганимизда унинг икир-чикирию, машмашаси адо бўлмаслиги айни  ҳақиқат.

Қарорга мувофиқ, 50 нафар ва ундан ортиқ киши иштирокида тадбир ташкил этаётган шахс белгиланган тўйхона, кафе ёки ресторан раҳбари билан шартнома тузиши лозим. Бундан ташқари, оилавий тадбирларда диний мазмундаги маъруза кўзда тутилган бўлса, ушбу маъруза дин идораси вакили томонидан амалга оширилади. Миллий анъаналаримизга ёт, одоб-ахлоқ қоидаларига зид бўлган турли шоу­лар, қўшимча расм-русумлар ўтказилишига йўл қўйилмайди.

Никоҳни давлат рўйхатидан ўтказиш, келин-куёвнинг тўйхонага келиши ва кетиши билан боғлиқ тадбирларда фақатгина 3 та енгил автомашиналарнинг иштирок этиши ўйлаймизки, кенг жамоатчилик, айниқса, тўй бераётган хонадон эгалари, ота-оналар, маҳалла фаоллари, ёши улуғ кексалар билан бир қаторда, ёшлар учун ҳам айни муддао бўлди. Чунки, ҳеч кимга сир эмаски, сўнгги пайт­ларда тўй билан боғлиқ кўнгилсизликлар, дилхираликлар, муаммолар, очиқроқ қилиб айтганда авария ҳолатлари айнан келин-куёв сайлларида, яъни ёшларнинг 10-20 тагача автомашиналарда шаҳар бўйлаб «гулянка»га чиқишларида рўй бермоқда.

Шу ўринда яна бир гап. Маълумки, келин-куёвлар сайл пайтида шаҳримизнинг энг кўркам, гўзал, хушманзара жойларига ташриф буюришади. Мана шундай сайл­гоҳлардан бири Мотамсаро она ҳайкали атрофидир. Келин-куёв ҳаётининг энг гўзал, бахтли дамларини видео тасвирга, суратга олиш ниятида ташриф буюраётган бу майдон бугун айрим кекса онахонларнинг  мўмайгина даромад топадиган “замонавий бизнес” марказига айланиб қолмоқда.

Яъни, бу ерни ўзларига макон қилган ёши улуғ онахонлар  сайлга келган келин-куёв, куёвжўралар, келиннинг дугоналари, тутинган ота-оналари, янгалари, қўйингки, “кўринган кўздан” “қада пули” олишади. Кунига бу ерга ўртача 15-20 нафар келин-куёвлар ­сайлга келишади. Уларнинг ҳар биридан 20-25 минг сўмдан “қада пули” олаёт­ган онахонларнинг бир кунлик тушимини ҳисоблаб кўраверинг. Мана шу майдон бизнинг ҳудудга қарашли. Шу сабаб бу каби салбий  ҳолатларга тегишли ташкилотлар томонидан барҳам берилиб, тартибга солинишини истардик. Чунки,  мана шундай маънавиятимизга, маданиятимизга ёт бўлган ҳолатлар ёшларимизга салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Ўйлайманки, келин-куёв сайлларида машиналарнинг кам бўлиши ҳам маънавий ҳам моддий томондан ижобий ҳолат.  Шунингдек, оилавий тадбирларда пулли автотранспорт хизмати лицензияга эга бўлмаган ташувчилар томонидан кўрсатилишига йўл қўйилмайди. Аммо, тўй эгаларининг шахсий автомашиналари ҳамда ҳомийлар томонидан жалб этилган автотранспорт воситаларидан фойдаланиш мумкин.

Тўй ҳақида гап кетганда, яна бир оғриқли нуқта шуки, бугунги кунда маҳалла раиси, фаоллари, кўча  бийлари, кайвоналари билан маслаҳатлашиб, уларнинг фикрлари асосида тўй бераётган юртдошларимиз жуда камдан-кам. Сир эмаски, баъзи бир маҳаллаю-қишлоқларимизда маҳалла фаоллари бўлаётган тўй-ҳашамлардан, маъракалардан бехабар ҳам қолишади. Аслида, тўйларнинг ихчам, камхарж, чиройли ва файзли ўтишида маҳалла фаолларининг ҳам муносиб ҳиссаси бўлиши керак.

Бизнинг “Шиғис ” маҳалла фуқаролар йиғинимизда бугунги кунда 3479 нафар аҳоли истиқомат қилади. Иложи борича биз ҳам маҳалламиздаги тўйларнинг камхарж, дабдабасиз, гўзал ва файзли ўтиши учун ҳаракат қиламиз. “Кенгашли тўй тарқамас” деганларидек, ҳар битта хонадонда бўлаётган тўй-маъракаларда бош-қош бўлиб,  бамаслаҳат, ҳамжиҳатликда иш тутаяпмиз. Бунда албатта, дин вакили, маҳалла фаоллари, кўча бийларининг хизмати катта бўлмоқда. ­Баъзида айрим хонадонларимиз маҳалла фаолларига беписандлик билан қараб, тўйларини ҳаддан зиёд дабдаба билан, ўзгаларнинг ижтимоий ҳолатини ҳисобга олмасдан ўтказиш ниятида бўлган пайтларида биз  маҳалламиздаги ёши улуғ, нуронийларга мурожаат қиламиз.

Мен тўй ҳақидаги фикр-мулоҳазаларим билан ўртоқлашар эканман, фақатгина келин тўйлари мисолида гапирдим. Аслида, бугун келин тўйларига қараганда чақалоқ туғилганига «сочув» тўйи, суннат тўйи, папка тўй, уй тўйи, юбилейлар, қиз олиб келиш, шунингдек, контрактми, грантми ўқишга кириб, талаба бўлганини нишонлаш энг оммалашган.

Катталардан қолган шундай бир нақил бор “Ўттиз кун ўйим, қирқ кун тўйим”. Бу дегани тўй беришдан олдин обдон яхшилаб ўйлаш,  катталар билан бамаслаҳат иш кўриш, ҳар бир ишни пухта режа билан амалга ошириш керак. Мана шундай кенгашли тўйгина асрга татигулик ширин хотиралар билан ёдда қолади.

Ҳа, озод ва обод, тинч ва фаворон юртга тўйу-байрамлар ярашади. Аммо, тўйлар исрофгарчиликка йўл қўйилмасдан ўтказилса мақсадга мувофиқ бўлар эди. Ўйлаймизки, мазкур қарор тўйларнинг ҳар томонлама меъёрда ўтказилишини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Зеро, тўй бу бойликнинг эмас, маданият ва маънавиятнинг ифодасидир.

Зулфия Абдиқадирова,

Нукус шаҳридаги “Шиғис” маҳалла фуқаролар йиғини раиси.