Ёшлар газетасида чорак аср ёки журналист Ариўхан Турекееванинг меҳнат йўлига бир назар


Инсоният тафаккурининг юксалишида оммавий ахборот воситалари, хусусан, матбуотнинг ўрни ва роли жуда катта.

Дарҳақиқат, бугун жамиятимизда демократик қадриятларни қарор топтириш, фуқароларимизнинг ахборот соҳасидаги конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш, дунёда ва мамлакатимизда содир бўлаётган ижтимоий-сиёсий жараёнлар, воқеа-ҳодисалар ҳақида тезкор ва ҳаққоний маълумотлар етказиш оммавий ахборот воситалари ходимлари зиммасидаги масъулиятли вазифадир.

Маълумки, сўнгги йилларда оммавий ахборот воситалари ходимларининг  фуқаролик жамиятини барпо этишдаги ўрни ва нуфузини, уларнинг моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, энг асосийси, матбуотда фикрлар, қарашлар хилма-хиллигини таъминлаш борасида самарали ишлар амалга оширилмоқда. Эътиборлиси, бугун телевидение, радио ҳамда матбуот саҳифаларида ошкоралик, таҳлил ва  танқид руҳидаги кўрсатувлар ҳамда мақолалар ёритилмоқда, соҳанинг ҳуқуқий, қонунчилик базаси шаклланди.

Ҳар йили 27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни арафасида соҳада фидойи меҳнат қилаётган, жонкуяр, ташаббускор инсонлар   қаламга олинади, эътироф этилади.

Ҳаётини доимо матбуот яъни, газета билан боғлаган мана шундай  ижодкор инсонлардан бири таниқли журналист,  “Қарақалпақстан жаслари” газетасининг масъул котиби, “Йилнинг энг фаол журналисти-2010” республика танлови ғолиби Ариўхан Турекеевадир.

Маълумки, жамиятимизда юз бераётган ўзгаришлар ва янгиланиш жараёнлари, энг аввало, матбуотда ўз аксини топади. А.Турекеева ҳам мана шундай қайноқ, шиддатли йўлни танлади.

1971 йилнинг 11 ноябрида Нукус шаҳрида туғилган А.Турекеева болалигиданоқ санъатга, адабиётга меҳр қўйди.

— Болалигим Қораўзак туманининг “Маданият” овулида кечган, — дея хотирлайди А.Турекеева. — Ўша пайтларда негадир буюк санъаткор бўламан, ажойиб роллар ижро этиб, халқ ишончини, меҳрини қозонаман, дер эдим. Ота-онам биз фарзандларининг бахти-камоли учун доимо барча шарт-шароитларни яратиб берган. Уйимизда турли хил китоблар бўларди. Отам доимо биз фарзандларига китоблар сов­ға қиларди. Баъзиларини ўзимиз ўқисак, баъзиларини отам ўзлари мутолаа қилиб берарди. Шу боис, болалигим китоблар оламида кечган. Биласизми, болаликнинг ширин завқини ҳам туя олганман.  Ҳовлимизда қўшни қизлар билан йиғилиб, турли ўйинлар ўйнардик.Айниқса, баъзан йиғлаб, баъзан кулиб, ҳар хил либосларда, гоҳ қиз, гоҳ келин, гоҳо қайнона образини яратганимни кўрган онам, мийиғида кулиб, “сендан умидим кўп” дерди.

Ариўхан опанинг илк мақоласи 4-синфда ўқиётган пайтида ёзилган. Мақола мактаб ҳаётига бағишланиб, у “Балдирған” журналида чоп этилган. А.Турекеева “Гулхан” журнали, “Жеткиншек”, “Қарақалпақстан жаслари” ҳамда тумандаги “Мийнет байрағи” газеталарига мунтазам равишда мақолалар ёзиб, ундан жавоб хатларини оларди. Мактабда ташкил қилинган деярли барча тўгаракларга вақт топиб борар, ўз билимларини мустаҳкамларди. Мактабда, ўтказиладиган ҳар қандай байрам тадбирларида бошловчилик қиларди.      

1989 йили Қораўзак туманидаги 8-сонли умумтаълим мактабини муваффақиятли тугатиб, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетининг журналистика факультетига ўқишга кирди. Талабалик дамлариданоқ ўз устида тинимсиз ишлаб, ўқиб ўрганди. Талабалик чоғларида “Амударё” журналида нашр этилган юмор жанридаги “Ном қўйиш” ҳикояси кўпчиликнинг қизиқишини уйғотди.

Ўша пайтдаги журналнинг бош муҳаррири К.Алламбергеновнинг “Қаламинг янада чархланиши учун кўпроқ ёзиб, ўқиб ўрганишинг керак. Ёзишдан асло тўхтама” деган сўзлари ёш қалам соҳибини руҳлантириб, уни янада кўпроқ ёзишга, ўқиб-ўрганишга ундади. А.Турекеева ёзишдан тўхтамас, ёзганларини газета таҳририятларига почта орқали жўнатиш ёки ўзи элтиб беришдан завқланарди. Талабалик дамларидаги унитилмас, гўзал хотиралардан бири унинг таниқли қорақалпоқ адиби Жолмирза Аймурзаевга ёзган хати бўлди. Ариўханга ёзувчидан “Ай қизимсан, Ариўхан” деган шеърий сатрлар битилган жавоб хати келди. Мана шундай ёзувчи-шоирларнинг эътибори, панду-насиҳатлари, йўл-йўриқлари, дуолари, қолаверса ўзидаги изланиш ва интилиш, касбга бўлган меҳр ва садоқат, туғма истеъдод сабаб Ариўхан адабиёт, журналистика майдонида тобланди, чиниқди. Ўткир қалам эгаси, публицист бўлди.  А.Турекеева ижодкор зиёлилар билан ҳамсуҳбат бўлишни,  маслаҳатлар олишни доимо ўзининг вазифаси деб билган.

Бир куни устози Д.Бекбаўлиев, “Ўзи нозиккина қиз бўлсанг, шоир, ёзувчи, журналист  барчасини бирдек олиб кетаман, дейсан. Шулардан бирини маҳкам тут ва шу йўналишда ижод қил” деганларида А.Турекеева сўзсиз журналистика касбини танлади. Аммо, қалбидаги, кўнглининг туб-тубидаги илхом унга тинчлик бермади. У журналистиканинг масъулияти, оғир юки, шарафи билан бирга адабиётнинг ҳам сеҳрга бой, сўз маржонларини териб, кўнгил қатидаги битикларни қоғозга туширишдан асло тўхтамади. 

1994 йили олийгоҳни тугатган А.Турекеева “Арал қизлари” журналида иш бошлади.  Ўша пайтдаги ҳолат, хотин-қизлар турмуши, уларни қийнаётган муаммолар, орзу мақсадлари қаламга олинган долзарб ва ҳаётий мақолалар ёзди. Кейинчалик 1995 йилдан бошлаб “Қарақалпақстан жаслари” газетасида фаолиятини давом эттирди. 2002 йилдан эса мазкур газетанинг масъул котиби лавозимида фаолият кўрсатиб келмоқда. Мана йигирма беш йилдирки, ушбу газетанинг жонкуяр, фидойи ходими сифатида халқимизга маънавий озуқа, тезкор ахборот ва янгиликлар улашиб келмоқда.

— Маънавиятимиз, маданиятимиз кўзгуси саналган миллий матбуот мана неча асрлар ўтса ҳамки, ўз нуфузини, аҳамиятини йўқотмай, адолат мезонлари асосида халқимизни эзгуликка чорлаб келмоқда. Аммо орамизда матбуотнинг ўрнини интернет эгаллади, шу боис, газеталарнинг умри қисқа, тугаяпди, деганлар ҳам афсуски топилади. Биласизми, газеталарда бутун тарих жамланган. Улардан воз кечиш асло мумкин эмас. Чунки, матбуот журналистикаси бўлмаса, миллий тил, ёзма стил, услуб йўқолиши мумкин. Газетада фаолият юритиш кимларгадир осон туйилиши мумкин.  Шундай бўлса ҳам бу ернинг “ошхона”сидаги жараённи ҳамма ҳам ўзлаштира олмайди. Шу ўринда устозларим, халқимизнинг севимли ёзувчиси Гулайша опа Есемуратова ҳамда таниқли журналист Пердегул опа Хожамуратовага ўзимнинг чексиз миннатдорчилигимни билдираман. Улар билан бугун ҳам ижодий ҳамкорлик қилиб келмоқдамиз. Уларнинг фикрлари, маслаҳатлари, йўл-йўриқларини канда қилмай ҳар бир ижодий ишим, ҳаётий масалалар, келажак мақсадларим борасида фикрлашаман. Ҳозирда Гулайша апа Есемуратова билан биргаликда повест устида ишлаяпмиз — дейди суҳбатдошимиз.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, юртимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, янгиланиш ва инновация жараён­ларини кенг ёритиш, ёш авлодни она Ватанга садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашда “Қарақалпақстан жаслари” газетасининг ўрни тобора ортиб бормоқда. Газета бири кам 90 ёшда. Газетанинг ёшларимиз, айниқса, бутун халқимизнинг севимли нашрига айланишида албатта, барча касбдошлари каби Ариўхан опанинг ҳам хизматлари катта.

Маълумки, сўнгги йилларда ёшлар масаласи  давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг лойиҳа ва ташаббусларини амалга ошириш, бандлигини таъминлаш, кредит олишларига амалий ёрдам кўрсатиш, имкониятларини юзага чиқариш, уларни қийнаётган масала ва муаммоларни ижобий ҳал этиш борасида самарали ишлар амалга оширилмоқда. “Қарақалпақстан жаслари” газетаси эса бу борада  республика ёшларининг ҳақиқий таянчи, суянчи, сирдошига айланган. А.Турекееванинг ёшлар ҳаёти ва фаолиятига бағишланган таҳлилий, танқидий ҳамда тарбиявий руҳда ёзилган   мақолалари кўпчилик ёшларни чин маънода тўғри йўлга бошлади, жамиятдаги мавжуд ижтимоий муаммолар ижобий ҳал этилди. Бу эса журналистнинг ҳақиқий ютуғи, меҳнатларининг самарасидир. 

Мамнуният билан таъкидлаш жоизки, А.Турекееванинг тарбиявий аҳамиятга эга мақолалари кўпчилик юртдошларимиз томонидан севиб ўқилмоқда. Боиси, бу мақолалар инсонни яхшиликка, эзгуликка, чорлайди. Жар ёқасидаги оилалар қайта тикланиб, уйдан бош олиб кетган фарзандлар яна ўз оиласи бағрига қовушади, адолатсиз келин ўз қилмишидан пушаймон бўлиб, эндиликда оиласи, фарзандлари учун яшайди. Буни яна кўплаб  давом этиш мумкин. Мана А.Турекееванинг ўткир қалами. Унинг инсон, жамият ҳаётидаги аҳамияти, кучи.

Ха, Ариўхан опа мақола ёзиш учун ёлғиз қолишни, хилватни ёхуд жим-житликни кутмайди. У доимо ўз ишига холисона, пухта ёндашади. Тезкорлик, ҳаққонийлик ва борини рўй рост ёритиш унинг мақолаларида асосий ўринни эгаллайди.

Унинг “Журналистиканинг бугунги муаммолари, ёхуд ғафлатдаги журналистлар уйғониб…”, “Топилган миллионларнинг уволи”, “Ота-онам бой деб эмас, бор деб қувон”, “Жон онам”, “Устозим”, “Тутқиндаги гўзаллар”, “Буюкларнинг оналари ҳақида”, “Уйимни дўзахга айлантирма, келин”, “Санъаткор саҳнада кулади, ҳаётдачи?”, “Девонага айланган гиламлар, чопонлар, рўмоллар” номли таҳлилий-танқидий мақолалари ҳар қандай ўқувчини чуқур мушоҳада қилишга ундайди. “Муҳаббат ҳеч нарсани танламайди”, “Меҳр”, “Менинг отам” ҳамда “Тақдир синови” номли китоблари муаллифни кенг жамоатчиликка яна бир бор танитди.

Ариўхан опани маҳалладошлари ҳурмат билан тилга олишади. Зеро, у оиласи фаровонлиги, фарзандлари камоли, қолаверса қўни қўшни, маҳалладошларининг ҳам ҳаётига эътиборли. Турмуш ўртоғи Жолмирза Хожамуратов “Қарақалпақстан” телевидениесида режиссёр сифатида анча йиллардан буён фаолият юритиб келмоқда.

Ўғли Салаўат Тасқинов  Тошкент давлат маданият ва санъат институти Нукус филиали талабаси. У ҳам ота изидан бориб, режиссура соҳасида таҳсил олмоқда. Қизи Зийўархан Хожамуратова эса ҳудди онаси каби Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети, журналистика факультетини тамомлаб, мазкур соҳада фаолият юритмоқда.

А.Турекееванинг хизматлари муносиб баҳоланиб, 2001 йили Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Фахрий ёрлиғи, 2005 йили 27 июнь — Матубот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан Биринчи Президентимизнинг қимматбаҳоли совғалари билан тақдирланган. Шунингдек, “Йилнинг энг фаол журналисти-2010” танлови ғолиби бўлди. 2011 йили “Мустақилликнинг йигирма йиллиги” кўкрак нишони, 2016 йили “Қорақалпоғистон халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони ҳамда  “Йил аёли-2018” танловининг республика босқичида сертификат билан тақдирланган. У Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Журналистлар ҳамда Ёзувчилар уюшмалари аъзоси.

Мухтасар айтганда,  замон билан ҳамнафас бўлиш, танқидий-таҳлилий мақолалар ёзиш, жамият ва давлат ҳаётидаги муаммоларни очиқ-ошкоралик руҳида баён этиш, халқимизнинг адолатли, фаровон  ҳаёт кечиришини таъминлаш, ёшларни ватанпарварлик, инсонпарварлик руҳида тарбиялаш, инсонларнинг ташвишу-муаммолари билан “ёниб” яшашни бугун оммавий ахборот воситалари ходимларидан даврнинг ўзи талаб қилмоқда.

Демоқчимизки, А.Турекеева ҳам мана шундай қизғин ва шиддатли матбуот майдонида ўз ижоди, мақолалари билан халқимиз меҳри, эътиборида.

Фурсатдан фойдаланиб, барча матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларини касб байрамлари билан самимий табриклаймиз. Оилавий бахт, юксак ижодий парвозлар тилаб қоламиз!

Феруза Нуруллаева.