Бугунги синовли кунларда китоб деб аталмиш синалган дўст ҳамиша ёрдамга шай. Пандемия бўладими, бошқами, ҳар қандай глобал инқироз ёки муаммони маънавий қудрат билангина енгиш мумкин. Китоб-қалб чироғи, тафаккурингни ёритиб тургувчи, юракга қувват бергувчи, орзу-умидлар сарчашмасидир. Китоб — энг яқин дўстинг. У билан бирга яшайсан, қувонасан, изтироб чекасан. У сени теран фикрлайдиган, кенг дунёқарашга эга бўлган, қалбан бой инсонга айлантиради.
Давлатимиз раҳбари «Дунёдаги ҳар қайси давлат, ҳар қайси халқ биринчи навбатда ўзининг интеллектуал салоҳияти, юксак маънавияти билан қудратлидир — деб таъкидлаб ўтган. — Бундай енгилмас куч манбаи эса аввало инсоният тафаккурининг буюк кашфиёти — китоб ва кутубхоналарда».
Юсуф Хос Ҳожибнинг «Қутадғу билиг» асарида ҳам билимнинг буюклиги нақадар улуғ эканлиги ва инсон шу билим орқалигина улуғликга эришиши мумкинлиги келтириб ўтилган.
— Асли биз китобсевар ҳалқмиз, — дейди олима Башорат Жамилова. — Болалигимиздан то ҳануз китоблар бебаҳо хазинамиз, ҳозир ҳам китоб дўконидан қуруқ чиқа олмаймиз. Уйдаги китобхонлик албатта фарзандларга кўчиб ўтади. Ўқиган китоблар ҳақидаги суҳбат эса мотивация уйғотади.
Америкалик олим, ёзувчи Нил Гейман тадқиқоти китоб мутолаа қилмайдиган болаларнинг келажакда безори бўлиб улғайишини аниқлаган. Хитойлик олимлар АҚШнинг Apple, Mikrosoft компанияларининг сирини аниқлашса, нанотех ихтирочилари болаликда фантастик асарлар мутолаасига муккасидан кетишган экан. Мен қарийб 5-6 йилдан буён энг яқинларимга асосан яхши китоб совға қиламан. Ҳозир, диний китобларимиз ҳам совғабоп, ҳам сифатли, ҳам мазмунли чиқаяпти. Умуман, яхши асар ўз китобхонини йўқотмайди. Аммо авлодлар алмашинуви улар қизиқишини, ҳайратини ҳам янгилаши мумкин. Замондош китобхонни бугун лол қолдирадиган ҳодисалар беҳисоб. Уларни ифода этиш усуллари ҳам такомиллашиб бориши зарур, менимча.
Лекин, бугунги кунга келиб ёшларимизнинг китобга меҳри, мутолааси сусайгандек. Китобга, мутолаага иштиёқ аввало оиладан бошланади. Катталардаги бундай муносабат ўз ўзидан фарзандларга кўчади. Ўқиган китоб ҳақидаги суҳбатлар уларнинг эртанги кунига туртки беради. Фарзандларда китобга меҳр уйғотишнинг йўли уларни рағбатлантириб боришдир. Мутолаа боланинг зеҳнини, дунёқарашини, фаҳм-фаросатини чархлаб, ўткирлаб боради.
Тўғри, китоб ўқиш кўнгил иши, бировни мажбурлаб китоб саҳифаларига эгилтириш қийин. Лекин, даъват доимо керак. Мутолаа оламига кириб, ундан бир марта баҳра олган одам албатта китоб дунёсига ташрифини сира канда қилмайди. Зеро, «Тараққиётнинг умумий кўламида ҳар бир халқнинг ўрни ўша халқ ўқиётган китобларнинг сони билан белгиланади».
Лекин яна бир масала – ўқишнинг ҳам ўқиши бор. Яъни, нимани ва нима учун ўқиётганимизни англаш. Биз мутолаа қилаётган нарса, у китоб, мақола, шеър ёки ҳикоя бўладими, ўзлигимизни, дунёни англаш, ҳаёт мазмунини тушуниш имконини бериши зарур. Фикрий теранликка эриштирсин. Бугун китоб топиш қийин эмас, балки, уни танлаш мушкулроқ. Донишмандларнинг «Буюк китобхонлар пайдо бўлгандагина буюк адабиёт пайдо бўлади» деган гапи бежиз эмас.
Китобга муҳаббат — бу энг аввало, инсоннинг ўз-ўзига муҳаббати, -дейди ёзувчи Луқмон Бўрихон. -Ўзини севган, қадрлаган, ҳурмат қилган одам китобга ҳам худди шундай муносабатда бўлади. Қолаверса, фойдали ёхуд бефойдалигидан қатъий назар китобхонлик фақат инсонларга хосдир.
Китоб ўзи нима? У инсоният ақл-заковатининг, ҳис-туйғуларининг ёзувдаги ифодасидир. Тафаккури теран, иқтидорли-истеъдодли донишмандлар томонидан битиб қолдирилган ва ўз навбатида, ҳаётдан, борлиқ ва йўқликдан маъно-мазмун излаган безовта қалб, онг-шуури билишга ташна инсонлар ўша битикларга интилади, мутолаага шўнғийди. Худди шу жараён китобга муҳаббатни юзага чиқаради. Ҳаётда кўп кузатганмиз: китоб ўқиган, айниқса, бадиий адабиётга меҳр қўйган кишиларнинг зеҳни ўткир бўлади. Тўғрироғи, мутолаа уларнинг зеҳнини, фаҳм-фаросатини чархлайди, дидини-савиясини ўстиради. Шу тоифадаги одамлар ҳар қандай касб-корни эгаллай олишади, турмуш зарбаларига, машаққатларига чидамли бўлишади, қийин вазиятлардан сабр-тоқат билан чиқиб кета олишади.
— Ҳозирги айрим ёшлар нимага китоб ўқимаслиги зиёли ота оналарни ўйлантиради, — дейди журналист Гулчеҳра Алиқулова. — Ҳозирги ёшлар кўпроқ қандай пул топиш ёки шундай касбга эга бўлишни мақсад қилиб олаяпти, бу ҳам бўлса биз катталарнинг уларга ҳамма шароитни қилиб бериш учун елиб югуришимиз, бирор муаммо чиқса пул билан ҳал этишга ҳаракат қилганимиз сабаб бўлган деган хулосага келганман. Баъзида шу кетишда давом этса нима бўлади, деб ўйласам жавоб топа олмайман. Ҳатто диний билим берсак ҳам агар китоб мутолааси бўлмаса, у кўр кўрона эътиқод бўлиб қолиши мумкин. Яна бир нарса борки, ҳатто катталар ҳам ижтимоий тармоқлардан бўшаб китоб мутолаа қилишга ҳафсала топа олмаяпмиз.
Агар теран фикрласак, китоб ўқиган одам, доим мутолаа билан шуғулланганлар ҳаёт қийинчиликлари олдида довдираб қолмайди. Ҳар қандай вазиятда ҳам ўзига юпанч топа олади.
Илм орқалигина биз орзу мақсадларимизга эришамиз.Буюк аллома Абу Али ибн Сино илмга шундай таъриф беради – «Илм-ўлим билмайдиган уйғоқ, қаримайдиган ёш, бели букилмайдиган барваста нуронийдир». Агар тарихга назар ташласак, ўтмишда ҳам китоб ва кутубхоналар жуда эъзозланган. Мисол учун, ХIХ асрнинг биринчи ярмида яшаб ўтган машҳур шоира, давлат ва маданият арбоби Нодирабегим ҳақида қози Абдунаби Хотиф қуйидагиларни ёзади. «Мамлакат хирожларидан беҳисоб тилла ва жавоҳирларни сарф қилиб бир мадрасаи олий, нақшдор масжид, ҳаммом, карвонсарой бино қилдирди ва мадраса, масжидларга ҳисобсиз вақфлар тайин қилди. Бу кунларда яна китоблар ёздириш ва уларга зеби зийнат беришга фармон қилиб, бир кутобхона бино эттирди. Ундаги котиблар, хаттотлар, наққошларга шундай карам ва эҳсонлар кўргуздики, бунинг овозаси атроф оламга машҳур бўлди. Амударёнинг бу томонидаги ёқутқалам котиблар, Мирали рақам роқимлар, Моний каби мусаввирлар бу ерга жам бўлдилар. Шундай қилиб, бу аёл ақлу дониш ва яхши фазилатлари билан ягонаи замона, «Нодираи даврон» бўлиб танилди ва халқлар таҳсинига сазовор бўлди». Ушбу маълумотлар орқали ҳам аждодларимизнинг эзгу ишларига тасанно айтгинг келади.
Оила кичкина жамият, шу кичик жамиятда улуғ даҳолар етишиб чиқади. Олдинлари китобхонлик кечалари бўлиб, асарлар мутолааси тонггача давом этган. Бугунги кунга келиб айрим зиёли оилаларда шахсий кутубхоналарни ташкил этилиши қувонарли. Китоби бор уйга маърифат, нур киради. Жаҳолат яқинлаша олмайди. Болалигимни эсласам, уйимизда кутубхона бўлиб тонггача китоб ўқиб чиқардик. Дугоналар ўртасида севимли китоблар қўлма қўл бўлар эди. Китоб бор экан, жамият тараққиёти юксалаверади. Тафаккур қасрига кирмоқ учун ҳам китоб ўқимоқ ва уқмоқ керак. Ҳаётни англамоқ учун ҳам китоб ўқимоқ керак. Китобга ишонинг, севинг, мўъжизалар калити қўлингизда.
Ҳилола Иброҳимова,
Ўзбекистон Республикаси Маънавият ва маърифат маркази мутахассиси.




