* * *
Бир болакай тиним билмас ўйинқароқ,
Лабларини тишлаб турган бир қизалоқ,
Синфга кирар битта-битта йиғлаб-сиқтаб,
Бир хокисор меҳрибондай турар мактаб.
Бири шўхчан, бири ўйчан, бири нимжон,
Ҳар бирига минг парвона муаллимжон.
Бир болакай сана деса букар бармоқ,
Кўйлагига гуллар чизган бир қизалоқ,
Ўттизида ўттиз қилиқ, алқаб-мақтаб,
Бир бағри кенг донишманддай турар мактаб.
Бериб имкон, очиб уммон, сочиб урфон,
Ўргатади алифбони муаллимжон.
Болакайнинг шўхликлари қолар бир бир,
Қизалоқнинг кўзларига қўнар бир сир,
Елкасига келажакнинг юкин юклаб,
Умидлари олам каби турар мактаб.
Бир хушжиҳат, бир ҳамжиҳат, бир жонажон,
Бирлаштирар болаларни муаллимжон.
Шу болакай бир кун элга тиргак бўлар,
Шу қизалоқ бир Тўмарис юрак бўлар,
Тўлсаларки, юрт ишончин буткул оқлаб,
Ерда эмас, осмонларда турар мактаб.
Бири аён, бири сарбон, бири султон,
Бўлса, кўкси кўкка етар муаллимжон.
* * *
Эсимда, илк қадам қўйган мактабим,
Эскириб борарди, ой, йиллар орта.
Ҳанузким кўзимнинг олдида турар,
Дераза ёнидаги кўк рангли парта.
Бир уюм дўнг эди дераза орти,
Тошдай қотиб неча йиллардан қолган.
Чопонин чодирдай ёйганча бобом,
Ўша дўнг устига ўрнашиб олган.
Дераза ортидан тикилар менга,
Мен ҳам бобом томон қараб толаман.
Бобом сал жойидан қўзғалиб қўйса,
Мен шарта ўрнимдан туриб оламан.
Дарсни тугатамиз, шундай амаллаб,
Ҳовлиқиб турамиз, устоз кетгунча.
Сўнг бобомнинг елкасига мингашиб,
Дарахтларни санайман уйга етгунча.
Ҳанузким хотирам туб- тубидадир,
Кўзимнинг олдида ой йиллар орта.
Ўша дўнг устида ўтирган бобом,
Дераза ёнидаги кўк рангли парта…
* * *
Ҳануз кечагидай эслайман
Мен биринчи ўқитувчимни,
Ёнимда бир боладай бўлиб
Синар эди сабру — кучимни.
Балки, ҳамма эслайди шундай
Хаёлидан ўтар кўпларнинг,
Кўз олдимдан кетмас ранглари
Қизил, яшил саноқ чўпларнинг.
Санайверар эдим мен такрор
Митти бармоқларим толгунча,
Бармоқларга қўшилиб яна
Саноқ чўплар етмай қолгунча.
Сўнг эртаклар ўқий бошлардим
Улар балки бўрттирар эди,
Китобимнинг ичида худди
Бир сеҳргар ўтирар эди.
Гоҳо бийрон сайрар эдик биз
Гоҳи мулзам сарғаяр эдик,
Шу устознинг қўли остида
Биз кун сайин улғаяр эдик.
* * *
Балки, бизнинг барча ишимиз
Бир боланинг ишинча эди,
Аммо устоз деган улуғ зот
Бир илоҳий тушунча эди.
Ҳеч ким бизга шундай қил демас
Ҳеч ким бизни турмас кузатиб,
Аммо ҳар дам сўзсиз жойига
Қўяр эдик устоз иззатин.
Устоз юрса ортида сокин
Борар эдик қадамин сезиб,
Ёниб турса ҳамки ишимиз
Ўтмас эдик олдидан кесиб.
Тўйлар бўлар эди овулда
Ўнгқир, чўнгқир, зўрға етардик
Аммо кўриб қолсак устозни
Аста четлаб, ортга қайтардик.
Устун эди болалигимиз
Бизданда ғўр одам бўлмасди,
О-о, бир мақтаб қўйганда устоз
Бизданда зўр одам бўлмасди.
Яна айтай буларнинг бари
Бир боланинг ишинча эди,
Бизга устоз деган улуғ зот
Бир илоҳий тушунча эди.
Назира МАТЯҚУБОВА,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.




