Бераҳм шум ажал давлат ва жамоат арбоби, ардоқли инсон, меҳрибон устоз Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси, истеъдодли журналист Шарап оға Уснатдиновни орамиздан олиб кетди.
«Эл-юрт ҳурмати» ордени соҳиби, Олий Мажлис Сенати аъзоси, Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси, фидойи журналист, Ш.Уснатдинов 1942 йил Кегейли туманида туғилган. У узоқ йиллардан бери мамлакатимиз ривожига ўз ҳиссасини қўшиб келаётган эди.
Шарап оға билан вафотидан уч кунлар олдин телеграмм орқали ёзишганимизда «Яшашга умидим ортмоқда, худо хоҳласа яхши бўлиб кетаман. Ҳали кўп гаплашамиз» деб ёзган эди.
Мен Шарап оғанинг яшаб ўтган умр йўлини журналистика, адабиёт, маданият, маънавият соҳаларидаги жуда катта салмоқли фаолиятини билганим ва гувоҳ бўлганим ҳолда, у ҳаётининг охирги дақиқалари бўлса ҳам, кўнгли тошиб тургани ва яшашдан умиди сўнмаганига ишондим.
Чунки, Шарап оға қатъиятли, ҳар қандай шароитда ҳам ҳаётга тик қарай оладиган, мард, тўғрисўз, шижоатли, жуда катта салоҳиятга эга эди.
Мен Шарап оғани 1980 йиллардан бери биламан. У қайси соҳада бўлмасин қалами ўткир, ҳаётнинг барча сир-асрорларини тўғри англай била оладиган, қорақалпоқ миллатининг шаъни ва қадри учун жонини аямай, ўз садоқатини намоён қила оладиган инсон эди.
Биз Шарап оға Уснатдиновни тележурналист сифатида ҳам, республиканинг «Еркин Қарақалпақстан» газетасининг Бош муҳарири сифатида ҳам, республиканинг сиёсий партия етакчиси, Нукус шаҳар ҳокими, Ўзбекистон маданият вазирининг ўринбосари, Қорақалпоғистоннинг коммунал хўжалик ишлари вазири, Қорақалпоғистоннинг маънавият ва маърифат маркази раҳбари, Нуроний жамғармасининг раиси сифатидаги самарали фаолиятини ҳурмат билан тилга оламиз. Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг мақсад ва вазифаларини амалга оширишда аҳолининг ижтимоий ёрдамга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларда ҳам жонкуярлик кўрсатди.
Биз Шарап Уснатдинов нуроний отахон бўлса ҳам халқ хизматидан бир лаҳза чарчамаган, бир неча марта Жўқорғи Кенгес депутатлигига сайланган, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси сифатида фаолият кўрсатган инсон сифатида унинг хотираси олдида бош эгамиз.
Унинг «Кимга кеч, кимга тонг саҳар», «Сўнгги овчи», «Кўрганларим, кўнгилдагиларим», «Биринчи қорақалпоқ балетмейстери», «Шоирнинг ёшлиги» каби роман ва қиссалари халқимизга мерос бўлиб қолди.
Шунингдек, Шарап оғанинг яна бир улуғ фазилати бор эди. У қорақалпоқ халқи тарихини, миллатнинг ўзига хос урф-одатлари, анъаналарини яхши биларди. Ўзи ишлаган давр тарихининг энцеклопедияси эди. Ундан кўп нарса ўрганганмиз.
Шарап оға уни яқин билган ҳар бир инсон қалбида абадий яшайди. Бу оғир жудолик Шарап Уснатдиновни орамиздан олиб кета олмайди. У ўзининг одамларга кўрсатган меҳри, кўп йиллик ижоди, романлари, эсселари, юзлаган мақолалари билан халқимиз қалбида мангу яшайди.
Гулистон АННАҚИЛИЧЕВА,
Қорақалпоғистон халқ шоири,
Сенатор.



